Тўхта, диктатор!
Аввалги
мақолаларимнинг бирида Ўзбекистон президенти инсоф диёнатни унутиб, яна
амалда қолиш учун курашишни давом эттирса, бу ёмон оқибатлар келтириб
чиқариши мумкинлиги ҳақида шундай ёзган эдим: -“ И.Каримов яна
ҳокимиятда қоладиган бўлса, Ўзбекистондаги сиёсий-иқтисодий инқироз
янада чуқурлашиши тайин. Демак яна қатағонлар, яна бегуноҳ қурбонлар
кўпаяверади. “Амал васвасаси” уни янада қўполроқ ва жирканчроқ хатолар
қилишга мажбур қилади. Бир кун келиб уни шу хатолари сиёсий майдондан
супуриб ташлайди”.
Мен бу сўзларни унга нисбатан мухолиф бўлганим учун эмас, балким Ўзбекистондаги ҳозирги иқтисодий сиёсий аҳволни оз бўлсада таҳлил қилганим ва ҳис қилганим учун ёзгандим. Менинг бу беғараз таҳлилий
хулосаларимни у тўғри қабул қилмаслигини ҳам тўғри тушунаман. Чунки у ҳозирги ҳолатида дўстона маслаҳатларни ҳазм қилиш ҳолатида эмас. У жуда
хавфли “амал” касалига аллақачон мубтало бўлиб бўлган. Уни энди бу
касалдан даволашнинг иложи йўқ. У учун бу касалга янада чуқурроқ
мубтало бўлишдан бошқа йўл йўқ. Бу эса жуда хавфли ҳолат. Тасаввур қилинг тиш тирноғигача қуролланган, ҳар қандай разилликдан қайтмайдиган
бир “маняк” катта бир давлатнинг бошида турибди. Унинг сарҳадларига кўз
олайтирган ҳар қандай шахс унга емиш бўлиши тайин. Унинг қулоқлари кар,
кўзлари кўр, унинг миясида фақат битта фикр: қандай бўлмасин ўз ҳокимиятини сақлаб қолиш. Бутун дунё яксон бўлиб, қирилиб кетса ҳам
унга барибир. Фақат ундан амални тортиб олмасалар бас. Шу нарса учун у ҳамма нарсага тайёр. Айни шу йўналишда ҳаракат қилар экан у, бу ёғига
кўпроқ хатолар қила бошлайди. Чунки у хотиржам эмас, у жуда асабий.
Асабийлигининг боиси шуки, у ўзи қилаётган ишларни инсоф чегарасидан
нарида ва ноқонуний эканлигини яхши билиб турибди. Энг аянчлиси
шундаки, ҳозир унинг қўл остида минглаб яхши ниятли одамлар хизматда. У ўз мақсадлари йўлида улардан фойдаланиб, уларни ҳам гуноҳга ботиради.
Уларни ҳам ўз амалини асраб қолиш воситасига айлантиради. Мен ана ўша
одамларга кўпроқ ачинаман.
Яқинда Ўзбекистоннинг бир қатор вилоятларидаги дўстлар билан боғланиб
шу нарсанинг гувоҳи бўлдимки, ҳозир барча ташкилот раҳбарларига “Каримов
учун” имзо йиғиш қаттиқ топширилган. Одамлар истар истамас, сўкиниб, ҳатто қарғаб Каримовни яна ҳокимиятда қолиши учун варақаларга имзо қўймоқдалар. Ўз ҳоҳиши ёки қўрқувдан имзо қўяётганлар ҳам бор. Аммо
кўпчилик қалб даъватига зид равишда шундай қилишга мажбур булаётганини
айтмоқда. Каримовнинг бугунги фожеаси шундаки, у бу нарсани англамаяпти ёки англашни ҳам истамаяпти. Мен буни Каримовнинг ҳам фожеаси, ҳам
катта қўпол хатоси деб ҳисоблайман. Чунки бундай услубда “имзо йиғиш”
жамиятни янада жунбушга келтиради, одамларни унга нисбатан нафратини
янада оширади. Ўзбекистондаги ушбу зўравонлик янада кўпроқ одамларнинг ҳиссиётини қўзғайди ва диктаторнинг тузуми якунини янада яқинлаштиради.
Одамларнинг пок ҳис туйғулари устидан кулиш, унга тажовуз қилиш-
разилликдир ва бу разиллик албатта жавобсиз қолмайди. Ана ўша “жавоб” ёмон оқибатлар келтириб чиқариши мумкин. Мен ўша “жавоб” ноҳақ қонлар
тўкилишига сабаб бўлиши мумкинлигидан қўрқаман.
Ақли теран барча миллатдошлар ана шу фожеани олдини олишимиз керак
деб ўйлайман. Ўзбекистонда ҳокимият алмашинуви Каримовнинг қўпол
хатолари эвазига эмас, соғлом фикр ва таҳлилнинг- нотўғри сиёсий қарашлар устидан ғалабаси кўринишида тинч йўл билан амалга ошса жуда
яхши иш бўларди. Лекин бунинг иложи бўлармикан ?