Холдор ВУЛҚОН Бирлашмадинг
Эй, мухолиф аҳли, эл бўлди гадо, бирлашмадинг.
“Ихватун” деб Тангридин келди нидо, бирлашмадинг.
Дини йўқ, иймони йўқ, фосиқ хукмдорлар сабаб,
Бангизод - тарёқ ила тарқар Вабо, бирлашмадинг.
Андижонда бегуноҳ бечораларни қирдилар,
Қабрида йиғлаб ётар Одам Ато, бирлашмадинг.
Туз бериб боққан эди Ўзбек сани, қочдинг қаён?
Эл чекар фарёду оҳ йиртиб яқо, бирлашмадинг.
Телбариб шоирларинг жаллодни мақтаб шеър ёзиб,
Оқсаройда кийдилар қирмиз қабо, бирлашмадинг.
Камтаринликдан насиҳат айладинг Сўфий мисол,
Сақлабон Иблис каби кибру ҳаво, бирлашмадинг.
Йўқчиликдан қиз-жувонлар бўлди беномусталаб,
Сен илон ёғин ялаб шому сабо бирлашмадинг.
Тўғри йўл кўрсатсалар ўз билганингдан қолмадинг,
Парчалаб бирликни сен қилдинг ХАТО, бирлашмадинг.
Каннибалдек еб одамзод гўштини ғийбат билан,
Бир-бирингни тепкилаб бўлдинг адо бирлашмадинг.
Тожу тахтга кўз тикиб қариб қолибсан, эй, рафиқ,
Эмди санга мунтазир Дорулбақо, бирлашмадинг.
Этма айб, эл хасратидан портладим Вулқон бўлиб,
Еру кўкни титратиб қилдим нидо БИРЛАШМАДИНГ!
9 ноябрь 2007 йил
Торонто шаҳри, Канада
|