Капалак ортидан учмоқ бўлиб гул баргини тўкди…
Оғиб мезон. Келиб ақраб чақайверса совуқ тунлар…
Ёнар қурт устиға ўтун қалаб пуфлайди маймунлар.
ХХХ
Бир куни Қаҳрамон Сайид қаҳратон қишда музей ертўласида электр иситгич атрофида ўтирган дўстларига қалтираб деди: “-Муз-эй-й”.
ХХХ
Бир куни Қаҳрамон Сайид фанлар академиясига кириш зинапоясида
шогирдини койиётган домлани учратиб, теппадаги ёзувни ўкиётгандай
шогирдга ишора қилди: “-Ака-де-мия”.
ХХХ
Бир куни Қаҳрамон Сайид рўзномага пул кўчирмай, бегона аёлларга
сарфлашни ёқтирадиган жамғарма бошлиғининг кўзига
тикилиб:”-Жам-ғар-ма!” деди.
ЧОРИ АВАЗ МАРСИЯСИ
Сен соҳири гуфтор эдинг, гуфтора кетдинг Чорижон,
Сен ошиқи дилдор эдинг, дилдора кетдинг Чорижон.
Ҳар тур ямон сўздан сани парҳезда тутди Раббано,
Сен ташнаи дийдор эдинг, дийдора кетдинг Чорижон.
Недур ҳалол, недур ҳаром сен бохабар эрдинг мудом,
Хамсанг ўтаб ҳар субҳу-шом Аҳрора кетдинг Чорижон.
Қасди малак – жон гавҳари, тутгач фалакни шаҳпари,
Уйсиз эдинг-у, ҳашт дари меъмора кетдинг Чорижон.
Дўст-о, сани эслаб саҳар ҳар банд-бандим бўшашар,
Чор унсуринг чор бўлинар бозора кетдинг Чорижон.
Бўлганмиди қисмат аён, кетдинг-а умри жовидон,
Эй дўстлар ичра комрон Жаббора кетдинг Чорижон.
Бу кўҳна Турон эллари Ислома қайтсин деб бари –
Пайғамбару, асҳоблари – Чорёра кетдинг Чорижон.
Кездинг Насафу – Шош аро бир нурли чеҳра, дил яро,
Бўлди Сирожи дил қаро асрора кетдинг Чорижон.
УЛ ЕРДАДУР
Сан қайдасан эй дилбарим жоним маним ул ердадур,
Дардкаш дилим ул ердадур, қоним маним ул ердадур.
Фикру хаёлим сен билан, зикри зилолим сен билан,
Ушбу тириклик фурсати – оним маним ул ердадур.
Боғи Эрам – Бобил ўзинг, Балху Марву Зобил ўзинг,
Бойсун ўзинг, Чамбил ўзинг, шоним маним ул ердадур.
Сен Бесутун, Сен Карбало, Каъбам ўзинг олам фидо
Инсон эсам бунда таним, оним маним ул ердадур.
Сен-ла маним бехоблигим, ҳажр ила зор бетоблигим,
Юзи қуёш – офтоблигим “ён!”им маним ул ердадур.
Ёмби эсам ёбон ўзинг, гавҳар эсам уммон ўзинг,
Олмос эсам тоғкон ўзинг, коним маним ул ердадур.
Денгиз эсам мавжим ўзинг, юлдуз эсам авжим ўзинг,
Банданг манам зиндон эт(г)ан хоним маним ул ердадур.
Қоши ҳилолим сан мани, назмий Камолимсан мани
Жоно Жамолимсан сифат-соним маним ул ердадур.
Оввораман. Сабрим ўзинг. Бечораман. Жабрим ўзинг,
Жонон. (демам қабрим ўзинг) Жоним маним ул ердадур.