Жаҳонгир МУҲАММАД
Мафкура ва мафкурасизлик ёки тўрт тарзли сиёсат
Совет иттифоқи парчалангач, мустақиллигини эълон қилган
жумҳуриятлар, коммунистик мафкура домидан қутилганларини кўрсатмок
учун, ўз йўлларини танлашга уринсалар-да ёки ўз йўлимиз бор, дея
аюҳаннос солсалар-да, жамиятнинг бутун қатламларини тортанак уяси каби
чирмаб олган эски мафкурани тарк этиб, ҳозиргача аниқ натижага
эришганлари йўқ.
Бир қарашда бу табиий ҳолга ўхшаб кўринади. Чунки етмиш йиллик
асоратдан бир зумда қутилиш қийин. Бунинг устига мафкура бобида
адашмоқ, янглиш одим отмоқ давлат учун ҳам, миллат учун ҳам ўнглаб
бўлмас инқирозларга олиб келади. Лекин мафкурасизлик ҳам том маънодаги
фожеа бўлиб, халқни ўзлигидан маҳрум этади, яъни мафкурасизлик
мафкурага айланади.
Мафкура нима? Инсонларни бир тушунча, мақсад, ҳадаф, ният атрофида
бирлаштирувчи ғоя мафкурадир. Мафкура буюк бир ғоя, улкан бир уммон
бўлиб, барча инсонлар ирмоқлар сингари унга интилсалар, йўл-йўлакай
сойларга, дарёларга айланган каби охирида бутун бир кучга айланадилар.
Яъни уммон бўладилар. Бошқа жумҳуриятлар сингари бугун Ўзбекистон ҳам
мафкура бобида чорраҳада турибди. Қаршисида тўртта йул бор: Исломчилик,
Туркчилик, Ўзбекчилик ва Халқчилик.
1.ИСЛОМЧИЛИК
Ислом инсонлар томонидан эмас, кўкдан инган ғоядир. Яъни Оллоҳнинг
иродаси билан инсонларга кўрсатилган йўлдир. Оллоҳ бу йўлни кўрсатар
экан, инсониятни ундан юришга мажбурламайди. Инсонларга имкон
қолдиради. Бу эса Оллоҳ тарафидан одамларга ато этилган ақл учун, бу
ақлни ишлатиш учун танилган имкондир.
Мана бир минг тўрт юз йилдирки, бу ғоя дунёда яшамоқда. Маълум бир
даврларда Ислом ер юзидаги давлатлардан бир қанчасида иқтидорга
айланди. Яъни ғоя, мафкура барча инсонларни бутунлаштириб, уларнинг ҳоҳиш-истакларини ўзида мужассамлаштирди.
Октябрь инқилобидан кейин шўролар асосий диққат-эътиборларини
исломий ғояга, умуман, диний ғояга қарши курашга қаратдилар. Бунинг
ўрнига ўз мафкураларини ўрнатишга уриндилар. Маълумки, рус инқилобидан
аввал Туркистон ҳудудида Бухоро амирлиги, Хива ва Қўқон хонликлари
миллат асносида эмас, уммат тамалида қурилганди. Бухоро амирлиги
ҳудудларида ўзбек, тожик, барлос, қўнғирот, найман… хуллас, барча
инсонлар бир уммат ўлароқ яшар эдилар. Айни шаклда Хива хонлиги
ҳудудида туркманлар, қорақалпоқлар, ўзбеклар ва бошқа турк қавмлари бор
эдилар. Қўқон хонлиги ҳам ўзбеклар билан бирга найманлару қирғизларга
қадар, қавмларнинг - мусулмонларнинг хонақоҳи эди.
Хўш, мазкур тамалга қайтиш мумкинми? Мовороуннахр мусулмонлари
идорасининг собиқ муфтийси, Робитаи Исломиянинг аъзоси Муҳаммад Содиқ
Муҳаммад Юсуф 1997 йилнинг 10 майида Би-Би-Си радиосида ўзбек бўлими
муҳаррири Ҳамид Исмоилнинг “Бугун Ўзбекистонда Ислом давлати қуриш
мумкинми?” деган саволига “Йўқ”, дея жавоб берар экан, буни қуйидагича
асослади:
“Биринчидан, бугун дунёда том маънода исломий бўлган бирор бир
давлат йўқ, яъни ўрнак олинадиган, бу ишни ҳаётга тадбиқ этишда изидан
бориладиган давлатни кўрмаяпман.
Иккинчидан, Ўзбекистон етмиш йил давомида атеистик босим остида
яшади. Бугун диний кадрлар, Исломни мукаммал билган донишмандлар оз.
Хўш, Ислом давлати қурилса, бу ишни ким билан амалга оширамиз?”
Агар Ўзбекистон ҳудудларидан ташқарига чиқадиган бўлсак, айни
қарашни бундан беш йил олдин Тожикистон мусулмонларининг лидери Қози
Акбаржон Тўражонзода ҳам “Комсомольская правда” газетасидаги
мусобаҳасида ўртага қўйганди. Аслида ҳар бир уламонинг, қолаверса, биз
исмларини зикр этган уламоларнинг ҳам кўнгил остидаги орзулари Ислом
давлатидир, аммо бунга шарт-шароит йўқлигини эътироф этмоқдалар. Гарчи
исломий давлат қуришни келажакка қолдираётган бўлсалар-да, умматчилик
ғоясини тарғиб этишда кенг фаолият кўрсатмоқдалар. Табиийки, Ўзбекистон
ҳудудлари ичида эмас.
2. ХАЛҚЧИЛИК
Бу ғоянинг ҳам тарихи узоқ. Бу ғоя ҳам баъзан иқтидорни қўлга
кечирди. Россияни тарк этиб, Парижда ва Истанбулда яшаган буюк тарихчи
олим Юсуф Акчура 1904 йилда ёзган “Уч тарзли сиёсат“ мақоласида Усмонли
давлатида султонларнинг аксарияти исломий йўлни ғоя деб танлаганлари,
айримлари эса туркчиликка меҳр қўйганлари ва бир қисми Усмонли халқи
мафкурасини умум мафкурасига айлантиришга ҳаракат қилганини таҳлил
этади.
Маълумки, Усмонли империясининг ҳудудларида турли миллатлар яшабгина
қолмасдан, турли динлар ҳам мавжуд эди. Яъни Китоби бўлган барча
динларнинг мансублари бор эдиларки, Усмонли давлати улар билан
ҳисоблашмасдан иложи йўқ эди. Фақат мусулмон динини ёки фақат
туркчиликни ғоя қилиб олса, аҳволи оғирлашиб қолишидан чўчиган баъзи
султонлар “Усмонли халқи“ мафкурасини яратишга киришдилар.
Бу ғоя охир оқибатда Усмонли империясини инқирозга учратди. Лекин бу
“ғоя“нинг этагига бошка бир империя осилди, бу шўролар давлати эди.
Етмиш йил давомида Совет халқи деган мафкура “ишланди“. Айникса,
Брежнев, Черненко, Суслов каби “даҳолар“ зўр бериб, барча миллатлардан
бир миллатни, барча ғоялардан бир ғояни, яъни совет халқини ўртага
чиқармоқчи бўлдилар. Улар бу ғоя тантана қилди, дея дунёга жар солишган
бир пайтда, империялари ғоясизликдан парчаланиб кетди.
Ўзбекистон мустақилликдан кейин 1992 йилнинг 8-декабрида янги
Конститутция қабул қилди. Камина бу Конститутцияга овоз бермаган бир
неча “ўжар“ миллатвакилларидан бири. Бугун амалда бўлган ана шу
конститутциянинг биринчи боб 8-моддасида “Ўзбекистон халқини,
миллатидан қатъий назар, Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари ташкил
этади“ дейилади. Гарчи мазкур Конститутциянинг 12-моддасида “Ҳеч кайси
мафкура давлат мафкураси сифатида ўрнатилиши мумкин эмас“ дейилса-да,
кўриниб турибдики, шўролардан меърос қолган халкчилик нафакат бу
Конститутциянинг томир-томирига қадар сингган, балки давлатнинг қам
асосий сиёсатига айланган. Буни Ўзбекистон Президентининг чоп этилган
ҳар бир китобини варақлаган киши дарров сезиши мумкин. Аксарият
сахифалар “Ўзбекистон халки“ дея бошланади ва “Ўзбекистон халқи“ дея
тугайди.
Гарчи бу ғоя давлат идораларининг асосий “иш куроли”га айланган
бўлса-да, миллат томонидан ҳазм этилмади. Шу боисдан бу ғояни яшаяпти
ёхуд йўлбошчилик қилаяпти, деб айтиш мумкин эмас.
3. ЎЗБЕКЧИЛИК
Баъзилар ўзбекчилик бу халқимизнинг феълу ҳуйидаги айрим фитратларни
ифода этади, дея уртага “Ўзбеклик“ иддаосини ҳам отмоқдалар. Айникса,
1993 - 1994 йилларда, мафкура масаласи тортишилар экан, баъзи тарихчи
олимлар “Ўзбек миллати“ ғоясини илгари сурдилар. Маълумки, Туркистон
ҳудудида юзларча этник гуруҳлар мавжуд эди. Бу минтаканинг номи
Туркистон эканлигидан ҳам кўриниб турибдики, бу ерда яшаган асосий
миллат турклардан иборат эди.
Рус империализми томонидан Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон,
Туркманистон ва Тожикистон Совет жумҳуриятлари тузилар экан, асосий
мақсадлардан бири аввалига туркларни парчалаб, бошқа-бошқа номлар билан
аташ ва сўнгра уларни совет халқига айлантириш эди. Совет Иттифоқи
таркибида Ўзбекистон Совет Социалистик жумҳурияти тузиларкан, бу
геополитик майдонда қанча ўзбек яшаганини бугунгача ҳеч ким айта
олмайди.
Қолаверса, бу ғояни илгари сураётганлар яхши биладиларки, ўзбеклар
тарихи Олтин Ўрда хонлигидан ва Ўзбекхондан бошланади. Уларнинг
иддаосига таянган баъзи ғарб олимлари Ўзбекистон тарихи ҳақида фикр
юритар эканлар, бу тарих ўн бешинчи асрнинг охири ва ўн олтинчи асрнинг
бошида бошланганини ёзмоқдалар. Хўш, ундай экан, бобокалонларимиз
Хоразмий, Беруний, Форобий, Ибн Сино, Амир Темур, Бобур Мирзо замонлари
ва ҳатто Мелоддан аввалги олтинчи асрга қадар узанган тарихимиз нима
бўлади?
Яна қолаверса, “Ўзбекчилик“ руслар томонидан орамизда нифоқ чиқариш
учун ва ўзлигимизни йўк этиш учун ўртага ташланганини ҳеч ким рад
этмайди. Шундай экан, бугун русларнинг орқасидан “қувиб”
бораётганимизни изоҳлаш кийин.
Кейинги пайтда баъзи ёзувчилар ва шоирлар хам “Ўзбекчилик“ деган
иддаони зўр бериб суғормоқдалар. Уларнинг баъзилари “Ўзбек“ дегани бир
миллатнинг номи эмас, бу жуда кўп этник гурухларнинг бирикимидир, улар
ўзларига бек, ўзларига хон эканликларини ифодаламоқ учун бу номни
олганлар, демоқдалар. Ваҳоланки, уларнинг аксарияти Ўзбекистон
мустақиллиги кунларида жумҳурият номини ўзгартириш, Туркистон номига
қайтиш ва ҳатто пойтахтни азалий бошкентимиз Самарқандга кўчириш
тарафдори эдилар.
Кўриниб турибдики, ҳали бир қарорга келганлари эмас. Туғрироғи,
кўнгилларининг остидаги гапни айтиш учун юқоридан эсадиган шамолдан
кўрқиб турибдилар.
4. ТУРКЧИЛИК
Туркларнинг тарихи баъзиларга кўра, Кўктурклар императорлигига бориб
тақалади. Баъзилар эса тарихни Хун императорлигидан бошлаб
варақлайдилар. Аммо шу нарса аниқки, туркларнинг тарихи бундан хам
узоқларга бориб тақалади ва турклар дунёда ўз алифбосига, ўз тилига, ўз
маданиятига соҳиб миллатдир.
Турк императорликлари тарих саҳифаларига айланганидан кейин,
туркчилик ғояси ўртага чиқди, яъни парчаланган, бўлинган турклар
қайтадан бутунлашиш учун бу ғояни илгари сурдилар. Баъзан уни
турончилик ҳам деб атадилар.
Туркчилик, айникса, ўн тўққизинчи ва йигирманчи асрда ғоя сифатида
кучланди. Ғарбда унга пантуркизм номини бердилар. Туркистонда Мунаввар
Қори, Беҳбудийлар бошлаган жадидлик ҳаракатининг замирида ҳам туркчилик
ғояси бор эди. Туркияда Зиё Кўкалп, Исмоил Гаспирали, Заки Валиди
Тўғон, Ниҳол Отсиз каби фозилу фузалолар ҳақида гап кетганда, уларни
туркчилар, дейишади. Зиё Кўкалпнинг ватани Туркия бўлса, Исмоил
Гаспирали қримлик, Заки Валиди Тўғон эса Мунаввар Қорининг
уринбосарларидан бири. Уларни бирлаштирган туркчилик ғоясидир.
Биз бошка ғоялар тарихига узок тўхталмаганимиздек, (Зотан, бу
ғояларнинг ҳар бири ҳақида юзларча китоблар ёзилган. Бизнинг
максадимиз, уларнинг тарихини англатиш эмас, балки бугунги
мафкурасизликни кўрсатишдир), бугунги кунга келмоқчимиз. Ҳозир
Ўзбекистонда Туркистон, Турон калималари сарбаст, яъни истаган одам бу
ҳақда гапириши мумкин. Лекин туркчилик ҳақида гапираётганлар оз.
Аслида эса, барча олимлар ва зиёлилар бизнинг турк эканлигимизни
яхши биладилар. Факат Туркияда турклар яшамокда, тарих майдонида эса
Ўзбекистон деган давлат хам бор. Демак, биз туркмиз деганда, ўзимизни
Туркияга боғлаб кўйган бўламиз, шубҳасига бормоқдалар. Ваҳоланки,
Туркиядаги турклар Марсдан тушганлари йўқ. Туркистондан кўчиб борганлар
ва ўз миллатларининг номини бугунга қадар сақламоқдалар, давлатларини
ҳам шу ном билан атамоқдалар.
Шундай экан, биз учун ҳам жиддий тушуниб кўрадиган мавзу бу.
Қолаверса, туркчилик учун энг кенг майдон жуғрофий ўларок
Ўзбекистондадир. Тарихий тамал шу қадар кучлики, истасангиз Алишер
Навойи асарларини, истасангиз “Девони Лўгати Турк“ни варақланг,
тафаккурингизга биринчи галда турклик шуури ёғилади.
ХУЛОСА ЎРНИДА
Бугун Турк-Ислом ғоясини биргаликда ўртага отишмокда. Айрим
туркчилар, яъни турончилар у ҳолда асли турк бўлган гагаузлар, сахалар
ва бошка қавмлар четда қолмайдими, дейишади. Мантиқан тўғри, чунки
баъзи бир турк қавмлари бошқа динларга мансубдирлар. Бутун туркларни
бир Турон ғояси атрофида бирлаштириш масаласида улар ҳақ. Бу
мафкуранинг байроқ тикиладиган сўнги манзили.
Аммо бугун Ўзбекистонда, Туркистонда қайси бир ғоя миллатимизни
келажакка етаклайди? Баъзи исломшунослар миллат тушунчасини инкор этиб,
факат уммат қаврамига таянадилар. Дин илимдони Обидхон Қори Назаров
Би-Би-Си радиосида бу ҳакдаги саволга жавоб берар экан: “Ислом миллатни
рад этмайди. Жанобу Аллоҳ ҳар бир миллатни ўз тили, ўз урф-одатлари
билан яратган. Қуръони Каримда ҳам инсонлар миллат ва қавмларга ажратиб
қўйилгани айтилган. Шундай экан, миллатни кўрмасликдан келиш мумкин
эмас. Аксинча, Ислом миллатни ва миллий урф-одатларни ҳимоя килади“
дейди.
Хуллас, куриниб турибдики, Ўзбекистон мафкура бобида чорраҳада
дебсиниб турибди. Ҳукумат бир йўлни танласа, зиёлилар бошқа йўлни,
тарихчилар эса яна бошқасини кўрсатмокдалар. Бир қарашда ҳаммаси
парча-парча ҳолда яшаётганга ўхшайди, аммо моҳиятига назар солинса, ҳар
ким хар томонга тортмокда.
Бизни ташвишлантирган ва бу маколани ёзишга ундаган яна бир асосий
нарса шуки, 1904 йилда Юсуф Акчура бу хусусни қаламга олар экан,
Исломчилик, Халкчилик ва Туркчилик ҳақида тўхталган эди. Бир нечта ғоя
эмас, балки ягона ғоя миллатни уфққа етаклашини орзу қилганди. Орадан
юз йилга яқин вақт ўтгач, бу учликдан якка-ягона ғояга келиш ўрнига
тўртинчи ғояни ҳам тортишиб ўтирибмиз. Бу кетишда яна юз йилдан кейин
бошқа бир қаламкаш бу хусусда мақола ёзар экан “Қўнғиротчилик“,
“Найманчилик“ каби янги ғоялар ҳакида ёзмаса бўлгани. Таассуфки, шунга
қараб кетаяпмиз. Вой, миллатимизнинг ҳолига!
Мафкура, ғоя - сиёсат усти тушунчадир. Тўғрироги сиёсат мафкуранинг
зафарияти учун ижро воситасидир. Амма сиёсатчилар мафкурани сиёсатнинг
бир парчаси сифатида кўриб келдилар ва ҳамон шу қолипда қолмоқдалар.
Демак, ҳаммасини бошдан бошламоқ керак.
“ОЗОДЛИК” радиоси, 1997 йил, 14 июн.
HARAKAT JURNALI 2 (9) 1997