Жаҳонгир МУҲАММАД
ҚУВҒИН Роман 2-китобнинг давоми
- Сиз ўзингиз нега бир неча марта бориб келдингиз-у камера олиб бормадингиз.
Сиз ва менинг вазифам у ерга бориб келишдан иборат эмас. Биз хабарчимиз.
Халқни воқеалардан хабардор этишимиз керак. Агар бу ишни уддалай олсак, асосий
вазифани бажарган бўламиз, адолатсизликнинг йўлини кесамиз, ўйинлар учун имкон қолдирмаймиз. Ҳозир эса вақтдан бой бераяпмиз, ёлғоннинг гуллашига йўл
очаяпмиз,- деди Миртемир.
- Укажон, бу ер сизга Олий мажлиснинг минбари эмас,- деди Байрамбоев. -Бу
фикрингизни мажлис минбаридан айтсангиз бировга фойдаси бўлиши мумкин. Бу ерда
эса давлат нима деса, ўшани қиламиз,- бўш келмади Байрамбоев.
- Сиз ҳам шу давлатнинг бир парчаси эмас-ми? Фикрлашга ва тўғрисини танлашга ҳаққингиз йўқ-ми?
- Оиламизда ҳаққимиз бор. Бу ерда эса оиламизнинг раиси
"Катта"миз. У киши халқимизга ёмонликни раво кўрмайдилар. Тўғрисини
танлайдилар.
Байрамбоевни кулгичлари доим кулиб тургани учун у худди масхара қилиб
гапираётгандек туюлса-да, бу гапларни жиддий оҳангда айтаётганди. Миртемир ўйланиб қолди. Ё мен бошқа бир дунёдан буларнинг орасига тушиб қолдим, ёки
булар ҳақлару мен ўжарман. Ҳозир яна бироз тортишсак, жанжаллашиб қолишимиз
аниқ, индамай қўйсам бора-бора индамасга айланаман. Баъзиларига шу билан
баравар бўлиб ўтираманми, дея қўл силтайсан, айримларининг ошқовоқ каллаларига
бир калима ҳам сингдиролмай хуноб бўласан, мана бундайлар эса бетон девордек
гап: бош урсанг бошинг ёрилади, сўзинг ўзингга қайтади, асаблашиб жиғи бийрон
бўласан. Лекин барибир кимлигини юзига айтиб, башарасини ойнада кўрсатиб қўйиш
керак.
- Майли, отангиз ҳам оилангизнинг раиси ҳам "Катта" бўла қолсин,
лекин ўқ еган, қони тўкилган, ўн гулидан бир гули очилмаган ёшда ўлдирилган талаба ўғлингиз бўлса-чи?
Байрамбоев чўчиб тушди.
- Оғзингиздан бу гапни шамол учирсин! Худо сақласин, деб гапирсангиз-чи,
ука.
Байрамбоев шундай деди-да, нимадир ёдига тушгандек "Кечирасиз, бир
телефон қилай", дея Миртемирнинг ўрнига ўтди. У уйига телефон қилаётган
экан.
- Ўғлинг келдими? - деб сўради у. "Ҳа" жавобини олди шекилли:-
Уйдан чиқмай ўтирсин, ўртоқларникига бораман, деса ҳам рухсат берма, ҳаммаёқда... - деди-ю гапининг давомини бўғзидан ташқарига чиқармади.
- Ҳаммаёқда отишма бор демоқчи эдингиз, уйингиздагилар таҳликага тушиб ўтирадилар. Ҳаммаёқни миш-миш хабарлар эгаллайди, телевизорда эса концерт, -
деди Миртемир кесатиб.
- Концертларни бекор қилиш ҳақидаги буйруғингиз ички низомга қарши бўлса ҳам бекор қилмадим. Ёшсиз, янги раҳбарсиз, жамоанинг ёнида уялиб қолманг,
дедим.
Шу пайт котиба қиз кириб, Халқ ҳаракати ташкилотидан бир гуруҳ кишилар
келишганини ва раис билан учрашмоқни талаб қилаётганларини айтди.
- Мен Мусаев билан репортажларни кўришим керак. Ҳозир Самандаров ҳам келадилар.
Сиз бу масала билан эрталабдан буён шуғулланаяпсиз, ҳамма гапдан хабардорсиз.
Улар билан учрашсангиз. Қолаверса, ўзингизнинг одамларингиз,- деди Байрамбоев ҳам киноя билан.
Миртемир унинг киноясига шиддатли бир қараш билан жавоб берди-да қабулхонага
чиқди. Шоир Собит билан бирга Халқ ҳаракатининг тиниб тинчимаган аёллари
келишганди. Шоир Собит кейинги пайтда сиёсий фаолияти билан ҳам оғизга
тушганди. Водий ва Сойкент воқеаларидан кейин ҳукуматга қарши намойишларнинг
олдинги сафида ўрин олган шоир Собит халқни ўзлигини танишга чақирган шеърлари
билан машҳур бўлиб кетганди. Ҳали ёш бўлишига қарамай соқол қўйиб олгани учун
босиқ, кўпни кўрган нуронийни эслатарди. Мошгуруч соқоли айлана юзига ярашган, қалин қошларининг остида чақнаб турган кўзларини мунг босган шоирнинг негадир қадди букилиб қолганга ўхшарди. У қийналиб-қийналиб сўз топаётгандек гап
бошлади:
- Биз ҳукуматга мотам куни эълон қилиш таклифи билан чиқдик. Мотам қаёқда,
байрам қилишаяпти, - деди у.- У томонда болаларимизни ўлдиришаяпти, бу томонда
сизлар концерт қўйиш билан оворасиз.
- Мотам фикрингизни қўллайман, лекин концерт қўяётганимиз йўқ. Концерт ва ўйин-кулги дастурларини бекор қилганман. Кечқурун, Худо хоҳласа, воқеалар ҳақидаги репортажларни намойиш этамиз.
- Худо хоҳласа-ми ёки "Катта" хоҳласа-ми?- заҳарханда жилмайиш қилди шоир Собит.
Миртемир ҳеч нарса демади. Ростдан ҳам "Катта" хоҳламаган бўлса
керакки репортажларни кўрсатувдан олдин қараб чиқишга қарор қилишди. Нима бўлса ҳам мужодала қиламиз, репортажлар, албатта кўрсатилади, деб ўйлади Миртемир.
Шоир Собит билан бирга келган аёллардан бири:
- Аллоҳ мададкор бўлсин, бу даҳшатни халққа кўрсатинг. Ҳамда бу концертларга
чек қўйинг. Биз эса бу масалада сизга керакли ёрдамни берамиз,- деди.
Улар ҳукумат идораларига ҳам боришганини, Талабалар шаҳарчасида ўқ отган қотилларга қарши норозилик намойиши ўтказганларини, бу масалани мутлоқ охирига
етказажакларини айтиб, чиқиб кетдилар.
Хайриятки, шундай инсонлар бор, деб ўйлади Миртемир. Агар улар ҳам фақат ўз ўғил-қизларини ўйласалар ва бутун эркларини теппадаги битта одамга бериб қўйсалар, ана унда олам гўристон бўлади. Бу аёлларнинг ҳар бири оиласида она,
фарзандларининг ташвиши билан югуради, яна қаердадир ишлайди ҳам. Шунга қарамай адолат излашади. Бу адолатни ўзлари учун излашади-ми? Йўқ, шу халқим ҳам бошқалар каби ойдинликда яшасин, нурга илҳақ бўлмасин, зулм остида
эзилмасин, дейишади. Халққа, Ватанга бўлган муҳаббат юракларида чўғга айланган.
Бу чўғ қалбларини ёндириб туради. Шу оташдан куч оладилар. Баъзилар уларни
англамайдилар. Ўтганнинг ўроғи, кетганнинг кетмони билан иши бор буларнинг,
дейишади. Ҳа, ишлари бор. Ўша ўроқ миллатнинг бошини кесмасин, ўша кетмон
инсонлар оёғининг остини ковламасин, дейишади. Оз бўлсаларда, хайриятки, улар
бор.
Шоир Собит-чи? Унинг ҳам оиласи - фарзандлари ва шу қадар ташвишлари бор.
Аслида дарди йўқ инсон шоир бўлолмайди. Дарднинг оғирлиги шоирнинг шеърларини
юкдор, салобатли қилармиш. Аммо қанчадан қанча дардсиз шоирлар юрибди. Бир қанчаси девонда ишлашмоқда. Қизиғи, улар вақти-вақти билан Талабалар
шаҳарчасида шеър ўқиб туришади, ўзларини талабалардан бири ёки уларнинг йўл
кўрсатувчиси, деб билишади.Биз инсон руҳининг тарихини ёзамиз, дейишади.
Талабалар шаҳарчасида инсон руҳи ўлдирилмоқда, сиз қаердасиз?! Фақат
талабаларга қарши ўқ отилаёгани йўқ, сизга ҳам қарши отилмоқда. Ўзлигингизга қарши ўқ отилганда, мум ютиб ўтирибсиз. Бундан ортиқ разолат, бундан ортиқ
шармандачилик борми? Аслида сизнинг ҳам дардларингиз оғир. Фақат бу дард
шуҳратга талпиниш, шоирлик орқасидан шохона яшаш, ўз жонини қутқариб қолиш
дардидир. Лекин шоир Собит сизга ўхшамайди. Шунинг учун уни севмайсиз. Аслида
унга ҳасад қиласиз. Аммо бундан бехабарсиз.
Шоир Собит шўролар пайтида Сибирда яшади. Ватан ҳасрати нима эканлиги унга
аён. Мустақиллик ҳаракати бошланганда юртга қайтиб, жабҳанинг олдидан ер олди.
Аввалига уни дарбадар, бўйдоқ бир шоир, деб ўйлашди. Чунки кунни кун, кечани
кеча демай югуриб юради. Кейин билишса, катта бир оиланинг отаси экан. У қаерда ҳақиқат истаб байроқ кўтарилса, ўша ерда. Ҳам шеъри, ҳам сўзи, ҳам ҳаракати
билан инсонларга мадад беради. Кейинги кунларда бу шоир ҳақида махсус бир
кўрсатув тайёрлатаман. Умуман, Халқ ҳаракати ва бошқа ташкилотларнининг
вакилларини чақириб, Талабалар шаҳарчасидаги воқеаларни муҳокама қилдираман...
Шоирнинг шахси ва шеърияти бир бўлиши керак-ми ёки айри-айри бўлса ҳам фарқ қилмайди, деган мавзуни тортишувга қўямиз.
* **
"Катта"
ховлиққансифат қиёфада эди. Бир томондан бўлаётган воқеалардан кўнглида ғурур ҳис этаётганди. Куч нима эканлигини кўрсатиб қўйишга фурсат етди деб ҳисобларди. Иккинчи томондан эса кўнглининг бир бурчини босиб олган қора булут
тарқалмаётганди. У Салимов ва Саиджонни чақирди.
- Кичкинагина воқеа бўлади, лекин унга катта сиёсий тус берамиз, дея
оғзингиз қулоғингизда эди. Хўш, нима бўлди? - деди уларга воқеаларнинг ҳақиқий
аҳволини билиб олиш учун иккаласини ҳам бирдан тўпнинг оғзига қўяркан.-
Тагингизни ҳўл қилиб қўйдингиз. Воқеалар назоратингиздан чиқди. Нега ҳодисалар
бу қадар кенг ёйилди? Ички ишлар вазирлиги нима қилаяпти? Хавфсизлик қўмитаси қаерда?
- Ҳаммаси шу ерда. Талабалар шаҳарчасида уч-тўрт ҳаракат бирлашиб кетди,-
дея сўз бошлади Салимов.- Хайрулло Саидов мафия орқали бир гуруҳ талабаларни
ишга солди. Халқ ҳаракати эса сайловда қатнаша олмаганидан норози эди. Озодлик
партияси ҳам талабалар орасида иш олиб бораётган экан. Уларнинг вакиллари
талабаларнинг олдига тушиб миршабларга тош отишди, ОМОНчиларни калтаклашди.
Бунинг устига қаердандир диндорлар ҳам келиб қолишди. Бирданига ҳаммасининг
кимлиги ўртага чиқди. Воқеаларни назоратга олдик. Айбдорларни ўртага чиқарамиз.
-Бўлди ўзингизни қутқариш учун даров баҳоналарни тахламанг,- унинг сўзини
кесди "Катта",- Игначининг минг ургани, темирчининг бир ургани,
дейишган. Дафтарингизни очинг ва ёзинг:
1- Пойтахтда фаоллар мажлисини чақиринг. Мен ўзим гапираман, сизларга
гапиришни ҳам ишониб бўлмайди. Радио ва телевидение мажлисни жонли равишда
кўрсатиб, эшиттиришсин. Газеталар асосий диққатни шу масалага қаратсинлар.
2- Талабалар шаҳарчасида профессор-ўқитувчилар билан учрашув ўтказаман. Шу
баҳонада тузумимизга қарши бўлган душманларни ҳам аниқлаймиз. Зиёлилар
орасидаги ажриқларни юлиб ташлаймиз.
3- Пойтахтдаги, тўғрироғи, Талабалар шаҳарчасидаги университет ва
институтларни вилоятларга кўчириш ҳақида фармон лойиҳаси тайёрланг.
4- Шаҳарчадаги талабаларни шошилинч равишда қишлоқларига, уй-уйига жўнатинг.
Транспорт вазирлиги ҳамма ишни йиғиштириб, шу масала билан шуғуллансин.
5- Жамоатчилик вакиллари, депутатлар, мухолифат иштирокидаги комиссия
рўйхатини тузинг. Бегона одамлар комиссияга кирмасин. Комиссия асосий диққатини
"қора кучлар"ни ўртага чиқаришга қаратсин.
6- Ёзувчилар, шоирлар ва олимлар ҳар оқшом телевизорга чиқиб "қора
кучлар"нинг кирдикорлари ҳақида халққа гапириб берсинлар. Улар ҳам ўзларини
кўрсатсинлар. Қачонгача текин еб ётишади?
7- Ички ишлар вазирлиги, прокуратура ва Миллий хавфсизлик қўмитаси бу
хусусда жиноий иш очсинлар. Бутун душманларимизни йўқотиш учун бу воқеадан
фойдалансинлар. Бундан кейин мухолифат деган сўзни эшитишни истамайман.
8- Пойтахт ва марказий шаҳарлар яқинида махсус баталонлар тузиш ишини
бошланг. Унга ерли халқдан одам олманг.
Саиджон, сени бугундан эътиборан ўзимга маслаҳатчи этиб тайинлайман. Ҳозироқ
фармонни тайёрлаб кел, қўл қўяман. Бу ишларнинг ҳаммасини ўзинг юритасан,
Салимов билан маслаҳат қилиб турасан. Ҳар бир қадамингиз ҳақида мени хабардор қиласан, - деди.
Салимов жиянининг катта мансабга эришганидан мамнун бўлди.
"Катта"ни қучоқлаб ўпкиси келди. Лекин хурсандчилигини яширишга
уринди.
- Байрамбоев телефон қилганди. Миртемир ҳамма ишга аралашаяпти. Шаҳарчадаги
воқеаларни сувратга олдирибди. Котибият бошлиғига эса буларни Москвага
юбораман, оқшом тамоша қиласиз, дебди.
Бу гапни эшитган "Катта"нинг қони қайнади. Қайнаган қон юзига
урди. Қовоқлари бирданига шишиб чиққандек бўлди. Вужудида ҳаракатга келган бу
кучни муштига туплади-да зарб билан столнинг устига урди.
- Шу болани йўқотиш оғир иш-ми? Қўлингиздан келмайди-ми? Талабалар шаҳарчаси
воқеаларига боғланг, гум бўлиб кетсин! - деди.
- Қўлимизда бир ҳужжат бор. Полковник Раимжоновнинг одамлари топшириғингиз
билан Хайрулла Саидовнинг жиянини қўлга туширишганди. Уни телевизорда
кўрсатмаслик учун Хайрулла Саидов Миртемирга бир миллион сўм пул берган -дея
Салимов фурсат етди, мусофир кетди қабилида калласининг бир четига
"яшириб" юрганини ҳаракатга қўйди.
- Йиғиштир бу ёлғонингни, у бола бир миллион у ёқда турсин бир сўм
олмаслигига биздан бошқа ҳамма ишонади. Шунинг учун баҳона ҳам улар ишонадиган
тарзда бўлиши керак. Қолаверса, қитмир Саидовнинг бировга пул бермаслигини,
балки пул олишини ҳам ҳамма яхши билади. Раимжоновга айт узоқроқдан, Миртемирга
яқин одамлардан топсин. Керак бўлса Миртемирнинг яқин одамларини қўлга тушириб,
уни халққа кўрсатишга уринсин. Қарабсанки, Миртемир тузоққа илинади. Кейин
икки-уч депутатнинг номидан Миртемирни фош этувчи мақола чиқарасизлар. Ундан у
ёғига машинанинг ўзи юриб кетади.
"Катта" Салимов ва Саиджонга жавоб бериб юборди-да, Тўрабеков
билан Узоқовни чақирди:
- Олий таълим вазирини, Талабалар шаҳарчасида студентлари яшаган ректорларни
ишдан оламиз. Бу воқеа нафақат менга, балки сизларга ҳам, бутун тузумимизга ҳам қарши исёндир. Бурнимизнинг остида бомба турганини кўрмаганмиз. Яхшиям-ки,
талабаларнинг биз томонга қараб юриши тўхтатилди. Агар улар назоратдан чиқариб
юборилсалар Водий, Сойкент воқеалари бунинг ёнида ҳолва бўлиб қоларди. Барча
муҳаррирлар ва таниқли ёзувчиларни чақириб гаплашинг. Бу исённинг моҳиятини
халққа тушунтириб беришсин. Ҳар бир вилоят, ҳар бир туманда фаоллар мажлиси ўтказинг. Ҳар бир талабанинг ота-онаси билан гаплашинг, миршаблар бориб сўроқ қилишсин. Қариялар, таниқли инсонларнинг халққа мурожаатларини ташкил қилинг.
Бир сўз билан, жумҳуриятни оёққа турғазинг. Дарвоқе, Салимов ва ана у Саид
деган боланинг ҳаракатларидан хабардор бўлиб туринглар. Анча маккор болага ўхшайди. Талабалар орасида одамалари кўп. Шу сабаб ҳозирча уни маслаҳатчи қилиб
тайинлашга қарор қилдим. Шу соатдан эътиборан сизга уйқу йўқ. Ҳушингизда ҳам,
тушунгизда ҳам шу масала билан шуғулланасиз, - деди.
"Катта" "Ҳасан-Ҳусан"ларини чиқариб юбораркан Мақсад Қулни чақирди:
- Москвани нима қиламиз? Салимовнинг айтишича, Талабалар шаҳарчасидаги
воқеаларни Миртемир сувратга олдирибди ва Москвага жўнатибди.
- Тўғри, мен ҳам эшитдим, унинг ўзи бу ҳақда котибият бошлиғига айтибди.
- Бу болани назоратга ол, дегандим. Қани унинг ёнига ўзимнинг одамимни
юбораман, дегандинг? Нега воқеалардан хабарсиз қолаяпмиз?
- Юборгандим, ишга олмади. Пора истаганга ўхшаб кўринди.
- Истаган бўлса, нега бермадинг? У бола сендан ақллироқ чиқиб қолди.
Юборган одаминг жосус эканлигини пайқаган-ки, ишга олмаган.
Мақсад Қул типирчилаб қолди. Нима қилиб бўлса ҳам бу чигалликнинг ичидан
чиқиб қутилиши керак эди. Ёлғон гапирганди, "Катта" сезиб қолди.
Ёлғони шапалоққа айланди. Нима қилиш керак? Бирданига хаёлига янги фикр келди.
- Менимча Миртемирнинг ўзини Москвага жўнатиш керак. У ердаги мухбирларга ҳадяни бу сафар у олиб борсин. Шаҳарчадаги воқеалар "қора кучлар"
томонидан уюштирилган исён эканлигини у ердагиларга тушунтириб берсин. Бир соат
олдинги учоқда Халқ ҳаракати вакилларидан бир қисми Москвада матбуот
конференцияси ўтказиш учун жўнаб кетишганини ўргандик...
- Кимдан ўргандинг? Нега қўйиб юборишди? Аэропортга телефон қил, учоқни қайтаришсин. Керак бўлса, учоқда бомба бор, деб айт. Барча кучларни бу ишга
сафарбар қил. Миртемир ҳақидаги фикринга эса қўшиламан.
"Катта" Максад Қулга "Натижадан мени хабардор қил"
деди-да, Миртемирнинг телефонини қидира бошлади. Тополмагач, Майновга айтиб
Миртемир билан боғланди.
- Укажон, сиз учун учоқни ушлаб турибмиз. Бугуноқ Москвага йўл олинг.
Талабалар шаҳарчасида сувратга олинган ленталардан ҳам фойдаланинг.
Мамлакатимизнинг шарафини қутқазиш масаласини сизга топшираяпмиз. Эртага
эрталаб у ерда матбуот конференцияси ўтказасиз. Мен ўзимнинг барча ваколатларимни
сизга бераяпман. Менинг номимдан дунёга мурожаат этинг. Хуллас, мустақил
эканлигимизни кўрсатиб қўйиш керак. Ҳозир мен Қиёмовга айтаман, сизни шахсан
кузатиб қўяди. Бу орада, албатта, Ченга учрашинг, - деди.
Миртемир студияга Самандаров келгани ва кўрсатувларни тўхтатиб қўйишаётгани ҳақида шикоят қилди.
- Улар халқ душмани,- деди "Катта".- Қайси бири билан шуғулланай?
Ана шуларнинг фитналари оқибатида талабаларга қарши ўқ отилди. Керак бўлса, бир
йигитнинг йиқилиши бир давлатнинг йиқилишига тенг. Бир томчи қон билан бир дарё қоннинг фарқи йўқ. Бу инсофсизлар ҳамма қилмишлари учун жавоб берадилар. Сиз
улардан қўрқманг ва чекинманг. Бугун барча репортажларингиз кўрсатилади. Мана
мен буюраяпман. Сиз эса йўлга чиқинг!
Кўп ўтмай Мақсад Қул ҳовлиқиб кириб келди.
- Агар учоқда бомба бор десак, уни қўшни жумҳуриятга қўндиришар экан. Чунки
бизнинг чегарамиздан чиқибди,- деди.
- Кейинги учоқ қачон?
- Эртага.
- Бўпти, Қиёмовга айтинг Миртемирни шахсан ўзи кузатиб қўйсин. Чен эса
Москвадаги мухбирларнинг ҳақини бериб юборсин. Хасислик қилиб ўтирмасин.
Мухбирлар ҳам ёмон ўрганишди. Вақтида ҳақларини олиб туришмаса, дарров танқид қилиб ёзишни бошлашади.
"Катта" Мақсад Қул билан бирга хонасидан чиқаркан, ташқарида оқшом
чўкканди. У котиблар ўтирадиган жойдан бўйнини чўзиб ташқарига қаради-да,
мажлислар залининг ёнидаги махсус ошхонага кирди. Эшик ёнида кутиб турган
хўжалик ишлари мудири Салимхонга юзланди:
- Оғайни, нима ичамиз?
- Ҳаммасидан бор.
- Бўпти, ўзимизнинг "Посольский"дан ича қолайлик. Бугун тонгга қадар ишимиз бор. Талабалар шаҳарчасида бегуноҳ болаларимизни ўлдиришди. Бу
воқеаларни уюштирган аблаҳларни топишимиз керак. Ёш-ёш йигитлар нимани
билишади? Қаёққа бошласанг ўша томонга бораверишади. Бунинг учун уларни отиш
керак-ми? Отганларнинг ўзини отиш керак.
У шундай деди-да, Салимхонга муғомбирона қараш қилди. Салимхон бошини
эгганча уни тинглади. Бу кўп нарсани билади, деб ўйлади "Катта",
лекин қудуқ. Ичига тушган нарса қайтиб чиқмайди. Бундан сув тортиб оламан деган
одам ҳам челагидан, ҳам занжиридан айрилади. Ана шундайларни тўплашим керак.
Балки Раимжонов билан Чалматов "Керак бўлса бир-иккитасининг оғзини
конатиб қўйинглар" деганини бунга айтган бўлишса-чи? Э, йўқ жонлари нечта?
Ахир Салимхоннинг укасини Чалматовга ўринбосар қилиб қўйганман. Бир-бири билан
ит-мушук. Оғиздан гап чиқариш у ёқда турсин, бир-бирининг ёнида нафас олишга қўрқишади.
"Катта" йирик жангни бошқараётган қўмондонлардек ҳар бир гапи ва ҳаракатини такрор хаёл ғалвиридан ўтказаркан, ўзини қушдек енгил ҳис
этаётганди. Бироз сархуш бўлганидан кейин эса кучига куч қўшилган кишидек
шиддат билан ўрнидан туриб иш хонаси томон юриб кетди. Гандираклаяпти, деб ўйлашмасин деган хаёлда бошини эгиб оёқларини бир тўғри чизиқ бўйлаб босганча
одимлади. Майнов эшикни очиб турмаганда, балки боши билан бориб уриларди ёки
эшикни очаман, деб бирор жойга урилиб - сурилиб кетгудек бўлса, аламини кўзига
кўрингандан оларди.
У тўғри ўрнига келиб ўтирди-да:
- Телевизорни қўй,- деди Майновга.- Кейин эса чет эл радиоларининг хабарлари
жамланган блютенни олиб кел ва ўзимизга тегишлиларини ўқи. Барча вазирлар, Ҳўкиз, Боцман, Берия, Жамила, Қассоб ва Хозяин навбати билан телефон қилиб
рапорт беришсин,- деди.
Майнов ҳамманинг лақабини яхши биларди. Ҳатто ўзининг лақаби
"Штирлиц" эканлигидан ҳам хабардор эди. Турабеков "Боцман",
Салимов "Берия", Бош вазирнинг ўринбосари Самадов "Девор",
Абдулла Ҳошимов "Тряпка", Қўлдошев "Ҳўкиз", Горбов
"Жамила", Чалматов "Қассоб", Солиев эса
"Хозяин"дир. Мақсад Қулни "Копчёнка" деса, Салимхонни
"Бегун" дерди, Қўзибой Набиев эса "Бақироқ"... Хуллас,
уларнинг ҳар бирига бу лақаблар дўппи кийгизиб қўйгандек ярашарди. Тўрабеков
бармоқ, деса қўл кесиб келадиган, "онангни..." деб ҳақорат қилса,
"Қуллуқ отажон" деб турадиган бўлгани, "Катта"нинг оғзидан
гап чиқмасдан "Лаббай" дегани учун унга "Боцман"
"унвони" берилган. Абдулла Ҳошимовни эса бўшлиги, латтакесарлиги
учун "Тряпка" дейди .Қўлдошевнинг ҳам кўриниши, ҳам ҳаракатлари ва ҳамда дўриллаши ҳўкизни эслатарди. Шунингдек, халачўп уриб турмаса у на
аравани, на кқўшни тортарди. Горбов эса мажлисларда маъсум қиздек ўтиради,
гўшангада куёвни сарсон қилиб, эрталаб қайнонасига шикоят қиладиган келиндек
доим ранжида қиёфада бўлгани учун "Катта" уни "Жамилам" дер
эди, "Сени бу бўриларга ем қилиб қўймайман, Жамилам", дея ҳазиллашарди ҳам. Чалматовни эса икки йил аввал кашф қилди. Қассоб харидорнинг
кўзига қараб танигани, лаҳм-ми, суяк-ми истаганини ҳис этганидек, Чалматов ҳам
"Катта"нинг кўнглидагини ўқирди. Кимни ўлдириш, кимни йўқотиш,
кимнинг оғиз-бурнини қонатиш, кимнинг бошидан дарча очиб қўйиш... хуллас, унга
айтишнинг кераги йўқ эди. У молини ҳам, харидорини ҳам таниган қассоб бўлгани
учун лақаби узукка мос тушган кўздек унинг "бойлигига" айланганди.
Солиев оғир арава. Етти ўлчаб бир кесади. Ипнинг игнасини ҳам, тешигини ҳам
яхши билади. Кийимнинг қаердан йиртилиши-ю қаердан сўкилиши, қаерини тикишу қаерини ямаш ҳақида унга айтиш керак эмас. Унга сен хўжайинсан, билганингни қил, десангиз етади. Муҳамад Қул бўлса бўйи узун, озғинлиги учун қуриб қолган
балиқни эслатади. Қўзибой Набиев мажлисларда худди ашула айтгандек бақириб
гапиради. "Катта" уни "Бақироғим" дея эркалатади, баъзан.
"Бақироқ" дея қувади, баъзан... (Давом этади).
|