Ризобек Понедельник, 2025-07-21, 07.04.18
Приветствую Вас Гость | RSS
Главная | | Регистрация | Вход
Меню сайта
    Статистика

    Онлайн всего: 1
    Гостей: 1
    Пользователей: 0
    Форма входа
    Главная » 2007 » Декабрь » 23 » АДАБИЁТ
    01.13.48
    АДАБИЁТ
    Жаҳонгир МУҲАММАД

    ҚУВҒИН
    РОМАН

    2-китобнинг давоми

    Миртемир
    истеъфога чиққандан кейин хусусий "Дунё" ижодкорлар уюшмасида ишлай бошлади. Уюшма хусусий бўлгани учун мадрасанинг бир хонақохида фаолият кўрсатарди. Кошинлари нураб тушган, мукарнасларидан узоқ тарихнинг кўзлари жовдираб турган мадраса хонақохи зах, ҳавоси биқиқ бўлса-да, кишини айри бир дунёларга етакларди. Рутубат Миртемирнинг душмани эди. Хонақохга кириши билан оёқлари зирқираб оғрий бошласа-да, хаёллари уни олис-олисларга етакларди. Бизга ўз тарихимизни ўргатмадилар, деб ўйларди Миртемир. Асосан бошқаларнинг тарихини ўргандик. Ўз тарихимизни эса бегоналар ёзган асарлардан ўқитдилар. Уларни асар дейиш мумкинмикан?! Ахир уларнинг аксарияти маълум бир манфаат учун ёзилмаганми? Назаримда биз тарих ёзишни севмайдиган халққа ўхшаймиз. Кошоналар тиклаймиз, савашларда музаффарлик қиличини кўтарамиз, лекин тарих ёзишга қолганда ҳамду санодан нарига кетолмаймиз. Подшоларни мақташ тарихчиларимизнинг каломи аввалларидир. Подшоларга ҳамду сано ўқиш тарихчиларимизнинг орзу-муддаоларидир. Ўтмишини билмаган келажагини йўқотади. Ўтмишини танимаган келажагини ҳам таний олмайди. Менимча ҳамма ишни тарих ёзишдан бошлаш керак.

    Миртемир ана шундай ўй-хаёллар билан "Янги тарихимиз" рукнида китоблар нашр этишни мўлжаллади. Илк ўлароқ Боймирза Байрамнинг чет элларда нашр этилган тарих китобларини чоп этишни ҳадафлади. Қолаверса, шу кунларда Боймирза Байрам Ватанга келиши керак эди. Олий кенгашда Миртемир ва дўстлари бир мактуб имзолаб, Боймирза Байрамни ўзи туғилиб ўсган Ватанга даъват этишди. Ярим аср Ватандан узоқда қолган ва Ватанининг мустақиллиги учун курашган бу инсонни хоин, сотқин дея айблашди. Таклифномани олган Боймирза Байрам радио суҳбатида Ватан ҳақида лўнда қилиб шундай деганди: "Ватан ва ҳуррият. Бу икки калима ўзини, ўзлигини англаган инсонлар учун муқаддас маъно касб этиш билан бирга тоғ каби масъулият юклайди. Ватан Аллоҳ таолло тарафидан инсон қалбига жойлаштирилган жоннинг бир бўлагидир. Ватанни севганлар ўз жонини ҳам севадилар. Ватанни севмай, ватансевар бўлиб кўринганлар ўз жонларига суиқасд қилганлардир."

    Аслида Ватанни севмоқ ўз жонига суиқасд қилмоққа айланди, деб ўйлади Миртемир. Ахир Боймирза Байрамнинг ўзи Ватанни севгани учун сургунда эмасми? Қанча-қанча Ватаним деганлар ўққа тутилмадиларми? Чунки Шохлар Ватан деган каврамнинг маъносини ўзимда мужассамлаштирганман, деб ўйлайдилар. Шу боисдан ўзларининг қинғир-қийшиқ ишларига қарши чиққанларга "Ватан хоини" тамғасини ёпиштирадилар. Ва Ватанни севмаганалари сезилиб қолмаслиги учун Ватанни севганлардан қутилиш йўлларини излайдилар.

    Миртемир хаёл суриб ўтирар экан, телефон жиринглади:

    - Боймирза Байрам ростдан ҳам эртага келар эканлар, - деди сим қоққан ўринбосари Исожон.

    - Биз ҳам кутиб олишга чиқамиз, - деди Миртемир.

    Боймирза Байрамнинг Ватанга қайтиши катта воқеа эди. Бу воқеа фикрларда қурилган бир қанча "обидалар"ни вайронага айлантирарди. Доим Иккинчи Жаҳон Урушида Ватан учун қон тўкдик, дея хайқириб келдик. Мана энди маълум бўлдики, биз бошқаларнинг ватани учун қон тўккан эканмиз. Ишғол остида бўлганимиз учун бизни худди қуллардек жангоҳга йўлладилар. Сон-саноксиз эр йигитлар тупрокка коришдилар. Ватан учун, дея онгимизга сингдиришди. Калбларда сохта обида курдилар. Ота-боболаримиз руслар тарафида туриб "Ватан учун" дея кўкрагини ўққа қарши керганда, Боймирза Байрамлар уларнинг қаршисида турганди. Ким ҳақ ким ноҳақ эди? Мана бугун бу саволнинг жавоби ўртада. Шунингдек, Боймирза Байрамнинг келиши биз ифтихор этиб кўзимизга сурган тарихнинг ёлғон эканини ҳам исботлайди. Аввалига "Катта" Боймирза Байрамнинг келишига рухсат берар экан, депутатларнинг талабидан қутилишни мўлжаллаган эди. Масаланинг ана шу "нозик" жиҳатларини ҳам тушунтириб беришгач, у бир зум ўйлади-да, Бош маслаҳатчиси Назар Бахтиёровга юзланди:

    - Ўзинг чиқиб ана у бобойни кутиб ол. Ҳар ерда валақлаб юрмасин. Ундан фойдаланишимиз керак. Телевизорга чиқиб, сиёсатимизни қўлласин!

    Назар Бахтиёров чиқиб кетгач "Катта" Миллий хавфсизлик хизмати бошлиғини чақирди:

    - Назарнинг айтишича, Боймирза Байрамнинг келиши Улуғ Ватан Уруши қатнашчиларини ғалаёнга келтирар экан. Шунингдек, тарихчи олимларимиз ҳам бундан норози эканлар. Сиз ниима дейсиз?

    - Аслида Назар Бахтиёровга бу хусусда махсус ҳисобот тайёрлаб бергандик, - деди мулойим оҳангда Солиев. - Биз бугун собиқ "Катта"миз Шароповни оқладик. У киши Боймирза Байрамга қарши бир қанча мақолалар ёзганлар. Таниқли олимларимиз, бугун бизга яқин бўлган қобилиятли раҳбарлар Боймирза Байрамни хоин, деб ҳисоблаб келганлар ва ҳисоблайдилар. Аммо энг асосийси, Москов биздан жиддий норози.

    - Нега норози бўлади?

    - Сизлар чегарадан чиқиб кетаяпсизлар, дейишди Московдан. Боймирза Байрамнинг қайтиши Ғалаба байрамига соя туширади, Боймирза Байрамнинг қайтиши миллиятчи кучларни бирлаштиради.

    - Уларни тинчлантириб қўйинг. Бобойни истаганимиздек сайраттирамиз. Керак бўлса, қилмишлари учун узр ҳам сўратамиз. Эртага аэропортда оломон йиғилмасин. Кимлар кутиб олишга чиққанини рўйхат қилинг. Ҳар қандай воқеани ўз фойдамизга йўналтиришимиз керак. Дўстимиз ким, душманимиз ким ана шундай воқеаларда ўртага чиқади. Агар бобой телевизорга чиқиб, айтганларимизни гапирса, ана у жўжахўроз тўполончиларнинг ҳам попугини пасайтириб қўярдик. Улар бизга эмас ана шундай бобойларга ишонишади. Агар айтганимиз ўнгидан келса, бобойни мен ўзим қабул қиламан ва мустақиллик байроғини қандай кўтаришни жўжахўрозларга кўрсатиб қўяман.

    Эрталабдан қўналға атрофини миршаблар ўраб олишди. Ўтганнинг ўроғини, кетганнинг кетмонини олиб қолган йўлтўсарлар сингари миршаблар ҳар турли баҳоналар билан йўлларни бекитдилар. Боймирза Байрамни кутиб олиш катта тантанага айланмаган бўлса-да, "юқоридагилар" ўз режаларини қадам бақадам амалга оширдилар.

    Боймирза Байрамни аввал қўналғанинг қаҳвахонасига олиб киришди, кейин унинг ёнига яқинлашган Назар Бахтиёров унга:

    - Сиз учоқдан тушганда тиз чўкиб ерни ўпибсиз, - деди.

    - Мен Ватан тупроғини ўпдим, озод Ватанимнинг тупроғига эгилдим,- дея жавоб қилди Боймирза Байрам.

    - Биласизми, бизнинг телевизорчилар учоқнинг ёнигача боришолмайди. Шу боис ҳозир шу ерда ўша воқеани такрорласак. Сиз тиз чўкиб тупроқни ўпсангиз, улар сувратга олиб халққа кўрсатса.

    Боймирза Байрам сесканиб тушди.

    - Ёшим етмишдан ўтганига анча бўлди,- деди у. - Мен ҳақимда минглаб фельетонлар ёзилди, мени тахқирладилар, менга бўҳтон уюштирдилар, лекин хафа бўлмадим. Аммо ҳозиргидек ҳеч қачон туйғуларим топталган эмас. Мен артист эмасман, мен Ватан тупроғини бировга кўрсатиш учун ўпмадим. У юрагимдан келган бир ҳиснинг ташқи кўриниши эди.

    - Тўғри, сиз ҳақсиз, - деди Назар Бахтиёров. - Лекин Сизни мустақил Ватанимизнинг мустақил юртбошиси жасорат билан таклиф қилдилар. Москов ғазаб билан кузатиб турибди. Шундай шароитда бир-биримизни англамасак, кулгили ҳолга тушамиз.

    - Мен сизни англайман. Лекин менинг туйғуларим билан ўйнаманг!

    - Биласизми, Сиз каби инсонлар жуда оз. Ҳамма ҳам Ватаннинг қадрига, бу тупроқнинг қадрига етавермайди. Етмиш йил давомида бизни Худосизга, динсизга, атеистга айлантириб юборишди. Бу тупроқ учун жон бериш Аллоҳнинг буйруғи эканлигини ҳеч ким билмайди. Сиз каби Буюк бир инсоннинг бу тупроқни ўпишини кўрган халқ уйқудан уйғонади ва ўз мустақиллигини англайди. Шундай экан, бугунга қадар Ватан учун азият чекдингиз. Яна бир марта чексангиз бизни хурсанд қиласиз.

    Боймирза Байрамнинг қўллари титрай бошлади. Сўнгра бу титроқ бутун вужудига ёйилди. Кўзларидан нафрат пишқира бошлади.

    - Лаънат бўлсин сунъий тарихга! - деди ва тиз чўкиб пешонасини заминга босди. Анча вақт шу ҳолда "Сувратга олинглар, қайта-қайта олинглар" дегандек, бош кўтармай турди.

    - Бу кадр мустақилликнинг символи бўлади, - деди Назар Бахтиёров атрофдагиларга. Сўнгра Боймирза Байрамнинг қўлидан тортиб турғазди. - Энди икки оғиз халқимизга мурожаат қилсангиз, - деди у ҳали нафасини ростлаб олмаган меҳмонга.

    Боймирза ота қуриб қолган лабларини тили билан намлади-да:

    - Мен эллик икки йилдан кейин Ватанга келдим. Ўғлим вафот этганда узоқларда дардим билан яккама якка қолдим. Агар рухсат берсангизлар, аввало қишлоғимга борсам, фотиҳа ўқисам, ана ундан кейин телевизорга чиқармиз.

    - Сизни оқсоқол билан, яъни юртбошимиз билан учраштирмоқчи эдик. Агар телевизор масаласи кейинга қоладиган бўлса, бу масалани ҳам орқага суришга мажбурмиз.

    - Жуда яхши, жуда яхши, - деди Боймирза Байрам болаларча самимият билан. - Зотан давлат раҳбарининг иши кўп , биз у кишининг вақтини қадрлаймиз.

    - Аммо оқсоқол қабул қилсалар, йўлимиз очилиб кетарди.

    - Майли учрашамиз. Факат қишлоққа бориб маросимларни ўтказиб қайтайлик, - деди Боймирза ота ёлворган оҳангда.

    Шу пайт Ташқи ишлар вазири кириб келди ва Боймирза отани қучоқлади. Улар бироз суҳбатлашгандан кейин:

    - Дарҳол баъзи ўлкаларда элчихона очилса, мустақиллик деворлари қурилган бўлади, - деди Боймирза ота. - Чет элда яшаган ватандошлар бу кунларни кўз ёши, қалб оғриғи билан кутдилар. Улар учун ҳам Ватан йўлларини очмоқ керак.

    - Тўғри,- деди вазир.- Лекин ҳали Ватанимиз янги туғилган боладек, энди юришни ўрганаяпти. Бунинг устига пулимиз оз. Ҳозир халққа нон топиб бериш билан машғулмиз. Чет элдаги муҳожирлар эса фақат масжид қуриш учун келмоқдалар. Улар Ватанни эмас ўзларини ўйламоқдалар. Масжид қурсам номимни абадийлаштираман, деб ўйлаяптилар...

    Боймирза ота вазирга қараб маънодор кулиб қўйди. Бу кулгунинг ортида "Сенлар одам бўлишинг учун яна қанча дарёлар оқиши керак" деган маъно бор эди.

    Миртемир Боймирза ота билан кўришаркан:

    - Вақтингиз булса, бизнинг мадарасага ҳам ташриф буюрарсиз. "Дунё" ижодкорлар уюшмасининг Сизга берадиган заррадек ҳадяси бор.

    - Иншоллоҳ, келамиз,- деди Боймирза ота. - Ҳадя қабул қилиш ҳиссини ҳам бир яшаб кўрмоқчимиз.

    - Бу ҳадя Сиз ўйлагандек, қўл билан ушлаб кўриладиган эмас, - ҳазиллашди Миртемир. - У етмиш йиллик армонларнинг мағзини мужассамлаштирган армуғон. Ҳозирдан айтиб қўйсам, қизиғи қолмайди.

    Боймирза ота оддий нарсага ҳам қувонадиган, оддий ҳазилдан ҳам севинадиган инсон эди. Қаҳ-қаҳ отиб куларкан, худди ўрнидан сакраётган одамга ўхшарди. Жуссасининг катталиги, пешонасининг кенглиги, кўзларининг даринлигига қарамай, у жажжи болакайларни эслатарди. Балки унинг бўҳронлар ичидан омон чиқишининг сири ҳам ана шунда эди.

    Миртемир айтиш керакмиди, деб ўйлади. "Истиқлол Чўлпонлари" унвони таъсис қилингани ва Боймирза отанинг китобларини чоп этиш ҳаракатлари бошланганини айтиш унга куч берармиди? Майли, кейин айтармиз. Агар қолган ишга қор ёғмаса.

    Миртемир баъзан ўзи ўйлаган нарсалардан ўзи қўрқиб кетарди. Чунки ўйлагани бошига келарди. Бу сафар ҳам шундай бўлди. Қолган ишга қор ёғди.

    Боймирза ота қишлоғида экан, Миллий хавфсизлик хизмати бошлиғи "Катта"нинг ҳузурига кирди:

    - Боймирза Байрамнинг қишлоғида ва атрофида аҳвол оғирлашди, - деди у. - Ҳар турли ҳаракатлар митинглар ўтказмоқдалар. Бундан норози бўлган қариялар "Бу Ватан учун биз бекорга жонимизни ўртага қўйдикми", дея намойишга чиқишмоқчи.

    - Мен Сизга неча маротаба айтдим, гап олиб келманг, рапорт ёзиб келинг...

    - Рапортни маслаҳатчига бергандим, мана нусхаси.

    ( Давом этади ).

    Жойлади: Маъмур
    Всего комментариев: 0
    Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
    [ Регистрация | Вход ]
    Copyright MyCorp © 2025
    Сайт управляется системой uCoz