Таниқли ҳуқуқ ҳимоячиси Саиджаҳон Зайнобиддинов ва Баҳтиёр Ҳамронинг фарзанди Ихтиёр Амнистияга мувофиқ озод этилди, дея эълон қилиниши Каримовнинг навбатдаги найрангларидан бири эканлигига ҳеч шак-шубҳа йўқ. Чунки ҳалқаро жамоатчилик ҳамда ҳалқаро инсон ҳақлари ташкилотлари Ўзбекистонда "Амнистия ўзгача фикрловчилар ва сиёсий маҳбусларга нисбатан қўлланилмайди" деяётган иддаоларига осонгина:"...йўқ , ундай эмас, бизда Қонун барчага баробар, мана исботи учун "ҳукуматни ағдармоқчи" бўлган фалончи-пистончилар ҳам озод этилди..." дея жавоб бериш учун кўзбўямачиликдан бошқа нарса эмас.
Агар шундай бўлмаганда Амнистияда айтилган:" ...барча тугалланмаган ва ниҳоясига етмаган жиноий ишлар ҳаракатдан тўхтатилсин..." деган мазмундаги бандга кўра Юсуф Жума ва унинг оила аъзолари ҳам авф этилиши керак эди.
Бизлар жуда ишонувчан миллатмиз.Каримов буни ғоят устомонлик билан ҳис этгани боис ҳам янги-янги найрангларига ишонтиришнинг уддасидан чиқиб келмоқда.
Айримлар эса:"худо инсоф бераман деса ҳеч гап эмас, қаранг, ана бирин-кетин ҳаммани озод қила бошлади..." дея зулмбошнинг ҳаққига дуо ҳам ўқишса ажабланмай қўйилган.
Зулмбош тахтга келгандан буён қанча найрангни бошлаган бўлса , таниган-билган кишиларимга:"...бу унинг галдаги найранги" дея айтсам "...йўғ-э" деб менга ҳайратланиб қарашади.Ишонқирамагандай бўлишади-да, анча вақт мендан узоқлаб ҳам юришади.Орадан бирмунча вақт ўтиб найранг фош бўлгач эса:"...ўшанда тўғри айтган экансиз..." дея бошларига тушган кўргуликлардан зорланиб қолишади.
Орадан кўп ўтмай зулмбош янги найрангни бошлайди.Ҳалигидай ишонувчанлар яна зулмбошга инсоф бергани учун дуолару ҳамду санолар ўқий бошлашади.Бу - мана неча йилларки такрорланиб келяпти.Яна қанча давом этади билмадим...