Мирзоулуғ Темиров, “Туронзамин” мухбири
Бугун “Адолат” социал демократик партиясидан президентликка номзод
Дилором Тошмухамедова Жиззах вилояти сайловчилари билан учрашди.
Учрашувни 5-Жиззах округ сайлов комиссияси раиси Солижон Қобилов
бошлаб берди. Сўнг номзоднинг ишончли вакили Мухтор Эшбеков
йиғилганларни Тошмухамедованинг таржимаи ҳоли билан таништирди.
Дилором Тошмухамедова учрашувда маъруза қилиб, мамлакатда, жумладан
Жиззах вилоятида амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар(?) инсон
манфаатларини таъминлашдек (?) халқчил ғоя (?) асосида олиб
борилаётганлигини айтиб бу ишларнинг бошида юртбоши турганини уқтирди.
Унинг дастурида׃
-ижтимоий адолат бош тамойил қилиб белгиланиши,
-мустақилик йилларида амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотларни давом эттириш,
-маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш,
-иқтисодий соҳага доир қонунчилик базасини такомиллаштириш,
-тадбиркорликнинг кенг тараққий эттирган ҳолда ишлаб чиқарилаётган
маҳсулотларимизнинг жаҳон бозоридаги рақобатбардошлигини таъминлаш,
-энергия ресурсларидан тежаш ва бунда ноанъанавий ва қайта тикланувчи
энергия манбаларидан фойдаланишнинг давлат томонидан қўллаб-қувватлаш
механизимини янада кучайтириш,
-пенсия қонунчилигини янада такомиллаштириш, сиёсий соҳани изчил либераллаштиришни давом эттириш,
-хотин-қизларнинг жамиятдаги ролини янада мустаҳкамлаш,
-суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, фан, таълим,
маънавият ва маданият соҳаларини ривожлантириш каби масалалар асосий
ўрин тутишини ҳам айтди.
У׃
- Сайловда мамлакатимизда фаолият юритаётган сиёсий партиялар ва
ташаббускор гуруҳларнинг иштирок этаётгани демократик ислоҳотлар
чуқурлашаётгани(?), ижтимоий сиёсий ҳаёт эркинлашаётганидан(?)
далолатдир, шунинг учун ҳам ҳар бирингизни, ушбу сайлов жараёнида халқ
ва мамлакат тақдирига масъуллик билан ёндошган ҳолда фаол бўлишга
чақираман,- деди.
Яъни юрак ютиб, “Менга овоз беринг!” деб айта олмади.
У ҳам, сўзга чиққанлар ҳам сайловда энг муносиб номзодга (ИАК-га-!!!) учун овоз беришга чақирдилар.
Номзоднинг фақат “Мен ҳам Каримовга овоз бераман” деган гапи кўнглида қолди. Бу ҳам ҳозирча бўлса керак.
Сатрлар орасидаги саволлар биздан, жавоби эса сиздан.