Вафо...Баъзан шундай бўладики бир калима ҳақида ўйлай бошласангиз у кун-тун ҳаловат бермайди.У ҳақда ўйлайверасиз-ўйлайверасиз.Ўша сўз ҳақида ўйлай бошладингизми, унинг акс маъноси ҳам ёнма-ён гавдаланаверади.У ё бунисини ўйингиздан чиқариб ташлашга қанчалик уринманг бари бефойда, самарасиз.Чунки ўйингиздаги бир сўзнинг айрилмас жуфти бордай.Шунинг ўзиёқ вафо ҳақида атрофлича фикрлашга ундайди.
Вафо ўзи нима?
Вафонинг садоқат атоқли номи ҳам бордай.Вафодор, садоқатли каби ҳислатлар ҳақида кўп эшитганмиз, ўқиганмиз.Унинг ёнгинасида эса бевафо, садоқатсизни ҳам учратганмиз.
Вафо улуғ ишлар қилишга ундаса, бевафолик тубанлик чоҳига судрайди. Нега ҳамма ҳам гўзал суратдаги вафога эргашмайди? Бевафолик қилади? Қилар ишни қилиб қўйиб эса кўзёшлар тўкади.
Бизнинг замонамизда бевафо хиёнаткорни отнинг думига боғлаб судраш, тошбўрон қилиш одатлари йўқ.Мен бу ўринда ёрнинг вафоси ҳақида айтаяпман.
Бевафони "ҳа, энди унда кўнгли йўқ экан, бунга кўнгил қўйибдида" дея оқлаб ҳам қўямиз.
Бевафоликни хиёнат ҳисоблаймиз.Лекин нега бу иллат пайдо бўлган?У кимдан мерос бўлиб қолган? Гап айланиб яна ўша одамзотнинг пайдо бўлиш тарихи томон етаклайверади.
Вафо ва бевафолик ҳақида кўп сўз айтгинг келади.Лекин вафо ҳақида тўлиб-тошиб гапирай десанг унинг ёнидаги бевафолик гўё қўлларингдан ушлаб мени ташлаб кетма, ахир мен ҳам борман дегандай туюлади.Бевафога раҳминг келади, ачинасан.Бироз ёнида туриб унинг кўнглига ҳам қулоқ тутасан.Унинг бевафолик йўлига киргани борасидаги мунгли ҳикоясини тинглайсан.
Қаранг энди вафоли қолиб вафосизга ачина бошлаймиз.Чунки унинг бевафо бўлишига бошқа бир бевафо сабабчи эканда.
Яхшилик яхшиликка етаклайди.Жаҳолат эса жаҳаннамга...
Хаёллар ҳар томон елиб кетади.Сизда ҳам шундай бўлса керак.Яна билмадим.Эҳтимол ундаймасдир.Лекин бир нарса аниқки кўпчилик вафога талпинади аммо хиёнатни қучаётганини билмайди.Биладикуя лекин билмасликка оладими?
Ҳамма бахтсизлигу фожеа ҳам шундада назаримда.Билиб билмай хиёнат кўчасига кириб, ундан қайта чиқа олмай юрган сарсон-саргардонларнинг сони қанча? Ҳеч қайси бир маълумот тўпловчи маҳкама вафодорлар ёҳуд бевафолар ҳисобини олмайди.Лекин улар ҳамма вақт ёнма-ён яшайверади. Бевафолик оқибатида қанча-қанча қурбон бўлганлар бор.Вафодор бўлганларнинг кўп қурбон бўлганларини ҳам биламиз. Аммо барибир бу хислат ва бу иллат тугамайди.Нега шунақа экан-а?Ҳеч ўйлаб кўрганмисиз?