Камтарлик.Ҳа, дарвоқе камтарлик ҳақида сўз кетганда кези келгани учун шуни ҳам айтиб қўйишим керакки усиз ўқувчилар олдида бошқа сўз айтиш эътиборсизликка ўхшаб қоляпти.
Гап шундаки "Хислатлар ва иллатлар" ҳақида мулоҳазаларимни ёза бошлаганимдан сўнг унга ўқувчилар муносабат билдира бошлашди.
Улар турли маконларда яшаб, замон эврилишларининг турли даврларини кўрган оддий ишчидан тортиб то давлат арбобларига қадар. Демак киши жамиятнинг қайси қатламидан бўлишидан қатъий назар мулоқотга эҳтиёж бор эканда, деган ўй билан камтарлик ҳақида баҳолиқудрат мулоҳаза қилиб кўришга уриндим.
Зеро бу галги камтарлик хусусидаги чизгиларимни ўзим танлаганим йўқ.Шу мавзуда ёзсангизчи деб сўраб қолганлари учун ёзяпман.
Тўғри мабодо шу нуқтага етиб келганимда ўзим ҳам эҳтимол камтарлик ҳақида ёзган бўлардим.Эҳтимол камолот ҳақида ёзардим.
Лекин нима бўлганда ҳам иккала сўз ҳам бир-бирига ғоят яқинку.
Масалан бизда шундай гап бор:"Камтарга камол, манманга завол" деган.
Лекин камтарлик тўғрисида фикр юритар эканман сезган бўлсангиз озгина манманлик ҳам кўриниб қоляпти.Чунки "мен", "айтардим", деярдим" ва ҳакозо. Буларнинг бари менинг наздимда манманликка ўхшаб кетаверади.
Аммо кўп ҳолларда ғурурни манманлик билан чалкаштириб ҳам юборамиз.Бизда ана шу ғурур ҳисси пасайганиданми жамиятимиз инқирозга юз тутмадимикан?
Бу борада "ҳа, шундай" дея узил-кесил гап айтиш ҳам тўғри бўлмаса керак.Чунки жамият инқирозига яна ғоят кўп сабабларни келтириш мумкин.Нима бўлганда ҳам камтарлик ҳислатимиз пинҳона манманлик остида юк босиб ётганга ўхшайверади.
Айниқса одамлар орасида бизга тегишли аччиқ аммо ҳақ гап кўп айланадиган бўлиб қолган.Яъни:"зиёлиси шундай бўлган халқ нима ҳам бўларди".Бир қараганда:"ҳа, шунақа дейишса бирор жойимиз камайиб қолармиди" деймизу бепарво, лоқайд кетаверамиз.Минг афсуски одамларнинг бу баҳоси ҳар қандай ҳақорат каби, ҳар бир зиёлиман деган кишини ўйга толдириши керак.
Икки қатор хабарни мухолифат интернет сайтига ёзиб қўйиб мен юраман қувониб:"ҳа, қалай ёзибман, боплапманми, қойилми" деб, яна бунинг устига баҳо сўраб ҳам қўяман.
Нарёқда эса қонхўр, жаллодни мадҳ этиб яна бошқа расмий зиёли юради мунофиқлик қилиб.Яна уялмай унга қаҳрамон, ҳалқ фалончиси деган унвонлар беришса қуллуқ қилиб, тўн кийиб кетаверади.Одамлар эса оч-наҳор.
На унида, на менида парвойимга келмайди.
Қани камтарлик?Олатоққа ўтлаб чиқиб кетган камтарлик, саҳроларда Мажнун бўлиб юрибди камтарлик десангиз айрим зиёлиман деганлар хафа ҳам бўлиб қўйишади.
Ие, айтгандай узр.Камтарлик ҳақида мулоҳаза юритаман деб анча бошқа дардларга ўтиб кетиб қолибман. Нима бўлганда ҳам камтарлик ҳислати камёб бўлиб манманлигимиз бисёр бўлиб кетди назаримда.