Ёноғингиз шакарми, асал
Ол олманггиз ширинми, нордон,
Билсам бўладими?!
Аноринггиз шарбатми, ё қон
Билсам бўладими?!
Ёноғинггиз шакарми, асал
Билсам бўладими?!
Дудоғинггиз болми ёхуд лаъл,
Билсам бўладими?!
Кафтларинггиз оташми, совуқ,
Билсам бўладими?!
Белинггизчи борми ва ё йўқ,
Билсам бўладими?!
Бағринггизда қишми саратон,
Билсам бўладими?!
Висолинггиз жонми ё ризвон
Билсам бўладими?!
3.08.07.
Бедин хиёнат этар,
Бетин хиёнат этар.
Худо дейди аҳли дин,
Лекин хиёнат этар.
Қоч инсон қутурган ит,
Кун тун хиёнат этар.
Юсуф, энг хавфли нафсинг
Ботин хиёнат этар.
4.08.07.
Бизлар севишгандик минг йиллар бурун,
Минг йиллардан кейин учрашиб қолдик.
Сен ҳамон Лайлисан, мен ҳамон Мажнун,
Бири биримизни ўтларга солдик.
Ҳар они йил бўлган ҳижрон кезлари
Жамланса минг йиллар бўлади пайдо.
Ҳамон қиблам эрур йўлинг излари,
Ҳамон мен Тоҳирман, ҳамон сен Зуҳро.
Тағин айрилиқлар, тағин қиёмат,
Балки руҳларимиз учрашар бир кун.
Қомати аломат, юзи аломат,
Сен мангу Лайлисан, мен мангу Мажнун.
6.08.07.
Ишонсанг ҳам қутурган итга
Одамзотга ишонма!
Ишонсанг ҳам уйингни ўтга
Одамзотга ишонма!
Иснод бўлди инсон Оллоҳга,
Инсон билан ботди гуноҳга.
Бағрингга бос, ишон тимсоҳга
Одамзотга ишонма!
Оқил бўлсанг одамни тани,
Хиёнатдан иборат фани.
Ишонганинг—душман кишани
Одамзотга ишонма!
Гар тинч қўйсанг аждар қўяр тинч,
Кас тинч қўймас, кас бор жойдан кеч.
Ўғил солди отага қилич,
Одамзотга ишонма!