Жаҳонгир Маматов:ИШОРАТЛАР (Туркум)
ҚАЙНОНАМ
Истанбулда яшардик. 1996 йил, 17 май. Қайнонам тушимга кирибдилар.
Олима аёл эдилар. Исмлари Саломат эди. Оилада ҳам, олийгоҳда ҳам у
кишини бирдек қадрлашарди. Юракларидаги самимият юзларида ярақлаб
турарди.
Ўзбек адабиётида ҳам, ўзбек ҳаётида ҳам “қайнона” калимаси салбий маънога тенглашиб қолгани доим мени ажаблантиради.
Мен Тангридан мамнун эдимки, худди ўз
онамдек меҳрибон аёл қайнона бўлдилар. У зотни кўрсам, худди онам
тирилиб келганларидек, кўнглим ёришиб кетарди. Бирор марта мендан
ранжиганлари ёки менга бирор калима аччиқ сўз айтганлари эмас. Умуман
аччиқ сўз нима эканлигини билмас эдилар. Мени “болам” дердилар ва мен у
кишини “ая” дер эдим.
Тушимда оппоқ либосда эдилар. Тоғ устидамиз. Аям пастга қулаб
кетдилар. Билакларидан тутиб қолдим. Бир зум… балки бир неча дақиқа..
-Болам, болаларимни сизга ишондим, -дедилар.
Ёнимда синглим у кишига мўлтираб қараб турганди. Онам вафот
қилганларида синглим бир ярим ёшда қолган ва у ҳам қайнонамдан худди ўз
онасининг меҳрини топгандек, у зоти муҳтарамани яхши кўрарди.
Қайнонам менинг болаларимни ҳам “болаларим” дер эдилар. Ҳаммасини
ўзлари катта қилдилар десам лоф бўлмайди. Эрталаб олийгоҳга кетишдан
олдин бизникига келардилар ва болаларни мактабга йўллашга
кўмаклашардилар. Ишдан кейин яна бизникига келиб кечга қадар умр
йўлдошимга кўмаклашардилар.
Хуллас, қўллари қўлларимдан сирғалиб пастга тушиб кетдилар…
Эрталаб бу тушнинг сири мени ўйга ботирди. “Тушингдан хавотир олсанг
пайғамбарларнинг туши, Тангрим яхшиликка йўйсин, дея сувга сўйла”
дейишарди. Сувни оқизиб қўйиб, ўйга толдим. Кўнглимни қоп-қора булут
қоплаган эди.
“Наҳотки” дердим ва орқасидан “бўлиши мумкин эмас”, дердим. Лекин
юрагимдаги юк оғирлашиб бораверди. Ўзимни қўярга жўй тополмадим.
Ичкарида умр йўлдошим ва болалар ҳали ухлаётган эдилар.
Мен ўзимни қўярга жой тополмаётганимни сезган умр йўлдошим:
-Тинчликми?-дея ёнимга келди.
-Самарқандга телефон қил,-дедим.
-Нега?
-Кўнглимни қоп-қора булут қоплаган, телефон қил! Ёмон туш курдим…
-Кеча телефон қилгандим, ҳаммалари билан гаплашдим, яхшилар, тушингизни сувга айтиб қўйинг…
Kўнглимдаги хиралик тарқамади. Умр йўлдошим телефон қила бошлади, аммо жавоб йўқ.
Охири ўзим телефон қила бошладим. Бирорта телефонга туша олмадим. Кейин тушганимда ҳам ҳеч ким олмади.
Охири кечга томон синглим олди.
-Нима бўлди?- дедим.
-Ҳеч нарса…
-Нега товушинг хириллаб қолган, яширма, нима бўлди?
-Қўлимда жон бердилар,-дея йиғлаб юборди синглим.
59 ёшда эдилар ҳали. Ўша куни юрак хуружидан оламдан ўтибдилар…
Ишониш қийин бўлган ҳодиса. Аммо ҳаётда яна шундай воқеалар
бўлади-ки, Тангрининг ишоратлари ҳар қадамда борлигига ва фақат биз уни
кўриб ҳам кўра олмаслигимизга амин бўлдим.
(Мазкур туркумнинг аввалги лавҳаларини ИШОРАТЛАР бўлимида ўқишингиз мумкин).