Покистон собиқ бош вазири Беназир Бҳутто суиқасд қурбони
 |
|
Беназир Бҳутто мамлакат бўйлаб сайловолди намойишларида чиқиш қилаётган эди |
Равалпинди
шаҳрида ўтказилаётган сайловолди намойишида худкуш ҳужумчи уюштирган
суиқасд оқибатида мухолифат раҳбари, Покистоннинг собиқ бош вазири
Беназир Бҳутто ҳалок бўлган.
Худкуш ҳужумчи Бҳутто хонимнинг бўйни ва кўксига ўқ узган, сўнг ўзини ўзи портлатиб юборган.
Покистонда 8 январга мамлакат парламенти ва маҳаллий кенгашларга сайловлар белгиланган, Беназир Бҳуттонинг Покистон Халқ партияси сайловда иштирок этишга қарор қилган.
Бҳутто хоним мамлакат бўйлаб сайловолди намойишларида чиқишлар қилаётган эди.
Равалпинди шаҳридаги истироҳат боғида Бҳутто хоним ўз тарафдорлари қаршисида нутқ сўзлаганидан сўнг суиқасд уюштирилган.
Гувоҳларнинг сўзларига кўра, Бҳутто хоним ўз нутқини тугатганидан кейин истироҳат боғи дарвозаси томон юрган, автомобилга
ўтиришга чоғланган пайти уч зқ овози эшитилган, сўнг портлаш юз берган.
Бҳутто хоним шифохонага олиб кетилган, олган жароҳатлари оқибатида у ерда вафот этган.
Равалпинди шаҳридаги бош шифохонадан Покистон Халқ партияси аъзоси Восиф Али Хоннинг билдиришича, маҳаллий вақт билан соат
18.16 да Бҳутто хоним ҳаётдан кўз юмган.
 |
|
Портлаш истироҳат боғи дарвозаси олдида юз берган |
Портлаш камида 15 инсоннинг умрига зомин бўлган, кўплаб инсонлар жароҳатланган.
Талофотлар сони бундан ҳам кўп бўлиши мумкин.
Октябр ойида Беназир Бҳутто саккиз йиллик ихтиёрий муҳожирликдан Покистонга қайтганидан буён бу унга қарши уюштирилган иккинчи
суиқасд бўлган.
Жаҳон бўйлаб қоралов
Яна бир мухолифат раҳбари, собиқ бош вазир Навоз Шариф Бҳутто хоним олиб борилган касалхонага борган ва "бу кун Покистон учун
ўта "даҳшатли кун", деб айтган.
"Бу мамлакат тарихидаги қайғули эмас, қоронғу, ўта қоронғу кун. Ақл бовар қилмайдиган, хаёлга келмайдиган ҳодиса юз берди.
Бу мамлакат тарихидаги энг қайғули кун", деб айтган Навоз Шариф.
Президент Парвез Мушарраф суиқасдни қоралаб чиққан, Покистон халқини осойишталикка чақирган.
Қотилликдан сўнг Покистондаги вазиятни муҳокама этиш учун БМТнинг Хавфсизлик Кенгаши фавқулодда мажлисига йиғилган.
Беназир Бҳуттога суиқасд жаҳон бўйлаб қораланган.
АҚШ Президенти Жорж Буш ушбу "қўрқоқларча амал"ни содир этганлар одил жазога тортилиши керак, деб айтган.
Ҳиндистон бу хабардан даҳшат ва ларзага тушганини айтган.
Бош вазир Манмохан Сингх Бҳутто хонимни мисли кўрилмаган йўлбошчи, дер экан, унинг Деҳли билан муносабатларни яхшилаш йўлидаги
саъй-ҳаракатларини олқишлаган.
Россия Покистон раҳбарларини барқарорликни таъминлашга чақирган.
Беназир Бҳутто 54 ёшда эди.
У икки марта Покистон бош вазири бўлган. Би-Би-Си
|