Ризобек Воскресенье, 2024-05-19, 07.01.11
Приветствую Вас Гость | RSS
Главная | | Регистрация | Вход
Меню сайта
    Статистика

    Онлайн всего: 1
    Гостей: 1
    Пользователей: 0
    Форма входа

    Главная » 2008 » Февраль » 16 » "Озодлик" радиосига очиқ хат
    12.17.07
    "Озодлик" радиосига очиқ хат
    Муҳаммад-Бобир Маликов , Ўзбекистон Олий Судининг собиқ раиси

    Ёлғон ҳам эви билан-да!

    Бугун эрталаб электрон почтамни очсам “Озодлик” радиосидан Аҳмаджон Одиловга бағишланган интервьюнинг матнини менга юборишганини кўрдим.

    Ҳўп, нима гаплар бўлган экан, деб очсам, бутун асабларим бузилиб, қоним қайнаб кетди.

    Нимамиш- А.Одиловнинг терговини Гдлян билан Иванов олиб боришганмиш, уни озод этишда Одил Ёқубов ва Салай Мадаминов фаол қатнашишганмиш… Хуллас- яқин тарих ҳам миш-миш бўлиб кетибди.

    Ҳой, Парвардигорим ўзи сизларга инсоф берсин, бу воқеаларда бевосита қатнашганлар ҳали ҳаёт-ку!

    Бошидан бошлайлик - 1980 йиллари ўртасида Москвадан келган тергов гуруҳлари “Ўзбек иши”ни бошлаб, асосий зарбани Ўзбекистон коммунистик партияси ва ҳукумати раҳбарларига қарши берган.

    Шунда Ўзбекистоннинг кўзга кўринган раҳбарларидан Усмонхўжаев (1987 йилда), ундан олдин Худойбердиев, Салимов, Мусахонов, Усмонов, икки обкомнинг биринчи котиблари-Каримовлар (Ислом Каримов эмас), Рябов ва яна кўплари қамоққа олинган эди.

    Алоҳида аҳамиятга эга бўлган иш - А.Одилов иши эди. Сабаби, Рашидов даврида бу оддий колхоз раиси ниҳоятда катта кучга эга бўлиб қолди. Унинг ҳохиши билан Наманган области раҳбарларини ўзгартиришган, Тошкентда Олий Судга унинг қудаси (Б.А. Наврўзов) раис этиб сайланган ва ҳоказо.

    Бу ҳақда бир - икки мисол: Наманган обкоми котиби Мирзаолим Иброҳимов билан жнжаллашиб қолганда:

    -Тўхтаб тур, мен сени тўп тептираман,-деб ишдан кетқазиб, Мирзаолим-акани Спорт қўмитасига раис этиб тайинлашган, ва у шахсан “Пахтакор” жамоасига ҳомийлик қилган.

    Маҳкам Камоловни (бу ҳам Наманганда котиб бўлган) довонда тўхтатиб, сенсираб, “Сен менинг юзимга оёғингни босиб ўтиб кетаверасанми? Ҳув нарида шағал билан тўла самосвални кўряпсанми? Шағал остида ўлигинг қолиб кетади, қайт йўлингдан” деганида Камолов йўлдан қайтишга мажбур бўлиб, Қўқон ва Ленинобод орқали Тошкентга борган.

    Ёдгорхон-ая Насритдинова ўзлари менга Одилов Усмонхўжаевни (у пайтда Наманган оближроқўмда раис эди) тиз чўктириб, юзига шапалоқ қўйиб юборганида у қўлларини ўпганини айтиб берганлар эди.

    Шунинг учун бу ишни алоҳида тергов гуруҳи олиб борган ва бу гуруҳнинг раҳбари Б.Свидерский эди. Свидерский эса Гдляннинг ашаддий душмани эди.

    Бундан ташқари ўзимизникилар (ичимдан чиққан балога, қаерга борай давога дегандек) “пахта иши”ни бошлаган. Юзлаб - минглаб оддий деҳқонларни қақшатиб, қамаб, сургун қилиб, нарсаларини мусодара этиб, болаларини етим қилган Гдлян ва Ивановлар эмас.

    Бундан ташқари “сут иши”, бошқа қўшиб ёзилиш “ишлари” ҳам бор эди. Олий Суд аъзолари- Ақбергенов (миллати қозоқ), М. Жалилов ва бошқалар (шулар қатори мен ҳам) 1985 йилларданоқ бунга қаршилик кўрсата бошладик, имконият борича инсонларнинг тақдирини енгиллаштирдик, ўша вақтнинг ўзида (эсларингга солмоқчиман- Ўзбекистонни “Черненко десанти” босганди) кўпларга шартли жазо бериб, қамоқдан озод қилдик, мусодара рўйхатига тушган мол-мулкларини қайтариб бердик.

    1989 йилда мен Олий суд раиси бўлиб сайландим. Шунда кузда Ўзкомпартиянинг биринчи котиби Каримовга мактуб ёзиб, шахсан қўлига топширдим.

    Мактубда - Ўзбекистонда барқарорликни сақлаш керак бўлса “пахта ишларининг” ҳаммасини бошқаттан кўриб чиқиб, одамларнинг барчасини жазодан озод қилиш керак деб ёздим.

    Каримов мактубни ўқиб – завқланиб:

    -Бунинг сиёсий аҳамиятини биласанми?-деб менга:

    -Бошла,-деб буюрди.

    Қисқа муддаттан кейин Олий суд пленуми махсус қарор қабул қилиб - бу қилмишлар жиноят эмас деб, бу судланганларнинг барчасини оқлади.

    Совет Иттифоқи Олий суди ҳеч нарса қила олмади. Оқибатда тахминан 3 ярим минг одам оқланди. Бизнинг намунамиз СССР Олий судига ҳам таъсир этди ва улар ҳам “Ўзбек иши” бўйича адолатли қарорлар қабул қила бошлашди. Шу сабабли Салимов, Худойбердиев , Камолов, Рябов ва бошқалар озодликка чиқишди.

    Лекин А.Одилов эмас. Унинг ишини СССР Олий суди бошлаган эди, лекин СССР емирилгандан кейин бу иш ўзининг мавқеини йўқотди. Одиловнинг қайтиб қамоққа тушиши - у “темурийлар” партиясини ташкил қилмоқчи бўлди. Каримовга бу ёқмади ва у Одиловнинг ишини яна кўриб чиқишини суддан талаб қилди (мен шу вақтда Адлия вазири эдим ва бу ишга бевосита алоқам йўқ эди).

    Хулас, албатта 20 йилдан бери бир инсонни қамоқда сақлаш ўта ифлослик, лекин бу одамни фаришта қилиб кўрсатиш ҳам ақлсизлик.

    Бу ишга алоқаси бўлмаган аллақандай қаланғи-қасанғиларнинг ёрдами билан Одилов қисқа муддатга озодликка чиққан дейиш эса - шармандалик.

    Қадимий ўзбек мақолида айтилгандек:“ Тайёр ошга баковуллар” бу “Ўзбек” ва “Пахта” ишларига салбий муносабатда бўлиб (Б.Мустафоев, унга ўхшаган яна бир-икки муттаҳамлар) ҳозир шу ишларнинг қахрамонлари ҳам бўлишди.

    Қадимий Римда “О темпорес, о морес” дейишарди, маъноси - бу замонда ахлоқ нима қилсин…

    Муҳаммад-Бобир Маликов,

    15 Феврал, 2008 йил.
    Жойлади: Маъмур
    Всего комментариев: 0
    Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
    [ Регистрация | Вход ]
    Copyright MyCorp © 2024
    Сайт управляется системой uCoz