-Мана яна бир марта маошларни ошириб қўйдим. Одамлар байрам қилишаётгандир?-деб сўради Алдаркўса маслаҳатчидан.
-Ҳа, ҳамма бозорларга чопиб қолган…
-Ундай бўлса бозорлар тўлиб тошгандир?
-Лекин қандай чопиб киришса, шундай чопиб чиқишмоқда.
-Наҳотки чоп-чоп бошланди?
-У ёғи тинчлик, фақат чоптириб қўйдингиз-да!(turonzamin.com).
* * *
МИРЗУЛМ
-Мана Миршаблар кунини ташкил этдик ва биринчи марта улар бу кунни
байрам қилмоқдалар. Узундан узоқ табрикномани олиб келдинг, унга ҳам
қўл қўйиб бердим, аммо шу миршаб дегани нима ўзи, шуни тушуна
олмаяпман?-деди Алдаркўса маслаҳатчига.
-Мир бу Aмир дегани, шаб эса қоронғулик, зулм дегани.
-Унда нега мирзулм дейишмaган?
-Мирзулм битта бўлади, улар эса кўпчилик….(turonzamin.com).
* * *
“ИМЗО”
-Нега вақтларингни сарфлаб имзо тўплаб юрибсизлар?- деди Алдаркўса
маслаҳатчига.-Сайлов бундан кўра осонроқ тушади. Овоз варақаларини
истасанг чоп этаверасан, истасанг куйдирасан, истасанг ҳожатхонага
қўясан.
-Лекин одамларни ҳам алдаб қўяйлик дегандик. Имзолар ҳақиқий, ҳамма бунга ишонади, чунки ўзлари имзолашмоқда.
-Менга ҳақиқий-пақиқийси эмас, натижаси керак. Натижага эса миллионта эмас, битта имзо қўйилади!
-Ундай бўлса, ўзингиз қўясизми?
-Хабаринг йўқми, сайлов ҳақида гап бошланмасдан олдин унга қўйиб қўйганман!(turonzamin.com).