Ризобек Пятница, 2024-11-15, 02.29.18
Приветствую Вас Гость | RSS
Главная | | Регистрация | Вход
Меню сайта
    Статистика

    Онлайн всего: 27
    Гостей: 27
    Пользователей: 0
    Форма входа

    Главная » 2007 » Ноябрь » 11 » АДАБИЁТ
    13.07.26
    АДАБИЁТ
    Жаҳонгир Муҳаммад

    Қувғин
    Роман
    2-китобнинг давоми

    Миртемир "Катта" билан гаплашиб бўлгач, ёнидагилар унга ишонишмади. Айниқса, Самандаров иккиланиб қолди. Балки Миртемир бизни чўчитиш учун биров билан гаплашгандир, деб ўйлади. Йўқ, телефон жиринглади ва кимдир уни боғлади. Балки ҳеч ким билан гаплашмаган бўлса-чи? Ахир "Катта" менга телефон қилиб "Нима қилсанг қил, кўрсатувларни йўқот" деди-ку? Нега энди изн берди? Ҳозир Миртемирга ишониб, кўрсатувни ўтказиб юборсам, эртага елкамдаги бошим учиб кетади. Балки ростдан ҳам "Катта"нинг фикри ўзгарган бўлса-чи? У ҳолда яна балога қоламан.

    Самандаров хаёл сурганча репортажларни томоша қиларкан, аввал Қиёмов Байрамбоевга телефон қилди. Ҳозироқ Миртемирнинг Москвага кетиши кераклигини айтди. Кўп ўтмай Мақсад Қул сим қоқди. У сафар эрталабга қолганини билдирди.

    - Менимча репортажларни кўриб ўтиришларингизга ҳожат қолмади,- деди Миртемир Байрамбоев ва Самандаров бошчилигидаги ҳайъатга.- Воқеаларни кўрсатишимизга "Катта"нинг ўзи ҳам қарши эмас. Қолаверса, у репортажларни Москвага ҳам олиб боришимизни истаяпти.

    - Тўғри,- деди Самандаров.- Лекин репортажларда бир ёқламаликка йўл қўйилган. Урилган, сурилган, қонга ботганлар кўрсатилибди. Лекин талабалар тош отганда ярадор бўлган миршаблар қани? Нега миршаблар томонидан ҳеч ким гапирмаган? Нега тарозининг иккинчи палласи бўш қолган?

    Миртемирга Самандаровнинг воқеани икки қутбга ажратиши ёқмади. Лекин ўзи ҳам репортажларни томоша қилганда ана шундай икки қутблилик ҳақида фикр юритмаганмиди? Мана энди ҳукумат раҳбарларидан бири буни тан олаяпти.

    - Миршаблар зулм ўтказувчи томон, - деди Миртемир. - Улар талабаларни қўриқлашлари керак аслида. Ҳар қанча ҳақ бўлмасинлар ёш болаларга қарши ўқ отишлари керак эмас эди. Улар душман ёки душманнинг болалари эмас. Улар бизнинг тинч болаларимизга, укаларимизга, сингилларимизга қарши ўқ отдилар, қон тўкдилар.Шу боис бу ерда уларнинг номидан сиз гапиришингиз керак. Мен эрталабдан буён тарозининг иккинчи палласини тўлдиришга уринаман, лекин тарозида турадиган одам йўқ.

    - Депутат бўлсангиз ҳам, бироз ўйлаб гапиринг,- деди қизишиб Самандаров.- Одам йўқ, деганингиз нимаси? Мана мен келиб ўтирибман.

    - Унда жуда ҳам яхши, демак, тарозининг иккинчи палласи ҳам тўлди, мувозанат сақланди. Репортажни берамиз, орқасидан сиз гапирасиз

    - Мен ҳукумат номидан гапираман, - қизишди Самандаров. - Бугун воқеага ҳукуматнинг қарашини баён этайлик, эртага эса миршаблардан бирини ёзиб олинглар, мана бу репортажнинг баъзи қонли ерларини монтаж қилинглар. Ундан кейин экранга олиб чиқинглар. Мана мен ҳам осмондан тушганим йўқ, неча йилдан буён ижод қиламан, шеър ёзаман, достон ёзаман... Халқнинг руҳиятини яхши биламан. Халқимиз бу репортажни ҳазм қилолмайди. Сайловни кўрдингиз, аксарият одам "Катта"мизни қўллаб-қувватлади. Шундай шароитда халқни талабаларга қарши қилиб қўйиш тўғри бўлмайди. Бу воқеани халқ исён деб қабул қилиши ва талабалардан норози бўлиши мумкин. Бу масаланинг биринчи томони, иккинчидан эса миршаблар бизнинг посбонларимиз, уларни ёмон отлиқ қилишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Агар миршабларга бўлган ишонч емирилса, тузумимизга ишонч йўқолади. Учинчидан эса бу репортажлар давлат комиссияси ишига жиддий таъсир кўрсатади.

    Миртемир бу шоирнинг иккиюзламачилиги ҳақида кўп эшитганди. Вилоятда ишлар экан, бирданига ҳукуматнинг тепасида пайдо бўлиши кўпчиликни қизиқтирганди. Ўшанда Миртемир ҳам бунинг сабабини суриштирганди. "Катта" у ишлаётган вилоятга борганда, мажлисда сўз олиб, "Катта" га бағишланган шеърини ўқибди. Кейин эса бу шеърни бир ашулачига ёдлатган экан, уни саҳнага олиб чиқибди. Орқасидан "Катта"нинг қўлига вилоят газетасида босилган "Катта"миз -маданиятимизнинг посбони" сарлавҳали мақоласини қистирибди. Кўп ўтмай пойтахтга чақирилибди.

    - Масъулиятни мен бўйнимга оламан, - деди Миртемир.- Бугун репортажни ва сизнинг шарҳингизни эълон қиламан, эртага эса миршаблардан интервью оламиз. Илтимос, студияга кириб, фикрларингизни ёздирсангиз, жонли равишда чиқмасангиз керак, ҳар ҳолда. Кўрсатувнинг вақти ўтиб кетаяпти.

    Миртемир шундай деди-да, йигитларга кўрсатувни бошлаймиз, деган ишорат берди. Самандаров ўрнидан туриб, ҳукумат телефонининг ёнига келди ва Абдулла Ҳошимовга сим қоқди:

    - Миртемир укамиз "Катта"дан рухсат олдим, Талабалар шаҳарчасидаги ур-йиқитларни, ўқдан ярадор бўлганларни халққа очиқ кўрсатамиз, деяпти. Менимча, буни кўрсатиб бўлмайди. Эртага воқеаларни идора қилолмай қолишимиз мумкин. Миршаблар студияга бостириб келсалар, нима деймиз? Биз қаршилик қилдик, лекин Миртемир укамиз депутатлигини пеш қилаяпти.

    Самандаров телефон дастасини қўйиши билан Миртемир унинг ёнига келди ва жаҳл билан:

    - Эркакнинг ишини қилмадингиз. Мен сизга депутатлигимни рўкач қилганим йўқ. Бу хусусда гап ҳам бўлган эмас. Оддий бир инсон сифатида фикримни айтдим. Қолаверса, мен вазифамни бажараяпман, сиз эса ҳалақит қилаяпсиз,- деди.

    - Сиз мени эркак эмас дедингиз, ҳақорат қилдингиз. Бу депутатлик вазифасини суиистеъмол қилиш эмас-ми? Халқ берган ишончни ўзингизга қалқон қилаяпсиз.

    - Минг афсуски, депутатлик шаънига ярашмайди, дея сизни яхшилаб ҳақорат қилолмаяпман. Чунки сиз бетингизни чарм қилиб, шунча одамнинг олдида ёлғон гапирдингиз.

    Самандаров тиржайганча хонада у ёқдан бу ёққа юрди-да, Байрамбоевга юзланди:

    - Қани сиз айтинг, мен туҳмат қилдим-ми?

    - Менимча, Миртемир укамиз қизишиб кетди. Сиз бор гапни айттингиз. Кўраяпсиз менинг ваколатимни ҳам қўлимдан олиб қўяяптилар. Ваҳоланки, мен ҳам сизнинг фикрингизга қўшилиб, бу репортажни тўхтатмоқчиман.

    Миртемир индамай чиқиб кетди. Репортажларни кўрсатувга ҳозирлашни буюриб қайтганида хонасида Абдулла Ҳошимов ўтирарди.

    - Самандаров эмас, мен чиқадиган бўлдим,- деди у. - "Катта" мени юбордилар. Репортажларни эса эртага берарканмиз. Бугун қисқагина кўрсатиб, реклама қилар экансиз, ўшанда эртага ҳамма тўпланиб томоша қилади.

    - Халқнинг тавқи лаънатини кўтариш оғир. Сизлар шунга ўрганган бўлишларингиз мумкин.Агар шу репортаж берилмаса, истеъфомни қабул қилинг!- дея эшикни ёпиб, чиқиб кетди Миртемир.

    Улар репортаждан бир қисм кўрсатиб "Эртага бу ҳақда батафсил ҳикоя қиламиз", деб эълон қилишди. Ўзларича на сихни ва на кабобни куйдирган бўлишди.

    Миртемир эрталабгача ухлай олмади. Саҳарлаб уйининг ёнига машина келди. "Москвага боролмайман" дея машинани қайтариб юборди. Кўп утмай Майнов телефон қилди.

    - "Катта" га айтинг мени қабул қилсин. Истеъфо бермоқчиман, - деди Миртемир.

    - Узр, бу масалаларга биз аралашмаймиз. Бу жиддий масала, йўлини топиб, ўзингиз учрашинг. Бугун пойтахтда фаоллар йиғилиши ўтказадилар. У ерда учрашишингиз қийин, чунки жуда ҳам банд бўладилар. Менимча, Москвага бориб келинг. Эрта эмас, индин Талабалар шаҳарчасидаги Маданият саройида профессор-ўқитувчилар билан учрашадилар. Ўша ерда гаплашасиз, - деди Майнов.

    Дарҳақиқат, бу бир имконият, деб ўйлади Миртемир. Москвада матбуот конференцияси ўтказиб, бўлаётган гапларни дунё жамоатчилиги олдига қўяман. У ана шу фикр билан йўлга чиқди. Москвада жумҳурият тамсилчиси кутиб олди.

    - "Катта" шахсан телефон қилиб, матбуот конференциясини бекор қилдилар. Сиз олиб келган нарсаларингизни бизга топшириб, орқага қайтар экансиз.

    - Нега бекор қилишди? Мен ҳеч нарса олиб келганим йўқ.

    - Халқ ҳаракати вакилллари идорамизни қуршаб олишди. Тинимсиз матбуот конференцияси ўтказишаяпти, - деди тамсилчи.

    Миртемир Халқ ҳаракати вакиллари билан учрашиб, бўлган воқеалардан уларни хабардор этди. Кейин шу куниёқ ортга қайтди. Келса, телевидение тинимсиз равишда "Катта"нинг фаоллар мажлисидаги нутқини такрорлаб кўрсатаётган эди. У мажлисда шу қадар жўшиб гапирибди-ки, Миртемирнинг ҳам вужуди титради. Бу унга ишончданмиди ёки нафратданмиди, ўзи ҳам англаб етмади.

    "Катта" ҳамма орзу қилиб юрган гапларни гапирганди:

    "Халқ ҳаракати ва Озодлик партиясининг битта мақсади бор. У ҳам бўлса Ватанига, миллатига хизмат қилишдир. Агар ана шу йўлдан боришса, мен Исломга ҳам, мафияга ҳам йўл бераман.

    Эй, одамлар! Олти ой, етти ой сабр қилинг, август-сентябргача сабр қилинг. Тиз чўкиб сурайман, сўнг ҳаётимиз фаровон бўлади. Мен сизларга ҳаётни жаннат қилиб бераман. "Қора кучлар"дан биринчи навбатда талабаларни, сўнгра сизни қутқазаман.

    Қотиллар топилади ва жавобгарликка тортилади. Ўқ еган йигит менинг ўғлимдек, азоб чекдим. Унинг юртига бориб, қабрга ўзим қўяман ва унинг хуни учун қотиллардан ҳисоб сўрайман..."

    Миртемир Талабалар шаҳарчасидаги Маданият Саройига келди. Учрашув кичкинагина хонада бўлди. "Катта" бу ерда ҳам фаоллар йиғилишидаги гапларини айнан такрорлади. Домлалардан айримлари уни қўллашди.

    - Менда бир савол бор,- дея ўрнидан турди ҳажвчи Худойқул Мухторов.

    Миртемир уни яхши танийди. Университетга кирганида илк дарсда шу домла билан танишганди. Ўшанда Худойқул Мухторов эркин мавзуда иншо ёздирди. Эртасига эса беш кишини ўрнидан турғазиб "Сизлар университетга танкасиз киргансизлар. Қолганларнинг эса орқасидан итарган танкаси бор", деди. Миртемир ҳам ўша беш кишининг ичида эди. Қолганлар домладан ранжиган бўлишди.

    - Ҳақиқат аёвсиз ва ранжитувчи бўлади,- деди Худойқул Мухторов.- Ҳақиқатни ҳимоя қилувчилар ўжар, чўрткесар, қизиққонга ўхшаб кўринадилар. Аслида эса улар бундай эмас. Уларни шу тарзда кўришга истаганлар учун орзуларини рўёбда тасаввур қиладилар. Мен хулосамни осмондан олганим йўқ. Ҳар бирингиз ичингизда қандай билди экан, деб ўтирибсиз. Лекин айни пайтда мени ёлғончи ҳам деяпсиз. Жамиятимизнинг инқирози ана шунда, ичимизда бошқамиз, ташқарида бошқамиз.

    Худойқул Мухторов кўпинча масал ёзарди. Масал орқали ҳайвонларнинг тили ва образида ҳамма гапни айтиш мумкин. Балки шунинг учун ҳам у хушчақчақ одам эди. Ўзини ўйлантираётган ва қийнаётган дардларни масалларга тўкиб, енгил тортарди. Мана энди у биринчи бўлиб "Катта"ни саволга тутмоқда.

    - Талабаларни отишга ким рухсат берди? Сиз мамлакатнинг бошида ўтирибсиз, бу нарсани билишингиз керак.

    - Ёшингиз неччида? - сўради "Катта" ундан.

    - Сиз билан бир йилда туғилганмиз,- деди у.

    - Э, яшанг Худойқулжон! Тенгқур эканмиз, қани айтинг-чи, нега талабаларни қайтариб қолмадингиз?

    "Катта" ўзига хос "манёвр" билан Мухторовнинг саволини четлаб ўтиб, ўзини нишонга олди.

    - Газетачилар факультетининг талабалари очлик эълон қилишди. Уларга "Болаларим, тўққиз қатли бинонинг устида ўтираверманг, бўйрагингиз шамоллаши мумкин", дедим.

    Мухторовнинг гапини "Катта" бўлди:

    - Уларнинг буйраги эмас, мияси шамоллаган, миясини даволаш керак! Билдингиз-ми, Худойқулжон. Буйрак шамолласа, гўр ҳам чалмайди!

    - Гўр чалиш, чалмаслиги нималигини билмадим-у, Лекин...

    Унинг гапини яна "Катта" кесди:

    - Мана менинг ҳам буйрагим касал...

    Энди Мухторов "Катта"га мудоҳала қилди:

    - Бизга келажакда буйраги соғлом рағбарлар керак. Ўшанда уларнинг мияси ҳам шамолламайди.

    "Катта" тушунди-ю тушунмасликка олди. Олимларнинг ичида у билан ади-бади айтишни истамади. Кичик залда тикилиб ўтирган домлаларнинг баъзилари Худойқул Мухторовга қойил қолсалар, айримлари бу ўжарлигини қўймади-қўймади-да дегандек, бош силкишди.

    Бирдан залда шивир-шивир бошланди. Ташқарида юзларча талабалар тўпланишибди. "Катта" билан кўришмоқни талаб қилишаётган экан. Уларнинг вакили сифатида Маратов билан Халқ ҳаракатининг йўлбошчиларидан бири бўлган Исмат Шуҳратуллаев ичкарига таклиф қилинди. Аввал Маратов сўз олди:

    - Мен нон дўконининг ёнида тургандим. Нон келмагани учун талабалар норози бўлишди. Аста-секин улар кўпайиб кетишди. Шу пайт ОМОНчилар келди. Уларнинг раҳбари менинг ёнимда эди. У киши жуда яхши одам экан. Отишга рухсат берган эмас, балки мени ҳимоя қилиб турди. Ўқ отганлар провакаторлардир, "қора кучлар"нинг одамлари. Телевидение эса миршабларни, Жонибековни айблаб кўрсатув тайёрлабди. Хайрият-ки, бу кўрсатув экранга берилмади. Умуман, "Катта"мизга тушуниш қийин. Миртемир у кишига қарши Олий мажлисда тўнтариш ҳозирлади, у кишини шарманда қилувчи баёнот тарқатди, мажлисда ҳақорат қилди, лекин уни олиб келиб телевидениега раҳбар қилиб қўйдингиз. Мана энди фақат сизга эмас, юртимизга душманлик қилаяпти. Ҳозир Москвада ўтириб, матбуот конференцияси ўтказаётган экан...

    Миртемир индамай ўрнидан турди. Унга кўзи тушиб қолган Маратов:

    - Мана бу ерга ҳам етиб келибдилар,- деди.

    Миртемир сўз сўраганди,"Катта":

    - Бу ерга талабаларни тинглашга келдик,- деди ва Исмат Шуҳратуллаевга сўз берди. Кейин вазир, ректор ва яна бир неча кишини ишдан олажагини айтиб, ташқарига чиқди. Миршаблар томонидан қуршаб олинган машинаси эшикнинг оғзида турарди. У бир зумда кўздан ғойиб бўлди.

    Миртемирнинг хаёлидан Маратов кетмаётганди. Нега бу одам хаёлимдан чиқмай қолди? Дарвоқе, у мендан нима истайди? Нега бу ҳодисаларга менинг номимни боғлашга уринди? Бундан унинг бир манфаати борми? Дарвоқе, Маратов ўзининг фикри билан юрмайдиган одам. У гоҳида Коммунистик партиянинг ибратли танқидчиларидан бирига айланса, гоҳида мухолифатнинг лидерларидан бири бўлади. Ҳар кун қиёфасини ўзгартириб турадиган бу буқаламун юқоридаги акаларининг кўрсатмаси билан турланади. Улардан қандай топшириқ олса, ўша мусиқага ўйнайди, аммо маҳоратли ўйинчи. Уят, ҳаё деган нарсаларни билмайди. Маратов деган сўз қаердан менга таниш? Маратов... Маратов... Ҳа, топдим! "Марату" ривоятидан. Дарвоқе, ривоятдаги Марату билан унинг фамилияси бир-бирига жуда яқин. Маратунинг қилмиши, феъл-хуйидан Маратов худди андоза олгандек. Балки Маратов Маратунинг бир неча минг йилдан кейин пайдо булган нусхасидир, балки ўзидир. Йўқ, у менга қарши бўлгани учун Маратуга ўхшатаяпман. Ахир Маратов фақат бугун менга тош отаётгани йўқ-ку?!. Йиллардир у халққа қарши ўйналган ўйинларнинг бош қаҳрамони. Буни кўпчилик яхши билади. Лекин ундан ҳайиқишади. Баъзилар эса бир кун менинг ҳам ёқамга ёпишмасин, деб у билан яқинлашишга, дўстлашишга ҳаракат қилишади.

    Миртемир ташқарига чиқар экан, хаёлида "Марату" ривояти гавдаланди. Самонийларнинг тўнғичи бўлган ҳукмдор тоғ этагида яшаган Шошу қабиласининг бойликлари қоялар остидаги ғорда эканлигини тахмин қиларди, аммо бу ғорнинг оғзи қаердалигини билмасди. У қабила бошлиғини, унинг аёлини ҳар қанча қийнамасин, бирор гап ололмасди. Уларнинг икки ўғли бор эди. Бири қийноқларда жон берди, иккинчиси эса ҳукмдорнинг оёғини ўпди. Унинг пулга, мансабга ошиқлигини сезган ҳукумдор аврай бошлади:

    "Сени қабилага раис этиб тайинлайман. Бойликлар қаерда эканлигини айтсанг, бас. Ярмини сенга қолдираман."

    " Отам Мурунта тоғидан олтин кони топганди. Ана шу олтинларни ғорларга яширди. Кириш йўлларини ҳатто бизга ҳам кўрсатмади"

    " Наҳотки, ҳеч кимнинг хабари бўлмаса?"

    " Кундуз кунлари отам олтинларни қояларнинг этагига қадар ташитарди, кейин ярим тунда онам билан уларни қаергадир олиб бориб яширарди. Бизга эса бу олтинларнинг ғорларга яширганини ва уларни мерос қолдиражагини айтарди."

    " Дунёда қандай қийноқ, қандай исканжа бўлса отангга ва онангга қарши қўлладим, лекин миқ этишмади. Мен эртага эрталаб узоқ сафарга кетаман, агар сен бу ишнинг уддасидан чиқсанг нафақат бу қабиланинг, балки қўшни қабилаларнинг ҳам хирожини теришни сенга топшираман."

    " Ғор оғзини билса-билса онам билади. Лекин унинг бардоши отамникидан ҳам юксак. Ўлдирсангиз ҳам бир сўз олиш қийин."

    " Аёл зотидан гап олишнинг йўллари кўп. Сен отангга жуда ҳам ўхшайсан. Гавданг, товушинг, кўринишинг қуйиб қўйгандек отангникига ўхшайди. Ярим тунда онангнинг қўйнига кирасан. Унга ҳукмдор бошингга урганини, ҳамма нарсани унутганингни айтиб, ғорнинг оғзига олиб борадиган йўлни сўрайсан."

    " Барибир айтмайди. Бунинг устига мен онамнинг қўйнига киролмайман."

    " У ҳолда укангга ўхшаб қийноқнинг қули бўласан. Аввал кўзингни ўйиб оламан, кейин бармоқларингни кесаман. Сўнгра эса шакар томирингга чўғ босаман. Танла, бу азоблар яхшими ёки қабиланинг раиси бўлиш-ми? Истасанг, фармонни ва олтинларнинг ярмига эгалик қилишинг ҳақидаги қароримни ҳозироқ чарм терига ёзиб, қўлингга берай. Белингга боғлаб ол. У сенга куч беради."

    "Онам барибир айтмайди."

    "Оқшом онангни сўроқа чақириб оғзига шароб тўкамиз. Сен қоронғуда унинг қўйнига кирасан. Уни эркалайсан. Нозик туйғуларини жунбушга келтирасан. Мени лаънатлайсан. Бу азоблардан яқин орада қутилишини қулоқларига шивирлайсан. Бутун истакларини қондирасан. Ана ундан кейин олтинлар ҳам, мансаб ҳам сеники."

    Марату хукмдорнинг айтганини қилди. Онасидан ғорга олиб борадиган йўлни ўрганиб, чодир ташқарисида пойлаб турган ҳукмдорнинг ёнига югурди.

    " Сен мард бола экансан. Менга кўп фойданг тегади. Бу қабилага раис қилиб қўйсам, ноинсофлик қилган бўламан. Сени ўзимга хазинабон этиб тайинлайман. Халқдан солиқ йиғасан."

    " Қуллуқ, қандай амрингиз бўлса, ҳаммасини бажараман."

    " Ундай бўлса ота-онангни йўқот. Ўғли билан ётган она бошқалар билан ҳам ётади. Отанг эса сенга душман бўлади. Чунки мен билан бирга бўлишингни хоинлик, деб ҳисоблайди."

    Ойни этак билан ёпиб бўлмайди, деганларидек, Марату қилмиши ҳам халқ орасида тиллардан тилларга кўчиб юрди. Маратунинг девонбеги бўлгани, ундан кейин Бош вазирга қадар юксалгани пайтида,одамлар бу мудҳиш воқеа ҳақида овоз чиқариб гапиришга қўрқишарди. Аммо бир кун ҳукмдор халқнинг олдига чиқиб:

    - Мен Маратуни ҳалол, пок инсон, деб билгандим. Унинг ота-онаси ва укасини ўлдиришгач, бу оилага ёрдам қилмоқчи бўлдим. Бу болани Бош вазирликкача кўтардим. Лекин ўлимга ҳукм этдим. Чунки у бир пайтлар ўз онасининг қўйнига кирган экан. Буни эътироф этди. Шу боис Маратунинг жасади бутун қиш бўйи дорда осиғлик туришини буюраман. Ҳамма бундан ибрат олсин. Бу нафақат хоиннинг жазоси, балки бу ярим тунда алданган онанинг қарғиши ҳамдир, - деди.

    Одамлар ҳукумдордан қўрққанлари учун "Уни бу ишга сен бошлагандинг. Иккаланг ҳам лаънати шайтоннинг дарсини олгансан" деб айтишолмади. Аммо "Марату" афсонаси эллардан элларга, йиллардан йилларга кўчди. Ривоятга айланиб яшади. Кимдир бу ривоятдан дарс олди, кимдир ўз билганидан қолмади.

    Маратов ҳам ана шу дарс олмаганлар тоифасидан эди. У ҳам ҳукмдор учун ҳар қандай буйруқни бажаришга тайёр бир Марату эди.

    ( Давом этади ).
    Жойлади: Маъмур
    Всего комментариев: 0
    Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
    [ Регистрация | Вход ]
    Copyright MyCorp © 2024
    Сайт управляется системой uCoz