Журналист Қудрат Бобожон ўз ҳамкасби Алишер Соипов ҳақида.
Кеча Қирғизистон Ички Ишлар Вазирлиги эълон қилган матбуот
хабарномасида 24 октябр куни Ўш шаҳрида отиб ўлдирилган журналист
Алишер Соиповни бадном қилишга катта ўрин берилади. Хабарномада
Алишерни Ўзбекистон Исломий Ҳаракати билан яқинлиги, Эронда ЎИҲ лидери
Тоҳир Йўлдош билан учрашгани, ундан молиявий ёрдам-олиб тургани ёзилади.
ИИВ журналистни қотилларини излаб топиш бир томонда қолиб кетиб, уни
“Эрк” лидери Муҳаммад Солиҳ билан яқин алоқада бўлгани, Солиҳ
китобларини Туркиядан олиб келиб Ўзбекистонга ўтказиб юборгани, уни
офисида “Эрк” газеталари топилгани, компютерида “Хизбут Таҳрир”
адабиёти жойланган файллар борлиги ҳақида батафсиз ахбарот берган.
Пресс релизни ўқиб туриб, Алишер Соипов таъқиқланган диний
ташкилотлар аъзоси экан, ҳатто Каримовнинг асосий рақиби Муҳаммад Солиҳ
китобларини олиб келган, “Эрк” газетасини сақлаган, демак унинг ўзи
айбдор деган хулоса чиқаришга йўналтириласиз.
Аслида нима бўлганди? Алишер ҳақиқатдан Тоҳир Йўлдош билан
учрашганми? Ундан молиявий ёрдам олиб турганми? Агар Тоҳир Йўлдош билан
учрашган бўлса Алишер ҳам террорчи бўлиб қолдимикан ёки ҳар бир
журналист истаган диний ёки сиёсий гуруҳлар лидери билан учрашиб
суҳбатлашиши мумкинми?
Биз бу саволларга жавоб олиш мақсадида Алишер Соипов билан сўнгги
вақтларда бирга ишлаган www.uznews.net интернет нашрининг ўзбек
саҳифаси муҳаррири, журналист Қудрат Бобожон билан суҳбатлашдик.
-Сиз Алишер билан www.uznews.net интернет нашрида бирга ишлагансиз.
Қирғизистон ИИВ тарқатган маълумотлар қанчалик ҳақиқатга яқин?
Қудрат Бобожон: - Кимлардир ҳозир Алишернинг номини сотиш, уни
мағзавага қоришдан манфаатдор бўлишмоқда. Қандайдир туҳматлардан иборат
қирғиз ИИВнинг пресс релизини ўз сайтига қўйган бу шахслардан яна
нимани кутиш мумкин. Алишернинг номи картага тикиладиган нарса эмас.
Биз журналистлар туҳматлар ортида турганларни ҳам фош қилишимиз керак
ва шундай қиламиз.
Бугун айрим сайтлар кўчириб босган қирғиз ментларининг иддаоси
мутлақо ҳақиқатдан йироқ. Бунга Uznews.net сайтида чиққан Алишернинг
мақолаларини мисол қилиб келтириш мумкин. Бу мақолаларда журналистик
босиқлик ва ҳолислик билан воқеалар таҳлил қилинади.
Мен Алишернинг бир ҳамкасби сифатида у турли сиёсатчилар ва турли
дин вакиллари билан касб тақозосига кўра муносабатда, муомалада бўлган
дея ҳисоблайман.
-Бу пресс релизга кура Алишер “Эрк” лидери Муҳаммад Солиҳ билан яқин
алоқада бўлгани ва ҳатто Туркияга бориб келгани, Солиҳни китобларини
тарқатишга ёрдам бергани айтилади. Бу Алишерни ножўя ҳаракати деб даъво
қилинмаяптими?
Қ.Б.: - Cиз воқеаларнинг туб моҳиятига қараб баҳо беринг. Ўша
китобларда нималар ҳақида ёзилган. Олайлик, ўша пресс релизда
тақиқланган адабиёт дея кўрсатилаётган “Валфажр” китобини, бу ахир
Муҳаммад Солиҳнинг асосан 70-80 йилларда ёзилган шеърлар тўпламику! У
нашр қилган “Сиёсат” газетаси Қирғизистон қонунлари асосида чиқарилган
ва тарқатилган.
Масаланинг иккинчи томони, Алишернинг фуқаролик позицияси билан
боғлиқ. Ҳа, у “Эрк” Демократик партиясининг аъзоси эди. Энди менга ўша
машъум қотилликнинг далиллари сифатида топилган “Каримов кет!” деган
мазмундаги варақалар билан қотиллик ўртасидаги алоқани топиб
кўрсатингчи… у ҳолда қотил Каримовнинг ўзи бўлиб чиқмайдими?
-Алишер Соиповнинг шахсий компютеридан гуёки “Хизбут Таҳрир” диний
фирқаси адабиётлари сақланаётган файллар топилган эмиш. Бу журналистни
шу партияга алокадор деб хулоса чиқаришга асос бўладими?
Қ.Б.: - Журналист бирор мақола ёзар экан турли одамлар билан
мулоқотга киришади. Манбаларининг ҳилма ҳил бўлишига ҳаракат қилади.
Агар бир томонга сўз берилиб, бир томон овоздан маҳрум қилинар экан бу
журналистикада ношудлик ва бирёқламалик дея қабул қилинади. Алишер шу
маънода, ўз фаолияти давомида жуда кўп манбаларга мурожаат қилганига
мен аминман. У ҳақиқий маънода профессионал эди.
Юсуф Расул суҳбатлашди.
Манба: "Янги дунё" интернет сайти.
|