Ғарни тўғри йўлга солиб бўлмайди
Ҳаммага очиқ эшик нега мен учун ёпиқ,
Нега мен учун сароб барча сув ичган ариқ.
Бор жонга мева берган боғ каминага беркдир,
Оламга соя берган чинор мен учун қуруқ.
Аҳли жаҳонни нурга кўмган серҳиммат қуёш
Саховатнинг султони мен учун бир умр йўқ.
Ҳаммага карамлисан, Юсуфга бекарамсан
Юлдузларингни йўлдан урдимми буюк Холиқ.
21-22.07.07.
Одамзотдан қочарман, бағрингда ниҳон бўлай,
Қилбингнинг томирида бир умр уммон бўлай.
Қароғларингга яшир, қаймоқларингга яшир,
Томоқларингга яшир, ичингда омон бўлай.
Яшир анорзорингга, яшир лолазорингга,
Яшир борим борингга, гулингга тикон бўлай.
Йўлингга тупроқ бўлай, кечангга чироқ бўлай
Кулбангга сувоқ бўлай, лойингга сомон бўлай.
Юрагингга яширгин, этагингга яширгин,
Юсуфни элдан қутқар, пойингга товон бўлай.
21.07.07.
Эй сен жоҳил қавм, эй тубан улус,
Тахтдаги иблиснинг йўриғидасан.
Қоп деса онангни қопасан, ноқис,
Боғингни ўр деса ўриғидасан.
Фиғонинг ичингда, оҳинг ичингда
Сен уни ичингда кўрасан ёмон.
Қиёмат кунингда, маҳшар кечингда
Кутасан жонини олар деб қачон.
Сен озод бўлмассан иблис ўлса ҳам,
То абад биргасан, дўззахда бирга.
Номардга зиндондир ҳар икки олам,
Зарра нур ёғилмас сен ётган гўрга.
Эй дўззахий улус, боғинг зоғингда,
Шайтон измидадаир карвонинг, роҳинг.
Тахтингда ким бўлса тирик чоғингда
Дўззахда ҳам бўлур ўша ҳамроҳинг.
22.07.07.
Манглайдаги шўрни олиб бўлмайди,
Хоин эл ҳеч қачон ғолиб бўлмайди.
Халқни тўғри йўлга соламан дема,
Ғарни тўғри йўлга солиб бўлмайди.
22.07.07.