Ризобек Среда, 2024-05-08, 10.45.22
Приветствую Вас Гость | RSS
Главная | | Регистрация | Вход
Меню сайта
    Статистика

    Онлайн всего: 1
    Гостей: 1
    Пользователей: 0
    Форма входа

    Главная » 2008 » Январь » 8 » Наср
    13.23.43
    Наср

    ҒАРОЙИБ ЭШАК

    (Давоми. Боши бу ерда)

    Э-э… Ассалому алайкум, ҳорманг энди! Танимадингизми? Ахир мен куни кеча сиз билан учрашиб,ўша Дўлта лақабли эшагимни ажабтовур қилиқлари ҳақида сўзлаб берган чўпон Мўминқулман-ку.Энди эсладингизми,ҳа баракалла.Нега хомуш кўринасан, дейсизми?

    Э,нимасини айтасиз,ўтган гал сиз билан бу ёқда ҳангомалашиб,анча ўтириб қолибман шекилли,борсам қўтонда қўйлар йўқ.Лаънати Дўлтани куррачалари қўра дарвозасини тумшуғи биланми ё оёғи биланми очиб юборибди денг,қўйлар ҳар томонга тўзғиб кетган.Қош қорайгунча аранг йиғиштириб олдим.Бир қисм қўйларим эса йўқ,чамамда қўшни туман ҳудудига ўтиб кетган бўлса керак ,у ерни яйловларини серўт дейишади.

    Ишқилиб жондор-пондорга йўлиқмасинда.Мана ҳозир ҳам ўша ёққа қўйларимни излаб кетяпман.Илгари яйловларимизда ўт одамни белига урарди.Эрта қишда туғилган қўзилар кузга келиб,думбасини кўтаролмай қолган даврлар бўлган.Қишлик озуқа учун жамғарилган беда,пичан ғарамлари ортиб қолиб,келаси қишга ҳам етарди.Кейинги йилларда қишлоғимиздан барака кўтарилдими билмайман,қўй боқадиган яйловларда ўт-ўлан аввалгидай эмас.

    Ўт сероб бўлган даврларда қўйлар бир-икки соат ўтлаб,қолган вақтда қорнини мешдай қилиб ётарди,ҳозир эса уззу-кун ер искаланиб ҳам қорни тўймайди,аксинча юравериб чарчагани етмагандек Дўлта билан мени ҳам чарчатади.Озуқа йўқлиги боис тақир яйловда фақат тупроқ ялайверганидан қўйларим ниҳоятда ориқлашиб кетди.У ер бу ерда яккам-дуккам ўсган янтоқ,шўра,бутасимон ўсимликлар эса дайди эшаклардан ортмайди.Сўнгги вақтларда қишлоғимизда дайдиб юрган эшаклар кўпайиб кетди.

    Буларни дастидан қўй-қўзиларни ризқи қийилди,яна буларни бўрилар ҳам четлаб ўтади денг.Дўлтани хўтикчалари-ку қўтонни атрофидан кетмайди,мен қўйларни далага ҳайдаб кетишим билан келиб қўрани ичида куймаланиб юради,касал қўйларга бериш учун бозордан сотиб олиб келинган омухта емни еб кетадими-ей,хуллас кечгача қўрани ўзига ошиён қилади.

    Аслида буларни бошдан йўқотмоқчи эдим,лекин қишлоғимизнинг бўз болалари ушлаб олиб,миниб кайфичоғлик қилиб юрганини кўриб,индамадим.Боласи тушмагурлар,хўтикчалар билан роса хумордан чиққунча ўйнашади,бир қарасангиз миниб юрган бўлади,яна бир қарасангиз жарликка томон судраб кетаётган бўлади.Ишқилиб Дўлтани куррачалари болаларнинг овунчоғига айланган.

    Эрталаб тонгда йўлга чиққан эдим,мана қаранг кун ҳам чошгоҳ бўлди.Лаънати Дўлтани бу тошбақаюришида мен қачон қўшни туман яйловларига етиб бориб,қўйларимни излайман.Аввал айтганимдек зарур иш билан бирон ёққа жўнасам,бу дардисар ҳунарини кўрсатади.Ўзи-ку аввалбошданоқ мен эшак эмас от олмоқчи эдим.Ўшанда от олиш илинжида бозорга борганимда,менга даллоллар от эмас мана шу ярамас эшакни рўпара қилишган.

    Мен содда гўл уларнинг бу эшак отдан ҳам яхши деган мақтовига лаққа ишониб,сотиб олаверибман.Бозордаги даллолларга ҳам беш кетмадим,ҳаммасини инсофини бўри еган,тезроқ эшакни сотиб,даллол ҳақи олиш пайида бўлишади.

    Қўшнимиз Қўзивой ака эшак олмоқчи бўлиб,бозорга отланаётганда от нархини суриштириб келишни тайинлаб юборгандим.Бозорга от кирмабди,фақат уч-тўртта эшак,шунча хачир ва бир байтал кирибди, холос.Э дўстим, туманимизда деярли от қолмади.Ҳамма яхши отлар эшаклар дастидан қочиб,бошқа вилоят ҳудудларига кетиб қолишган.

    Энди бошқа чора йўқ,ҳозирча Дўлтани хизматидан фойдаланиб тураман.Келаётган байрам арафасида туман марказига бозор ўчарга тушаман,шунда бирваракайига эшак бозорга ҳам ўтаман. Биронта яхшироқ от учраб қолса харид қиларман, акс ҳолда куним яна шу Дўлтага қолаверади.Сабил қолгур ўзиям анча қариб қолди,мабодо ўлиб-нетиб қолса ўрнига бир яхшироқ отми эшакми топа олармикинман!

    Ҳай майли,кўп ўтириб қолдим,тезроқ бориб келай энди,акс ҳолда қолган қўйларим ҳам кўк қувиб,бошқа томонларга кетиб қолишмасин тағин.Сиз билан насиб этса яна учрашармиз,ҳозирча хайр.

    МЎМИНҚУЛ.

    Жойлади: Маъмур
    Всего комментариев: 0
    Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
    [ Регистрация | Вход ]
    Copyright MyCorp © 2024
    Сайт управляется системой uCoz