Ризобек Пятница, 2025-06-20, 05.04.39
Приветствую Вас Гость | RSS
Главная | | Регистрация | Вход
Меню сайта
    Статистика

    Онлайн всего: 1
    Гостей: 1
    Пользователей: 0
    Форма входа
    Главная » 2007 » Декабрь » 9 » АДАБИЁТ
    11.37.01
    АДАБИЁТ
    Жаҳонгир МУҲАММАД

    ҚУВҒИН
    Роман
    2-китобнинг давоми

    "Фитна..."
    У сарлавҳани ёзди-да, бироз хаёл суриб тургандан кейин илк сатрни битди: " Тоғига қараб тарлони, сувига қараб илони...". Тонг бўзариб қуёшнинг нурлари деразанинг ойнасига санчила бошлаганда ҳам Миртемир мақола ёзиб ўтирарди.

    Миртемир сўнги сатрларни такрор ўқиди: "Одамлар, эл-улус дардидан кўз юмган ўғил-оқпадар;

    Ватан шаънини оёқости қилиб, унга қарши бош кўтарган ўғил - сотқин, хоин, бахтиқаро;

    миллат онадир. Онадан юз ўгирган, унинг хизматидан бўйин товлаган ўғил - қўлсиз, оёқсиз, гунг, кўзи кўр, қалби сўқир - мажруҳ;

    халқнинг дардини англаб, Ватан ташвишини тушуниб, она аламини тинглаб, миллат машққатини кўриб, курашга ўзида куч тополмаган ўғил эса ўлик, тирик мурдадир!"

    У мақолани четга сураркан, уйқусизликдан жимирлаётган кўзларини ишқалади-да, деразанинг ёнига келди. Инсон дунёга бир марта келади, деб ўйлади. У яшаб ўтгач, ким бўлганлигини сағана тошидан билиш мумкин. Бу тошда саккизта рақам фалон йил туғилиб фалон йил ўлганини ифода этади - бу рақам ёнида унинг исми-шарифи, нари борса икки қатор айрилиқ сатри, бир шеър битилади. Аммо одамлар қалбида, юрт дафтарида инсоннинг кимлигига ажратилган ўрин анча каттароқ ва кенгроқдир. Бу ерда тоштарош ёки марсия ёзувчи шоир ҳам ожиз. Чунки қалб дунёсининг қаерида кимнинг жойи бўлиши жумбоқ, юрт дафтарининг қайси саҳифасида ким ҳақида ёзилажаги сир. Аммо ҳар икки ҳолатда ҳам ҳақиқат ёзилажак. Таасуфки, жуда кўп жой ва жуда кўп саҳифалар бўш. Демак, қанча-қанчамизга фақат унсиз сағаналар тарих, холос.

    Бугун юртимизда ўн миллиондан зиёд киши сафолат, камбағаллик ботқоғида. Бу азобда ингранаётганларнинг фарёдини эшитадиган йўқ. Борларининг ҳам қулоқларини кесдилар, кўзларини ўйдилар, юракларини суғириб олдилар.

    Илк демократия шамоли эсганда узоқ бир тумандан миллатвакили этиб сайландим. Ҳақиқат ва адолатни излаган инсонлар виждон ва иймонга содиқ қолиб, мени сайладилар. Бу менинг эмас, камсуқум, заҳматкаш ўша инсонларнинг ғалабаси эди. Қуръони Каримни ўпиб қасам ичмадим. Лекин инсонларнинг ишончлари ва елкамга юкланган масъулиятни бир лаҳза бўлсин унутмасликка ҳаракат қилдим. Мансаб билан эмас, улар билан қолишни афзал кўрдим. Аммо ҳар одимим ортидан бошимга дўл ёғилди. Қуръони Каримни ўпиб қасам ичган ва сўзининг устидан чиқиш у ёқда турсин, атайлабдан аксини қилган "Катта"нинг омади кулгани-кулган. Бироқ қачонгача?!

    Кураш омонсиздир. Аслида шундай бўлишини билмасмидим? Сайловолди учрашувларида миллатвакили қурувчи эмас, давлат ва сиёсат арбоби бўлиши кераклигини урғуладим. Лекин давлатнинг теппасида турганларга шерик эмас қурувчилар керак эди. Мустақиллик учун курашни олдимга вазифа қилиб қўйдим. Лекин мустақиллик душманлари қаҳрамонга айландилар, бизнинг эса ҳолимизга маймунлар кулмоқда. Кўзбўямачиликка қарши чиқдим. Лекин бутун халқнинг кўзини бўяшган экан. Бу кўзлар фақат кўзбўямачиларнигина кўра олди. Йўқ, бутун халқ эмас. Бутун халқ ҳақиқатни кўриб турибди. Ҳатто унинг бир қисми сукутли бўлса-да, курашмоқда. Фақат занжирбандлик иллати бу сукут туғёнга айланишининг олдини олмоқда. Ишончсизлик тизза бўйи ўсди. Аммо шундай кун келади-ки, буларнинг ҳаммаси енгилади. Агар бу ҳаёт даҳшатларидан қўрқса, чекинса, Пўлатга ўхшаганлар қўрқарди ва чекинарди. Агар бу зулмдан қўрқсалар, талабалар ўқ товушини эшитган заҳоти тум-тарақай бўлиб қочардилар. Зулмга қарши бир бутун бўлиб оёқда турганлар бир кун келиб, тахтга адолат чиқажагини кафолатидирлар. Туни билан ухламай чиққан талабалар, ётоқхоналарнинг деразаларига қора байроқ осган йигит-қизлар ҳукумат эълон қилолмаган мотамни эълон қилишганди. Бу бир исён эди. Ҳукуматнинг қонли жиноятларига қарши, қонли изини учириб юборишига қарши исён эди бу. Ҳукумат вақтинча ғалаба қилиши мумкин, лекин бир кун келиб чилпарчин бўлади.

    Миртемир тонгни ана шундай уй-хаёллар билан каршилар экан, Талабалар шахарчасидаги ётокхоналардан бирида бошланган ва марказий майдонда давом этган очлик харакати иштирокчилари хам миршабхонада тонгга кадар сурок килиндилар. Гарчи уларнинг орасида ёш шоир Шервон хам булса-да, уларнинг аксарияти уз харакатларида самимий эдилар.

    Ўн уч талаба саҳарлаб очлик эълон қилган жойларига такрор келишганда, шаҳарча тинч эди. Машина билан кўчаларга сув сепилаётганди. "Қон изларини ювишмоқда" деди улардан бири. Соқоллари сабза урмаган йигитчалар кечадан буён овқат ейишмагани, сув ичишмагани учун холсиз эдилар. Баъзиларининг кўзлари чўккан, баъзилари эса қоринларини тутамлаб олгандилар. Қуёш чиқар-чиқмас уларнинг ёнига хавфсизлик қўмитаси ходимлари келишди.

    - Очлик бу тузумга, жамиятга, миллатга қарши исёндир. Бунинг учун қонунларимизда энг оғир жазо назарда тутилган. Сиз ҳали жуда ёшсиз. Бу ишни тўхтатинг. Кеча рухсат бердик. Фикрингизни айтдингиз. Бугунгиси ортиқча, - деди улардан бири.

    - Ростдан ҳам тугата қолсакмикан,- деди Шервон.

    - Охирига қадар оёқда турамиз, деган сен эмасмидинг? Майли, агар чекинадиган бўлсанг, эътирозимиз йўқ. Биз ҳаммаси учун ҳисоб сўраймиз. Охирига қадар чидаймиз,- дея Шервонга эътироз билдиришди йигитлар.

    Хавфсизлик қўмитаси ходимлари апал-тапал орқага қайтишди. Кўп ўтмай Халқ ҳаракати вакиллари пайдо бўлишди. Улар кеча ҳам талабаларнинг ёнида туришган, мужодала бошлаган ёшларга маънавий куч беришганди. Халқ ҳаракати вакилларидан айримлари "Катта"нинг сайловда тарқатилган расмини кўтариб олишганди. Расмнинг остига "Фарзандхўр ота" деб ёзилганди. Бугун ҳам улар талабаларга қалқон бўлиб туришди.

    Қаердандир Маратов келиб қолди.

    - Ўн беш дақиқа ичида бу ердан кетмасак, миршаблар келишади ва ҳаммани қамоққа олишади,- деди у.

    - Кетмаймиз,- дейишди очлик эълон қилган йигитлар.- Сиз ҳам депутатимиз сифатида ёнимизда туринг. Сайловда бизни алдашди. Ўтган кун нарх-навони оширишди, ейдиган нонимизни беришмади. Нон десак, пешонамизга ўқ отишди. Юзларча дўстларимиз калтакланди, неча киши ўлгани, неча киши яралангани яширилмоқда. Бирор жойда воқеалар ҳақида очиқ-ойдин хабар йўқ. Эртага "Икки-уч киши ўлди. Ўзлари ҳам айбдор эди" демасликлари учун, биз ҳам ўлимни кўзга олдик. Юздан зиёд дўстимизнинг қони оқди. Ҳали яна қандай даҳшатлар кутмоқда талабаларни...

    Маратов Шервонни четга тортди-да:

    - Булар ростдан ҳам очлик қилаётганга ўхшайди-ку- деди.

    - Мен ҳам ростдан очлик қилаяпман,- деди Шервон.

    - Сен нега очлик қиласан?

    - Ўйин қоидаларида қон тўкиш йўқ эди.

    - Майли, сен кўп гапирма. Улардан ажралиб ҳам қолма. Қон тўкилиши тасодиф. Ҳозир сизларни миршаблар олиб кетади. У ерда гап қайтариб юрмагин. Биласан, улар отасини ҳам танишмайди. Шундай бўлса ҳам, сени ўз паноҳимга оламан.

    Маратов кетгандан кейин миршаблар етиб келишди. Уларни бошлаб келган майор:

    - Битта-битта автобусга минасизлар. Қаршилик кўрсатганлар ва минмаганлар калтакланади. Ҳаммангиз баланд овоз билан исми-шарифингизни айтиб, сўнгра автобусга минасиз, - деди.

    - Биз демократик намойиш йўлини танладик,- дея дўстларига мурожаат қилди Шервон. - Қурол кўтармадик, тош отмадик. Қонунлар чарчавасида ҳаракат қилдик. Бундан бу ёғи ҳам қонунлар доирасида бўлиши керак. Шу сабабдан миршабларнинг айтганини қилайлик.

    Шервоннинг гапи дўстларига ёқмади. Лекин миршаблар бир зумда уларни автобусга тиқишди.

    - Сенларга ҳукуматга қарши тош отишни кўрсатиб қўямиз,- дея улардан бири талабаларни ниқтай бошлади.

    - Ҳали тош отган шулармиди? - деган миршаб эса олдинроқда ўтирган талабанинг оёғига тепди. Миршабхонага етиб келгунга қадар ниқташ тепкига, тепки муштга, мушт эса таҳқирга қадар етиб борди.

    Миршабхонада эса у ердагиларга эрмак топилди. Ўтган ҳам қайтган ҳам талабаларни турткилар, ҳақорат қилар, башарасига тарсаки тортарди. Ҳатто бири:

    - Замон кўтарса, пешонангиздан отиб ташлардим,- деди.

    Ичкарида исканжа давом этар экан, ташқарида Халқ ҳаракати ва Озодлик партияси аъзолари тўплана бошлашди. Миршабхона олдида Халқ ҳаракати тарафидан шоир Собит билан Озодлик партиясининг секретари Дилора тортиша бошладилар.

    - Аслида иккаламиз ҳам сиёсатчи эмасмиз. Сиз ҳам яхши шоирасиз,- деди шоир Собит.- Лекин газетангиздаги ҳақоратомуз мақола сизнинг қаламингиздан чиққанини тасаввур қила олмайман.

    - Балки уни хам ҳукумат ёзиб бергандир,- кесатди Дилора.- Нима иш қилсак, унинг "муаллифи" ҳукумат деб айтасизлар.

    - Агар ҳукуматнинг мусиқасига ўйнаб парчаланиб кетмасак, ҳозир катта куч бўлардик. Ёшларимизни бу қадар хўрламаган, ўлдирмаган бўлишарди. Парчаланиш воқеаларини бир четга сурган тақдиримизда ҳам сайловдаги хиёнатни кечира олмаймиз. Биз "Катта"нинг мақсадини билардик. У ўзини дунёга демократ қилиб кўрсатмоқчи эди. Шунинг учун ҳам партиянгизга Исо Холис номзодини олсин,"Катта"нинг диктаторлигини яшириш учун хизмат қилмасин, деган таклиф билан келдик.

    - Ишончим комилки, Шавкат Темур олтмиш минг имзони тўплаганда ёки рўйхатдан ўтганда бошқача таклиф билан келган бўлардингиз.

    Шоир Собитнинг асаблари "ўйнаб" кетди. Томирларига сиғмаган қон кўзларига тепди.

    - Азизим, олтмиш минг имзо тўпланганини яхши биласиз! Ҳукумат ўйин қилиш учун марказий сайлов комиссиясига сиздан ҳам вакил киритди. Лекин у бизнинг аризамизга қайрилиб ҳам қарамади. Ваҳоланки, биз душман бўлсак-да, у адолатсизликка қарши бош кўтариши зарур эди.

    - Собит ака, ҳозир бу гапларнинг жойи эмас. Ичкарида болаларни калтаклашаяпти. Аввал уларни қутқарайлик.

    - Агар мен айтган хатоларни қилмаганимизда, бугун миршабхонанинг остонасида сарғайиб ўтирмаган бўлардик. Ҳали бу ҳолва. Ичкарига олиб дўппослашмаганига шукур қилиш керак. Бизни бир-биримизга қайраб қўйишди. Буни англаб етмасак, ҳаммамизнинг жойимиз панжараларнинг нарёғида бўлади.

    - Талабалар бир бутун куч эди. Лекин уларни ҳам парчалаб юбордингизлар. Ҳозир бош кўтариш пайтими-ди?

    - Ҳа, - деди шоир Собит,- Ҳозир пайти эмас эди. Лекин пайти қачон, деган саволга ҳам ҳеч ким жавоб беролмайди. Уйқу жой танламаганидек, норозиликнинг туғилиши ва исёнга айланиши ҳам пайт пойламайди. Талабалар парчаланишида ҳаммамиз айбдормиз. Улар учга булиниб кетди. Бир кисми бизнинг оркамиздан, яна бир кисми сизнинг оркангиздан. Учинчи, жуда бир оз қисми ҳукумат айғоқчиларининг орқасидан кетишди. Бу ерда жиддий ташкилотланма кўзга ташланмади. Ташкилотлар бор эди, лекин улар маълум бир дастур ва мақсад билан ҳаракат қилди, дейиш қийин.

    - Бу фикрингизга қўшилмайман. Сайловдан олдинги учрашувларни бир эсланг. Парламент сайлови арафасидаги ҳаракатларимизни ёдга келтиринг. Бу ерда жуда катта куч майдони туғилганди. Ана шундан қўрқишди. Бўлмаса, минг-минг миршаблар ва сон-саноқсиз ОМОНчиларни олиб келишармиди? Биз бу ҳаракатни бошқара олмадик.

    - Кеча лидерингизни талабалар тошбўрон қилишди. Прокурорга қўшилиб қочди...

    Энди Дилоранинг жаҳли чиқди:

    - Сиз ҳам Шавкат Темурга ўхшаб гапираяпсиз. Худди воқеаларни телевизордан томоша қилиб ўтирганга ўхшайсиз. Бир-биримизга фисқу фасод тошларини отгунча, болаларни ичкаридан олиб чиқишни ўйлайлик.

    - Болаларни бой бердик. Уларнинг қаршилик кўрсатганлари калтакланади, ўқишдан ҳайдалади, йўқотиб юборилади.  Ҳукуматнинг йўлига юриб, бор гапни айтганлари ёки улар истаган гапларни ёзиб берганлари истиқбол йўлига чиқадилар. Бир кун келиб бизга қарши курашсалар, ҳеч ажабланманг. Айримларини эса гўё калтаклаган бўлиб чиқариб юборадилар ва бизнинг орамизга жосус қилиб ерлаштирадилар.

    - Сиз ўзингизга ҳам ишонмайсиз,- Дилора шоир Собитнинг сўзини шарт кесди. - Ҳеч нарсадан хабари йўқ, маъсум болаларга туҳмат қилаяпсиз. Улар ҳақсизликка қарши исён қилдилар, ўз ҳаётларини ўртага қўйдилар. Сиз эса эскиси каби ҳар нарсадан шубҳаланаяпсиз. Ҳар бир қамалиб чиққан одам жосус бўлса, эртага бу мамлакатнинг ҳаммаси жосусга айланади. Чунки "Катта"миз ҳаммани бир-бир қамайди.

    - Бизнинг энг катта янглишимиз ҳис-ҳаяжонга берилиб кетишимиздадир,- шоир Собит тортишувни тўхтатадиганга ўхшамасди. - Эътибор қилдингизми, миллий озодлик ҳаракатининг аксарият фаоллари шоир ва ёзувчилар. Биласиз, дунёдаги энг ҳисли- ҳаяжонли инсонлардир булар. Сиёсат эса совуққонликни талаб қилади. Қолаверса, оғир кунларга бардош берадиганлари кам топилади. Саройга ўтиб кетишга мойиллари баланд.

    (Давом этади).

    Жойлади: Маъмур
    Всего комментариев: 0
    Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
    [ Регистрация | Вход ]
    Copyright MyCorp © 2025
    Сайт управляется системой uCoz