ОРТИҚ БУНДАЙ ЯШАБ БЎЛМАЙДИ
(триллер хажвия)
Анчадан бери бир масала мени жиддий ўйлантиради. Балким сиз ҳам
эътибор бергандирсиз, кимга қараманг, нуқул нолигани нолиган.
Топволгани “Ортиқ бундай яшаб бўлмайди”, деган таъкид,
тавба. Сездингизми, оғизларидан тўкилаётган ана шу бидирлашларида
аслида мутлақо мантиқ йўқ. Ортиқ бундай яшаб бўлмасмуш, тавба. Шу
даражада экан яшама, нима қиласан ўзингни қийнаб, тўғрими? Нолишга
нолишади, пешоналарига уриб тишларини ғичирлатишади, аммо шунга қарамай
мана 16 йилки яшаб келишади. Мантиқ йўқда!
Аслида нолишга мутлақо ҳожат йўқ. Ортиқ бундай яшашнинг имкони йўқми
тамом, шартта бу масалага чек қўйиш керак. Шахсий имкониятларидан
уялаётганлар бўлса, давлатимиз жон деб ёрдам беради, айниқса ижтимоий
ҳимоя йилида. Ишонмайсизда. Ана масалан, андижонликлар “ортиқ бундай яшаб бўлмайди”
деб давлатга мурожаат қилган эди, масала зумда ҳал бўлди. Бўлиб ҳам
айнан андижонликлар фойдасига. Натижада қанчаси уже яшамаяпти. Бундай
мурувватдан боши кўкка етган қолган андижонликлар “Оқ сарой”га мактуб
йўллади, бундай инсон абадий ўша бино ичида қолгани маъқул-ов, деган
таклиф билан.
Ёки яқиндагина эшитганимиз воқеани олинг. Қамоқхона маҳбуслари нолиб
қолишган экан, ортиқ вообще бундай яшашнинг имкони йўқ, деб. Дарҳол
махсус аскарларимиз киритилиб, маҳбуслар истаги бажо қилинди. Энди
фақат яшаш имкони борлари қолди. Бу ҳаракатларда мантиқ бор, айтиб
қўйиб юргани йўқда ахир. Яшаб бўлмайди деган қарорга келиндими, тамом
шартта бунинг чораларини кўришга тушишди, давлат эса ўз фуқароларига
бўлган чексиз ҳурмати туфайли ёрдам қўлини чўзди. Баъзан ғурурланиб
кетасан киши.
Нима учун айтаябман буларни? Шунинг учунки, бир нарсани
ўйладингизми, аҳд қилдингизми, ана шундай деган хулосага келдингизми,
бошқаларнинг ғашини келтирмай шартта ўйлаганингизни амалга ошириб
қўйганингиз маъқул. Чўзганингиздан фойда йўқ. Қарашвориш керак бўлса,
давлат бор, биз бор если что… ҳар қалай анча қўлимиз келиб қолди, гарчи
ҳали сержант бўлсак ҳам… Ишонмайсизми? Унда битта мисол келтираман,
майлими? Маъқул келса заказ қилаверасиз, бажарамиз!
Мен яшайдиган кўп қаватли уйга янги қўшни кўчиб келганди. Ҳуррият
Озодовичми-е… исмни қаранг, ёқмай қолсин. Кўчиб келган пайт истари
иссиқ, хушмуомала, бирам ҳавас қилгулик инсондай кўринди. Ҳатто маълум
муддат ҳавас қилиб юрдим ҳам. Уни кўрганим заҳоти тўхтовсиз ҳавас
қилавердим. Аммо кейин билсам, мутлақо ҳавас қилгулик одам эмас экан.
Ғирт бош оғриқ экан, қурғур. Кўзингизга кўринди дегунча нолишга
тушарди, денг. Нима эмиш, “ортиқ бундай яшаб бўлмайди”, “бундай яшагандан кўра ўлган маъқул”муш. Аммо ўз сўзига тескари тарзда акам яшайверди, яшайверди, нақ уч йил яшаб қўйди бизнинг кўп қаватли уйда.
Бир кун ҳатто асабим бузилиб, “нега ўзингизни бу қадар қийнайсиз, хуноб бўлиб юрасиз, масала шу қадар экан, шартта ҳал қилмайсизми? Айтдингизми, тамом отвечать қилиш керакда,бошқаларни бунга даъват қилмасдан, яшаш ихтиёри борларнинг кўнглини айнатмасдан”
дебдим. Тўғрида ахир, айтайлик масала ўша даражада, аммо журъат йўқ,
майли тушунаман, лекин бу ҳолат ҳақда баралла айтишдан нима ҳожат? Ўзи
аҳволини билса бўлди эмасми? Йўқ, индамади, бош чайқаганича, “бундай яшаб бўлмайдида, ахир” дедию нари кетди. Шундан кейин ҳам анча вақт яшади, ғўдраниб…
Ўзи яшайвердию, аммо бошқаларга бундай шум юришларининг зиёни етди.
Ҳеч қанча вақт ўтмай, қўшнимиз Рохила хола шартта ўлволди. Пенсия
пулини олгани бориб, хомуш қайтдию, бир соатга қолмай ўлди. Кимдир
бунга нолувчи қўшнимнинг алоқаси бўлмаганини айтар, балким шундайдир,
бевосита иштироки йўқдир. Аммо Рохила хола айнан унинг ўша шум сўзлари
оқибатида жон таслим қилгани аниқ. Негаки ўша куни Рохила хола ҳам
уйига кириб кетар пайт “бундай яшаб бўлмайди”, деганини эшитганлар бор. Хўш, хола буни қаёқдан олиб гапирди?
Ёки, анави қўшни дўмдаги муҳандисни олинг. Шом пайти эди, хотини ва
учта норасида гўдагини олдию тўққизинчи қаватдан шартта сакраб юборди.
Натижада ЖЭКчилар, сувчилар, газчилар, светчилар ва яна бир қатор
“чилар” ундан олишлари керак бўлган тўловлардан маҳрум бўлди. Вахоланки
тўлов анчагина бўлган, бир неча юз минг! Унинг ўлимига ҳам ўша
қўшнимнинг қинғир сўзлари сабаб бўлгани аниқ. Негаки оиланинг мурдалари
ердан сидириб олинаётган пайт бир парча қоғоз топилди, унда эса…
тўппа-тўғри, “ортиқ бундай яшаб бўлмайди” деган битик
бор экан. Аминмаки, бу қоғозни шўрликларга ўша қўшним берган, натижада
унинг даъватидан тўйиб кетган муҳандис шартта…
Қўшним эса ўша куни ҳаммага қарата, “айтмабмидим, ортиқ бундай яшаб бўлмайди, деб, ана кўринглар, ҳали булар ҳолва”
деб шанғилладию уйига кириб кетди. Ана шу тарзда, ишонсангиз атрофдаги
дўмлару бизнинг дўмнинг аксар яшовчилари бирин кетин ўлволишди. Одам
ҳатто бироз хавотирга тушиб қоларкан. Ахир ҳамма худди келишиб
олинганидай бирин кетин кетаверса, хавотирга тушасизда. Қўшним эса ҳар
бир янги ўлимни янги таъкид билан қарши оларди, “айтмабмидим, ҳали буниси ҳолва” дерди. Бу кетишда…
Ана шу хавотир сабаб уч тўрт қўшни яширин йиғин ўтказдик. Буни
қарангки, мен каби қўшнимдан анчадан бери безовталаниб юрганлар бор
экан. Қўшни дўмда яшовчи икки МХХ ходими, Ғайриддин исмли ҳўв теппада
ишлайдиган акахон, Хорқилбек отли пракуратура ишчиси, Жойлалиддин деган
судья… мен оддий сержант билан олти киши бўлдик. Ўзаро келишиб,
адашмасам 31 август эди-ёв… ҳа, тўппа-тўғри 31 август, анави шубҳасиз
“бизнинг” байрам куни қўшнини 16 қаватли уйимизнинг томига таклиф
қилдик. Мушакбозликни томошо қилгани, дедик. Олтинчи бор мушак отилган
пайт, биргаликда “муборак бўлсин!” деб, шартта кўтардигу… Осмонни ёритиб юборган турли ранглардаги мушак учқунлари ўчиб улгурмасдан, қўшни ўчди қолди.
Кейинчалик қўлбола текширув пайтида, ҳайрон қолганимиз ҳамма, вот
абсолют ҳамма, бир овоздан қўшнининг ўлими бахтсиз ҳодиса бўлганини
айтди. Бахтсиз ҳодисаки, аввалдан тайёрланган ва беихтиёр аммо қатъий
аҳд билан содир бўлганини исботладик. Мисол тарзида раҳматликнинг нуқул
нолиб юрганини, “ортиқ бундай яшаб бўлмайди” дея бизни бўлажак воқеадан огоҳлантирганини айтиб бердик. Терговчилар тезда тегишли хулосаларга келдию, иш ёпилди.
Вей, шундан сўнг чунонам саодатли ҳаёт бошланди! Нолишлар йўқ,
ўлувчилар йўқ, осмон мусаффо, яшаганинг сари яшагинг келади, денг. Ўша
кеча биз буёғига ҳаммаси рисоладагидай бўлади деб жиддий умид
қилгандик… Ундай бўлмади! Ҳаммаси эски ҳолига қайтди! Энг даҳшатлиси,
қўшнидан фарқли энди ҳеч ким ошкора нолимайди. Рўбаро келган пайт
тиржайиб салом қиладию, аммо кўзларидан сезаманки, “бундай яшаб бўлмайди”
калимаси буткул эгаллаб олган. Ўзаро баралла, шивирлаб айтишади, аммо
биз, яъни анави олти аҳдлашганларни кўрганларида тиржайишга тушишади.
Кечирасизу, аммо “ортиқ бундай яшаб бўлмайди”.
Бугун кечга яқин йиғинимиз бор… олдинда Конституциямиз куни турибди,
сайловларимиз якуни ўлароқ нишонлашимиз аниқ бўлган тадбирлар… Ҳаёт
учун курашамизда энди…
Забони Турк, “Туронзамин” учун.
|