Ризобек Четверг, 2024-05-09, 03.17.21
Приветствую Вас Гость | RSS
Главная | | Регистрация | Вход
Меню сайта
    Статистика

    Онлайн всего: 1
    Гостей: 1
    Пользователей: 0
    Форма входа

    Главная » 2008 » Январь » 6 » АДАБИЁТ
    20.32.09
    АДАБИЁТ
    Жаҳонгир МУҲАММАД

    ҚУВҒИН
    Роман
    2-китобнинг охири

    Йўлдошнинг гапига ишонди. Чунки бу бинода ишлаётганлардан икки нафарига ишониш мумкин бўлса, булардан бири Йўлдош, деб ўйларди бир пайтлар. Ўрусиятдан жумҳуриятга келган "тозаловчи"ларнинг қармоғига тушган инсонлар орасида Йўлдош ҳам бор эди. Ўшанда Йўлдош вилоят ижроқўмида умумий ишлар бўлимининг мудири эди. Шаҳар партия қўмитасида аъзоликка қабул қилинувчилардан пора исталганини мажлисда айтиб қўйгани учун кўчага қувилди. Миртемир уни анчадан буён танирди. Йўлдош комсомол қўмитасида ишлаб юрганида вилоят рўзномасига хат-хабар олиб келарди. Ҳамма вақт тиржайиб турадиган, бўйни эгик бу йигитчага доим ёрдам қўлини чўзарди. Сўзларидан ҳалол, пок, виждонли йигитга ўхшарди. Ҳуқуқ олийгоҳини битиргани учун сиёсатдан унча-мунча хабари бор эди. Ишдан қувилгандан кейин икки йил адолат излади. Бош суқмаган идора, тақиллатмаган эшик қолмади. Бу орада Миртемир жумҳурият рўзномасига ишга ўтди. Бир куни Йўлдош унинг ҳузурига келди

    - Биз ишонган қайта қуриш "айта кўриш", яъни гап экан. Ҳамма тепадан келган "меҳмон"лардан қўрқади. Ким билан гаплашмайин "Сиз ҳақсиз, лекин қўлимиздан ҳеч нарса келмайди", деб айтади - деди.

    Йўлдошнинг шаъмадор гапи Миртемирга таъсир қилди. Вилоят рўзномисида уни ҳимоя қилиб ёза олмас эди. Бу ерда ҳам мушкул, деб ўйлади. Газетамизнинг бошида тепадагиларга хушомадгўйлик зарурияти туғилса анқонинг уруғини ҳам топиб келадиган киши ўтирибди. Ёзганим билан саҳифадан олиб ташлайди. Балки саҳифага етиб ҳам бормас, лекин бу йигитнинг энг сўнги умиди бу. Кузлари маҳзунлик қалъасига айланибди, ранги сўлиб, қадди эгила бошлабди. Унинг ўрнига бошқа одам бўлганда тўнини елкасига ташлаб, бирор жойда ишлаб юраверарди. У чекинмади. Нима бўлганда ҳам унинг қўлтиғидан кўтариш керак. Миртемир хаёлларини тизгинладида, Йўлдошнинг икки сумкага сиғган қоғозларини қўлига олди.

    "Бир инсон тақдири" сарлавҳали мақоласи тайёр бўлганда, бош муҳаррир ўринбосари Жўрабой ака уни табриклаб:

    - Бу "меҳмон"ларимизни типирлатадиган илк мақола. Бугунга қадар ҳеч ким уларнинг мушугини "пишт" деган эмас. Лекин "домла" бу мақоланинг чиқишига изн бермайди, - деди.

    - Сизга ёққан бўлса, балки "домла"га ҳам ёқар, - деди Миртемир.

    Улар бош муҳаррирни "домла" дейишарди, чунки бош муҳаррир Майизов илгари дорулфунунда дарс бергани учун уни таҳририятда ҳамма шундай деб атарди.

    Жўравой ака мақолани олди-да, Майизовнинг котибига берди. Бир ҳафтадан кейин Майизов Миртемирни чақирди. Майизов ҳўл ўтинга ўхшарди, устидан керосин сепсангиз бир неча сонияда гувиллаб ёнарди-да, кейин тутай бошларди. Унинг гувиллаб ёнишидан туташи ёмон эди. Чунки кўзларни ачитиб юборарди.

    - Ҳов укам, бошинг нечта сенинг?! - Майизов Миртемирни сенсираб гапираркан, у хафа бўлмади. Чунки бир пайтлар дорулфунунда дарсга кирганида ҳаммани "сен"сираб гапирарди ва бунга Миртемир ҳам кўникканди. Майизов одати бўйича ёши ўзидан катта бўлса-да ўринбосарини ҳам сенсирарди, чунки уларни талаба ўрнида кўрарди.

    - Домла..., - Миртемир нимадир сўрамоқчи бўлди.

    - Домлангнинг уйи куйсин!... - Майизов Миртемирнинг сўзини кесди. - Ҳозиргина Марказкомдан келдим, Раънохон опанг газетамизга ташаккур билдирди. Нима сен бошимиздан қайноқ сув қуймоқчимисан? Юқоридан келган ҳар бир меҳмон ҳалол, виждонли, бизга яхшилик истаб келган. Уларни минг марта текшириб бир марта юборишган. Олдинги окахонларинг ҳаммаёқни сичқон уя қилиб, талон тарож этишди. Худого шукур, марказдан юборилганлар адолат калавасининг учини топиб беришди...

    Майизов тутай бошлаганди. Бу камида қирқ беш дақиқа давом этишини Миртемир яхши биларди. Лекин, нима бўлганда ҳам домла-да. Икки дарсни қўшиб бирданига тугатди.

    Миртемир Жўрабой аканинг ҳузурига келганда, уни қаҳ-қаҳа билан қаршилади.

    - Домла яхши одам, икки дарсни қўшиб юборади. Талабасини лимон деб ўйлайди. Эзаверади, эзаверади. Ҳечқиси йўқ, уч кундан кейин таътилга кетаяпти, ана ўшанда мақолани чиқариб юборамиз, - деди.

    Миртемир Раънохон опадан олинган ташаккурнома сабабини энди англади. Демак, бош муҳаррир Марказком қўмита котиби Ръно Саъдуллаевадан таътилга изн олган.

    Хуллас, кун ботди ой чиқди бир кун эрталаб газета саҳифасида Миртемирнинг мақоласи кўринди. Бу мақола унинг бошида чақилган ёнғоққа айланди. Ҳар тарафдан тошбўронга тутишди. Вилоят партия қўмитасида ишлаётган ва Йўлдошни бадарға этган "меҳмон" Николай Филлипов башарасидаги ниқоб йиртилганидан талвасага тушганди. Қўл остида ишлаётган Неъматжон Маҳмудовга шикоят ёздириб, Комфирқа иккинчи котиби, "бош тозаловчи" Радишчевдан "Мухбирнинг кимлиги ўрганилсин" деган ҳукм чиқартирди. Ўшанда Неъматжон Маҳмудов Миртемирнинг ҳузурига келди.

    - Менга ёз дейишди, ёздим. Биламан, Йўлдошга ноҳақлик қилинди. Лекин у ҳам яхши одам эмас. Комсомолда иккаламиз бирга ишлаганмиз. У ижроқўмга ўтгандан кейин орамиздан қора мушук утди. У мажлисда туман партия қўмитасидагилр пора олишади, дер экан, мақсади порахўрликни фош этиш эмас, балки мени у ердан четлатиш эди, - деди.

    - Нима бўлганда ҳам пора олинган, бу исботланди, - деди ўшанда Миртемир.

    Комфирқанинг топшириғи билан уч томондан тафтиш гуруҳи тузилди. Миртемирни "Бобоси босмачилар билан алоқадор" деб айблай бошладилар. Партия комиссияси эса "Бир пайтлар отаси қамалган" деган баҳонани рўкач қилди. Ички ишлар бошқармасида "Машина олувчи одамга ёрдам қилган" деган айбни ўйлаб топишди. Ҳар кун даҳанаки жанг, ҳар кун асаббузарлик. На уйда, на кўчада ҳаловат. Ниҳоят тўрт ойлик текшир-текширдан кейин партия қўмитасида мухбир масаласини муҳокама қилишга мажлис тайин этилди. Мажлисни янги тайинланган котиб Назиров бошқарди.

    - Мухбирда айб йўқ, - деди у.

    Бу гапни айтган Назиров балога қолди. Энди уни текшира бошладилар. Назирав Московга қадар борди ва Йўлдошни ишга тиклади. Шундан кейин Миртемир Йўлдош билан яқин дўст бўлиб қолди. Бир-бирининг уйига бориб келадиган бўлишди. Миртемир депутатликка сайланганда Йўлдош унинг атрофида гирдикапалак эди. Пойтахтдан шаҳарга қайтса, албатта қаршисида Йўлдошни кўрарди.

    - Юртимизда озодлик, бирлик, эрк ғалаба қилади, демократия қарор топади, - дерди у ҳар сафар.

    Мана бугун Миртемир унинг ҳузурида. Унинг хонасига киришдан олдин, йўлда Пўлабой Рашидовичга рўбару келиб қолди.

    - Олий Кенгаш раёсатининг қарори келди, икки кун бўлди. Машина юриб кетди, - деди у киноя билан.

    Йўлдош бўлса "Хабарим йўқ" деяпти. Балки ростдан ҳам бехабардир? Э, йўқ, умумий ишлар бўлимининг мудири қандай қилиб хабарсиз қолади? Ахир барча хат-ҳужжат унинг қўлига келиб тушади-ку? Ёки Пўлабой Рашидов уни чўчитиш учун шундай деди-ми?

    Миртемир Йўлдошнинг хонасидан чиқар экан:

    - Агар бир нохуш хабар эшитсам, албатта Сизга етказаман, - деди доимий тиржайишини канда қилмай.

    Миртемир ўзи сайланган туманга келди. Ҳоким Келдиёр Исроилов тинимсиз сигарет чека бошлади.

    - Хонангизда биров сигарет чекса рухсат бермас эдингиз, энди ўзингиз бошлабсиз-ку? - деди Миртемир.

    - Э, ўша кундан бошлаб чека бошладим, - деди Келдиёр.

    - Қайси кун?

    - Сиз ҳақингизда масала кўтарилган кун-да!

    - Мени депутатликдан чақириб олиш масаласини бирор бир ташкилот ёки бирор қишлоқ аҳли кўтарди-ми? - киноя билан сўради Миртемир.

    - Қизиқсиз-а, туман аҳли сизни мендан ҳам яхши кўришади-ку!

    - Ундай бўлса масала қаердан кўтарилди? - атайлаб саволини такрорлади Миртемир.

    - Иккаламиз дўстмиз, гап шу ерда қолсин, - деди Келдиёр - Мени Пўлабой Рашидович чақирди. Унга "Катта"нинг ўзи сим қоқипти. Бу нарса бизга обрў келтирмаслигини, халқ нотўғри тушунишини айтдим. Узоқ гаплашдик. Ниҳоят: "Бўпти, сиз таътилга чиқинг. Ўзимиз бажарамиз", деди. Ариза ёздим, қўл қўйди. Гапнинг очиғи хурсанд бўлиб кетдим. Сизни менинг қўлим билан ўлдиришмоқчи эдилар. Олдинги ҳоким билан қанча олшганингизни бутун жумҳурият кўрди. У хоинни туманимиз бошидан узоқлаштиргунча қанча азоб чекдингиз. Буни халқимиз унутмади. Шу боис Пўлабой Рашидовичга "Таклифимизни халқ қўлламайди" деб айтдим. У кулди-да, қачондан буён халқдан сўрайдиган бўлиб қолдингиз", деди. Туманга етиб келмасимдан орқадан Алибой Мардиев ва Йўлдош Сувоновлар етиб келишди. Мана шу хонада ўтириб халқ номидан талабнома ёздик, кейин қарор матнини ҳозирладик, ундан кейин пойтахтдан бу масалани кўриб чиқишни илтимос қилиб хат тайёрладик. Йўлдош Сувонов менинг машинамда пойтахтга олиб борди ва ўша куниёқ у ерда чиқарилган қарорни олиб қайтди...

    - Ким, ким?! - Миртемир титраб кетди.

    - Умумий ишлар мудири Йўлдош Сувонов. Илтимос, ўзига айтманг, "Биз Миртемир билан дўстмиз, энди менга ҳам ёмон кўз билан қарашади", деяётганди.

    Келдиёрнинг қолган гапи Миртемирнинг қулоғига кирмади. Чунки унинг қулоқлари олдида бошқа бир ҳайқириқ жаранглаётганди.

    Йўлдош! Қани сенинг виждонинг, иймонинг?! Қани курашчилигинг?! Сендаги дўстлик руҳи қаерга йўқолди?! Сенинг номинг бугун қиличга айланди. Тафаккурим, қарашларим, ишончимни чил-чил айлаган қилич!

    Йўлдош! Мен бу тумандаги деҳқон, бригадир, ҳатто мана бу хонага келиб сенинг гувоҳлигингда қарорга имзо оттирилган раисдан хафа бўлмайман У кураш нималигини, азоб-уқубат нималигини, уйқусиз тунлар, адолат, ҳақиқат йўлида жон фидо қилиш нималигини ё билади ё йўқ... Уни манқурт ҳолига солишган, ҳам овози бор, ҳам овози йўқ. Гапиради-ю гапиролмайди, ўйлайди-ю фикрларини қалбига кўмади. Изтироб чекади-ю изтироби билан бирга қоврулади. Лекин сен-чи?!

    Йўлдош! Ман Мардиевдан хафа бўлишга ҳақли эмасман. У ўн йиллар давомида суд раиси бўлди. Бу унинг оддий ҳаёт тарзи, дунёни пул деб баҳолади ва ўз мезонига кўра тўғри қилди. Бугун вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари. У ҳали узоқ манзилларга етиб боради. Собиқ бош вазирни депутатликдан қувишда "машъал"га айланди. Лекин ҳеч ким билмайдики, Хайрулло Саидов ўзи ариза ёзиб депутатликни тарк этди. Мардиевлар эса уни "қарсаклар" билан чақириб олишди, унинг ўрнига ўзи депутат бўлди. Мен ундан ранжимайман. Ифлос жамиятнинг энг ифлос чўққиларида юрган бундай "ақлли" кишилардан хафа бўлиш аҳмоқликдир.

    Йўлдош! Мен бугун Пўлабой Рашидовични ҳам кечирдим. У ҳам бир жаллод. Ҳукм келса, отасининг бошини кесади. У қондан, жирканчликдан сесканмайди. Унинг ҳаёт тарзи бу. Аммо унга ҳам раҳмим келади, чунки бир кун шу "Катта"нинг ўзи унинг бошини узади. Шохларнинг жаллодларри ҳеч қачон омон қолмаган. У бугунги гуноҳлари ҳаққи ўз ҳукумдоридан жазо олади.

    Йўлдош! Мен ҳатто Келдиёрдан ҳам хафа бўлолмайман. У ҳам ўзига хос шахс. Лекин ҳеч нарсани яширмасдан борини айтди. Ўз виждони олдида пок. Ҳатто "Мен қарши чиқиб ишни ташлаб кетсам ҳам, барибир Сизни депутатликдан чақиришади. Чунки бу халқнинг иродаси эмас, бу "Катта"нинг иродасидир. Қарор аллақачон чиқарилган", деди. У писмиқ эмас, у мақсадини яширмайди. Илгари келганимда эшикка қадар кузатиб қўймаган бу йигит, бугун мана кўчага қадар чиқди. Кетишим учун машина бермоқчи бўлаяпти. Ўтган ой эса учрашувга кечикаётганимизда бинонинг орқа эшигидан қочган бу "паҳлавон" бугун ўзини ҳокисор қилиб кўрсатиш билан ўз гуноҳларини енгиллатмоқчи. У мени "дўстим"дан алқаяпти. Унинг мақсади бор: Мени халқ ҳузурига чиқармоқчи эмас. Суҳбатлашиб ўтирар эканмиз, бошқа хонадан кимгадир сим қоқди. У балки сен эдинг, балки Мардиевдир. Сўнг "Тушунинг, халқ билан учрашувнинг фойдаси йўқ. Фақат менга гап тегади. Бутун туман халқи қўлига қурол олиб чиқса ҳам бу ҳаракатни тўхтата олмайди. Чунки бу ҳаракат саробдек гап. Қаерда кўриниб қаерда кўринмаслиги ноаниқ. Ҳозир қонунга кўра, баъзи қоғозлар тайёрланмоқда, эртага эса "Чақириб олинди, тўқсон тўққиз фоиз халқ овоз берди" деган қарор ёзилади. Агар эркакчасига айтсам бу ҳам ёзиб қўйилган. Битта иш қолди. У ҳам бўлса белгиланган кун матбуотда эълон қилиш" деди.

    У ҳеч нарсани яширмайди. Очиқчасига "Сени ўлдираман" дейди. Ўлишингни биласан, яна бир неча лаҳзадан сўнг "пақ" этиб милтиқ отилади-ю мангу уйқуга кетасан. Негадир бу қотилликдан хафа бўлолмайсан.

    Йўлдош! Ҳатто ўша сенлар сиғинган Тўрабековга нисбатан қалбим юмшади. У ҳам Худога эмас бандага сиғинади. "Катта"нинг қаршисида ҳамма вақт боши эгик, тили қисиқ. Мозорда ётган онасини, уйида ўтирган хотинини ҳақоратласа ҳам жим тураверарди. У худди лавозимларини пуллагандек ўз боласини осонгина сотиб юбориши мумкин. Унда на фикр ва на қалб бор. Унинг виждони пул, иймони мансаб. Эртага "Катта"нинг пайтавасига қурт тушса, унинг оёғига биринчи бўлиб болта урадиган Тўрабеков бўлади. Бугун "Катта"нинг сувратини ишхонасига осиб қўйган. Кўзи кўзига тушмаса кўнгли жойига тушмайди. Агар масала унинг мансаби билан дахлдор бўлса, эртагаёқ менинг сувратимга ҳам сиғиниши ҳеч гап эмас. Тўрабеков, Узоқов, Салимовлардан хафа бўлиш ўзингни беписанд этиш, хор-зор қилиш билан баробар. Улар дунёдаги энг бадбахт одамлар. Уларнинг бу куни бор, у ҳам омонат, эрталари зулмат, келажаклари эса ёлғиз Худога аён.

    Лекин сен-чи, Йўлдош? Сен кимсан? Сансираганимга жаҳлинг чиқмасин. Сен дея Йўлдош Сувонов билан эмас, балки Йўлдошевлар билан бахс очмоқ истадим. Сендаги адолатга ишонч қачон сўнди? Сендаги курашчанлик руҳи қачон синди?! Сендаги умид дарахти қачон чирий бошлади?! Қачон?! Агар бор ҳақиқатни англаб, сен ҳақсизликка кўниккан бўлсанг, демак миллатнинг тақдири хавф остида. Чунки миллатни ушлаб турадиган илдизлар унинг ботир, қўрқмас, ҳақсўз ўғлонлари.

    Тўрабековлар, Салимовлар, Марди-евлар... уларнинг сон-саноғи йўқ. Уларнинг ожизлиги, қўрқоқлиги ҳам боис Туркистонни ўрислар босиб олди., қатлиом қилдилар халқни. Улар "Марату"лардир. Ривоятни эсла. "Марату"ларнинг хоинлиги боис миллатнинг тилини кесдилар, шоирларини ўлдирдилар, ёзувчиларини тириклайин кўмдилар, ойдинларини дарбадар этдилар. Шу ойдинларнинг орасидан чиққан "Марату"ларнинг қўли билан. "Марату"ларнинг мансабга садоқати боис миллионлаб ўғлонларни "босмачи" дея тавқи лаънатга қориштирдилар. "Марату"ларнинг одам қиёфасидаги шайтонлиги туфайли халқнинг кипригига қулф, қўлларига занжир, тафаккурига тиканзор солинди. Лекин "Марату"ларни охир-оқибат Чор Россияси ҳам аямади, дорга осди. "Марату"ларни Ленин кечирмади. Очдан ўлдирди! "Марату"ларни Сталин отди, лекин Йўлдошлар қолдилар. Нега? Бу қандай синоат?! Бу қандай сир?! Балки асл "Марату" сенсан, Йўлдош!

    Энди Йўлдош Сувоновга икки оғиз сўзим бор: Сиздан ёрдам сўраб борганим йўқ биродар. Дардлашмоқ истадим. Сиз бор ҳақиқатни яширсангизда, ҳамтовоқларингиз яширмадилар. Лекин нега яширдингиз? Нега жилмайиб туриб алдадингиз? Сизни қандайдир туйғу қийноққа солдими? Агар бор гапни айтганингизда... Йўқ, сиз мени яхши билардингиз. Мен мансаб учун дўстини сотгганлардан ҳазар қиламан! Раҳбарга садоқатли кўриниб, биродарларидан кечганлар билан суҳбат қуришдан ор қиламан! Шу боис ҳам яширгансиз, Йўлдош Сувонович!

    Сиз қўлда қилич билан мен сайланган туманга боргансиз. Кундага менинг бошим қўйилганди, курашлардан тиззалаб қолганингиз кўз олдингизга келди-ми? Икки йил сарсон-саргардон юрганингизни эсга олдингиз-ми? Ёки шу ҳолат сизга қилич кўтариш учун куч берди-ми? Лекин сиз ўша  пайтда ёлғиз қолмаган эдингиз-ку?

    Уҳ, қилични урдингиз! У менинг бошимга эмас, умидимга, ишончимга курашимга санчилди. Мен ўзимнинг бугунги ҳолатимни енга олмасам, қачондир қайсибир Йўлдош адолатсиз чорраҳада ёлғиз қолади. Балки бу ҳолатимни енгсам, мен қўллаган Йўлдошлар қачондир Миртемирларнинг бошини кесар! Кўрдингизми, нима қилиб қўйдингиз, Йўлдош Сувонович!

    Азалдан кишилар дўстларнинг хиёнатидан озор чекканлар. Нафақат кишилар, балки бутун жонзодларни ана шу дард қийнайди. Ёдига "Хонбалиқ" ҳақидаги ривоят тушади.

    РИВОЯТ.

    Энди уруғдан чиққан икки хонбалиқ тоза сувда гоҳида сакраб, гоҳида "учиб" ўсишарди. Нохос келган оқим улардан бирини ўз комига тортди. Уни шўр сув - уммонга олиб бориб ташлади. У шиддат билан орқага урди узини, тўлқин уни қайта улоқтирди. У сув остидан ортга сузмоқчи бўлди, меҳнатлари зое кетди. У энди сакраб-сакраб оқимга қарши суза бошлади. Шариллаб оқаётган сув уни тошларга урди, боши зада бўлди. Яна шўр сув - уммонга бориб тушди. У куч тўплаб ортга қайтди. Гоҳ тошга урилди, гоҳ ортга улоқтирилди.

    Вақт унинг фойдасига ишларди. У чиниқарди ва куч йиғарди, улғаярди. Ниҳоят у шиддатли оқимни, изтироб ирмоқларини аста-секин енга бошлади. Узоқ курашлар, олишувлардан сўнг ўзи пайдо бўлган мусаффо кўлга етиб келди. Сакраб, сув сачратиб ўйнади, қувнади, сўнг дўст-ёрини қидирди. Излаб-излаб топди. Дўсти ундан қочди. У қанча яқинлашмасин дўсти шунчалик қочиб кетаверди. Сўнг у катта куч билан ўзини тошга урди. Ўлмади. Яна бориб урди. Яна... яна... Уни сув қиргоққа олиб чиқиб ташлади. Шунда дўсти ҳам унинг ортидан бу ҳолни такрорлади.

    Бу икки балиқ қолган балиқлар фалсафасидан йироқда эди. Думингни ликиллатсанг илгари кетасан, деган қоидани қабул этмагандилар. Балки шунинг учун уларнинг номлари Илонбалиқ эмас, Чўтирбалиқ эмас, уларнинг номи Хонбалиқ!

    Миртемир тумандан орқага қайтар экан қўлини силкаб қолган Келдиёрнинг ғира-шира қиёфаси Йулдошнинг қомати билан қоришиб кетди. Қишнинг сўнг кунларидаги суякларни кемирувчи хирчин шамол деразадан шиддат билан ичкарига урди-ю Миртемирнинг хаёлларини олиб кетди. У машинанинг ойнасини бекитар экан, худди ўтган кунларига парда тортгандек кўнгли бўм-бўш эди. Бу бўм-бўшликни тўлдирадиган қувғинлар ҳали олдинда эканлигини сезса-да шу дамда бу ҳақда ўйламасликка уринарди...

    (Иккинчи китоб тугади)

    Жойлади: Маъмур
    Всего комментариев: 0
    Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
    [ Регистрация | Вход ]
    Copyright MyCorp © 2024
    Сайт управляется системой uCoz