Ҳа, яшанг ғат-ғат қилган карнайчи-ю, балога қолган сурнайчи.Кейинги пайтларда рақс тушиш бўйича анча машҳур бўлиб қолган Каримов ҳам юлдузлар каби ўзидан аввал борадиган жойига ўз ансамблини жўнатган сингари Туркманистон сафари олдидан ҳам аллақанча артистларни юборгани хабарлари оламни тутмоқда.
Аммо ишқилиб артистлар Ашхободда "сизларнинг Туркманбошинигиз каби бизнинг зулмбошнинг ҳам йўлини бермай турибди-да" дея оғиздан гуллаб қўйишмаса бўлди Қурбонгули одамларига. Агар шундай бўлса Каримов:" мен рақсга тушадиган куйни маромида ижро этолмадинг", дея одатдаги қатағонини янада авж олдириб,аллақанча артистларнинг шўри қурийди.
Лекин ҳозир карнайчи-ю, сурнайчилар бир томонда турсину худди шунга ўхшаш бошқа жиҳатга эътибор берайлига, яъни Каримов ўзи ишонч билдирган ва ўзи тавсия этиб ҳоким, прокурор, суд, милиция, солиқчи ва ҳакозо вазиру вузаролар бўлганлар охир-оқибатда юлғич, порахўр, ўғри-каззоб, фирибгарлар дейилиб ишдан олиндилар, судга тортилдилар, бадарға қилиндилар.
Бу гапларни айтаётганимнинг боиси Каримов тахтга келгандан буён ўзи айтган "иқтидорли" раҳбарлар энг камида қаллобларга айланганида.Ҳозир шу каби Каримов карнайининг ғат-ғатига ҳамоҳанг бўлиб сурнай чалган бир кишини эсласак.
1999 йилги Президентлик сайлови ўйинлари ҳам ҳали ҳеч кимнинг ёдидан кўтарилган йўқ.Ўшанда Каримовга гўё муқобил номзод қилиб олдга сурилган Абдулҳафиз Жалолов Наманган вилояти, Янгиқўрғон туманидаги туғилган қишлоғи Бирлашганга келиб ака-укаларига йиғлагудек бўлиб айтган гапларини ўшанда Янгиқўрғон туман ХДП раиси бўлиб ишлаган укаси Абдулҳаким Жалолов ҳозиргача одамларга айтиб (пана-пастқамларда албатта) , кўзлари намланади.
Ўшанда Абдулҳафиз Жалолов юрт бошида турган Каримов феълини яхши билгани учун ҳам: "сенинг номзодингни ҳам қўяман", деб айтганда:"жон, Ислом ота, мени бу каби жазоламанг, бошқа ҳамма хизматингизга тайёрман", дея зулмбошнинг оёғини қучоқлаб ялиниб-ёлборибди.
Аммо зулмбош шундай зотки у режа қилдими бир нарсани, оқибати қандай бўлишидан қатъий назар фикридан қайтмайди. Сайловлар тугаб, Каримов ўшанда 96,5 фоиз овоз олиб президентликка гўё сайланди.
Ҳозир Абдулҳафиз Жалолов қаерда? Нега яна қўғирчоқлик қилмаяпти?
Ҳа, ҳамма гап шундаки Каримов бир ўйнаган ўйинчоғини қайта ўйнамайди.Унинг қўғирчоғининг эса ё боши кетади, ё яна бир бошқа кор-ҳол бўлади. Ўша Абдулҳафиз Жалоловнинг укаси Абдулҳакимнинг айтишича бечора акаси кундузлари ҳам ташқарига чиқишдан юрак олдириб қўйган эмиш.Ё , бу ҳажв қиляпти деб ўйламанг.Бу бор гап.Ахир укаси Абдуҳаким ўз оғзи билан айтган гаплар-а бу.
Мана шунақа гаплар.Энди ўшаларни ўйлаб айтмоқчиманки ҳозирги беш-олтита қўғирчоқнинг ҳоли не кечаркин?
Ҳа, улар ҳам ҳозирданоқ бу бошланган ўйинлардан мақсад нималигини билолмай юрак ҳовучлаб юришибди, деган гап-сўзлар айланиб қолди.
Ҳа, айтгандай гапни Каримовнинг Туркманистонга сафари ҳақида бошлагандик.Дарвоқе ишқилиб артистлар яхши ўйнашсин, акс ҳолда олдинда Каримовнинг ўйинлари аллақанча бошқаларни бир айлангандаги тўзонида учириб кетиши мумкин.