Ризобек Суббота, 2024-05-04, 15.37.13
Приветствую Вас Гость | RSS
Главная | | Регистрация | Вход
Меню сайта
    Статистика

    Онлайн всего: 1
    Гостей: 1
    Пользователей: 0
    Форма входа

    Главная » 2008 » Январь » 11 » Жаҳонгир Муҳаммаднинг "Қувғин" китобини ўқиб...
    13.11.08
    Жаҳонгир Муҳаммаднинг "Қувғин" китобини ўқиб...
    Ўзбек адабиёти романчилигининг ХХI асрдаги улкан туҳфаси

    Холланднинг биз жойлашган Амерсфоорт шаҳридаги муҳожирлар марказида адибнинг романини бир мен эмас бошқалар ҳам ўқишаётган эди.Вақт ғоят чегаралангани боис асарни қоғозга нусхасини кўчириб олиб, тунлари ҳам ўқий бошладим.
    Мен ва бошқа ватандошлар ўқиганларимиз хусусида фикр алмашар эканмиз, романнинг ўзбек адабиётидаги янги бир йўлда ёзилганини эътироф этардик.Аниқроғи асар халқона тилда ғоят қизиқарли, ўзига хос тақдим этилгани эди.

    Гапнинг очиғи "Қувғин"нинг кириш қисмидаги муаллиф сўзбошисининг ўзиёқ кўнгиллардаги армон ҳамда умидлар туйғусини мавжлантиради.

    "...Бу китобни исми Мунаввару ўзи ёруғ кунларни кўрмаган,
    дардларга қул бўлган, ўн гулидан бир гули очилмай сўлган
    онаизоримнинг қалбимга оташ, шууримга нур, иродамга куч,
    бардошимга мадад ва устин бўлмиш муборак руҳларига бағишлайман..."

    Романнинг бош қаҳрамони гўё битта эмас эди. Айниқса Миртемирнинг тимсоли ҳар бир ватанни тарк этган ҳақиқатталаб, адолат излаган ватандошнинг тимсолига ғоят яқинлиги билан ўқувчини унинг мутоаласига муҳрлаб қўяди десам муболаға бўлмас.

    Салбий қаҳрамонларни ҳам кечира оладиган, бағрикенг Миртемир тимсолига ҳар қандай ўқувчида бир хайриҳоҳлик, кези келганда ундан фахрланиш баробарида бошига тушаётган ноҳақликнинг оғир тошини кўкрак кериб мардона боришига ҳавас ҳам уйғотарди.

    Очиғи, бир оддий ўқувчи сифатида юксак маҳорат билан ижод қилинган роман ҳақида сўз айтишдан аввалига бироз истиҳола ҳам сездим.Лекин романни ўқиб бўлгач унинг муаллифига мухлисларининг илтимоси ва ўзимнинг ҳам кўнглимдаги кечинмалар асосида миннатдорлик мактуби йўлладик.

    Роман муаллифи Жаҳонгир Муҳаммаддан қисқагина камтарона жавоб олдик."Камтарона меҳнатимга ғоят юқори баҳо берганингизлардан миннатдорман.Лекин ҳали кўп асарлар ёзиш масъулиятидаман..."

    Таниқли адиб, бир пайтлар ойнаижаҳонда туриб зулмга қарши кескин сўз айтган , нафақат адабиёт мухлислари балки оддий одамлар кўз ўнгидаги жасур - қаҳрамон кишининг оддий мухлисларга жавобини катта эътибор дея қувондик.Адибга уни ғойибдан таниганларнинг ҳам ҳурмати ва меҳри ошди.

    "Қувғин" романи ўзбек крилл алифбосидаги баъзи унсурларнинг камчилиги ўша кезларда менга ҳам ва бошқа ўқувчиларга ҳам сезилмади.Асосийси ўзбек романчилигининг янги бир дурдонасидан кўнгиллар қонаётган эди.Орадан бирмунча вақт ўтиб, романдаги алифбо унсурларидаги камчиликларни кўриб чиқиб, интернет саҳифасида эълон қилиш истаги пайдо бўлди ва унинг мағзини тўлароқ чақиш учун қайта мутоалага ҳам эҳтиёж сездим.

    "Қувғин"дан бир парчани саҳифада эълон қилгач турли мамлакатларда яшаётган таниш ва нотаниш ўқувчилардан: давомини ҳам эълон қилсангиз деган сўров ҳамда таклифлар келиб туша бошлади.Ва уни баҳолиқудрат ўқувчилар ҳукмига таъбир жоиз бўлса янги таҳрирда эълон қилдик.

    Романдаги совчилик эпизоди кишининг ўзбекчиликда ўзига ёр танлаш кезларини ёдга солиб ҳузурбахш онлардан энтиктирса, узоқ йиллар муҳожиротда яшаган ватансевар юртдошнинг Ватанга қайтиш манзаралари юракларни ларзага солади.

    "...Боймирза Байрамни аввал қўналғанинг қаҳвахонасига олиб киришди, кейин унинг ёнига яқинлашган Назар Бахтиёров унга:

    - Сиз учоқдан тушганда тиз чўкиб ерни ўпибсиз, - деди.

    - Мен Ватан тупроғини ўпдим, озод Ватанимнинг тупроғига эгилдим,- дея жавоб қилди Боймирза Байрам.

    - Биласизми, бизнинг телевизорчилар учоқнинг ёнигача боришолмайди. Шу боис ҳозир шу ерда ўша воқеани такрорласак. Сиз тиз чўкиб тупроқни ўпсангиз, улар сувратга олиб халққа кўрсатса.

    Боймирза Байрам сесканиб тушди.

    - Ёшим етмишдан ўтганига анча бўлди,- деди у. - Мен ҳақимда минглаб фельетонлар ёзилди, мени тахқирладилар, менга бўҳтон уюштирдилар, лекин хафа бўлмадим. Аммо ҳозиргидек ҳеч қачон туйғуларим топталган эмас. Мен артист эмасман, мен Ватан тупроғини бировга кўрсатиш учун ўпмадим. У юрагимдан келган бир ҳиснинг ташқи кўриниши эди.

    - Тўғри, сиз ҳақсиз, - деди Назар Бахтиёров. - Лекин Сизни мустақил Ватанимизнинг мустақил юртбошиси жасорат билан таклиф қилдилар. Москов ғазаб билан кузатиб турибди. Шундай шароитда бир-биримизни англамасак, кулгили ҳолга тушамиз.

    - Мен сизни англайман. Лекин менинг туйғуларим билан ўйнаманг!..."

    Жаҳонгир Муҳаммаднинг ҳамма асарларида ҳам халқона нафас уфуриб туради.Айниқса бугун "Қувғин" мухлисларнинг яқин ҳамроҳ, йўлдошига айланиб улгурди.

    Эҳтимол бу камчилик эмас балки ютуқ деб ҳисобланса ҳам бўларкуя лекин айрим романдаги жузъий камчиликдай туюлган ўринларга ҳам тўхталмоқчиман.Бу албатта оддий ўқувчининг фикрлари.Масалан айрим ўзбек тилида унутиб юборилган соф она тилимиздаги ўзбекча сўзлар ва маҳаллий шевадаги иборалар ҳамма ўқувчига ҳам англаши учун бироз қийинчилик туғдирадигандай назаримда.Аслида соф она тилимиздан етарли маълумотга эга эмаслигимиз панд бериб, оддий ўқувчиларда бў сўз нима эди деган саволни юзага келтиради.

    Роман ҳақида яна талай илиқ сўзлар, фикр -мулоҳазалар билдириш, мунозара юритиш мумкин.Қисқагина мулоҳаза билан унинг ҳамма қирраларини очиб бериш осон эмас.

    "Қувғин"ни эринмай, қунт билан мутоала қила биладиган адабиётга ихлосмандлар учун бу асар ХХI аср романчилигидаги улкан туҳфадир.

    Ризо Обид.
    Жойлади: Маъмур
    Всего комментариев: 0
    Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
    [ Регистрация | Вход ]
    Copyright MyCorp © 2024
    Сайт управляется системой uCoz