Ичим тўла кулфат қонли ёш, қайғу
Осмон кўзгу юлдузлар қалбим яраларидир.
Зулматли тун—ҳабиблар—бахтим қораларидир.
Ҳар бир инсон шайтоннинг битта кўринишида
Жўраларим ёвимнинг дилкаш жўраларидир.
18.01.04.
Маслаҳат
Майли ихтиёринг ўзингда хотин
Жиловлаб бўлмайди бузуқми, ботин
Фақат фарзанд олсанг аҳмоқдан олма
Уйимда урчитма нодонлар зотин.
20.01.04
Ғалати жарроҳ
Қўли қон деманглар кайфи учади
Умринггиз зиндонда дорда кечади
Ахир қон бўлади жарроҳ дасти ҳам
Жарроҳдир, у фақат халқни бичади.
21.01.04.
Ичим тўла кулфат қонли ёш, қайғу
Ушалмас орзулар армонлар оғу
Дардлар зиндониман, эл кўзи учун
Озодликка фақат чиқади кулгу.
20.01.04.
Шеърларим чақмоқдай садо этади
Лекин аҳли кўппак нишон ютади.
Овни Темур каби шохлар овлайди
Ўлжани доим ит илиб кетади.
23.01.04.
Эрмиз деб шоирлар кўрсатар телпак
Телпагини олсанг муздаги кесак.
Улар билан эмас тунда ёрлари
Телпаклари билан ётсалар керак.
23.01.04
Панадан отилиб ўқ тегди жонга
Дўст мадад бергин деб келдим фиғонга.
Бошимда шодумон турарди ҳабиб
Шукр тегибди деб ўқим нишонга.
19.01.04.
Лаҳза ўтди дейсан, ҳар лаҳза сайин
Учоққа бормоқда навниҳол қайин.
Осмон кетаётир ҳар лаҳза биздан
Ҳар лаҳза қирқади умрнинг пойин.
19.01.04.
Турналар келганин кўрганим заҳот
Кетишини ўйлаб чекаман фарёд.
Шоир турналарни севмайди дема
Меҳр ўлчагич йўқ дунёда ҳайҳот.
19.01.04.
Кучли бўлсанг ғаним юради йироқ
Ожиз бўлсанг қочиб яшайсан бироқ
Дўст на йироқ кетар, на қочиб булар
Жонингда жисмингни қилгунча тупроқ.
19.01.04.
Одамни яратди иблисдан маккор.
Айласин деб айёр. Шайтонни абгор
Водариғ бирлашиб иблис ва инсон
Тангрига қаршилар, лол парвардигор.
19.01.04.
Дердилар:золимлар олади ясоқ
Қиёмат кунида берарлар сўроқ.
Мана букун маҳшар, оға инин ер
Золимлар отларда юришар оппоқ.
19.01.04.
Ҳаммадан қайтариб олдим бирма бир
Узр, хеш, биродар, дўст-ёрон, тақсир.
Афсуски инсонни танидим энди
Ҳеч ким дил беришга арзимас ахир.
19.01.04.
Ақлли қавмлар чиндан тупроқдан
Не эксанг унади ақли булоқдан
Гилга кўзи қиймай бизнинг қавмни
Ботқоқликдан қилган, бефарқ ботқоқдан.
19.01.04.
Суратимиз инсоний, Тангри айлаган безак
Сийратимиз шайтоний, иблис ҳунари бешак.
Бири одам сиртини, бири эса ичини
Яратишга шартнома тузишган бўлса керак.
24.01.04.
Бу юртни ёндирди бўлиб аждаҳо
Ёндирди беканор денгизни ҳатто.
Бу халқ арзимайди ватанга деди.
Битта хатосини тузатди, Худо.
17.01.04.
Боғ кўрдим, тоғ кўрдим, кўрганман жаҳон
Ўлиб кўрганим йўқ айлайсан, баён.
Ҳақ учун минг ўлиб, тирилган эрдир
Бир ҳам ўлмаганинг ўлиминг нодон.
17.01.04.
Ҳар дилда хиёнат кўринаётир
Борлиқ хиёнатга суринаётир.
Йўқдан бор қилганди, энди-чи худо
Борни йўқ қилишга уринаётир.
17.01.04.
Дил—яра, дўст-душман иборат туздан
Дўст душмандан яхши, душманчи дўстдан
Ёмон деган билан яхши бўларми
Яхши денг, яхшилик бошлансин сиздан.
17.01.04.
Фарқ
Дўст не, ёнингдаги душмандир, дўстим
Дўст не, нонингдаги душмандир, дўстим.
Душман олисроқда, дўстчи яқинда
Дўст не, жонингдаги душмандир дўстим.
16.01.04
Тилдан дарс
Бир маъно бергандек ўқ билан пайкон
Бир хил маънолидир ғаниму, ёрон.
Илон деган калом синонимлари
Дўст, оға, халқ, хотин, одамзот, инсон.
16.01.04.