Жаҳонгир МУҲАММАД
 ҚУВҒИН Роман 2-китобнинг давоми
Январ ойи бўлишига қарамай ҳаво
юмшоқ эди. Миртемирнинг телевидениеда ишлаётганига бир неча кун бўлганди. Иш
кўплигидан у саҳар келиб, ярим тунда кетарди. Хонасида янги тайёрланган
дастурларни кўриб эрталабки мажлисга лойиҳалар тайёрлаётганди. Бош директор ҳовлиқиб келиб қолди.
- Бугун Талабалар шаҳарчасида қандайдир воқеалар юз беради. Ўғлим талабаларнинг
нарх-наво ошишидан норози эканликларини, кеча кечқурун эса уларнинг домласи
Маратов " Эртага туш пайти нон магазини ёнида намойишимиз бор, агар қаршилик кўрсатилса очлик эълон қилинглар" дебди.
- Кимга айтибди? - Миртемир ҳайратланиб сўради.
- Ўғлимнинг Шервон деган дўсти бор, бирга ўқишади, шунга айтибди. Ўғлимга
сен узоқ тур, дедим.
Иш ичида
Маратов бўлса, демак яна қандайдир ўйин бошланди, деб ўйлади
Миртемир. Маратовни яхши танийман. Озгина манфаат учун отасини ҳам
сотиб
юборишга тайёр. Аслида талабалар ҳақ. Сайловдан олдин арзонгарчилик
ҳақида
гапирган "Катта" сайловдан кейин дарҳол нарх-навони ошириб юборди.
Айниқса, нонни қиммат қилгани талабаларнинг қонини қайнатиши аниқ.
Зотан, улар
сайлов ўйинларининг фарқидалар. Сайловдан бир ҳафта олдин овоз беришга
мажбур қилишди. Бир жойда гугурт ёқилса, талабалар "портлаб" кетишади.
Намойиш қилишса, майли. Инсонлар ўз ҳақларини намойишлар орқали кун
тартибига қўядилар. Талабаларимиз бу йўл билан демократияни
ўрганадилар. Бир куч, бир
муштга айланадилар. Адолатнинг ҳимоячиси бўладилар. Лекин бу ишнинг
бошида
Маратовнинг туриши қандайдир ўйин борлигидан даракчи. Маратов
ҳукуматнинг қўғирчоғи. Фақат ҳукуматнинг эмас, ким пул берса ўшанинг
қўғирчоғи. Бугунга қадар беш-олти ерда бу қўғирчоқ бош рол олди.
Қанча-қанча бегуноҳ инсонларнинг
умрига завол бўлди. Аввалига жилови Московда эди, кейин ўзимизникилар
ҳам уни қўллай бошладилар.
... Миртемир телевидениега ўтгандан буён девондаги гаплардан бехабар эди.
Балки девонда бўлса ҳам бу ўйинлардан хабардор бўлиши мушкул эди. Девонда ҳам
талабалар шаҳарчаси ва ҳамда Миртемирнинг ўзига қарши янги ўйинлар ҳозирланганди.
Салимов Маратовни чақириб гаплашаркан:
- Пойтахт шаҳар ижроқўми сизга бир енгил машина ва уй-жой қуриш учун ер
ажратди. Сиздан илтимосимиз эса, Талабалар шаҳарчасида бирор бир воқеа чиқиб қолса, уни Миртемирга боғлашдир, - деди.
Салимов биров
билан гаплашишга уста эди. Олий кенгашнинг ўтган мажлисида
Миртемир Маратовнинг Москов билан алоқаси борлиги ҳақида гапириб уни
талабаларга қаҳрамон қилиб кўрсатишгани, аслида эса бу сохта қаҳрамон
яширин
хизматнинг чиркин ишларини бажариб келаётганини исботлашга уринганди.
Орага
"Катта" кирмаганда бу жанжалга айланарди. Ўшандан буён Маратов тишини
қайраб юрибди. Бунинг устига Миртемир у ҳақда танқидий мақола ҳам ёзди.
Шу боис
Миртемирнинг исмини эшитган Маратовнинг туклари сих-сих бўлди.
- Шаҳарчада истаган вақтда бирор бир воқеа чиқара оламан. Лекин уни
Миртемирга қандай боғлаймиз? Шавкат Темур ва Исо Холисга боғласак, уларга
Хайрулло Саидовни хам қўшсак кейин Миртемир ҳам четда қолмайди.
- Майли, бу
кейинги масала. Ҳозир эса воқеа ҳақида ўйлашимиз керак,- деди
Салимов.- Калласи яхши ишлайдиган беш-олти бола топасиз. Эртага
нарх-наво ошиши ҳақидаги қарор чиқиши билан очлик эълон қилишсин. Бу
болаларни кейинчалик яхши
жойларда ўқитиб, ўзимизга шогирд қилиб оламиз. Очлик синовидан
ўтганларини
аввалига мухолифатнинг ичига жойлаштирамиз, баъзиларини мухолифатнинг
лидерига
айлантирамиз, баъзиларини эса Хафвсизлик қўмитасига тақдим этамиз.
Хуллас, ўзингизга келажакда ҳам ишлаш учун экипаж тузаяпсиз.
Баъзиларига катта-катта
ваъда беринг, баъзиларини эса адолатни ҳимоя қилишга чақиринг. Нима ҳам
дейман, ўзингиздан қоладиган гап йўқ. "Катта"нинг умиди сизда.
Маратов оқшом чоғи газетачилар факультетининг ётоқхонасига келса, мухолифат
вакиллари ҳам шу ерда экан. Улар билан қуюқ салом-аликдан кейин:
- Ҳозиргина
эшитдим, хабарларда беришди, нарх-навони оширишибди. Биз бунга
қаршимиз. Бу масалани парламентда ҳам кўтариб чиқаман. Сайловда бизни
ерга
уришгани етар. Мен талабаларимни ҳимоя қилишга қодирман! Ҳозир
сўзимизни
айтмасак, қачон айтамиз? Тарих бўйинча инқилоб ҳаракатларини талабалар
бошлашган, энг оғир кунларда мамалакатни талабалар қутқаришган,- деди.
Бир зумда ётоқхона чорсу бозорига айланди. Талабалар жон-жаҳдлари билан
тортишар эканлар, Маратов уларнинг орасида шеърлари ва ақлли-ақлли гаплари
билан танилиб қолган Шервонни четга тортди:
- Ораларингизда очлик эълон қиладиган паҳлавонлар борми? - деб сўради.
- Зотан, биз норозилигимизни қайси бир йўл билан ифода этишни мўлжаллаяпмиз.
Лекин қачон, қандай? Бу маълум эмас.
- Нима бўлса ҳам эҳтиёт бўлинглар. Ўзингга ўхшаган йигитларни ёнингга ол.
Маратов чиқиб кетар экан, талабалар ва мухолифат вакиллари тортишуви давом
этарди.
Эртасига
Маратов нон дўконининг ёнига келди. Салимов билан келишиб
олганларидек бу дўконга нон кеч юборилди. Нон келтирулгунга қадар дўкон
ёнида
талабалар турнақатор бўлдилар. Асаблар тобора таранглашиб, кўнгил
остидаги
норозилик ташқарига ураётганди. Бу ерда Маратов сингариларнинг гугурт
ёқишига ҳожат ҳам йўқ эди. Шундай ҳам гулхан ёна бошлаганди.
Талабалар тобора кўпайиб, ўртага шиор отаётганларнинг сони ошиб бораётганди.
"Сайловларда бизни алдашди".
"Бугун айтади, эртага қайтади".
"Бизга бошқалардан эмас, ўзимиздан "Катта" керак!".
"Биз "Катта"нинг истеъфосини талаб қиламиз!"
Бирданига бу
шиорларни айтиб, муштларини осмонга "отаётган" йигит-қизлар томонга
сон-саноқсиз миршаблар бостириб келишди.Ур-тўполон бошланиб
кетди. Миршаблар, ОМОНчилар осмондан тушиб қолишди-ми ҳеч ким англолмай
қолди.
Кимдир икки талабанинг отиб ўлдирилганлиги ҳақида сўйласа, яна кимдир
қайсидир
ётоқхонада ОМОНчилар қизларни калтаклашаётганини айтса, яна биров кўзи
ожиз
талабани тўққизинчи қаватда оғиз-бурнини қонга ботириб тепкилашганини
тилга
келтирди.
Миртемир
Талабалар шаҳарчасидаги воқеаларни билиш учун машинасига ўтириб, ўша
томонга йўл олди. Шаҳарчанинг атрофи миршаблар билан ўраб олинганди.
Унинг
машинасини тўхтатишди.
- Ичкарига кириш мумкин эмас, - деди миршаблардан бири.
- Бу киши миллатвакили, қолаверса телевидениенинг раҳбари,- деди шофёр
йигит.
- Миллатвакиллари, раҳбарлар учун бу ер таҳликали. Туман марказида
раҳбарларимиз ўтиришибди. Улар кимни исташса, уни ўзлари билан бирга олиб
киришади.
Миртемир машинадан тушиб миршабларнинг бошлиғига юзланди:
- Майли, мени киритманглар, лекин мухбирларга изн беринглар,- деди.
- Сизни таниб турибмиз. Агар ичкарига ўтказиб юборсак, бошимиздан айриламиз.
Аммо мухбирларга ҳам рухсат йўқ.
- У ҳолда мен ўзим ўтаман! Куч билан тўхтатиб қолишга ҳаққингиз йўқ.
Танланг, ё менга ё мухбирларга рухсат беринг.
Миртемир узоқ тортишувдан кейин мухбирларни ўтказиб юборди.
- Илтимос,- деди мухбирларни ўтказиб юборган миршабларниг бошлиғи,- агар
ичкарида сўраб қолишса, биз Ички ишлар вазирлигининг сувратга олувчиларимиз,
деб айтишсин. Чунки сизнинг хотирингиз учун рухсат бердим.
Миртемир туман
марказига бормоқчи бўлди. Лекин менинг асосий ишим
телевидениеда, бугунги дастурларни ўзгартиришим, ҳукумат раҳбарларини
таклиф
этиб, халқни хабардор қилишим, концерт дастурларини тўхтатишим керак,
деб ўйлади. Чунки бир томонда отишмалар давом этган пайтда, биз концерт
кўрсатиб ўтирсак, на ақли-салимга ва на инсонийликка тўғри келади.
Миртемир мухбирларни Талабалар шаҳарчаси томон ўтказиб юбораркан:
- Воқеаларни ҳар томондан сувратга оласиз. Бундай шароитда биз ҳақ тарафида
туришимиз керак. Ҳақиқатни ўртага қўйиш учун воқеаларни тўрт-беш камера билан
сувратга олайлик,- деди ва ортга қайтиб, машинасига ўтирди.
Ишхонасига
келган Миртемир дархол Бош вазирга сим қоқди. Ҳали яқиндагина Бош
вазир этиб тайинланган Абдулла Ҳошимов билан касалхонада учрашганди.
Ўшанда Ҳошимов ғалла вазири эди. "Катта" "онангни" деб ҳақорат қилгани
учун юрак хуружига учраб, хастахонада ётганди.
- "Катта"нинг кўнгли тор бўлса, унинг қанотлари остида яшаётганлар
учун дунё тор бўлади. Агар у кўнглига яхши-ю ёмонни, ўжару қобилни сиғдира
олмаса ҳам ўзини қийнайди ҳам бошқаларни, - деди ўшанда Миртемир.
- "Катта"миз
яхши одаму...- Абдулла Ҳошимовнинг бўғзига нимадир
тиқилди. Бу қўрқув "мушт"и эди. Шунга қарамай узоқ суҳбат қилишди. У
ҳар қанча эҳтиёт бўлмасин, баъзи нарсаларни тан олишга мажбур эди.
Суҳбатлар қўр олган кунларда уни чақириб қолишди. Даволанишни чала
ташлаб кетаркан:
- Ҳечқиси йўқ, эрталабдан эрталаб спорт билан шуғулланаман,- деди.
Миртемирнинг хаёлини котибанинг мулойим сўзлари бўлди.
- Гапиринг, Абдулла Ҳошимович телефондалар,- деди у.
Салом-аликдан сўнг Миртемир унга:
- Талабалар шаҳарчасида нима бўлаяпти? Эшитишимизча, талабаларга нон
юборишмабди. Бунинг устига оч қолган талабаларни калтаклашибди. Ҳукумат бу
хусусда халққа бирор бир тушунтириш бермайдими? Қолаверса, нега бу қадар миршаб
ва аскарлар шаҳарчага юборилмоқда? - деди.
- Миртемир ака, - деди Абдулла Ҳошимов гарчи ёши Миртемирдан анча улуғ
бўлса-да. - Биласиз-ку, бу хусусда "Катта" билан гаплашиш керак.
- Майли, гаплашиб олинг. Ҳатто бу воқеа оғир тус олмаслиги учун миршабларни
орқага чақириш таклифини айтинг. Аслида Маратовга ўхшаганларга кимдир яна рол
берган бўлса керак. Тезроқ ҳаракат қилайлик, ёмон воқеаларнинг олдини олайлик.
- Менимча, сиз қўнғироқ қилсангиз яхши бўлармиди? - деди Абдулла Ҳошимов
товушини ютиб.
Қўрқоқ, деб ўйлади Миртемир. Лекин қўрқмасдан ҳам иложи йўқ, чунки у қўрқиш
учун туғилган. Ҳаётдаги роли қўрқоқлик.
Миртемир девонга сим қоқди:
- Ишлар яхшими? Корхо нағзми? Как дела? - дея уч тилда "сайрай"
бошлади Майнов.
Унинг кайфиятига қараганда, дунё тинч. Баъзан мутлоқ тескариси ҳам бўлиши
мумкин, ичкарида жиддий тортишувлар ёки Майнов ибораси билан айтганда
"осмон йиқилиб тушган" пайтларда у сир сақлашга уринади. Талабалар
шаҳарчаси ҳақидаги гапни эшитган Майнов расмий оҳангда:
- Ҳозиргина
ўртоқ "Катта" Олий кенгаш раиси Қўлдошевга топшириқ
бердилар. У икки дақиқа олдин девондан чиқиб кетди. Тез орада ўз
хонасига етиб
боради. Бу масала билан энди у шуғулланади. Телевидениеда эса шаҳар
раҳбари
чиқиш қилади,- деди ва бирдан гап оҳангини ўзгартириб, яна расмий
минбардан ўз ҳолига тушди.- Нағзми? Яхшими? Хорошо, нима дедингиз,
Миртемир ака?
- Уч тилда гапирмасангиз тушунишим қийин эди,- деди Миртемир киноя билан.-
Шаҳар раҳбари эмас, жумҳурият раҳбарларидан бири чиқиб халққа тушунтириб
берсин.
- Ўртоқ Қўлдошевга телефон қилинг! - У шарт этиб телефон трубкасини қўйди.
Миртемир
Майновнинг тарзидан ранжиган бўлса-да "ўша билан тенг бўлиб
ўтираман-ми" деди-да, Олий кенгаш раисига сим қоқди. Қўлдошев
дўриллаган
овоз билан худди радиода Сиёсий бюро баёнотини ўқиётгандек расмий
оҳангда
гапира бошлади. Бу эса унинг "Катта"дан ростдан ҳам топшириқ олганини
кўрсатарди. Акс тақдирда у ҳол-аҳвол сўрашдан нарига ўтмасди. Ҳар бир
нарсадан ҳуркадиган Қўлдошев бундай жиддий оҳангда худди ҳисоб
бераётган каби гапирар
экан, демак сарой қозонида кўп нарса қайнамоқда.
- Махсус хабарнома эълон қиламиз,- деди Қўлдошев.- Комиссия тузаяпмиз.
Комиссия таркибига жамоатчилик вакиллари, ҳуқуқ-тартибот органлари
тамсилчилари, мухолифат раҳбарлари ҳам киритилади. Пойтахт раҳбари воқеалар
ривожи ҳақида гапириб берадилар. Қайси пайтда кўрсатасиз?
- Ахборотдан аввал "Сўнгги соатда" деган рукун остида берамиз.
- Яхши, тайёр бўлиб туринг!
Қўлдошев ҳам енгини ҳам почасини шимариб олган кишини эслатарди. Бевосита
"Катта"дан топшириқ олганига шод эди. Миртемир бу одамдан бир иш
чиқиши қийин, деб ўйлади-да, сиёсий-иқтисодий кўрсатувлар таҳририяти мудирини
чақирди. Унга шаҳар раҳбарини топишни ва унинг баёнотини ёзиб олишини буюрди.
- Шаҳарчадан келтирган барча репортажларни берамиз, ортидан эса расмий қарашни эълон қиламиз, - деди Миртемир.
Кўп ўтмай мудир ҳовлиқиб келди.
- Шаҳар идорасида ҳеч ким йўқ. Ҳамма Талабалар шаҳарчаси яқинидаги штабда
экан.
- Булар аллақачон штаб ҳам тузишибди-ми?
- Штабда фақат ҳукумат телефони ўрнатилган экан. Шу боис ўзингиз қўнғироқ қилсангиз.
Миртемир
ҳукумат телефонидан шаҳар раҳбари телефонининг рақамларини терди.
Телефон жирингларкан, булар телефонлари билан бирга юришади, дарров
штаб қуриб, ҳукумат телефонини ҳам ўша ерга олиб боришибди, ҳар ҳолда
Талабалар шаҳарчасида қишлайдиганга ўхшашади, деб ўйларкан нариги
томондан "хасаки" овоз
эшитилди.
Бу Жонибеков
эди. Миртемир хирриқ овозда нутқ ирод қиладиган Жонибековни илк
бор катта бир қурултойда кўрди. Ранги оқариб, чеҳраси сўлиб қолган
Жонибеков ўшанда аввал Московдаги тўраларнинг "пўстагини қоқди", кейин
ҳатто
пойтахт шаҳар миршабларнинг бошлиғи бўлган Хўжаевнинг ўзининг
машинасини ўғирлаб кетишгани, шаҳарда жиноятчилик ҳаддан ошгани, шунга
қарамай Хўжаевга
генерал унвони берилганидан ранжиб гапирди.
Бу ўша пайтда Коммунистлар партиясиниг бошида ўтирган "Катта"га
тегиб кетди. Чунки Хўжаевни генералликка у тавсия қилганди. Шу боис
"Катта" Жонибековни чимдиб олди:
- Икки киши бир
кўрпанинг остида ётолмасангиз, ЗАГСга айтамиз ажратиб қўяди,- деди у
ёнидаги иккинчи котибга қараб. Иккинчи котибнинг кадрлар
масаласи билан шуғулланишини ҳамма яхши биларди.- Кимга генерал унвони
бериш-бермаслик эса бизнинг ишимиз.
Ўшанда кўпчилик Жонибековнинг илдизи қуриди, у барг тўкаяпти, яқинда
гурсиллаб йиқилади, деса-да у маҳкам чиқди. Тўғрироғи, Хайрулло Саидов уни
асраб қолди. Аммо "Катта" ўз креслосини мустаҳкамлаб олган кунларда
Жонибеков балиқдек сийрилиб, Хайрулло Саидовнинг ариғидан қочди. Энди
"Катта" уни Хайрулло Саидовга қарши қўллана бошлади.
Телефоннинг нарёғидан келган хирриқ овоз бирдан тинчиб қолди. Кейин бошқа
товуш эшитилди:
- Бу телефон номери 54 - 59, ким билан гаплашмоқчисиз?
- Жонибековни қидираяпман,- деди Миртемир.
- У киши ҳозиргина чиқиб кетдилар. Хукумат комиссиясига телевидение
раҳбарларидан Мусаев ҳам киритилган, қолаверса Байрамбоев ҳам шу ердалар.
- Мен ҳали
ўзимни танитганим йўқ, мақсадимни ҳам айтганим йўқ сиз эса ҳаммасига
олдиндан жавоб бердингиз. Ёнингизда ким борлиги ўз йўлига, лекин
Жонибековга айтинг, ҳукумат номидан гапириш у кишига ҳавола қилинди.
Биз ҳаққоният учун ҳукумат фикрини ҳам бермоқчимиз. Агар гапирмасалар
репортажлар
билан кифояланиб қоламиз, - деди Миртемир.
Телефонда
гаплашаётган одам пичирлаб бу гапларни ёнидаги кишига такрорлади.
У Жонибеков эди. Миртемирнинг товушини танигани учун телефон дастасини
ёнидагилардан бирига берганди. У ингичка овозда "Ҳаммаси ўзини олиб
қочади. Балога эса мен қолдим,"деди. Бу гаплар Миртемирга эшитилиб
турган
бўлса-да, телефон дастасини тутган киши:
- Билишимизча Жонибеков Олий кенгаш раиси билан гаплашдилар, уни ҳам
кўндирдилар. Абдулла Ҳошимов чиқадиган бўлди, - деди.
Бироздан кейин Миртемир яна Қўлдошевга сим қоқди:
- Биламан Ахборот соати яқинлашиб қолди. Абдулла Ҳошимов чиқадиган бўлди! -
деди у қисқа қилиб.
Орадан икки дақиқа кечиб телерадио қўмитаси раиси Байрамбоев Миртемирга
телефон қилди:
- Мен Талабалар шаҳарчасидан қайтаяпман, - деди у.
- Нима бўлаяпти
ўзи? Сиз қачон бориб улгурдингиз. Мени шаҳарчага ўтказишмади. Мен ҳам
бориб воқеаларни ўз кўзим билан кўриб келмоқчи эдим.
- Бу томонга
яқин келманг. Ҳеч кимни ичкарига киритишмаяпти. Қолаверса,
воқеалар кечаси юз берган, ҳозир эса шаҳарчада осойиш ҳукм сурмоқда.
Менга
муҳтарам Қўлдошев жаноблари телефон қилдилар, биров орқали эмас, шахсан
ўзлари,
халқимизни воқеалардан хабардор қилсак, дедилар. "Катта"миз хассосият
билан бу масалага эътибор бермоқдалар. У кишининг топшириқлари асосида
Бош
вазир халққа мурожаат қилади. Сиз бутун телевидениени ана шу ишга
сафарбар қилинг, Бош вазирнинг чиқиши биз учун ифтихордир, - деди у.
Миртемир
Байрамбоевнинг ўпкадан чиқаётган гапларини телефон дастасини қулоғидан
узоқроқ тутиб тинглади. Кейин репортажларни кўриш учун хонасидан
чиқаётганди яна телефон жиринглади. Бу Бош вазир эди.
- Миртемир ака, мени шу ишдан қутқазинг, ҳозир бир тумандаман. Бошқа
бирортасини топиб ёзиб олсангиз, илтимос,-деди у.
- Бу оқшом юз берган отишмаларда қон тўкилибди. Қўлимизда репортажлар бор.
Миршаблар ҳадларини билишмаган. Қолаверса, уларга ким буйруқ бергани эртами
кечми ўртага чиқади. Сиз ҳукумат раҳбари сифатида халқнинг олдига чиқиб икки
оғиз сўз айтмасангиз, ким айтади? Ахир бу воқеалар нега бошланди? Нима учун, ўқ
отган кимлар, ўлганлар ким, нима учун шунча воқеа юз бераяпти-ю ҳукумат жим? Бу
саволлар фақат мени эмас бутун халқимизни қизиқтиради. Бугун оқшом телевидение
ана шу саволларга жавоб бериши керак.
Телефоннинг нарёғидан сас келмади. Абдулла Ҳошимовнинг товуши ичига тушиб
кетганди. У зорланган овозда:
- Менга ёрдам беринг, - деди.
Республика
раҳбарлари нима сабабдан халқнинг кўзига қарашдан чўчишмоқда, деб
ўйлади Миртемир. Халқимиз "Хўш, "Катта" қаерда? Намойиш бўлган,
ёнғин чиққан жойларга бориб, от миниб, оломонни тўхтатганман, дея
такрорловчи
зот нега кабинетидан чиқмаяпти? Агар кеча оқшом у икки чақиримли йўлдан
чўчимай
Талабалар шаҳарчасига борганда, олам гулистон эди. Ўқлар отилмасди, қон
тўкилмасди" деб ўйлашмайдими? Халқ ўйлайди-ю, лекин халқнинг ўйлаганини
булар ҳатто хаёлда жонлантиришга чўчийдилар.
Миртемир
репортажларни кўраркан, вужудини титроқ босди. Беш-олти миршаб бир қиз
талабани судраб кетишмоқда. Уч-тўрт ОМОНчи эса бир талабани ерга
ётқизиб
тепишмоқда. Ётоқхоналардан бирига бостириб кирган миршаблар душ
остидаги
талабаларни калтаклашмоқда. Бу даҳшат-ку, деб ўйлади Миртемир. Наҳотки,
шу
даражада ваҳшийлашиб кетдик? Бу миршаблар ҳайвонот боғида етиштирилган
эмас,
булар ҳам қайси бир ота-онанинг фарзандлари. Балки бу талабалар орасида
уларнинг ҳам укалари, сингиллари бордир? Наҳотки, юқоридан келган
буйруққа
кўр-кўрона бўйин эгиб ўз қардошларига ўқ отсалар? Ахир бу талабалар
"Катта"нинг
саройини кул қилиб кўкка учирмадилар? Бор- йўғи нонимиз қани, нега
нонимизнинг
баҳосини қиммат қилдингиз, нега сайловда бизни алдадингиз, деб сўрашди.
Уларнинг "Катта"нинг истеъфосини сўрашга ҳам ҳақлари бор. Аслида
"Катта" минбарларда кўкрагига уриб гапираяпти-ю лекин халққа бирор
нарса бераётгани йўқ, балки халқнинг хирмонини совуриб, ҳаққини еб,
ҳаққига
хиёнат қилиб юрибди. Халқдан болаларингни ўқитаман, дея солиқлар
олинмоқда,
лекин болаларнинг қўлидаги бир бурда нони ҳам тортиб олинаяпти. Буни
мансабда ўтирганларга айтиш бефойда. Уларнинг дини ҳам, имони ҳам,
Аллоҳи ҳам,
Пайғамбари ҳам мансаб. Лекин мана бу оддий миршаблар-чи? Наҳотки, улар
ўзларини қул деб билсалар, мансабдагиларнинг қули деб билсалар?! Ёки
кийиб олган
либослари уларни роботга айлантирдими? Қалби йўқ, ақли йўқ,
фикрламоқдан,
мушоҳада қилмоқдан маҳрум бўлган роботларга айландилар-ми? Балки бир
кун бу
талабаларнинг ҳам баъзилари миршаб бўлар? Улар ҳам ўз фарзандлари, ўз
ака-укаларига қарши қурол кўтармайдиларми кейин? Қасос олмоқ учун шу
йўлга бош
урмайдилар-ми? Бир инсофсизнинг мансабини қўриқлаш, бир хоиннинг
обрўини асраш
учун қон тўккан бу инсонларга нима дейиш керак?! Нега мен йўлдан
қайтдим? Қўрқдим-ми?! Йўқ, булардан қўрқмайман. Унда нега бормадим?
Балки талабаларни
асраб қолган бўлармидим?! Балки миршабларни тўхтатармидим? Сен боргунча
бўлган
иш бўлганди, ғишт қолипидан кўчганди. Сенга тушадигани охиригача
мужодала этиб қотиллар кимлигини ўртага чиқаришда бошқалар билан
бирлашишдир. Бир киши ҳеч
нарса қила олмайди. Янчиб ташлашади.
Репортажларнинг бирида жумҳурият прокурори Қўзибой Набиевнинг талабалар
шаҳарчасига келгани акс эттирилганди. У минбарга чиқиб гапираркан, ёнида Исо
Холис турарди. Қўзибой Набиев талабаларга қарата:
- Сиз
қонунларга қарши иш қилаяпсиз. Қонунларни бузаяпсиз. Бунинг оти
исёндир. Исён эса қонунда оғир жазога сабаб бўлади,- деганди талабалар
қўлларидаги бор нарсани унга қараб отдилар. Набиев билан Исо Холис
аранг қочиб қутилишди.
Қўзибой Набиев узоқ бир районда прокурор эди. Қисқа вақтда жумҳурият прокурорлигигача
етиб келди. Ўшанда кўпчилик "Бу бўшаланг одам "Катта"га дош
беролмайди" дейишганди. Лекин тош чиқди, "Катта"нинг исканжасига
чидади. Бундай одамларни "пихини ёрган"лар тоифасидан ҳам дейишади.
Чунки у "Катта"нинг топшириқларини ҳеч қачон бевосита ўзи бажармади.
Доим бировни топди, бировни рўбару килди. Аммо нега талабалар шаҳарчасига ўзи
келди? Демак масала анча жиддий, "Ўзинг бориб кел!" деган топшириқ
олмаганда алббатта, бу ерга ҳам бориб келадиган "қул" топиларди. Бу воқеадан ўзини олиб қочарди.
Дарҳақиқат, прокурорни у ерга юбориш кимнинг хаёлига келди экан, деб ўйлади
Миртемир. Бундай шароитда таҳдидга ўрин борми? Талабаларни қиздириш, бу
фитнадир! Демак юборган одам шуни истаган. Ҳар томондан қуршаб олинган,
калтакланаётган, судралаётган одамга "сенинг жазонг ўлим" десангиз, у
раҳмат дейди-ми? Ҳали ҳам талабаларимиз инсофли экан! Охирига қадар қувиб
бориб, машинасини ағдариб, ўзининг орқасига тепа-тепа ҳайдаб юборишмаганига қуллуқ қилсин.
- Сиз қайтгандан кейин шаҳарчада нима бўлаётганини ҳеч ким билмай қолди,-
деди у ерга бориб келган мухбирлардан бири. -Кўп одамни ичкарига киритишди.
Хатто бир қанча газеталарнинг мухбирлари ҳам ўша ерда эдилар. Қайтишимизда
миршаблардан бири сизни ичкарига киритмаганларни постдан четлатишганини айтишди.
Миртемир ҳайрон
бўлди. Балки Абдулла Ҳошимовга шикоят қилганим ўз таъсирини
кўрсатгандир, деб ўйлади. Йўқ, бу одам бировга танбеҳ беришга қўрқади.
Бунинг
устига Телерадио қўмитаси раиси "Девондан бутун раҳбарлар шаҳарчага
боришсин, деб айтишди. Мен биринчи ўринбосар билан бориб келаман, сиз
эса бу
ердаги ишларга раҳбарлик қилиб туринг", деган гапни ўзингизни
тополмаганим
учун котибага ёздириб кетггандим" деганини эслади. Кейин эса
Салимовнинг
ёрдамчиси қўнғироқ қилиб, Талабалар шаҳарчасига бориб-бормагани билан
қизиқди. Ҳар ҳолда нимадир бор. Майли, ҳозирча муҳими бу эмас. Муҳими
репортажларни
халққа кўрсатишдир. Миртемир хонасига қайтгандан кейин Олий кенгаш
раиси
телефон қилди:
- Сизни хам қийнаб қўйдик,- деди у, мен қийналиб кетдим, деган оҳангда.
- Халққа бирор гап айта олмасак, ана у қийин,- деди Миртемир.
- Сизга нима?
Байрамбоев ишнинг ичида, ўринбосари Мусаевни комиссияга қўшдик. Ана
уларнинг виждони қийналсин. Қолаверса, бугун бериладиган барча
кўрсатувларни комиссиямиз аъзоси сифатида ўртоқ Мусаев кўриб чиқсин.
Биласиз,
бир иш юзасидан тергов бошланса, унга ҳеч кимнинг ҳалақит қилишга ҳаққи
йўқ.
Биз ҳам текширув олиб бораяпмиз. Комиссиямиз фаолияти боши берк кўчага
кириб қолмаслиги учун ҳар турли тадбирлар олишимиз керак. Эшитишимча,
сиз Талабалар
шаҳарчасига мухбирларни олиб борибсиз?
- Мухбирларнинг бориб бормаслиги сиз учун воқеа эмас, лекин бир депутатнинг
миршаблар томонидан йўлдан қайтарилиши сизни қизиқтириши керак, чунки раисимиз
бўласиз.
- Сиз бормасангиз ҳам воқеаларга аралашганингизни биламиз. Бундан бу ёғига
эҳтиёт бўлинг,- деди Қўлдошев ва қўшимча қилди.- "Катта"нинг
топшириғи билан ҳозир Бош вазир ўринбосари Самандаров етиб боради. Мусаевдан
кейин кўрсатувларга назар ташлайди ва лозим топса, ахборотда чиқиб гапиради.
Эрталаб бошланган бу ҳангома кечгача давом этди. Ниҳоят тоқати тоқ бўлган
Миртемир девон котибиятининг бошлиғига телефон қилди:
- Илтимос,
кириб "Катта"га айтинг, кўрсатувларимизга цензур қўйишаяпти. Бу хабар
дунёга ёйилди. Оқшом Москва ҳам кўрсатади, бизнинг жим туришимиз
жиноят бўлади,- деди.
- Ҳозир шунинг маслаҳати бўлаяпти,- деди котибият бошлиғи. -
"Катта"нинг ҳузурида шу хусусда мажлис ўтказилмоқда.
Бироздан кейин яна Қўлдошев телефон қилди.
- Ҳаммасининг
дами чиқиб кетди. Бу масалани эртага ҳал қиламиз. Бугун ҳукумат
комиссияси тайёрлаган хабар билан комиссия рўйхатини эълон қилинг,-
деди у.
- Ўттиз иккита исм-шарифни ўқишдан нима маъно чиқади? Қон тўкилгани,
талабаларни отишга ким рухсат бергани, неча киши ўлгани ва неча киши ярадор
бўлгани, бунинг айбдорлари кимлиги - бу саволларга бугун жавоб беришимиз керак!
- Майли, буни Байрамбоев билан гаплашамиз, - деди Қўлдошев ва бошқа телефон
жиринглаётганини айтиб, суҳбатни кесди.
Беш дақиқа ўтар ўтмас Миртемирнинг хонасига Байрамбоев кириб келди:
- Нега мендан сўроқсиз камера юбордингиз,- деди у ҳовлиқиб.- Менга
"Катта"нинг ўзи телефон қилиб, камера-памерангни йиғиштир деб
айтдилар. Ҳатто мени "латта" дея ҳақорат қилдилар, раҳматли онамни ҳам тинч қўймадилар. (Давом этади).
|