Гуноҳ.Унинг катта-кичиги бўлмайди дейишади.Лекин ер юзида бегуноҳ киши ҳам бормикан?
Ёки бўлмаса бу синов дунёга вақтинчалик меҳмонмиз дейилган одамзотнинг жаннатга тушганлари кўпмикан ёки жаҳаннамга?Ҳаётингизда мен гуноҳкорман деган инсонни учратганмисиз?
Ҳа,тўғри айтишади, савол бериш осон, аммо жавоб бериш қийин. Кўп ҳолларда бегуноҳ кишилар турли бало-қазоларга йўлиқишади.Нега шундай?Ҳеч ўйлаб кўрганмисиз?
Айтгандай ер юзида бир умр савоб ишлар қилиб, эзгулик тараф одамлар ҳам кўп. Шундай кишилар ҳисобига тинчлик-осойишталик мувозанати сақланиб туради назаримда.
Бугунги дунё ғоят нотинчдай.Чунки унинг қай бир бурчагига қараманг уруш, низо, зиддиятлар кучайган.
Ер юзининг учдан икки қисми сувликдан иборат дейишади.Лекин ёнаётган жойларни ўчириш учун сув етишмайди.Айрим минтақаларда эса ичгани сув йўқ.
Дарвоқе гуноҳ ҳақида мулоҳаза юритаётгандик.Лекин мавзудан четлаганимиз йўқ.Чунки сувнинг ҳам, оловнинг ҳам гуноҳга даҳли бор.Нега десангиз ўзингиз билганингиздай ота-оналар фарзандларининг энг ноқобилини ҳам "ҳеч бўлмаса жон бераётганимда сув томизишга яраб қолар", дея умид қиладилар.Айтишларича сўнгги дамда инсоннинг вужуди оташ каби қизиб, сувга эҳтиёжи кучаяр экан.Аслини олганда инсон ўзи бир қатра сувдан бино бўлиши ҳам ҳеч кимга сир эмас.
Мана нима учун гуноҳга сув ва олов даҳли бордай деб қўйдик.
Аммо қатра сувдан яралган одамзот аста секин улғаяркан ўзига-ўзи ғоят зеб бериб, айримлари ҳатто пайғамбарлик давосини ҳам қила бошлайди.Бу ҳам гуноҳмасмикан?
Бир қулоғимга тушган гап бор эди.Улуғлардан бир киши кўчада бораётиб, деворнинг тирқишидан гуноҳ юмуш билан машғул икки кишига беихтиёр кўзлари тушиб қолибди.Шунда у киши бу гуноҳкорларга бошқа ўткинчиларнинг назари тушмасин деган ўй билан девор тирқишига кесак уриб, лой чаплаб беркитиб йўлларида давом этган эканлар.
Ривоятми бу ё ҳаётда шу каби ҳолат бўлганми?Менимча бу ибрат учун айтилган ҳикоят бўлса керак.Лекин шу ҳикоятни эслар эканман бошқа бир савол туғилади.Аслида гуноҳ иш қилаётганни тўхтатиш керакмасми?Кўриб-кўрмаганга олиб кетиш ҳам гуноҳку.
Марҳумлар ҳақида ёмон сўз айтиб бўлмайди - гуноҳ дейишади.Тўғри, нафақат марҳумлар балки тириклар ҳақида ҳам аслида ёмон гап айтиб бўлмайди.Лекин униси ҳам, буниси ҳам кўп зиён етказган ё етказаётган бўлса-чи?
Мана масалан Ленин қурган тузум ҳали-ҳануз одамзотга зиён эмас қирғинлар солишда давом этяпти.Шундай одам ҳақида қандай фикр айтиш мумкин?Ҳа, у марҳум ўтди-кетди дейиш керакми?
Бир марҳум хоин эди, фирибгар эди.Уни қаҳрамонга айлантиришга уринаётганларга тўхтанглар деб айтиш керакми ё уларга қўшилиб ҳайкал қуриш керакми?Ахир унда гуноҳ бўлмайдими?
Ер юзидаги деярли барча мамлакатларда ўтиб кетган таниқли инсонлар учун турли жамғармалар ташкил этишади.Масалан, Ўзбекистондаги "Рашидов фонди" , "Амир Темур фонди" каби.
Фонд ташкил этилади.Унга бир раҳбарми, раисми тайинланади.Хизмат машинаси, маош , котиба, ёрдамчи ва ҳакозо имтиёзлар.Бу фонд раҳбари оддий меҳнаткаш одамлар пешонатериси ҳақига яшайди.Унинг фондидаги кишилар ҳам.Ахир бу ўликнинг устидан кун кўриш эмасми?Бу гуноҳ эмасми?Эҳтимол бу гуноҳмасдир.Чунки шунақанги фондлар тузиб, тирикчилик қилиб юрганларга ҳеч ким ҳеч эътироз билдирмайдику.Яна янги-янгиларини тузишаверади.
Шунақа гаплар.Аслида гуноҳ ҳақида ўқувчиларнинг ўзлари мендан кўра кўпроқ нарсалар билишади.
Мен эса кўнглимдан кечган айрим мулоҳазаларимни ўртага ташладимда.