-1-
САВОЛ: Рустам Азимовнинг Бош вазир биринчи ўринбосарлигига келтирилиши нимани билдиради? (Қосим).
ЖАВОБ׃ Қайтар дунё! У 2005 йилда ҳам Бош вазирнинг биринчи ўринбосари эди.
-2-
САВОЛ: Нега “Озодлик” радиоси шоир Юсуф Жума ҳақида ҳар куни жар солмаяпти? (Баҳора).
ЖАВОБ: Чунки у террорист эмас.
-3-
САВОЛ: Ғарбдан демократия учун деб пул олиб яшаётганларнинг баъзилари демократияга зарар бериб юрганларига нима дейсиз? (Нодир).
ЖАВОБ: Зарар келтиришга интилган одам яхшиликни ёйиш учун маош олиб ишлаганда ҳам зарар келтираверади.
-4-
САВОЛ: Авропа Иттифоқи Ўзбекистонда 2008 йил бошидан ўлим
жазоси бекор қилинишини қутлаб ҳукуматни олқишлаганига қандай
қарайсиз?(Мурод).
ЖАВОБ:Улар энди Ўзбекистон ҳукумати томонидан ҳеч ким ўлдирилмайди деб ўйлаётган бўлсалар керак!
-5-
САВОЛ: Баъзан сиёсатда ҳам ўйин қилиш ёмонми? (Одил).
ЖАВОБ: -Сиёсатда ўйин қилиш ёмон эмас, аммо ўйинчи бўлиб қолиш ёмон.
-6-
САВОЛ: Сиз кимни ҳақиқий сиёстачи деб билардингиз? (Одил).
ЖАВОБ: Кимки сиёсатни пул учун эмас, қалбининг амри учун қилса, у ҳақиқий сиёсатчидир!
-7-
САВОЛ: Нафақат ҳукуматда, ҳатто мухолифатчиман деганлар орасида
ҳам маҳаллийчилик кучли эканлигини кўраяпман. Бунга нима дейсиз?
(Ҳаким).
ЖАВОБ: Маҳаллийчилик - Ўзбекнинг ажали!
-8-
САВОЛ: Нега Ўзбекистон туркийзабон давлатлар зирвасидан узоқ туришга интилмоқда? (Шаман).
ЖАВОБ: Тошкент ибораси билан айтганда, Анқара турк бирлигига ислом бирлиги деб қарамоқда ва сиёсий мақсадларни кўзламоқда.
-9-
САВОЛ: Сиз танқид қилганларнинг баъзилари ҳам демократия ҳақида гапиришмоқда-ку? (Рустам ).
ЖАВОБ: Демократияни гапирганга эмас, уни ўз ҳаёти мисолида кўрсатганга ишонинг!
-10-
САВОЛ: Ўзбек журналистикаси бутунлай бадном бўлган деб ёзишганини ўқидим. Шундайми? (Анвар).
ЖАВОБ: Журналистика денгизга ўхшайди. Кимдир унда марваридни кўради, кимдир шўр сувни ва кимдир акулани.