20.7.
Бизнинг эътирозимиздан кейин ҳокимликка чақирилди. Биз Боймирза
Байрамни яккалаб қўйиш, атрофида уймалаб юрганларни четлаштириш учун
барча тадбирларни кўрдик.
- Бу рапорт жуда ҳам тор. Қолаверса, нима сабабдан менга эмас маслаҳатчига берилди, - деди "Катта".
- Сизга етказиш учун берилганди. Батафсил ёзилган иккинчи варианти ҳам бор. У хам маслаҳатчида.
"Катта" жаҳл билан қора телефоннинг дастагини олди:
-
Назар, қулоқ сол! - деди. - Сенинг ҳажга бориб, нима қилмишлар қилиб
келганингни унутганим йўқ. Менга иккиюзламачилик қилма! Нима саабабдан
КГБ рапортини яширдинг? Нима сабабдан ана у бобойнинг жиловини қўйиб
юбординг? Йигирма тўрт соат ичида мамлакатни тарк этсин. Бу мамлакат
"Ватан хоинлари"нинг футбол майдончаси эмас. Уни қувиб келганингдан
кейин, менинг номимга тушунтириш хати ёз, - деб, телефон дастагигни яна
ўрнига қўйди.
Боймирза Байрамнинг мамлакатдан қандай чиқиб
кетганлигини ҳеч ким билмай қолди. Нега деган саволга жавоб берадиган
киши йўқ эди. Чунки шу кунларда "Катта" қиличини ялонғочлаб, ғазаб
отига минганди. Кўзига ёмон кўринган ёки номи қулоғига ёмон
эшиттирилган ҳар қандай одамни жазога тортаётган эди.
"Катта"
аста-аста золим ҳукумдорга айланиб қолди, деб ўйлади Миртемир. Ҳали
яқиндагина мухолифатдан ҳайиқарди, лекин энди мухолифатнинг лидерларини
калтаклаяпти, қамоққа ташлаяпти, сургун қилаяпти. У одимба одим босиб
келаяпти. Лекин мухолифат нега чекинаяпти? Миртемир ўзича ана шу
саволнинг жавобини қидирди.
Кунларнинг бирида Миртемирга Шавкат Темур телефон қилди:
- Мен ҳали партияга аъзо бўлганим йўқ, - деди
Миртемир. - Лекин бугун бир бўлиб курашмоқ учун партияга аъзо бўлиш
керак, деб ҳисоблайман. Қолаверса, Олий кенгашда мухолифат фракциясини
тузишимиз керак. Кучга айланмасак, битта-битта синдиришмоқда.
- Фикрларимиз яқин экан. Бир учрашиб гаплашайлик, - деди Шавкат Темур.
Улар метро станцияси ёнида учрашдилар.
-
Бирлашиш, бутунлашишимиз керак, - деди Шавкат Темур. - Лекин кечаги
хатоларимизга баҳо бергандан кейин бирлашиш керак. Биз катта куч эдик.
Ҳукуматнинг орамизга жосуслар суқиши, баъзи бирларимизни сотиб олиши
туфайли иккига бўлиндик. Ўртага бошқа баҳона отилди. Бизни "Улар аввал
демократия кейин мустақиллик" исташди, деб айбламоқда. Ўзларини эса
"Биз аввал мустақиллик кейин демократия дедик", дея оқлашмоқда. Агар
тарихимиз ва воқеалар жиддий тахлил қилинса, бу баҳона эканлиги ўртага
чиқади.
- Ҳозир ана шу тахлилга вақт йўқ. Тезроқ бирлашиб чора
қидирмасак кейин тахлил у ёқда турсин, воқеаларни эслашга ҳам вақтимиз
қолмайди, - деди Миртемир.
- Майли, мен буни қабул этаман, - деди Шавкат Темур.
-
У ҳолда мен Исо Холис билан гаплашаман ва ҳаммамиз бир орага келиб,
қайси шартлар доирасида кучларни бирлаштириш масаласини муҳокама
қиламиз.
Шундан кейин Миртемир Исо Холис билан учрашди. Исо
Холиснинг икки оёғи бир этикка тиқилганди. "Катта" унга берган
ваъдаларни унутган ва қиличини унинг ҳам бошида айлантираётган эди.
Шунинг учун Миртемирнинг таклифини дарров қабул этди.
- Анжуман
номи билан бир йиғилиш ўтказайлик, - деди Миртемир. - Мухолиф қарашдаги
барча депутатларни ҳам даъват этамиз. Собиқ Бош вазирни чақирайлик.
- Э, йўқ! Собик Бош вазир билан йўлимиз бошқа-бошқа.
-
Бугунга қадар бошқа-бошқа эди, лекин ҳозир бир йўлдамиз. У ҳам
"Катта"нинг зулмига учради. Зулмга қарши зулмни ҳис этганлар
бирлашишлари мумкин. Зулмни кўрмаганлар эса уни кутиб тураверадилар, -
деди Миртемир.
Ўша куни Иттифоқ ҳаракати ва "Озодлик" партияси
раҳбарлари бир ерга тўпландилар. Тортишув узоқ давом этди. Охирида
"Анжуман" масаласи қабул этилди. "Озодлик" партиясининг жойи бўлгани
учун "Анжуман" шу ерда ўтказиладиган бўлинди. Лекин "Анжуман"да Шавкат
Темур иштирок этмади.
- Исо Холис ва тарафдорлари менинг келишимни исташмапти. Демак мен борсам "Анжуман" бузиларди, - деди у Миртемирга.
Шунга қарамасдан, мухолифат кучларининг бир бутун ҳолга кела бошлагани ҳукуматни чўчитиб қўйди.
Бир
куни мухолиф депутатлар тўпланиб, Олий кенгаш мажлисида парламент
раисини ишдан бўшатиш ҳаракатини бошлашга қарор қилдилар. Улар
"Катта"дан қутилишнинг бирдан бир демократик йўли ана шу деб
билардилар. Раис кейинги пайтда "Катта"дан тинимсиз "калтак" еяётганди.
"Катта" раисни алмаштириш пайида эди. Шундай пайтда парламентда
депутатлар раиснинг масаласини кун тартибига келтирсалар "Катта" ҳам
қарши чиқмас эди. Агар раиснинг ўрнига адолатли бир кишини сайласалар,
кейин "Катта"нинг танобини тортиб қўйиш осон бўларди.
- Олий
кенгаш раиси Московдан катта ҳадялар олиб турган, - деди Миртемир
депутатларга. - Мана қўлимизда унга ҳадя сифатида берилган енгил
машиналар ва бошқа совғалар ҳақида ҳужжат бор. Бу мустақиликка
хиёнатдир. Биз бу масалани кўтарсак, ҳеч ким қаршимизга чиқа олмайди.
- Иттифоқ ҳаракати шу куни митинг ўтказиб, бизни ташқаридан туриб қўлламоқчи, - деди Ибод Тўраев.
Шундан
кейин мажлисда кимнинг нима ҳақида гапиражаги келишиб олинди. Олий
кенгаш раисини алмаштиргунга қадар "Катта" ҳақида лом-мим демасликка
келишиб олинди. Аммо мажлис куни Исо Холис митингни бекор қилгани
ўртага чиқди. Шу куни Шавкат Темурнинг бошини ёриб, ўлимнинг остонасига
олиб бориб қўйишди.
Мажлисни "Катта" кириш сўзи билан очди. У
сўзини тугатиб, ўрнига ўтирар экан Исо Холис "Савол бор", дея бақирди.
Миртемир тушуна олмай қолди. Кеча кечқурун "Катта"га гапирмай турамиз,
деб келишгандик. Нега бирдан Исо Холис бу келишувни бузди? Ҳозир арава
бошқа томонга юриб кетмаса бўлгани.
Худди Миртемир ўйлагандек бўлди. Жиловни кенгаш раиси Қўлдошев ушлаб олди.
-
Ўтиринг ўрнингизда, Ўртоқ Муҳаммадбоев! Сизнинг ниятингизни яхши
биламиз. Бугун бу ерда қандай ўйинлар кўрсатишингизни ҳам яхши биламиз,
- деди Қўлдошев.
Қўлдошев Исо Холиснинг энг нозик жойига
ниқтаганди. Исо Холис унинг тахаллуси. Негадир фамилиясидан
нафратланарди. Фамилиясини айтган одам қаршисидаги душманга айланарди.
Шу боис Қўлдошевнинг гапи сариқнинг жони сариқ ҳолвада дегандек, унинг
ҳам жаҳлини чиқарди. Қоғозга икки сатр нималарнидир ёзди-да, раиснинг
ёнига бориб депутатлик ваколатномасини топшириб чиқиб кетди. Унинг бу
"ўжарлиги" қимматга тушди. Қўлдошев имкониятдан фойдаланиб, мухолиф
миллатвакилларига ҳужум қилди. Улардан бирортасига сўз бермади.
Гапирмоқчи бўлганларни "бузғунчилар", деб мажлис залидан чиқариб
юборди. Шу ўйин билан ўз умрини бироз узатди..
Исо Холисни
мажлисдаги даканхўроздек ҳаракати "Озодлик" партиясини ҳам оғир аҳволга
солди. Партия котиблари, фаоллари қамоққа олина бошланди. Партия
газетасининг устидан тергов бошланди. Бир куни Миртемир партия биносига
келса, Исо Холисдан бошқа ҳеч ким йўқ эди. Исо Холис сувга тушган
мушукдек, бошини елкасининг ичига тортганча шумшайиб ўтирарди.
-
Шунақа, - деди у. - Оғир кунингда ҳамма ташлаб кетади. Хайриятки,
укаларим бор экан. Газетани улар билан бирга чиқариб турибман.
Миртемирнинг
унга раҳми келди. Аслида кўп нарса унинг ўз хатоси билан ўртага чиқди,
деб ўйлади. Лекин бугун партия ҳукуматга мухолифатда. Бугун
демократияни ҳимоя қилаяпти. Агар уни ҳам "Иттифоқ" сингари ёпиб
ташлашса, ундан кейин демократия учун эшиклар ҳам узоқ йилларга
ёпилади. Агар барча мухолиф миллатвакиллари ҳозир шу партияга ўтсалар,
балки уни қутқазиб қолиш мумкиндир. Лекин куни кеча партия котиби
Орифийни қамоққа олишди. Исо Холисни ҳар кун сўроққа чақиришаяпти.
Шундай шароитда ким ҳам бу партияга ўтишга рози бўларди. Аслида мардлик
шундай пайтда билинади. Бир синаб кўришим керак.
- Мен эртага
қадар депутат дўстларимиз билан гаплашаман. Камида ўн киши партияга
аъзо бўлиб, Олий кенгашда партия гуруҳини тузсак, балки таъқибларни
тўхтатармиз.
- Бу таъқибларни Қўлдошев деган ҳўкиз уюштираяпти,
- деди Исо Холис. - Мен "Катта"нинг маслаҳатчиси Жавлон Узоқов билан
гаплашдим, бу ишлардан оқсоқолнинг хабари йўқ экан.
- Менимча
фақат сизнинг эмас кўпчиликнинг хатоси ана шу ерда. Ўтган ой "Халқ
овози" газетасининг муҳарририни ишдан олишди. Бу ишни "Катта"
бошқараяпти", деб ҳеч кимни ишонтиролмадим. "Катта"нинг номига
мурожаатлар ёзилди, ўртага одам қўйилди, лекин натижа бўлмади.
"Катта"сиз ҳеч ким нафас ололмайди. "Катта"сиз бирор бир раҳбар одим
отолмайди. "Катта"нинг маҳорати шундаки, у бошқаларнинг қўли билан
калтаклайди, ўзи панада қолади.
- Бу ҳаяжон масаласи, - деди Исо
Холис "ҳаяжонланиб кетдингиз" сўзларини юмшатиб. - Сиёсатда совуққон
бўлиш керак. Биламан, сиз "Катта"ни ёмон кўрасиз. Шу сабабдан
кўзингизга ҳамма ишнинг айбдори бўлиб кўринади у.
- Биз
демократия шароитида эмас, диктатура шароитида яшаяпмиз. Бундай пайтда
ҳамма мансабида қалтираб ўтиради. Шундай экан, бир партиянинг котибини
қамаб қўйишга ким журъат этолади? Ёки бир газетанинг устидан ким тергов
бошлата олади?
- Барибир ҳам "Катта"га мурожаат қилиб кўриш керак. У тушунадиган одам.
-
Орадан уч-тўрт йил ўтсин, сиз ўзингиз ўртага чиқиб, у тушунмайдиган
одам, дейсиз. У кеча сиз билан жуда мулойим гаплашди, эртага эса сизни
йўқотиб ҳам юбориши мумкин. Қачон бўлаётган воқеалар ортидаги кучни
кўра олсак, парда орқасидаги режессёрни танисак ва танибгина қолмай,
буни очиқ-ойдин гапирсак, ўшанда ҳақиқат ўртага чиқади.
Исо Холис тортишувга нуқта қўймоқчи бўлди ва:
- Иброҳим Бек газетани ташлаб қочди. Шу ишни сиз олсангиз, - деди.
-
Менимча бу Марказий кенгашнинг ваколатига кирса керак. Агар Марказий
кенгаш лозим топса, ўшанда ўйлаб кўраман, - деди Миртемир.
- Янги йилнинг учинчи куни Марказий кенгашнинг мажлиси бор. Ўшанда бу масалани ҳал қиламиз.
Миртемир Исо Холис билан хайрлашиб чиқиб кетгач, депутат дўстлари билан гаплашди. Ҳар кимнинг ҳар хил баҳонаси бор эди.
- Ёнаётган оловнинг ичига ўзимизни отамизми? - деди улардан бири.
- Баъзан бу ҳам оловни сўндиришнинг бир йўли бўлиши мумкин, - жавоб қилди Миртемир.
-
Ҳаммаси ўйдирма. Лекин Исо Холис қандайдир тангани ўғирлашда
айбланмоқда. Ҳатто Жафар Нимжон деган қариндошини қамоққа ҳам олишибди.
-
Бизнинг мақсадимиз Исо Холисни қутқазиш эмас. Биз демократияни
қутқазишимиз керак. Ҳозир бу партия демократияни ҳимоя қиладиган
майдонга айланди. Биз ана шу майдонга тушиб, демократия душманларига
қарши мужодала этишимиз керак. Ва ёки ин-инимизга кириб бўлаётган
воқеаларни тамоша қилиб ўтиришимиз лозим. Охирида инимиздан чиқариб
олиб эзғилаб ташлашади.
Миртемирнинг бундай дашномли гапидан кейин олти киши партияга аъзо бўлиш учун ариза ёзиб, унинг қўлига берди.
Шунисига ҳам шукур, деб ўйлади Миртемир. Бугун олти киши бўлсак, эртага олтмишга айланамиз.
Янги
йилни тумов билан ўтказган Миртемир "Озодлик" партияси Марказий кенгаши
мажлисига келаркан, йўлда номерсиз бир енгил автомашина бирдан унинг
устига қараб юрди. Аранг чап бериб қолди. Машина орқага қайрилиб, яна
унинг устига юрди. У югурганча темир панжаралар орқасига ўтиб, ора
сўқмоқдан партия биносига етиб олди. Воқеани эшитганлар дарҳол
газеталарга, ҳуқуқ идораларига хабар қилишди. Шу куни Миртемирни
партиянинг мафкуравий масалалар бўйича котиби ва газета Бош муҳаррири
этиб сайлашди. Кенгашда партия котиби Нур Муҳаммад сўз олиб:
- Партиямиз номидан Олий кенгашда сўз айтмоқ фикрини ҳам Миртемирга берайлик, - деди.
Хуллас,
бир ишга рози бўлган Миртемир уч ишни елкасига олди. Эртасигаёқ Иброҳим
Бекни даъват этиб, матбуот қўмитасига боришди. Расмиятга кўра, янги
муҳаррир албатта эски билан бирга матбуот қўмитаси раисининг ҳузурига
бориши керак эди. Қўмита раиси Мирғуломов Иброҳим Бекка юзланиб:
-
Ўзлаштирганимиз йўқ. Нишриётингиз барча рўзномаларга плёнка берди. Биз
эса Болтиқ бўйи жумҳуриятлардан нақд пулга сотиб олдик. Акс ҳолда
газета чиқмас эди. Еб юбориш нимаси? Биз ўз ҳисобимиздан ҳаражат қилдик.
- Бу ёғи билан ишим йўқ. Барибир жавоб берасизлар.
-
Яқинда Ички ишлар вазирлигидан телефон қилиб, Чўлпоннинг адресини
сўрашди. Газетамизда унинг шеъри босилганди. Адресини нима қиласизлар
десам, "Чақириб, тергов қиламиз, қалам ҳаққи олган олмаганини сўраймиз"
дейишди. Кулишни ҳам йиғлашни ҳам билмадим. Сизнинг ҳам гапингиз
Чўлпонни қабрдан чиқариб олиб кел, деганга ўхшаб қолаяпти.
- Биласизми, сизлар ҳовлиқиб кетдингизлар, - деди у. - Эллик йилда ҳам ҳокимиятга келолмайсизлар.
- Биз ҳокимиятга эртага келамиз дедикми? - Иброҳим Бек ҳам товушини баландлатди.
-
Бу одамдан бошқа бугун ҳеч ким мамлакатни бошқаролмайди, - Мирғуломов
шундай, дея деворга осиб қўйилган портретни кўрсатди. "Катта" унинг
боши узра жилмайиб тургандек эди.
- Исо Холис бор, - деди Иброҳим Бек.
-
Исо Холис... уни яхши танийсизми? Бирор жойда бир ойдан кўп ишлай
олмаганини биласизми? Уч марта коммунистик партияга аъзо бўламан, дея
ариза ёзганини ва қабул қилинмаганини ҳам биласизми? Унинг
хотинбозлигиничи? Умр йўлдошини қишлоқи, маданиятсиз, дея ҳайдаб
юбориб, Москвадан малла сочлилардан олиб келганини ҳам биласизми?
Ғарбдаги шоир, ёзувчиларнинг шеърлари, қатраларини таржима қилиб,
қош-кўзини бўяб, ўзиники қилиб олганини биласизми? Билмайсиз! Ёки билиб
билмасликка оласиз !
- Менга ўйлаб кўриш учун ун кун муҳлат беринглар. Оқсоқол билан гаплашиб олай, - деди у.
Ўн кун вақт сўраган вазирнинг ўн соатга ҳам тоқати етмади. "Катта"нинг ҳузурига келиб:
-
Миртемир мухолифатнинг газетасига бош муҳаррир бўлибди. Газетага тазйиқ
ўтказаяпсизлар, масалани Олий Кенгаш мажлисида кўтараман, деб таҳдид
қилди.
- Мен унга таҳдидни кўрсатиб қўяман. Қўлдошевга айтинг
зудлик билан уни депутатликдан чақириб олсин. - "Катта" шундай, деб
Мирғуломовни чиқариб юборар экан аввал маслаҳатчиларига кейин
Қўлдошевга сим қоқиб:
- Уч кунда Миртемирни депутатликдан чиқариб олиш масаласини ҳал қилинг, - деди.
Якшанба куни Миртемирнинг уйига сайлов округидан Нуриддин деган йигит келди.
- Кечирасиз, нохуш хабар олиб келдим, - деди у.
- Тинчликми?
-
Пайшанба-жума кунлари ҳоким Келдиёров колхоз раислари, мактаб
директорлари, бригадирларни ишга солиб, сизни депутатликдан чақириб
олиш ҳақида қоғоз тўплади. Кеча қоғозларни шахсан ўзи Олий кенгашга
келтирди.
- Одамлар ҳеч нарса дейишмадими? - сўради Миртемир.
-
Биласиз-ку, ҳозир ҳамма қўрқиб қолган. Бунинг устига бу "Катта"нинг,
Тўрабеков ва Узоқовнинг топшириғи экан. Бу исмларни эшитганларнинг
аҳволини тасаввур қилиш қийин эмас. Қочганга қора ҳам Қорабой бўлиб
кўринади.
Шу куни Исо Холиснинг уйига Фарангистон элчиси
меҳмонга келиши керак эди. Миртемирни ҳам даъват қилганди. Миртемир
меҳмони билан хайрлашиб, қор устида аста-аста юрганча Исо Холиснинг
уйига борди.
- Эртага бир Тўрабековга кейин Жавлонжонга учрашинг-чи, - деди Исо Холис.
- Қозининг устидан ўзига арз қилгандек гап бўлмайдими?
- Қози истаса, қарорини ҳар турли чиқариши мумкин. Уларнинг кўнглига йўл топсангиз бу ҳаракатни тўхтатишади.
Миртемир
Исо Холис ё жуда ҳам содда ёки жуда ҳам айёр, деб ўйлади. Тулкининг
терисидан тўн кийган одам дўстини аждаҳонинг оғзига рўбару қилади.
"Катта" Тўрабеков ва Узоқовга бу ишни топширган бўлса, уларни Азроилдан
бошқа ҳеч ким тўхтата олмайди.
Миртемирнинг хаёлга чўмганини кўрган Исо Холис :
- Бугун Тўрабековни кўргандим. Сизни сўради. Демак, гап бу ёқда экан. Нима бўлса ҳам бир учрашиб қўйинг, - деди.
Бу
ишдан Исо Холиснинг ҳам хабари бор, деб ўйлади Миртемир. Чунки воқеани
эшитиб, ҳеч қандай таажжуб билдирмади. Аксинча, ҳамма нарсадан хабардор
кишидек "чиқиш йўли"ни кўрсатди.
Миртемир Исо Холиснинг ҳам
хабари бор йўклигини ўрганмоқчи бўлди. Агар хабари бўлса, демак у билан
бир йўлда юриб бўлмайди. Буни ўрганишнинг бирдан бир манбаи Тўрабеков
эди. Эрталаб у Тўрабековнинг ҳузурига келди. Папирос чекмайдиган
Тўрабеков тинимсиз тутата бошлади.
- Менга ҳам беринг, - деди Миртемир. Тўрабеков бир қутича "Мальбора"ни узатди. Кейин :
- Исо Холисни кеча кўрдим. Факат узоқдан бош ирғаб саломлашдик.
Ундан мени сўрамадингизми?
-
Сиз керак бўлсангиз, қаердан топишимни яхши биламан. Қолаверса, бу
масала Олий кенгашнинг иши. Билганимда ҳам унга аралаша олмайман.
-
Ахир ҳамма сессияларни Сиз ўтказасиз. Неча марта депутатларни чақириб
дўқлагансиз. Ҳатто менга ҳам қамалиб кетасан, деб айтгансиз. Майли,
чақириб олинглар. Лекин бу иш қонун талаби даражасида бўлсин. Менга
учрашув учун имконият танимасдан қарор чиқариб қўйишларингиз на
тарозида туради ва на тавоқда.