1 Январ 2008 йил - саҳифамиз ташкил топганига бир йил тўлади
Демократия мактаби
2008 йил 1 январ куни саҳифамиз ташкил топганига роппа-роса бир йил тўлади. Ўтган давр мобайнида мингдан ортиқ турли жанрдаги асарлар чоп этилди.Минглаб мухлис ва ўқувчиларга эга бўлинди. Саҳифа ташкил этилгач ўз олдига қўйган асосий мақсад демократияни ўрганиш эди.
Саҳифамизда танқидга учраганлардан кўпчилиги ўз камчиликларини оғриниб қабул қилганлар ҳам бўлди.Бундайларга эса биз муросасозлик қилмадик.Аслида демократлик даъвосида-ю лекин қалбан танқидга чидамсиз, кундай равшан иллатини-да тан олмайдиганларни қулоқларидан судраб офтобга олиб чиқишга озми-кўпми эришдик.Асосийси улардан кўра ўзимизга демократия мактабини ўтаган ушбу саҳифа орқали анча-бунча фикримизни оммага етказишга ҳаракат қилдик.
Бугун саҳифамиз муштарийлари жўғрофияси АҚШдан тортиб Ҳиндистон, Австралия ва Африка, Европа ва Хитойгача ўнлаб мамлакат ҳамда минтақаларни қамраб олган.
Саҳифамизда ўзбек халқининг севимли адиб ва шоирларидан Юсуф Жума, Жаҳонгир Муҳаммадларнинг дурдона асарларидан намуналарни келгусида ҳам эълон қилишда давом этамиз.Зеро бу муштарийларимиз талаб ҳамда истакларидир.
Таниқли адиблар билан бир қаторда ижодий машқлари эълон қилинган ҳаваскор қаламкашларнинг ҳам саҳифамиз орқали ўқувчилар орасида ном қозонганлари ҳам борлиги қувонтиради албатта.Келгусида ҳам биз шу анъанамизга содиқ ҳолда янги номларни кашф этишда давом этамиз.
Яна кўнгилли томони шундаки юзма-юз кўришмаган бўлсакда кўплаб ўқувчи ва муаллифлар билан дўстона ижодий ҳамкорликни йўлга қўйдик.
Улар орасида нафақат ватандош ва миллатдошлар балки бошқа миллат ва мамлакат кишилари ҳам бор.Бугун бизни Италияда ҳам, Руминияда ҳам, Финляндия ва Швеция, Канада ва Австрияда ҳам ўз муштарийларимиз бор.
Тўғри айрим ҳолларда танқиднинг тиғи фалон кишига дея йўналтирилмаган бўлсада ҳали-ҳануз ўпкаланиб юрган "демократ"лар ҳам йўқ эмас.Демак айтаётган сўзимиз кимнидир кимлигини танитиб қўяётгани ютуқ деб биламиз.
Саҳифанинг мақсади ижодкорларнинг ўз фикр-мулоҳазаларини эркин билдириш минбарига айлантириш эди.Аммо ўз номини яшириб гоҳ-гоҳ пана-пастқамдан тош отиб турган иғвогарлар кўп вақтимизни беҳуда сарф бўлишига афсуски улуш қўшдилар.
Нима бўлганда ҳам электрон саҳифа техник томонларини мукаммал билмаслик сингари камчилигимиздан фойдаланиб, айрим хакерлар ҳужумларига ҳам дуч келдик.Лекин бу бизнинг асосий мақсадимиздан чалғита олмади.Демак бизга ҳавас қилиш билан бир қаторда ҳасад билан қараётган рақобатчилар ҳам бор экан, фаолиятимиз самарали эканини ҳис қилиб турибмиз.
Саҳифамиз фаолиятини шу система имконияти қадар яна давом эттиришни ният қилиб қўйдик.Зеро бугун муштарийларимиз биздан янги-янги асарлар кутишаётганини эътироф этишмоқда.