Ризобек Воскресенье, 2025-06-22, 04.57.06
Приветствую Вас Гость | RSS
Главная | | Регистрация | Вход
Меню сайта
    Статистика

    Онлайн всего: 1
    Гостей: 1
    Пользователей: 0
    Форма входа
    Главная » 2007 » Ноябрь » 26 » АДАБИЁТ
    13.57.42
    АДАБИЁТ
    Жаҳонгир Муҳаммад

    ҚУВҒИН
    Роман
    2-китобнинг давоми

    Миртемир мактубларга назар ташлади:

    "Мен Ҳаким Эшқобилов Сузоқда балиқчилик билан шуғулланаман. Биз балиқларни қўшни жумҳуриятга олиб чиқаётганимизда божхона ходимлари ушлашди. Кейин телевизорда кўрсатишмасин, дея депутат Миртемирнинг ёнига бордик. У биздан катта миқдорда пул истади. Бу тушунтириш хатини ўз ихтиёрим билан ёздим, ҳеч ким мажбур қилган эмас. Яна шуни қўшимча қилмоқчиманки, "Катта"миз халқ учун қайғураётган бир пайтда Миртемирга ўхшаганларнинг ҳам мажлисда у кишини ҳақорат қилиши ва ҳамда биздан пора сўраши ақл бовар қилмайдиган ишдир..."

    Кейинги хатда эса поранинг миқдори ва Миртемирнинг бу пулни олгани ҳақида гап борарди.

    - Ҳозир бу одамларнинг ҳаммаси эски бошлиғимизнинг уйларида ўтиришибди. Улардан бу мактубни ёздириб олган миршаблардан бири ҳам ўша ерда. Сизга қарши бошланган бу фитнани ўзингиздан бошқа ҳеч ким тўхтатолмайди,- деди Пўлат пичирлаган оҳангда.

    - Зотан, йўқотадиган нарсамиз йўқ. Ўйчи ўйлагунча таваккалчи ишини битиради, деганлар. Биз ҳам таваккал қилдик. Қани кетдик!

    Миртемир шундай деб уйига ҳам кирмай орқага қайтди.

    Эски бошлиқнинг ҳовлиси эски шаҳардаги қишлоқсифат маҳаллалардан бирида экан. Пўлат дарвоза четидаги тугмани босганди кимдир кўчага қараган дераза пардасининг ёнидан ташқарига мўралади. Кейин эшик очилиб, икки миршаб чиқди. Улар тавозе билан Миртемирни ичкарига таклиф қилишди. Пўлат эса атрофга алангалаб, ёндаги ва орқадаги кўчаларга қараб келди.

    Миртемир бирдан сесканиб тўхтади. Дарвозахонада катталиги эшакдек бўлган иккита ит турарди. Гарчи итлар занжирга тортилган бўлса-да, уларнинг орасидан ўтиш мумкин эмасди. Икки миршаб бир ҳамла билан итларни икки томонга тортди-да " Сиз ичкарига киринг", дея Миртемирга ойнаванд хонанинг эшигини кўрсатишди.

    Миртемир ичкарига кирганда ойнаванд хонанинг тўрида фақат бир киши ўтирарди.

    - Хуш келдингиз, ока, - дея ўрнидан турди у. Буйи калта, тўладан келган бу одам эллик-эллик беш ёшлар атрофида эди. Кўзлари кулиб турган бу одам Миртемирни бағрига босди.- Исмим Ҳусан, "Катта"нинг аёвсиз қиличи биринчи бўлиб менга санчилган. Мен Ички ишлар вазирлигида тартиб ўрнатмоқчи бўлдим, лекин "Катта" ишдан олиб ташлади, устимдан жиноий иш қўзғади. Ҳозиргача судма суд юрибман. Лекин Ички ишлар вазирлигида фақат ҳайвонлар эмас, одамлар ҳам ишлайди. Адолатсизликдан куйганлар, ҳақсизликка учраганлар менга келишади. Аслида ҳозирги вазир ҳам менинг шогирдим. Бу қадар сотилиб кетишини ўйламагандим.

    Ҳусан ака Миртемирга ўзи ўтирган жойни кўрсатди:

    - Қани тўрда сиз ўтиринг. Сизни ғойибдан яхши танийман. Бундай шароитда учрашишимизни хаёлимга ҳам келтирмаган эдим. Бугун Сузоққа бориб, одамларни қийнаб, шикоят ёздириб олишибди. Кейин улар арз қилиб Ички ишлар вазирига келишибди. Вазир қабул қилмагач, уларни менинг уйимга олиб келишди. Аслида Раимжонов деганлари тентаксифат одам. Бўлмаса, қидириб-қидириб сизга ҳурмати баланд бўлган одамлардан шикоят ёздириб олишади-ми? Бироз бош қотиришса-ку етмиш еттита душманингизни топишади. Шунисига ҳам шукур.

    У тўхтамай гапирар экан, Пўлатга қараб:

    - Янганга айт, димламани сузсин. Кейин меҳмонларни ҳам чақир, - деди.

    Ичкаридаги хонадан бир капитан ва уч оддий одам чиқди. Улар югуриб келиб Миртемир билан кўришдилар. Ҳусан аканинг "ўтиринглар" имосидан кейин ўриндиқларнинг уч қисмида чекинибгина ўтиришди. Кейин Ҳусан ака:

    - Қани кимдан бошлаймиз? Қисқа ва тез-тез гапиринглар, чунки эрталабгача ишимиз кўп,-деди.

    Қорачадан келган киши сўз бошлади:

    - Бизнинг умримиз балиқчилик билан кечади. Биров билан ишимиз йўқ. Сизни телевизорда кўриб турамиз. Ўтган кун божхона ходимлари ушлашди. Бу оддий ҳол, ҳар доим ушлашади. Чунки балиғимизга улар ҳам шерик, хақларини олиб қўйиб юборишади. Биз қўшни жумҳуриятга бориб сотиб келамиз. Ўтган кун ҳам ҳақларини олишганди, лекин ҳеч нарса билмагандек уйимиздан олиб миршабхонага келтиришди. Сўроқ қилишди, бир-икки биқинимизга туртишди ҳам. Кейин бир хатни кўрсатиб, уни кўчириб имзолаб беришимизни талаб қилишди. Йўқ деганимизга қўйишмади. Уйимизни тинтув қилиш учун одам юборишди, ўзимизни қийнашди. Шундан кейин майли, ёзиб берамизу кейин пойтахтга бориб шикоят қиламиз, деб ўйладик. Нега бизни танлашди? Ҳалигача ҳайронмиз.

    - Қўрага сен тушдинг,ука,- дея сўзга аралашди Ҳусан ака. - Раимжонов бу ишни ўзи ишонган одамга топширган. У одамнинг ишонгани эса сени балиғингга шерик бўлган кишилар.

    Кейин Сузоқдан келган яна икки киши ҳам бўлган воқеани айтиб бераркан:

    - Фақат биз келмоқчи эмас эдик, чунки миршаб дегани ҳукумат дегани. Уларга қарши туриб бўлмайди. Лекин мана бу одам "Миршаблардан қутиласану Миртемирдан қутилолмайсан. У барибир бу ишни фош этади", деб ҳол-жонимизга қўймагандан кейин келдик. Йўқ ердан бошимизга ғавғо қўнди,- дейишди.

    - Вақтимиз зиқ,- деди Ҳусан ака ва Миртемирга юзланди. - Сиз келгунингизча мен булардан тушунтириш хати ёздириб олдим. Мана бу капитан укамиз эса уларни урганлардан бири. Раимжоновнинг ишонган тоғи. Аммо бугун қилмишига иқрор бўлди. Агар ишдан қувилса, бир бурда нонини мана биз топиб берамиз. Қолаверса, бунинг раҳматли отаси профессор Тўғонов университетда сизга дарс берган. Ҳақиқатни севган инсон эди. Бу йигит унинг руҳини шод қилди. Отасини яхши танирдим. Менинг дўстим эди, нур ичида ётсин. Ҳозир димламани ейлик, кейин сизга жавоб берайлик. Эрталабгача бир йўлини қилинг, кечикиб қолманг. Аллақачон раёсат аъзоларидан рухсат олиб қўйишган бўлишса керак.

    Миртемир раҳматли Тўғонов ҳақиқатга йўл излаб ўлиб кетганини эсларкан:

    - Бизни ҳам ҳақиқат учун курашишга чорлаб кетди, раҳматлик. Майли,овқат ейишни бошқа кунга қолдирсак, раёсат аъзоларининг баъзилари ҳали Олий кенгашда эдилар. Озодбек ака ҳам ўша ерда эди. Балки у кишини кўришга улгурарман, - дея йўлга чиқди.

    - Бугундан бошлаб Пўлатжон сизнинг ёнингизда юради. Унга ишонаверинг. У ҳам "Катта"дан азият чеккан одамлардан. Кўринишига қараб ёш деб ўйламанг. Қамоқда ҳам ўтириб чиқди,- деди Ҳусан ака Миртемирни кузатиб қоларкан. - У сизнинг қўримангиз. Бир-биримизни қўримасак, бир бутун кучга айланмасак "Катта"га қарши туришимиз қийин.

    Миртемир Олий кенгашга келаркан, кучига куч қўшилгандек эди. Чунки у кейинги кунларда ўзини анча ёлғиз ҳис этаётганди. Қараса, атрофда "Катта"нинг қилмишларидан куйганлар, унинг кирдикорларини кўриб, тушуниб юрганлар кўп экан.

    Ҳа, деб ўйлади Миртемир халқ денгиздир. Шоир бу жумлани осмондан олган эмас. Халқ қудратли куч. Фақат бир бутун бўлгандагина куч. Лекин тарқоқ ҳолда ожиздир. Якка-якка ҳолида эса синдирилиши жуда осон. Бувиларимиз паҳлавонлар ҳақида эртаклар сўйларканлар, бир чўпнинг синиши осонлиги ва бир даста чўпнинг синиши мушкуллиги ҳақида бекорга гапиришган-ми? Бу- ки чўп, инсон ҳам бир ўзи қолса, аввало ўзини ўзи ейди, ўзини ўзи синдиради, махф этади. Агар унинг ёнида дўстлари, ҳамфикирлари бўлса, улар жипслашиб метин иродага, бузилмас қалъага айланадилар. Бирлашган куч бирлашмаган пуч, деб бекорга айтишмаган.

    Миртемир хаёл суриб келар экан Олий кенгашга яқинлашиб қолганларида беихтиёр олтинчи қаватга назар солди. Озодбекнинг хонасида чироқ ёниб турарди. Демак, ҳали шу ерда.

    - Ҳозир "Катта"нинг ўзлари телефон қилдилар,- деди у.- Сиз бизнинг қўмитамизнинг аъзоси бўлганингиз учун мени ҳам койидилар. Ука, бу ерларадан узоқроқ жойга кетиш керак. Мен имзо отмаганим билан ҳеч нарса ўзгармайди.

    Миртемир Озодбекдан шундай жавоб чиқишини биларди. Ундай бўлса нега келди? Ёки чўкиб кетаётган одам учун хас ҳам умид-ми? Йўқ, бу одамнинг хасчалик умидбахшлиги ҳам йўқ. Миртемир бу ҳиссиётини Озодбекка сездирмаган бўлсада, шарт бурилиб хонадан чиқиб кетиши бу ҳисларни ташқарига урди.

    Қўлдошевнинг қабулхонасидаги нусха кўпайтиргич ёрдамида барча ҳужжатларни кўпайтириб олган Миртемир, бир нусхасини котибга узатди:

    - Буни раисга бериб қўясиз,- деди.

    Сўнгра "Катта"нинг қабулхонаси, Бош прокурорга ҳам бир нусхадан ажратиб, уларнинг ярим тунда мудраб ўтирган котибларига қолдирди. Уйига қайтаркан, жумҳурият газетасининг чироқларига кўзи тушди. Газетачилар эрталабга қадар ишлашларини яхши биларди. Бу ер унга сўнги умид булиб кўринди-ми, Пўлатга:

    - Сизни ҳам чарчатиб қўйдим, шу ерга ҳам бир кириб чиқай,- деди.

    Аҳаджон Ғуломов шу ерда экан.

    - Бу фитна. Яхшилаб ёзинг, газетага чиқарамиз,- деди у ва ҳужжатлардан бир нусха олиб қолди.

    Миртемирнинг уйқуси қочган эди. Шу боис Пўлатга " Уйга бориб, ҳангома қиламиз, бироз ичамиз", деди.

    Умр йўлдоши хавотирланиб, кутиб ўтирган экан. Бир зумда дастурхон тузалди ва овқат сузиб келтирилди. Пўлат бир пиёла ароқ ичгандан кейин "очилиб кетди".

    - Миртемир ака, булар жуда аёвсиз одам, булар учун чумолининг ўрни бору инсоннинг ўрни йўқ,- деди. Кейин эса ўз достонини бошлади.- Мен тоғларга яқин бир қишлоқда туғилдим. Отам ёшлигида ўпка касалидан вафот этган экан, онам ҳам узоқ яшамади. Бувимнинг қўлида қолдим. Мактабни битирарканман, бувимдан ҳам айрилдим. Кейин ҳаё-хуйт деб пойтахтга келдим. Ўқишга кирмоқчи бўлдим, киролмадим. Мардикор бозоридан бизни ушлаб кетган миршаблар ўз уйларида ишлатишарди. Улар билан танишиб қолдим. Бир-икки йилдан кейин мени йўл соқчилигига ишга ўтказишди.

    Орзуим ўқиш эди. Ҳеч нарсага эътибор қилмай Автомобил йўллари институтининг кечки бўлимига кирдим. Битиргунумга қадар шаҳар соқчилар бўлимигача ишга келдим. Биз йўлда тураркан "план" беришарди. Бу пора планини бажариш учун шоферлардан пул йиғардик. Шаҳар идорасига ишга ўтганимда эса, мен ўзим соқчиларга "план" берадиган бўлдим. Чунки раҳбаримиз мендан истарди. Бир куни шаҳарда катта авария бўлди. Дарров етиб борсак, енгил машина ичида саккиз нафар талаба ҳалок бўлибди. Миршаб йигит ҳўнгир-ҳўнгир йиғларди. Нима гап, дея уни четга тортдим: "Рулдаги бола маст эди. "План" тўлсин, дея ўтказиб юбордим."

    Бу воқеадан жуда таъсирландим. Бир куни мажлисда идорамизда бўлаётган воқеаларни, "план" масаласини ўртага ташладим. Бу виждонсизликдан уялиш кераклигини айтдим. Инсонларнинг умрига зомин бўлаяпмиз, дедим. Дарҳол комиссия тузилди, икки кундан кейин мени қамашди. Миршаблар учун алоҳида қамоқхона бўлишига қарамай мени оддий жиноятчиларнинг орасига ташлашди. Мен кўрган азобни бошка ҳеч ким кўрмасин. Бошимга нима келса ҳам тилимдан келди, деб чидадим. Тилим виждонимнинг буйругини бажарганди. Аммо энг дахшатли кийнокни хамкасбларимдан курдим. Мен терговда Ички ишлар вазири биринчи ўринбосари Хусан акадан бошқа ҳаммаси қўл остидагиларга "план" беришини ва уларни пора олишга мажбур қилиб қўйишларини очиқ айтдим. Кейин "Катта"нинг номига ариза ёзиб яширинча ташқарига чиқардим. "Катта"гача етиб ортга қайтди. Мендан бошқаларга эмас бевосита Ҳусан акага пора берганим ҳақида сохта кўрсатмани имзолашимни талаб қилишди. Имзоламадим. Дўппослашди. Қобурғаларим синди, лекин имзоламадим. Кейин шишанинг устига ўтиртиришди. Барибир имзоламадим.

    Ундан кейин кандайдир укол қилишди. Ҳушимдан кетиб қолибман. Ўша пайт қўл қўйдириб олишибди. Буни видеолентага ҳам туширишибди. Ўзимга кўрсатишди. Худди мастга ўхшаб ўтирибман. Менинг кўрсатмам бўйича Ҳусан акани ишдан бўшатишди. Суддан кейин узоқ бир вилоятга жўнатишди. Ҳусан ака мени кўришга келди. Унинг кўзига қарай олмадим. Лекин ҳамма гапни очиқ-ойдин айтиб бердим. Таниш-билишлари орқали мени қамоқдан чиқариб олдилар. Кўриб турибсиз, бугун яна миршабман. Оддий соқчиман, яъни ҳаётимни қайтадан бошлаяпман. Фақат оддий соқчилардан фарқим шуки, уларга ўхшаб юқоридагилар учун пул тўпламайман. Шу сабабдан мени ёмон кўришади. Аммо Ҳусан аканинг одами, деб индашмайди. Вақти келганда фойдаланиш учун ҳозирча кўзларини юмиб туришибди.

    - Оилангиз қаерда? - деб сўради Миртемир Пўлатдан.

    У уҳ тортганча, сўниб қолаётган сигарети билан янгисини ёқди-да, чуқур-чуқур симириб:

    - Улар нафақат менинг умримни, балки оила аъзоларимнинг умрини ҳам хазон қилишди,- деркан, оғзидан пишқириб чиққан сигарет тутуни юзини қоплади. У шу дамда қуюқ туман ичида қолган одамга ўхшарди. Туман тобора хиралашиб унинг мунгли кўзлари чарақлаб ёнаётганди. Лекин бу ёниш мамнуният ёки севинч аломати эмас, балки нафрат алангаси эди.- Мени қамашгандан кейин уйимни тортиб олишди, мол-мулкимни мусодара қилишди. Хотинимга "Бундан ажралмасанг кунингни кўрсатамиз" дейишган экан, боалаларни олиб қишлоққа кетиб қолди. Қамоқдан чиққанимдан кейин ҳузурига бордим. Лекин мени остонадан қувди. "Тилини тиёлмаган эркак билан яшамайман" деди. Болаларимни кўрсатишмади. Араққа ружу қўйдим. Хотинимнинг отаси мени миршабларга олиб бориб топширди. Яна орага Ҳусан ака тушди. Кейин пойтахтда қайтадан уйландим. Маошдан бошқа топадиган пулим йўқ эди. Бир кун хотинимнинг бармоғида бриллиант узук, қулоқларида бриллиант халқа кўриб қолдим. Ёруғ дунём яна қайтадан қоронғу бўлди. Ундан қаердан олганини сўрадим. Жанжал кўтарди.. "Нобакор эр олиб бермагандан кейин ўзим топаман-да"деди. Шундан кейин шубҳаланиб орқасидан пойладим. Олдинги ишлаган идорамнинг бошлиғи билан юрар экан. Уни алдаб йўлдан чиқаришибди. "Планни бермаганлардан нима олишни яхши биламиз" деди бошлиқ. Хотиним билан ажралдим. Бошлиқни эса ўлдирмоқчи бўлдим. Лекин Ҳусан ака "Бир бошлиқнинг ўлими билан дунё тузалмайди. Қанча-қанча бошлиқлар, қанча-қанча оилаларни бузишмоқда, не-не ҳаётларни зимистон қилишмоқда" деди. Шундан кейин Ҳусан аканинг сафида мужодалага кирдим. Ҳозир кўпчиликка айландик. Бугун бўлмаса эртага, эртага бўлмаса индин, барибир бир кун келиб улардан ҳисоб сураймиз.

    Миртемир Пўлатнинг ҳикоясини тинглаб бўлгач, унга таскин берадиган сўз тополмади. Чунки шу дамда унинг ўзи таскинга муҳтож эди. Пўлатни кузатиб қўйди-да, қўлига қалам олиб қоғозни қоралай бошлади.

    ( Давом этади ).

    Жойлади: Маъмур
    Всего комментариев: 0
    Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
    [ Регистрация | Вход ]
    Copyright MyCorp © 2025
    Сайт управляется системой uCoz