Ризобек Понедельник, 2025-06-23, 06.32.31
Приветствую Вас Гость | RSS
Главная | | Регистрация | Вход
Меню сайта
    Статистика

    Онлайн всего: 1
    Гостей: 1
    Пользователей: 0
    Форма входа
    Главная » 2007 » Октябрь » 14 » Шеърият
    10.42.57
    Шеърият
    ЮСУФ ЖУМА ижодидан

    yusuf_juma.jpgОй гўзалнинг кўксида гул болидек боли бор

    Кеча келгумдир дебон ул сарви гўлру келмади
    Кўзларимга кеча тонг отгунча уйқу келмади.
    Алишер Навоий

    Бобо, кутиш лозим эмас, бориш керак эди,
    Остон тошин тош бош билан ёриш керак эди.

    Ўшанда ҳам дарчасини очмаса бағри санг,
    Уйин ҳокин дил қонида қориш керак эди.

    Ошиқ бобом, нечун кутмоқ, етмоқ даркор, етмоқ,
    Ҳижрондамас, висолида ҳориш керак эди.

    Қарригунча Навоийдек ўзин эшигида
    Юсуфдай ёр эшигида қариш керак эди.
    22.07.07.

    Ҳаммадан бирдек қочарман: дўстдан ҳам, душмандан ҳам
    Биттадан ҳам, ўндан ҳам, мингдан ҳам, тумандан ҳам.

    Заҳарланган бу тупроқнинг ҳаттоки атиргуллари,
    Водариғ, бирдек ўларсан гулдан ҳам тикандан ҳам.

    Дўст ғаддорсан, Юсуф нодон, нодонлик жонга илон,
    Оҳ, мен қочарман сандан ҳам, мен қочарман мандан ҳам.
    22.07.07.

    Мендан ўтган баҳорлар сендан ҳам ўтаётир,
    Мендан кетган наҳорлар сендан ҳам кетаётир.

    Юзим нурдай ёруғдир, шеъримга ҳақ сўз туғдир
    Менда битган гулзорлар сенда ҳам битаётир.

    Бетинг гўрдайин қора, суякни билдинг сара,
    Менда йитган мадорлар сенда ҳам йитаётир.

    Энди нетарсан, маддоҳ, Юсуфга юзи паноҳ,
    Мени ютаётган ер сени ҳам ютаётир.
    22.07.07.

    Инсон бўридан ёмон,
    Бири биридан ёмон.

    Заҳар ҳам бўлолмайди,
    Юрак киридан ёмон.

    Баттардир илондан кас,
    Пири пиридан ёмон.

    Комил деганлари ҳам
    Ажал тўридан ёмон.

    Юсуфни яхши деманг
    Юсуф баридан ёмон.
    23.07.07.

    Биринчи бўлади ҳақиқий шоир,
    Кейинги шоирлар шоир эмасдир.
    Биринчи шоирдир қаламга қодир
    Бошқалар қаламга қодир эмасдир.

    Шеър инсоннинг эмас осмоннинг иши,
    Осмон истаганлар биринчи бўлар.
    Қаламида фақат ҳақнинг ташвиши,
    Қаламида ҳақнинг севинчи бўлар.

    Шеър инсондан эмас, осмондан, кўкдан,
    Сатрлари олам томирларидир.
    Биринчи шоирлар туғилган туркдан
    Шоирлар—туркийлар шоирларидир.

    Алишер биринчи, Бобур биринчи,
    Машраб биринчидир, Чўлпон биринчи.
    Имон эътиқодда собир биринчи,
    Шеъри дил қонидан вулқон биринчи.

    Биринчилик бисёр, биринчиликкўп,
    Иккинчилик йўқдир шеъриятда бил.
    Биринчилик оғир, биринчилик хўп,
    Юсуф, шоирмисан, бас, биринчи бўл.
    22-23.07.07.

    Эр йигитнинг кўксида ўт оловдан ёли бор
    Ой гўзалнинг кўксида гул болидек боли бор.

    Бирида бол армони, бирида ёл армони
    Жуфтлашсалар жуфт оққуш бахтича иқболи бор.

    Жаннатий болга баъзан номард етар дафъатан,
    Эрга кажраф фалагнинг шундайин заволи бор.

    Марддан ошиқ чиқади, лекин номардлар комрон,
    Номард кўкнинг бўйнида мардларнинг уволи бор.

    Ёраб, фақат хаёлда бахтли бўлади Юсуф,
    Севганин сийнасида гул болидек боли бор.
    23.07.07.

    Аёл меҳр кўрмаса
    Қип қизил чўл бўлади.
    Меҳр кўрса беқиёс
    Қип қизил гул бўлади.

    Гар муҳаббат кўрмаса
    Қақшаб ўтин бўлади.
    Муҳаббат кўрса, шаксиз
    Сўнмас чиқин бўлади.

    Чиндан эр эрсанг, эй эр,
    Кўзлари нурга тўлсин.
    Аёлинг қип қизил гул
    Ва сўнмас чақин бўлсин.
    24.07.07.


    Жойлади: Маъмур
    Всего комментариев: 0
    Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
    [ Регистрация | Вход ]
    Copyright MyCorp © 2025
    Сайт управляется системой uCoz