"Катта" кечқурун маҳаллий ва чет эл мухбирлари иштирокида матбуот конференцияси ўтказди. Миртемир унинг изини йўқотиб қўймасликка уринган изқувардек матбуот конференциясига келди. Сўз олиб, бўлган воқеаларни қисқа қилиб гапирди. Лекин "Катта" одатига кўра жавоб бериш ўрнига бошқа нарсалар ҳақида тўхталди. Конференциядан кейин Миртемир "Катта"нинг ёнига бориб, аризасини топширмоқчи бўлди. Унинг келаётганини кўрган "Катта" мухбир қизнинг белидан қучоқлаб, унга муҳим гапи бордек, қулоғига бир нарсаларни пичирлаганча, орқа эшикдан чиқиб кетишди.
Миртемир истеъфо аризасини кўпайтирди-да, бир нусхасини Майновга, яна бир нусхасини Узоқовга бераркан, коридордан Салимовнинг келаётганини кўриб қолди:
- Сизни ҳам қийнаб юрмай, мени йўқотиш учун овора бўлишингизга ҳожат қолмади. Мана истеъфом, - дея бир нусхасини унга узатди.
- Укажон, мени Бош вазирга ўхшатдингиз. Истеъфонгизнинг адреси Бош вазирдир,- деди.
- Бош вазир ҳам сизнинг қўғирчоғингиз бўлгани учун уни овора қилиб юрмай дедим-да. Майли, овораси бор-ми? Сизга у олиб кела қолсин, - Миртемир шундай деб қайрилиб девондан чиқиб кетди.
Миртемир Олий кенгашга келса, Озодбекнинг хонасида Исо Холис ва яна икки-уч киши ўтиришганди. Вақт алламаҳал бўлиб қолганига қарамай уларнинг бамайлихотир ўтиришларидан, кимнидир кутишаётгани маълум эди. Салом-аликдан кейин Миртемир бўлган воқеаларни Озодбекка гапириб берди. У бош чайқаб қўяркан "Мана Исо Холис давлат комиссияси таркибига кирдилар. Шу боис бу масаланинг босди-босди қилинишидан қўрқмасак ҳам бўлади," деди. Исо Холис эса:
- Истеъфономангизни беринг, биз газетамизда нашр эттирамиз,- дея Миртемирдан истеъфономанинг бир нусхасини олди.
Кейин маълум бўлса, улар ҳам Бош вазир Абдулла Ҳошимов билан учрашмоқчи эканлар. Бош вазир Миртемирнинг истеъфономасини эринмай, тоқат билан ўқиди:
"Пойтахтнинг Талабалар шаҳарчасида рўй берган фожеа юртимизда ошкоралик, ростсўзлик йўқлиги, инсон ҳуқуқларини топташ ҳали бери барҳам топмаслигини исботлади. Мен раҳбар булган жумҳурият телевидениесидан кўрсатувлар олиб қўйилди. "Муносабат" рукни билан ҳозирланган махсус кўрсатув экранга чиқарилмади. Ошкоралик учун кураш йўллари бекитиб ташланди. Мени истеъфо беришга ундаган сабаблар қуйидагилардир:
1. Ҳар қанча уринмайлик, Талабалар шаҳарчасидаги воқеалар ҳақида ошкора фикр билдирилишига йўл берилмагани.
2. Сойкент воқеалари юзасидан тузилган комиссиянинг хулосаси сир сақлангани каби Талабалар шаҳарчасидаги фожеа юзасидан ҳам ўша услуб қўлланилаётгани.
3. Яна яккаҳокимлик, диктатура бошланаётгани. Халқнинг оғир аҳволини енгиллатиш ўрнига фақат ваъдалар бериш ва мансабталаш билан банд бўлишаётгани.
4. Сиёсатда барқарорлик йўқлиги, миллий бирлашув ҳақида тинимсиз гапирилгани ҳолда амалда тескарисини қилиб, низо-адоват келтирилиб чиқарилаётгани.
5. Кадрларни танлашдаги жиддий хатолар, бу борадаги ўпирилиш, раҳбар кадрларга ишончсизлик, уларни асосан шахсий садоқатига қараб танлаш, қобилияти, билими эътиборга олинмаётгани.
6. Маҳаллийчилик иллатининг илдизига сув солиш, одамларни бир-бирига қарши қўйиш касалини даволаш ўрнига унинг авж олдирилаётгани.
7. Халқ тақдири ва келажаги билан шуғулланиш ўрнига икр-чикирлар, қувғинлар, инсон ҳуқуқларини топташ билан банд бўлинаётгани.
8. Мухолифатдаги партия, Ҳаракат уюшмаларга нисбатан минбарлардан яхши гап айтилиб, амалда улар таъқиб қилинаётгани.
9. Халқнинг аҳволи кун сайин оғирлашиб бораётгани, бунинг олдини олиш учун аниқ дастур йўқлиги.
10. Миллатвакилларининг эркин баҳслари, бор гапни айта олишлари учун шароит яратилмагани ва аксинча оғир, носоғлом вазият вужудга келтирилгани, фикрлар, таклифларга эътибор қилинмаётгани...
Ана шу сабабларга кўра, ҳукумат таркибидан чиқаман ҳамда ўзимни унга нисбатан мухолифатда, деб ҳисоблайман. Ҳукумат таркибида туриб бу иллатларга қарши кураш йўлини топмадим. Ҳукумат аъзолари учун йўллар берк ва очилмасдир..."
Истеъфономани ўқиб чиққан Бош вазирнинг қўли титраётган эди. У қуриб қолган лабларини тили билан хўллаган бўлди-да, гапиришга шайланди, лекин нимадир бўғзига тиқилди. Истеъфономани ён дафтарининг ичига қўйди ва ўрнидан туриб, Миртемирнинг қўлини маҳкам сиқди. Кейин унинг елкасидан қучоқлаган бўлиб, эшик ёнига қадар кузатди. У лом-мим демаса-да, хайрихох эканлигини Миртемир англади. Шу билан бирга унинг бу ҳаракатлари: "Бу сиз билан охирги учрашувимиз" маъносига ҳам келарди.
Миртемир чиқиб кетиши билан Бош вазир Салимовнинг ёнига югурди:
- Буни мухолифатнинг газетасида ҳам нашр этишар экан. Бошимизга бало бўлмасин,-деди.
Салимов хотиржамлик билан истеъфономани оларкан, ўқиб ҳам кўрмагани Бош вазирни ажаблантирди. Аммо Салимов аллақачон истеъфономанинг нусхаси ўзига етиб келгани ва "Катта"га олиб чиқиб кўрсатгани ҳақида унга ҳеч нарса демади. Фақат:
- Мухолифатнинг газетасини ҳам ўзимиз босамиз, қўл қўймасак, чиқмайди, - дея Бош вазирни тинчлантирди.
Бош вазирни тавозе билан кузатиб қўйган Салимов Раимжоновга телефон қилди.
- Ҳужжатлар битди-ми? Тезроқ олиб келсангиз "Катта"га қўл қўйдирамиз ва Олий кенгаш раёсатига юборамиз. Кечаси билан раёсатни тўплаш керак,- деди.
Худди бир нарсани унутган кишидек, "гапни" калта қилган Салимов Олий кенгаш раиси Қўлдошевга боғланди:
- Кечаси раёсат аъзоларининг рухсатини олиш керак бўлади. Депутатлардан бирининг дахлсизлигини бекор қиламиз,- деди хотиржам оҳангда. Аммо депутатнинг кимлигини айтмади. Қўлдошев сўз ким ҳақида бораётганини биларди.
Миртемир уйининг ёнига келганда кираверишда уни бир киши қаршилади.
- Исмим Пўлат,- деди у.- миршаб бўлиб ишлайман. Илгари вазир ўринбосари бўлган бир акамиз сиз билан учрашмоқчилар.
Миртемир булар яна бирор ўйин бошлаётганга ўхшайди, деб ўйлади-да, ҳалиги одамнинг бошидан оёғига қадар разм солди. Новча, қишлоқлик йигит, юзида самимият бор. Шунга қарамай буларга ишониш қийин, дея ўйлаган Миртемир, индамай ичкарига қараб юрди. Пўлат унинг орқасидан келиб, у билан бирга лифтга чиқди.
- Вазирликда сизга қарши фитна тайёрланаяпти. Бу ишнинг бошида Раимжонов турибди. Талабалар шаҳарчасида ҳам "Ўқ отиш" буйруғини у берган.
- Ҳаммаси тўғри бўлиши мумкин. Лекин мен бу соатда ўзим танимаган одам билан учрашишга боролмайман, деди Миртемир "илтимос мени тинч қўйинг" дегандек.
- Истеъфономангиз "Катта"ни жуда ҳам қиздирибди-, деди Миртемир билан бирга лифтга чиққан Пўлат.- Эрталабга қадар раёсатнинг рухсати чиқади ва сизни дарҳол қамоққа олишади. Раимжоновнинг одамлари Сузоққа бориб, бир неча кишидан "Миртемир биздан пул истади"деган ёзув олиб келишди. Одамларни мажбурлаб, қўрқитиб шундай ёзув олишган. Мана нусхалари...
Миртемир лифтдан чиқаркан:
- Мана бу уй Миллий хавфсизлик қўмитаси бошлиғиникидир,- деди чап томондаги темир эшик томонга ишора қилиб. Шу боис бу ерда гаплашишимиз таҳликали. Юринг, яхшиси уйга кириб гаплашамиз.
- Уйингиздан бу ер бехавотир. Ичкарига кирсак, суҳбатимизни ёзиб олишлари аниқ,- деди Пўлат содда оҳангда.