Лафз.Шу
сўзни ёздиму ичимдан чуқур бир хўрсиниш келди.Очиғи ҳар доим ҳам лафзга
эга бўлолмай қоламиз.Баъзан бунга ўзимизга боғлиқ бўлмаган ҳолатлар
ҳалақит берса аксарият ҳолларда эса ўзимиз сабабчи бўламиз.
Лафзда
турмасликни бугунги Ўзбекистон диктатори ўргатди.Шу қадар устомонлик
билан ўргатдики, оддий бозорчи одамлардан тортиб, кап-катта "ман" деган
арбобу даҳоларгача лафзсизликни касб қилиб олишди десам унчалик
муболаға бўлмас.
Ҳамманинг бошида аждардай турган лафзсиз бутун
бир мамлакат аҳлини ўзига эргаштириб кетиб боряпти.Албатта бу билан у
поймонаси шиддат билан тўлиб бораётганидан далолат бермоқда.
Бозорда
икки кишининг ўзаро тортишиб савдолашиши одатий ҳол.Шундай
савдолашувнинг бирининг устида бўлиб қолдим.Уларнинг бири иккинчисига: -Жон, ака келинг шу картошкангизни 150 сўмдан кўтарасига беринг - деса иккинчиси: -Яна беш сўм қўшинг, ахир ёз бўйи тер тўкканман.Шаҳарга олиб келгунча йўлкирани қарз қилиб келдим.
-Тўғри,
кўриниб турибди ҳалол деҳқонлигингиз, аммо яна беш сўм қўшсам пулим
етмайди-да биродар, мен ҳам айлантириб тирикчилик қиламан, деб фоизи
билан тўлашга қарз кўтарганман.Ишонмасангиз боламнинг гўштини ей!
Хуллас турли қасамлар билан икков келишиб олди-сотди тугади.
Сотувчи
нарироқ ўтдида олган пулларини ҳисоблаб кўриб, галдаги қопда юк
кўтарганнинг йўлини тўсиб, "биз ҳам тирикчилик қилайлик, жон ака, тўрт
танга қарз кўтариб умид билан бола -чақага нон топай деб юрибман" дея
аврай кетди.
Ҳозиргина ундан картошка харид қилган "боламнинг
гўштини ей, бошқа пулим йўқ", деган кимса эса юк ташувчига машинага
элтиб бер дея ёнидан бир даста пулни чиқарди-да, орасидан битта юз
сўмликни суғуриб берди.
Бу жойда биргина бозордаги лафз
манзарасини чизишга ҳаракат қилдим.Бундай лафзсизлик бизнинг жамиятнинг
ҳамма жабҳаларида бунданда аянчли тус олган.Нега шундай?
Бунинг сабабларини санайман десангиз адоғига етиш мушкул. Лекин
ҳамма лафзсиликлар бошида бир киши тургани аниқ.Ана ўша "боламнинг
гўштини ей" дея қасам ичаётганнинг шундай қасамхўр бўлиб қолганига ҳам
у айбдор.
Аслида лафзи ҳалол кишилар ҳақида ширингина гаплар,
фикрлар, мулоҳазалар билдирмоқчи эдим.Аммо ҳаммаёқни иллат босиб ётган
бир пайтда қандай қилиб хислат ҳақида айтиш мумкин?
Нафсиламбрини айтганда лафзи ҳалол кишилар ҳам йўқ эмас.Уларга ҳавас қиламан.