Ризобек Четверг, 2024-11-14, 21.08.26
Приветствую Вас Гость | RSS
Главная | | Регистрация | Вход
Меню сайта
    Статистика

    Онлайн всего: 8
    Гостей: 8
    Пользователей: 0
    Форма входа

    Главная » 2007 » Октябрь » 26 » Ҳажв
    13.41.37
    Ҳажв
    Нурилла ОСТОНОВ

    nurilla_ostonov.jpg“Худога шукур қилиш керак!”


    Одам боласи қандай шароитда бўлмасин, ҳамма нарсага кўникади. Унинг яшовчанлиги ҳам ана шунда. Оҳ-воҳ қилади, ўзини тўрт томонга уради, кейин ҳамма қатори аравасини судраб юраверади.

    Подшо бир кун гадо бўлиб уйғонади, гадо бир кун келиб подшолик тахтига ўтириши мумкин. Замонлар, маконлар айланаверади, насллар, фасллар алмашаверади, лекин бандаси тушмагур ўша-ўша ношукурлигича қолаверади. Чунки онакалони Момо Ҳаво жаннатда юрганига шукур қилмай таъқиқланган мевадан татиб қўйган-да!

    Одамзод ёз бўлса қишни қўмсайди, қиш келса ёзни соғинади. Бошига бахт қуши қўниб иши юришиб кетса, кечаги кунини унутади қўяди. Иши юришмаса, замондан нолийди, кечаги кунини қўмсайди, эҳ, коммунизм ўтиб кетибди, билмай қолибмиз, дейди. Бундай яшаб бўлмайди, дейди.

    Ҳозир йўловчилар учун асосий транспорт воситаси Дамас. Хусусий киракаш йўловчини хоҳласа уловига миндиради, хоҳламаса ёки башараси ёқмаса миндирмаслиги ҳам мумкин. 200 сўм бериб, 50 сўм қайтимини сўрашга қўрқиб ўтирасиз. Мабодо сўраб қолсангиз, киракашнинг кайфияти бўлмаса, қайтимни башарангизга улоқтириши мумкин, ёки 200 сўмни қўлингизга қайтаради-да мошинани тўхтатиб, қисқагина қилиб “тушинг”, дейди.

    Ишга отланиб, одатдагидай “Дамас”га чиқдим. Киракаш доимий ашуласини бошлади.

    -Яна газ қимматлашибди, бунча нархини кўтариб нима қилишади, ўзи кўтар-кўтарлар ҳамманинг жонига теккан. Кира ҳақини кўтарсак, халқ норози бўлади.-Йўловчилар бирдан ҳушёр тортиб, киракаш кўпроқ пул талаб қилиб қолмаслиги учун 150 сўмдан йўл пулини узатишди.

    -Жонга тегди, жонга тегди,-чувиллашди ҳаммаси.

    -Бу йил эрта салқин тушаяпти, эрта қишга ўтин ғамлаб қўймасак, газ йўқ, бир артист айтганидай, газини фалон жойга бериб тезак тутатган ўзбегим, бўлаяпти бу ёғи,-гап қўшди телпаги туллаб бир томонининг яғири чиқиб қолган кўсанамо киши.

    -Газ йўқ, газ йўқ,-бир овоздан такрорлади оломон.

    -Бозорни айтмайсизми-бозорни,-қулоғим остида шанғиллади бир ярим кишининг ўрнини эгаллаб олган юзи рапидадай хотин.-Ҳамма нарса заҳардан қиммат. 50 минг олиб чиқсанг, сумканг ярим бўлмайди.

    -Бўлмайди, бўлмайди,-маъқуллашди ҳаммаси.

    -Халқаро террорчилар ҳеч кимга кун бермай қўйди,-юзининг чандиғи ариқча бўлиб бўйнининг ичига кириб кетган лўлибашара барзанги ғўнғиллади.-Ҳамма қимматчилик ана шундан. Илгари мўл-кўлчилик эди, ҳамманинг чўнтагида пули бўларди, ҳозир кимнинг қаппайиб турган киссасига қарасанг, ё сетка, ё семичка бўлади…

    Йўловчилар сергакланиб чўнтакларини пайпаслаб олишди.

    -Пул қайда дейсан жиян,-гапга қўшилди шопмўйлов киши қўлидаги сеткани қаттиқроқ чангаллаб.-Ҳозир одамлар нонга зўрға пул топаяпти, чўнтагида пул олиб юрармиди.

    -Пул йўқ, пул йўқ,-аюҳаннос солди ҳамма.-Пул бўлганда таксида кетар эдик.

    -Нега пул йўқ, пул бор,-деди барзанги шопмўйловни кўзи билан сузиб. Шопмўйловнинг ранги оқариб, сеткасини баттарроқ чангаллаб олди.-Барзанги рапида юз хотинга, кейин туллактелпакка назар ташлаб, башарамнинг рўбарўсига келиб тўхтади:-Банкда.

    -Банкдаги пул газзагимга дори бўлармиди, ана, Вестер юрмон деган банкка ўғлим Россиядан пул юборган экан, икки ҳафтадан буён ололмайман,-деди рапида юз.-Пулни нимага ишлатиш кераклигини ёзмаган экан, энди орқага қайтариб юборишармиш.

    -Ҳамма айб ўзимизда,-деди шу пайтгача гап қўшмай, кўзи ўйнаб ўтирган тепакал, башанг кийинган гластикли киши.-У йўқ, бу йўқ, деб нолиганимиз-нолиган, ҳар хил миш-мишларга ишонамиз, қўшиб-чатиб бошқаларга етказамиз, ундан кейин тепада ўтирганларни айбдор қиламиз. Қани, кимнинг куни ўтмай қолаяпти? Ҳамманинг уйида бир бурда нони, оби-ёвғони бор, худога шукур қилиш керак…

    Йўловчилар бирдан жим бўлиб қолишди.

    -Мана, ҳамма нарсанинг нархи кўтарилиб кетаяпти, бундай яшаб бўлмайди, деймиз, тўйларни қаранг қанчалик кўпайиб кетганини. Соч тўйи, ёш тўйи, мучал тўйи, ақиқа, суннат, никоҳ, чарлар… э, сон-саноғига етиб бўлмайди. Тўйхонага кирсанг, дастурхон тўкинлигидан ёрилиб кетай, дейди. Одамлар буниси камлик қилганидай ҳатто фотиҳа тўйларни, гаштакларини ҳам ресторанларда қилишаяпти. Яна нима керак? Қачон бундай замон бўлган?

    Йўловчилар келишиб олишгандай бирданига:

    -Тўғри-тўғри,-дея аюҳаннос солишди.-Бундай замон бўлмаган!

    -Бўлмайди ҳам!-давом этди тепакал.-Қимматчилик, қимматчилик деймиз, ойлик маошлар неча марталаб оширилди.-Тепакал менга синовчан қаради:-Мана сизнинг маошингиз қанча?-Мен ҳар эҳтимолга қарши унга қараб елкамни қисдим.-Ҳа, айтмайсиз, лекин камида етмиш оласиз. Ундан ташқари кунлик тушумингиз бор!

    Ҳамма гув этиб менга қаради. Айниқса барзангининг қараши вужудимни пармалаб ташлади. У “Шунча ойлик олар экансан, нега чўнтагингда пул олиб юрмайсан, номард!” деётгандай эди гўё.

    -Йўғ-э, унчаликмас,-дедим кўзимни қаёққа қочиришни билмай ва “Ё тавба, тўртта идорада қоровул бўлиб ишлашимни қаёқдан билар экан?” деган савол хаёлимдан ўтди.

    -Бунинг аҳамияти йўқ,-давом этди тепакал гластигини тўғрилаб.-Мана мен илгари юз сўм ойлик олар эдим. Ўшанда автобус паттаси ўн тийин эди. Ҳозир-чи? Маошим юз минг бўлган, автобус кира ҳақи шунга яраша юз сўм. Ношукурчилик ҳам эви билан-да!

    -Эви билан, эви билан,-дея бақиришди йўловчилар.

    -Пул йўқ, пул йўқ, деймиз, мана жияним иккита қизини имтиҳонга бир кун қолганда милён билан ўқишга жойлаб қўйди акушерликка,-деди духтурга ўхшаб кетадиган, морзе ҳарфларини тераётгандай бармоқларини ўриндиқ суянчиқларида тинимсиз ўйнатиб турган киши.-Пулини шахсан ўзим олиб бориб бердим. Ўзини бирга олиб борсам бўларкан, энди 200 ини уриб қолгансан, деб мендан гумон қилиб юрибди…

    -Фақат ишёқмас замондан нолийди,-деди тепакал омин, дегандай гапини якунлаб.-Қимирлаган кишига худонинг ўзи бераверади.

    -Бераверади, бераверади,-шовқин солди ҳамма бир-бирига гал бермай кекирдагини чўзиб.

    -Сиз нима дейсиз?-тепакал дабдурустдан менга ҳужумга ўтди.-Боядан буён разм солиб ўтирибман, ҳамма гапираяпти, сиз чурқ этганингиз йўқ.

    “Оббо, нега бу менга канадай ёпишиб олди,-ўйладим хунобим чиқиб.-Мен унчалик бой эмасманки, чурқ этиб оғиз очсам, унчалик камбағал ҳам эмасманки, замондан нолийдиган бўлсам…”

    -Сиз ҳам бундай яшаб бўлмайди, деб ўйлайсизми,-қаёқдан менга осилиб олди бу тепакал.-Бизда қимматчилик борми?-Мен кўмак кутиб, жавдираб атрофдагиларга қарадим.

    -Бизда ҳамма нарса бор,-бақирди туллак телпак.-Йўқ бўлса, топамиз!

    -Топамиз, топамиз,-гувиллади йўловчилар.-Анча енгил тортдим. Дамас манзилга келиб тўхтади. Ҳали ҳам кўзини узмай менга тикилиб турган тепакалга қараб елкамни қисдим-да йўловчиларга қўшилиб урра қочдим.


    Жойлади: Маъмур
    Всего комментариев: 0
    Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
    [ Регистрация | Вход ]
    Copyright MyCorp © 2024
    Сайт управляется системой uCoz