Мен нечун тарк этдим Ўзбекистонни?
85.Сизга гап тегмасин ука
Суд жараёни бир йил давом этди.
Ҳар гал Наманган қамоқхонасидан суд жараёнига олиб чиқишар экан,унда иштирок этишга чақирилган гўё жабрланувчи талаба ва унинг отаси суддан мени озод этишларини сўраб ялиниб-ёлборишарди.
Улар терговчи ва милиция катталарининг қистови билан ариза ёзишга мажбур бўлганлари,аслида эса менинг ҳеч қандай айбим йўқлигини айтиб ҳатто кўзёш тўкардилар.
Судда иштирок этаётганларнинг ҳаммаси бу каби ноҳақликдан йиғлаб ўтиришар эди.
Айбдор ҳисобланган мен суд жараёнида эркинроқ,озодликдагилардан кўра софроқ эдим.Суд қилаётганлар менинг олдимда ўзларини айбдордай ҳисоблашар эди.
Ниҳоят бир қарорга келиш керак эди.
Шунда судга раислик этувчи Абдурасул Эронов(ҳозирда Наманган вилоят фуқаролик суди раиси):"Ризо ака,сизга қўйилган модда бўйича 8 йилдан 15 йилгача озодликдан маҳрум этиш жазоси белгиланган,агар саккиз йил берсам прокурор иккинчи марта судланаётган одамга енгил жазо тайинланган,деб норозилик(протест) хати ёзади.12 йил берсам кўп,нима дейсиз",дея мендан сўради.
Мен эса:"ука сизга гап тегиб қолмасин юқоридан, 10 йил берақолинг",дедим.
Абдурасул Эронов хурсанд бўлиб ўн йилга қаттиқ тартиб ўрнатилагн жазо муассасаларида озодликдан маҳрум этиш ҳукмини чиқарди.
86."Йўқ,бу одам соғлом эмас..."
Ўзига-ўзи ўн йил озодликдан маҳрум этиш жазосини сўраган одам соғлом эмас,деган гап тарқалди.Мени Наманган вилоят руҳий беморлар шифохонасига текшириш учун жўнатишди.
Бир неча мутахассислардан иборат тиббий кўрик комиссияси аъзолари бир овоздан:"домла,руҳиятим яхши эмас,денг,бир ташҳис қўямиз,озодликка чиқиб кетасиз",дейишди.
Мен эса:"ҳаммангиз ўзингиз ўйлаб кўринг,соппа-соғ одам қандай қилиб ақлдан озганман,деб айта оламан.Мабодо сизларга шундай ташҳис қўйиш буюрилган бўлса айтинглар,унда мен розиман",деганимдан сўнг комиссия раиси ёшгина рус жувон ғалати ҳолга тушди.
У ҳамкасбларига қарата:"соғ одамни носоғ,дея ҳужжат ёзиб,кейин бир умр виждон азобида юриб қийналишнинг нима кераги бор?Келинглар бу кишига ноҳақлик қилмайлик",деди.Бошқалар бош эгиб сукут сақлашди.
Шундай қилиб соғлом,деб хулоса ёзилиб қамоқхонага қайтдим.
Ризо Обид.
(Давоми бор).
|