Юсуф Жуманинг тирик қолганини эшитганимда, Тангри ўз шоирини асради дея севингандим.
Бугун Қурбон байрами арафасида миллий шоиримизнинг зиндонга
солинганини эшитиб, зулм халқ шоирини қурбонликка келтирмоқдами, дея
юрагим оғриди.
Шоир халқнинг сўзловчисидир. У халқнинг дардини куйлаш учун туғилган
зоти олийдир. Унинг эркаликлари, тентакликлари, тантилик ва
қаҳрамонликлари –ҳамма-ҳаммаси унга Тангри томонидан берилгандир.
Энди кўп гапга ўрин йўқ!
Каримовда агар зарра қадар одамийлик мавжуд бўлса, у Юсуф Жумани қамоқдан озод этади.
Балки бу Қурбон ҳайитининг арафа кунида Каримовга яратган томонидан
сўнгги ишоратдир. У бу ишоратни кўра олармикан? Афсуски кўра олмайди.
Шунинг учун ҳам кимнинг қўлидан нима келса, ҳаракат қилайлик ва
халқимизнинг миллий шоирини қутқарайлик!
Юсуф Жума бугунга қадар биз учун гапирди, биз учун сўз айтди. Энди навбат бизга, биз ҳам сўзимизни айтайлик!
Каримов, Юсуф Жумани озод эт!
Бу ҳайқириқни у эшитмайди, эшитса ҳам қулоғини бекитади.
Аммо Сен эшитгувчи׃
Тангри шоирингни асра!
Жаҳонгир Муҳаммад.