Ризобек Воскресенье, 2024-05-19, 11.47.28
Приветствую Вас Гость | RSS
Главная | | Регистрация | Вход
Меню сайта
    Статистика

    Онлайн всего: 1
    Гостей: 1
    Пользователей: 0
    Форма входа

    Главная » 2008 » Февраль » 13 » Кундаликдаги чизгилар
    11.48.39
    Кундаликдаги чизгилар
    3.Йўлларим ва йилларим

    Тошкентга етиб бориш осон бўлмади.У қишлоқдан бу қишлоқ орасида қатнайдиган йўловчи машиналарда алмашиниб ҳаракат қилдим.Мабодо тутиб олишса ҳам узоққа эмас шу яқин орадаги танишларимдан бириникини қидириб юрибман деган ўй бор эди.Лекин Тошкентга етгунча яна водий билан боғлаб турувчи узундан-узун Қамчиқ довонини ошиб ўтиш керак эди.Тожикистоннинг Хўжанд вилояти орқали бориш эса хавфли.Чунки бу орада қатор чегара постлари қуриб ташланган.

    Энг қулайи бирор-бир ёнилғи қуйиш шахобчасида пойтахтга жуда кўп қатнайдиган юк ташувчи Камаз машинасини кутиш эди.Шундай ҳам қилдим.Таниш ҳайдовчи йигит келиб қолди.Унга: "ука мени Тошкентгача олиб кетсангиз, лекин ёнимда паспортим йўқ, текшириб қолишлари мумкин" дея илтимос қилдим.У: ҳечқиси йўқ ака, олиб кетаман" дедида кабина ортидаги ҳайдовчилар "спальня" деб атовчи ҳордиқжойига жойлаштириб кўринмаслик учун пардасини тортиб қўйди.

    Аслида йўл-йўлакай постда турган милиция ходимлари Камазчилардан кимни олиб кетяпсан деб сўрашмайди ҳам, текширишмайди ҳам, улар ҳайдовчилардан гўё қонунийдай ўз улушларини ( такса ) олишадида ўтказиб юборишаверади.Одамлар буни билиб қолишган.Шунинг учун ҳам :"Бин Лодин Камазчига Ўзбекистонга олиб бориб қўй деса бемалол Афғонистонданми , қаёқдан бўлса ҳам ўтказиб қўя олади" деб кулишиб қўйишади.

    Хуллас Қўйлиқ мавзесига етиб келгач:" ака етиб келдик" дея ҳайдовчи йигит пардани сурди.

    Унга миннатдорчилик билдириб, трамвай бекатига ўтдим.Таксига ўтириш ҳам хавфли.Ҳозир Ўзбекистондаги таксичиларнинг кўпчилиги ҳам айғоқчилик қилишади.Улар қидирилаётган одамни таниб қолишса милицияга топширишлари ҳам мумкин.Бундан ташқари уларнинг хизмати ғоят қиммат.
    Шу сабаб ҳам умумтранспорт қулайроқ деб ўйладим ва икки марта алмашиниб Юнусобод мавзесига етиб бордим.Кейин қандай ҳаракат қилиш керак ўша ёқда яшовчи таниш ҳуқуқбондан маслаҳат сўрамоқчи эдим.Унинг уйига кириш эшигининг қўнғироғини босдим.Ичкаридан эшикни очмай "кимсиз" деган овоз келди.Мен исмимни айтдим.У ёқдан эса бундай жавоб олдим:

    -Эшикни очолмайман, устимдан қулфлаб кетишган, эрта ё индин келинг.

    Мен эрта ё индингача бу ерда қолишим хавфли эди.Чунки истаган пайтда уйдан суриштириб қолишлари мумкин.Йўқ бўлсам қидирув кучайиши мумкин эди.

    Шу боис ўша мавзеда яшовчи умуман сиёсат ё ҳуқуқбонликка даҳли бўлмаган оғайнимникига йўл олдим.У Қозоғистон билан Ўзбекистон ўртасидаги Черняевка деб аталадиган божхона постига жуда яқин жойда яшарди.Унинг уйига йўқлаб келган киши бўлиб кириб бордим.У қучоқ очиб кутиб олди.Бу паллада кеч бўлиб, қоронғу тушганди.
    Қадрдон оғайнимга Чимкентга юмуш билан кетаётганимни айтдим.У: "божхона ҳозир ёпиқ, эрталаб соат 8 дан очилади.Бугун меникида тунаб эрталаб борарсиз" деди.

    Очиғи оғайним билан анчадан буён кўришмасдик, у  бошқаларга нисбатан бироз  тўқ яшасада зулмбошнинг қилғилиқларидан  норозилигини яширмади. Мириқиб суҳбатлашдик. Меҳмондорчиликни жойига қўйди.Ўзимча:"ичкаридан уйини қулфлаб олиб очмаган ҳуқуқбондан шу оддий кишиларнинг одамгарчилиги дуруст " дея кўнглимдан ўтказдим.

    Ризо Обид

    (Давом этади)
    Жойлади: Маъмур
    Всего комментариев: 0
    Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
    [ Регистрация | Вход ]
    Copyright MyCorp © 2024
    Сайт управляется системой uCoz