Наманганда Мамадали Икромов деган ,меҳнат қаҳрамони унвонли машҳур бир колхоз раиси бўларди.Биз мактаб ёшидаги болалар ҳам у ҳақда катталардан афсонамо ҳикоялар эшитганмиз.Масалан ўша раис эмишки шаҳардаги замонавий уйига ҳаммом қурган экан.Ўша ҳаммомнинг қозонхонасини ҳар куни сут заводининг машинасида сут олдиртириб келиб тўлдиртирар сўнг ўзи ва машъуқаси билан чўмилар экан.Гўё покланарканда.
Ёки бўлмаса совет даври Горбачевнинг қайта қуриш, ошкоралик даврида одамлар неча йиллар мустабид тузум юки босиб ётган ичларидаги ҳамма керак-керакмас сўзларини ошкоралик дея баралла айта бошладилар.Лекин "яна бир кор-ҳол юз бермасайди" дея эҳтиёткорлик қилиб жим турганлар ҳам кўп бўлди.Ана шу ичидагини ташига чиқармай юрган иккиюзламачи дейиладими ё мунофиқларми ўша пайт мустақилликка қарши эдилар, бугун эса ҳокимиятни эгаллаб мустақиллигимизни ҳеч кимга бермаймиз дея жар солмоқдалар.Улар халқ мустақиллиги эмас ўзларининг шахсий мустақилликларини ўйлаб ҳар қандай нопокликдан қайтишмаяпти.
Ҳа, ўша қайта қуриш йилларида баралла сўзлаганлар ҳам кўп бўлди.Шулардан мен билганларим кўпчилиги ё қамалди, ё амалдан қувилди, бедарак кетди, омади келганроқ тирик қолганлари чет элларга ва яна номаълум томонларга қочиб қутулишди. "Муштум" журналида ўша даврда ишлаган Қутби Носирова деган журналист опа бор эдилар.Ўша опа ҳам жамиятдаги иллатларни ошкора ёзганлардан бири эди.Мустақилликдан кейинги тақдири нима бўлди билмадим.
Ўша опанинг турмуш ўртоғи Маҳкам Рихсиев Ўзбекистон радиосида "Покланиш" номли махсус дастур олиб борар эди.Одамлар шу радиодастур орқали ўзлари ва жамиятдаги нопокликлар ҳақида айтиб гўё покланар эдилар.
Юқорида раиснинг сутга чўмилишини айтдим.Сут, оппоқ сут энг беғубор, поклик рамзидай кўп тилга олинади.Одамлар орасида "она сутидай ҳалол" деган ибора ҳам ишлатилади.Ёки бўлмаса "у киши ҳалол-пок киши, ҳатто сигирнинг сутини бузоқни ҳаққи бор деб ичмайди" сингари гаплар бор.Айтмоқчи бўлганим раис ва машъуқасининг сутда чўмилишлари ҳақиқатмиди?Агар ҳақиқат бўлса асосан истеъмол учун энг покиза ҳисобланган сутга чўмилиш гуноҳмасми?Мен бу нарсаларни у ё бу дея ҳукм чиқара олмайман.Лекин агар инсон қалбан пок бўлмаса сувда чўмиладими ё сутга чўмиладими барибир пок бўлолмаслиги аниқ.
Бугун ўзбек жамияти анчайин таназзулга учради.Кўп ўйлайман-да.Нимага шунақа бўлди?Нимага дейману ҳаммасига ўзимиз сабабчи-да деган жавоб келаверади.
Кўп ёзганларимда халқнинг бошида турганни ва яна бош бўлишга ҳаракатдагиларни танқид қиламан.Ҳалқ бошига зулм ёғдираётганнинг дастидан ватанни ташлаб чиқиб кетдик.Лекин бу ёқларга қўлини узатса ҳам етади.Аммо қай биримизнинг оғзимизни юмиб, овозимизни ўчиради.Узоқдан туриб мен кабиларнинг айтаётганлари унга чивин чаққанчалик ҳам таъсир қилмаса ҳам керак.Овозлар қачон бир бўлсагина кучли гумбурлайди-да.Шунақа эмасми?
Энди янги бош бўламан деган эски дарди бедаволарнинг баъзиларини ўйлар эканман униси бунисидан фарқ қилмайди деб ўйлайман.Ҳали бош бўлмай туриб қўли қонга ботиб бўлган.Худо кўрсатмасин тахтга келиб қолса шу ёқлардан ҳам тутиб кетса керагов деб қўяман.Буниси унисиданда нопоклигини айтмаса ҳам ҳаракатлари кўрсатиб турибди.
Кейинги пайтларда суҳбатлашган кишиларим поклик тўғрисида кўп гапиришадиган бўлиб қолишди.Уларнинг аксарияти: "одамлар ўзларини ўнглашмаса бошларида ҳозирги зулмбош тураверади, ҳамма аввало ислоҳни ўзидан бошлаш керак" дейишяпти.
Лекин одамлар айтганларига ҳамма вақт ҳам амал қилишмаяпти шекилли жамиятдаги вазият ўзгармаяпти.