Боши чала янчилган илон хавфли бўлади
1933 йилда ўтказилган сўровномаларга кўра шўро империяси
фуқароларининг 68 фоизи Сталин режимини қўллаб-қувватлаган. Ҳозирги
пайтга келиб Россия аҳолисининг 57 фоизи ўша даврни қўмсашини билдирган.
Буюк Британия Мудоофа вазирлиги томонидан ўтказилган илмий
тадқиқотларга кўра ахборот олиш ва ошкоралик тақчиллиги, ижтимоий
тенгсизликнинг кучайиши, давлат органларининг коррупциялашуви туфайли
яна 30 йилдан кейин бир қатор мамлакатларда ҳокимият бошқарувига
коммунистлар қайтиб келиши хавфи бор экан.
Давлат Думасига ўтказилган сайловлар натижасига кўра Россия
Федерациясининг Санкт-Петербург ва бошқа шаҳарларида 1993 йилда бўлиб
ўтган сайловлардагидан икки баравар кўп фуқаро коммунистлар учун овоз
берган. Хўш, бу нимани кўрсатади?
Аввало, бозор шароити ҳар бир фуқародан фаолликни талаб қилади. Шўро
тузумининг текин тузини еб пешонаси шўрлаб кетган совет одами ҳали бу
жараёнга тайёр эмас. Чунки унинг онги қулликка мослашган, унга қорнини
тўйдириб, бола-чақасининг тирикчилигига етадиган маош тўлаб турадиган
жамият керак.
Иккинчи томондан жамиятда қонунлар ишламаётган бир пайтда
коммунистлар ижтимоий адолатни тиклаш ғояси билан майдонга чиқади ва
норозилик кайфиятида юрган оқимларни атрофида бирлаштиришга ҳаракат
қилади. Аслида ўтган асрнинг бошларида ҳам фашистлар ва коммунистлар
қизил байроқ остида ана шундай ғоя билан майдонга чиққан эди.
Фақат фашистларнинг байроғи крест билан, коммунистларнинг байроғи
ўроқ-болғаси билан фарқ қиларди. Фашистлар ижтимоий адолат ниқоби
остида инсониятни жаҳаннамга йўллади, коммунистлар фуқароларнинг қўлига
ўроқ болғадан бошқа нарса бермади. Натижада улар бошқарган тузум
пароканда бўлди.
Лекин ҳозирги даврда юзага чиқаётган неофашистлар ва неокоммунистлар
яна ўша ниқоб остида фуқароларнинг онгини заҳарлаб, уларни қорнини
тўйдиришдан бошқа ҳаваси йўқ қуллар подасига айлантириш орзусида ўша
давр афзалликларини зўр бериб тарғиб қилмоқдалар. Чунки бундай жамиятда
подани бошқариш осон бўлади, оби-овқати муҳайё бўлган пода ҳеч қачон
бош кўтармайди, норозичилик билдирмайди.
Ўтган асрнинг 70-йилларида шўро ҳукумати мудоофа вазирлиги, ДХҚ ва
атом энергияси вазирлиги ҳамкорликда психотрон қурол яратиш мақсадида
ўтказилган тажрибаларга 500 миллион рубл ажратган. Бу қурол инсон
руҳиятига таъсир кўрсатиш йўли билан уни бошқариш имконини берарди.
1980 йилда академик Игор Смирнов инсон асабини мувофиқлаштириш орқали
уни бошқариш усулини яратди. 1991 йилда инсон руҳини синдиришга хизмат
қиладиган модда ишлаб чиқилди. Одам бу модда таъсирида қулга айланади,
ҳар қандай буйруқни итоаткорлик билан бажарадиган бўлади.
1993 йилда уйқу генератори яратилди. Мазкур генератор 50 км.
масофада бўлган бутун бошли ҳудуд аҳолисини ухлатиш ва хотирасини
ўчириш қудратига эга экан. Одам хотираси ўчганидан кейин зомбига
айланади, буйруққа бўйсунадиган бўлади. Павел Понамарев бочилигидаги
“А-айсберг” номли ёпиқ турдаги акционерлик жамияти масофадан туриб
инсон нейропсихологик соҳасини бошқарадиган қурилма яратилганлигини
маълум қилди.
Хуллас, фан-техниканинг бу йўналиши қуллар жамиятини яратишда
неофашист ва неокоммунистларга қўл келадиган ихтиролар яратиш билан
банд. Дунёнинг баъзи бойваччалари эса одам уруғини сунъий урчитиш ва
клонлаштириш йўли билан одам-роботлар армиясини яратиш орзусида юрибди.
Табиийки, бундай шароитда жамиятдаги ноҳақликлар, қонунларнинг
амалдорлар томонидан суиистеъмол қилиниши, оддий фуқаронинг манфаати
ҳукумат даражасида кафолатланмаслиги неокоммунистларнинг тегирмонига
сув қуяди ва натижада улар учун ҳокимиятни қайта эгаллаш имкони
яратилади.
Иккинчи жаҳон уруши даврида жангларда ҳалок бўлган бир неча юз
минглаб аскарлар ўнғай келган чуқурларга дафн қилиниб, ҳужжатлари
яширинча йўқ қилиб юборилган. Кейин улар хотирасига “Исминг номаълум,
хотиранг абадий!” деган шиор билан темир-бетондан ёдгорликлар қурилган.
Хотирасизликни абадийлаштириш ўша даврдан бошланган. Бунинг асл сабаби
шундаки, фронтда ҳалок бўлган аскар учун унинг оиласига ҳукумат
томонидан ҳар ой 5 рубл миқдорида нафақа тўланган, бедарак йўқолган
аскарнинг оиласига ҳеч нарса берилмаган.
Ҳукумат ҳар битта “номаълум аскар” эвазига йилига 60 сўм тежаган ва
“номаълум аскар”лар сони уруш охирига бориб 5 млн.дан 9 млн.гачани
ташкил қилган. Бундай “коммунистчасига” қилинган мунофиқлик туфайли
ҳали ҳозиргача бедарак кетганлар сафида жасадлари ном-нишонсиз кўмилиб
кетган миллионлаб “исми номаълум, хотираси абадий” уруш
қатнашчиларининг руҳи чирқираб юрибди.
Бундай мудҳиш воқеаларга йўл қуймаслик, коммунистларга ҳокимият
жиловини тутқазмаслик учун энг аввало жамиятни коррупция балосидан
қутқариш, ҳукумат идоралари устидан жамоатчилик назоратини кучайтирган
ҳолда ижтимоий муҳитни соғломлаштириш керак.
Масалан, Россия Президенти ана шу мақсадда 2007 йилнинг феврал ойида
коррупцияга қарши кураш бўйича қонун тайёрлаш учун маҳкамалараро ишчи
гуруҳи ташкил қилди. 2007 йилнинг бошидан Россия Бош прокуратурасининг
саъйи-ҳаракати туфайли Амур вилоятининг губернатори, Волгоград ва
Тольятти шаҳарларининг мэрлари порахўрликда айбланиб, қўлга олинди.
Волгоград вилояти ИИБ бошлиғи ҳамда ЙҲХ бошлиқлари порахўрликда гумон
қилиниб, уларга нисбатан жиноий иш қўзғатилди. Бош прокурорнинг биринчи
ўринбосари А.Буксманнинг эътироф қилишича, Россияда коррупция бозори
федерал бюжет ҳажми билан тенглашади. Бу эса оз эмас, кўп эмас, 240
млрд. долларни ташкил қилади.
БМТ ва Европа Кенгаши конвенциясида жамиятда коррупция ҳолатлари ва
унга қарши кураш механизмлари кўрсатиб берилган. Унга аъзо давлатлар
бугун ана шу талаблар асосида ва маҳаллий шароитлардан келиб чиққан
ҳолда ўзаро ҳамкорликда коррупцияга қарши курашмоқда. Чунки шундай
қилинмаса, бундан фойдаланган коммунистлар халқни жамиятга қарши қўйиб,
ўзига оғдиради, бошқарувни қўлга олади. Худди ҳозирги каби…
Н. Самарқандий.