Бугун эрталаб олинган хабарларда Бухоро вилоятининг Қоракўл туманида шоир Юсуф Жума хонадонига 10 декабр кеч соат 21 лар чамаси ўнлаб қуролланган ҳарбийлар ва ИИВ либосидаги кишиларнинг ҳужуми то 11 декабр тунги 2 ларга қадар давом этгани маълум этилган эди.
Шоирнинг ўғли қолдирган телефон рақами орқали унга боғланиш учун эрталабдан кечгача уринишларимиз беҳуда кетди.
Шоир Юсуф Жума қуролли ҳужум чоғида оила аъзолари ва вояга етмаган набиралари билан ўз хонадонида бўлгани ва унинг қочиб кетиш имконияти мутлақо бўлмагани ҳақидаги қатор ОАВлари тарқатган хабарлар ўқувчилар ва шоир мухлисларини бефарқ қолдирмай ташвишда эканликларини билдиришмоқда.
"Кейин нима бўлди?", "Юсуф Жума қаерда?" каби сўровлар билан мактуб йўллаётган ва телефон қўнғироқлари қилаётган ватандошларга жавоб излаб Ўзбекистонга ҳуқуқ-тартибот идораларига телефон орқали мурожаат қилиб қуролли ҳужум ҳақида маълумот беришларини сўрадик.
ИИВ тармоғидаги кўпчилик бўлимлардагилар ё телефон гўшагини кўтаришмади ёки биз билан суҳбатлашишни исташмади.
Фақатгина бир неча уринишлардан сўнг ҳозиргина Ўзбекистон вақти билан 21 лар чамаси ўзини Республика ИИВ Матбуот маркази масъул ходими Исмоил Мунавваров деб таништирган киши билан гаплашишга муваффақ бўлдик.
Бизга маълум бўлган шоир Юсуф Жума хонадонига қуролли ҳужум ҳақида ундан маълумот беришни сўрадик.Ички Ишлар вазирлиги матбуот хизмати ходими Исмоил Мунаваровнинг жавоби эса бундай бўлди:
-Нафақат Бухоро вилоятида балки умуман Республиканинг бирор жойида қуролли тўқнашув ёки ҳужум бўлгани йўқ.Наҳотки шундай воқеа содир бўлади-ю, биз ИИВ матбуот марказидагилар бундан бехабар қолсак.
ИИВ матбуот маркази масъули Исмоил Мунавваровнинг Юсуф Жума хонадонига қуролли ҳужум бўлмагани хусусида берган жавобига бизнинг ҳам жуда ишонгимиз келади.Лекин...
Андижонда ҳарбий техника ва қуроллар билан шаҳардаги Бобур майдонида қирғин ўтказилганда ҳам бу ҳақда ўзбек матбуоти гўё ҳеч нарса эшитмаган ва ҳеч нарса билмагандай мум тишлаганди.Энди-чи?
Бизнинг ИИВга қўнғироқ қилиб аниқ маълумот ололмаслигим аниқ эди.Лекин уларнинг режим қўғирчоғи ва ўзларича ҳеч қандай маълумотни ошкор қилолмасликлари ва ўз жиноятларини ошкор қилмасликка интилишларининг яна бир бор исботини одамларга етказиб қўйиш бурчидан келиб чиқиб уларга мурожаат этдик.
Ўзбек халқининг қаҳрамон шоири Юсуф Жума тақдири ҳамон номаълумлиги эса ҳамма унинг мухлислари қатори бизни ҳам ғоят ташвишга солмоқда.