Бир ерда яшарман мен Худо билан
Ишим йўқ одамзот –норасо билан
Ишқинг биландирман – дард савдо билан.
Оқбадан, бошим оқ йўлинг чанггидан
Пешонам қорадир хок қаро билан.
Етти кўкдан баланд, дилбар, оёғинг
Аршдир етсам дейман дил—яро билан.
Тангри гўзалликда пойингда—Аршда
Бир ерда яшарман мен Худо билан.
25.06.07.
Бу сас… оёқ товушларинг
Кўксимга келар қушларинг.
Сайрашади бутоғимда
Емишлари кишмишларим.
Дил сувимдан ичадилар
Ўнгга айланар тушларинг.
Меваларинг ғарқ пишади
Ёзга айланар қишларинг.
Жонимни жунбушга солар
Сийнангдаги бол нишларинг.
Жаннат эшигин очади
Лабингга кишан тишларинг.
Арш аҳлига мангу армон
Баҳрингдаги хонишларим.
Юсуф севган ёлғиз оҳанг
Сенинг оёқ товушларинг.
27.06..07
Боғ олсанг, боғингга бўлмасанг боғбон
Магар қондирмасанг сувга, кетмонга.
Алвон бўстонлари бўлгай биёбон,
Булбуллар маъвоси тўлгай илонга.
Аёл ҳам боғ каби магар бўлсанг эр
Сен уни қондиргин ишққа меҳрга.
Йўқса у мисоли бир ташландиқ ер
Қузғунлар қўнади ташландиқ ерга.
2.06.07.
Шоир бўсалари олмосдай кескир
Сийналаринг гувоҳ, дудоғинг гувоҳ.
Шоир бўсалари мисоли шамшир
Лаби из қолдирган оёғинг гувоҳ.
Ҳар дамлик нафасим – дил ларзаларим
Мармардай танингни ўтга солади.
Оташдан яралган тиғ бўсаларим
Ханжарнинг изидай излар қолади.
Сени ўпганимда титрар дафъатан
Кўкрагинг мисоли кўклар ҳам дир дир.
Осмонлар ёнади чақмоқлар билан
Гулдурак бўсамнинг боласи ахир.
Шоир бўсалари чархланган қилич
Қонатар юрагинг томирларини.
Шуаро санама суякларга ўч
Саройнинг бичилган шоирларини.
Бичилган маддоҳлар, бичилган қуллар
Шоҳнинг қарри отин уқалайдилар.
Қўллари жонивор бошини силар
Тилда туёқларин тақалайдилар.
Шоир бўсалари олмосдай кескир,
Ўзингсан малагим сийланадиган.
Дунёда анқодир Юсуфдек шоир
Лаблари қиличга айланадиган.
30.06.07