Ризобек Воскресенье, 2024-05-19, 03.57.19
Приветствую Вас Гость | RSS
Главная | | Регистрация | Вход
Меню сайта
    Статистика

    Онлайн всего: 1
    Гостей: 1
    Пользователей: 0
    Форма входа

    Главная » 2008 » Февраль » 16 » Яқин тарих
    15.47.28
    Яқин тарих
    Аҳмаджон Одилов ҳақида билганларим

    Аҳмаджон Одилов Социалистик меҳнат қаҳрамони ва КПСС Марказий Комитети Ревизия Комиссияси аъзоси бўлган нафақат Ўзбекистонда, балки Совет Иттифоқи республикаларига маълум ва машҳур шахс бўлган даврларда уни фақатгина матбуот орқали билардим.

    1984 йил августида Аҳмаджон Одилов қамоққа олингани ҳақида шов-шувлар тарқалди.Ортидан эса марказий матбуотда кетма-кет у ҳақда турли афсона-ю айрим миш-мишлар битилган уни қораловчи мақолалар, кўрсатув ва эшиттришлар берила бошланди.Энг қизиғи у билан улфатчилик қилиб, уни улуғлаб асарлар ёзган таниқли адиблару шоирлар, журналистлар энди уни бадном этувчи битиклари билан ОАВларда чиқиш қила бошлашди.

    Ҳатто биттаси Аҳмаджон Одилов турмада ётиб ҳам қази-қарта еяётгани ва "Наполеон" коняги ичаётгани ҳақида ёзди.Хуллас миш-мишлар болалагандан болалаб уни бир қўрқинчли дев каби тасвирлашарди.Ваҳоланки ўша ёзаётганларнинг ўзлари яқингинада унга мадҳиялар битишганди.

    Аҳмаджон Одилов Московдаги "Бутирка" деб номланувчи машҳур қамоқхонада 7 йилу 10 ой ҳибсда ушлаб турилди.У ҳақда "Муштум" журналининг 1990 йил май ойининг 10- сонида "Ҳақиқат йўли узун ёҳуд Аҳмаджон Одилов ва бошқалар қисматини ўйлаб" сарлавҳали икки бетли мақолам эълон қилинди.Унда Аҳмаджон Одиловнинг айбли ёки айбсизлиги ҳақида мулоҳазалар битилган эди.Жумладан мақолада: "...Борингки Аҳмаджон Одилов айбдор ҳам бўлсин.Лекин СССР жиноят Кодекси, СССР процессусал Қонунларида агар бир шахс жиноят содир этганликда гумон этилса СССР Бош Прокурори фатвоси ( санкцияси ) билан 9 ой , айрим ҳолатларда эса СССР Олий Совети Президиуми қарори билан 1 йилу 6 ойгача ҳибсда ушлаб турилиши мумкин.Агар шу муддат ичида айбланувчининг жинояти ўз тасдиғини топиб иши судга оширилмаса тилхат орқали озод этилиши керак, дейилган.Аҳмаджон Одилов бошқа мамлакат ё бошқа планета фуқаросимики салкам саккиз йилдан буён суд қилинмай қамоқда ўтиради?Ахир Қонун барчага баробар эмасми?У айбдор эса 153 томдан кўпроқ жиноят ишидаги ҳеч бўлмаса бир эпизоди асосида нега суд ҳукми чиқарилмади?..." каби мулоҳазалар бор эди.

    Ўша мақолани тайёрлаш жараёнида Ленин номли агросаноат бирлашмаси деб аталган ва бошқарув идораси жойлашган Поп туманининг Ғурумсарой қишлоғида бир ойга яқин юргандим.Аввало шу қишлоқлик кишилардан Одилов ҳақида фикр-мулоҳазаларини ўргандим.Бирор киши у ҳақда салбий фикр айтмади.Сўнг унинг хонадонига бордим.Унинг турмуш ўртоғи, одмигина қишлоқ аёли Чиннигул опа ва фарзандлари Акбар, Турсунали, Баҳодир, Ўлмасхонлар билан суҳбатлашдим.Турсунали Одилов қилган ишларни машинада айлантириб юриб кўрсатди.Тошкентга шу йўл орқали ўтганимда кўрганларим иншоотлар талон-тарож қилиниб харобаларга айланган эди.Бутун бошли боғ-роғларга, катта майдонларга Сирдарёдан сув тортиб узатувчи иншоотлар бузилиб далалар даштга, дов-дарахтлар эса қуриб-қовжираб ётарди.Табиат йиғлаётгандай манзарани кўргандим ўшанда.

    Кўп ўтмай Иттифоқ лиққиллаб қолди.Турли Декларациялар қабул қилина бошланди.Шулардан бири Аҳмаджон Одиловнинг қамоқдан чиққач ўзининг айтишича Қозоғистонда қабул қилинган декларацияга кўра озод этилган.Яъни Иттифоқдош Республикалар СССР даврида айбланган ўз фуқаролари ишини ўз республикалари қонунлари асосида қайта кўриб чқишилари талаблари қўйилган экан.

    Аҳмаджон Одилов озод бўлибди деган яна шов-шувлар тарқалди.Энди у ҳақда ОАВлари қаҳрамон дея қайта кўкларга кўтарадиган хабару лавҳалар бера бошлашди.Мен эса бу пайт жим эдим.Одилов озод этилибди деган пайтларда уч кун ўтиб унинг ўғли Турсунали уйимизга келди.У жуда хурсанд эди.Турсунали:

    -Ризо ака, дадам озод бўлдилар.У киши сиз билан кўришмоқчилар.Вақти бўлса олиб кел дедилар.Келди-кетдидан бўшамаяптилар.Бўлмаса ўзлари келмоқчи эдилар.

    Мен ҳозир Трусунали билан боролмаслигимни, вақт топиб албатта кўришишимни айтиб таклиф учун миннатдорчилик билдирдим.Ҳафта ўтиб эса вилоят телерадиокомпанияси Одилов ҳақида кўрсатув тайёрламоқчи экани ва бу топшириқни олган журналист унга ёрдамлашишимни илтимос қилиб қолди.У билан бирга Одилов хонадонига йўл олдик.Ғурумсаройда жуда катта байрам бўлаётган манзара эди.Биз борган машинамизни Одилов хонадонидан уч чақиримча нарида қолдиришимизга тўғри келди.Чунки уни йўқлаб келганлар ғоят кўп эди.Хонадон дарвозасидан кирарканмиз турнақатор навбатда сўрашиш учун турганлар орасида ҳозирги Наманган вилоят ҳокими Икромхон Нажмиддинов ҳам қўл қовуштириб турганини кўрдик.Хуллас ҳамма ҳокиму, кўплаб вазиру вузаро, ўзича казо-казолар шу ерда эдилар.

    Турсунали менга кўзи тушди-ю ёнимга келиб "юринг сизни дадам билан таништирай" дея олдинга олиб ўтди.Одилов аввал қўл бериб саломлашаётганди, Турсунали "бу киши ўша сиз ҳақда мақола ёзган Ризо ака" деб таништиргач қучоқ очиб кўришаркан:" мен сизнинг ёзганингизни қамоққа олиб кириб беришагн журналда ўқиб, йўғон гавдали, ёши ҳам улуғ бир киши деб тасаввур қилган эдим.Лекин юрагингизга қойил.Полвон экансиз" дедида юринг бу ёққа дея чоғроққина бир меҳмонхонага бошлаб кирди.Анча суҳбатлашдик. Турсунали кириб йўқлаб келганлар сўрашяпти, дегачгина Одилов норози оҳангда "булар ҳаммаси қамоқдалигимда гўримга ғишт ташиган эди, энди кўргилари келиб қолибди, юринг майли чиқайлик " дея ташқари бошлади.Мен у билан хайрлашиб ортга қайтдим.

    Шундан сўнг Одилов билан кўп бор кўришдик.Унинг акаси Довуд Одилов, укалари Муҳсин, Мўмин Одиловлар билан, у билан бир иш бўйича қамалган Мингбулоқ ( аввалги Задарё тумани ) биринчи котиби, машҳур бўлганлардан Ўлмас Холдоров ва бошқалар билан ҳам кўп суҳбатдош бўлдим.Асосий қаҳрамоним эса Одилов эди.Ундан ОАВларида қамоқдалик даврида ёзилганлар қанчалик ҳақиқатга яқин очиқ айтинг дердим суҳбатларда.У кўп нарсани яширмасди.У билан бир галги суҳбатдан:

    -Сизни обком секретарларини урганингиз, қизларни иффатини бузиб сўнг камбағал йигитларга ўйланишга мажбур қиларди каби гаплар қанчалик тўғри?

    -Аввалига ундайлар ўзлари қовун туширишарди.Сўнг мендан жавоб олишгач йиғи-сиғи қилиб юришарди.Масалан , Қодиржон Мамарасулов деган Наманган вилоят ҳалқ назорати қўмитаси раиси бўларди.У совхозга планли текширув учун келди.Унга мен бемалол тафтиш ўтказинг дея ўз ҳолига қўйиб бердим.Айтган жойига олиб бориб кўрсатишлари учун хизмат машинамни ҳам бериб қўйдим.Ўзим эса ишларни кузатиш учун "Нива" хусусий машинамда айланиб юрдим.Унга тафтишни якунлагач кўришиб у обкомга ёзадиган маълумотномани бирга имзолашга келишдик.Қоидаси шунақа эди.Камчиликлар тўғри аниқлангани юзасидан жамоа раҳбари имзо чекиши ҳамма раҳбарларга шарт эди.У текширувни якунлагач ўтириб маълумотномани ўқиб, аниқланган ҳамма камчиликлар тўғри дея имзо чекиб бердим.Ёз ойлари бўлгани учун идора орқасидаги боғда ўтириб тамадди қилдик.Билсангиз ўша даврларда 2 сўм 62 тийинлик ёзги шляпа бўларди.Мен ҳар куни битта янги шляпани кийиб, доим чанг-чунгда, далада юрганим учун кирлаб кетишидан эрталаб яна бошқа янгисини кийиб кетардим.Мамарасулов ичкиликка рўжу қўйган киши эди.У унинг ўзининг иши албатта бу.Ишдан кейин ҳордиқ деганларидай.Аммо у ичволиб нима деди денг."Аҳмаджон Одиловман, қаҳрамонман дейсизу бошингиздаги шляпани қаранг, янгисига қурбингиз етмайдими" деб қолди.Ҳа, энди далачилик дегандай, эрталабдан янгисини кийиб оламан дедим.У эса:"эскисини нима қилиш керак, биласизми " деди.Унга нима қилиш керак дегандай қарадим.У бошимдан шляпани юлиб олдида ўтирган курсиси устига қўйиб:" мана бундай, мана бундай қилиш керак" дея орқаси билан эзғилай бошлади.Менинг бош кийимимни бу қадар андишасизлик билан эзғилаши нафсониятимга тегди.Спорт билан шуғулланман.Ўрнимдан туриб уни ҳам тиккаладимда бир мушт урганимда ер тишлаб ҳушидан кетиб ётиб қолди.Оғзини йириб сийгандим, ўзига келди.Кейин уни обком биноси олдига олиб бориб ташлаб келдим.Агар шу жиноят бўлса майли эди, шундай қилган деб қамашса...

    -Қизларчи ? - сўрагандим Одиловдан.
    У бир кулиб олдида сўнг:
    -Ҳеч кимга айтмагандим сизга айтаман.Ёш эдим.Қаҳрамон унвоним бор.Довруғим кетган.Бир куни идорага жудаям чиройли қиз кириб келди.Уни яхши кутиб олдим.Сўнг ундан нима юмуш билан келганини сўрадим.У:"Аҳмаджон ака, мени мажбурлаб турмушга узатишяпти.Мен эса сизни севаман.Биламан сизнинг оилангиз бор.Менга ўйлана олмайсиз.Аммо мен фақат сизни дейман" деб қолди.Бу каби шантажлар бўлиб турарди.Бу ҳам шулардан бири десам, йўқ қизнинг аҳди қатъий экан.Хуллас у мени қанақа эркак бу демасин , дея кўнглини олдим.У ўзи рози бўлди.Кейин бир йигитга турмушга чиқди.Йигит унинг бокира эмаслигини билса ҳам ўйланди.Уларнинг тўйига бордим.Агар шу жиноят деб қамашса ҳам майли эди.

    -Қамаладиганларни қаматмай ё аксинча қаматиб юборар эди дейишганди.Бу гапларчи?
    -Бор гап.Кўпчиликни қамоқдан сақлаб қолганман.Масалан бир чўпон бор эди.Талафотданми ё ўзи ўзлаштирганми, халқ назорати тафтишида катта камомад қилган.Уни қамаб қўйишди.Мен прокурорга бориб:" ёш чўпонни қамаб юборсангиз, унинг тўрт боласи, хотини нима бўлади.Кейин у Россияга бориб ўрмон кесиб, ё қурилишда ишласа кимга фойда.Ундан кўра, айбинг бу, энди уни оқламоқчи бўлсанг, мана юз бош қўй, яхши праваришла, десак.Оиласи сақланади.Болалари отасиз қолмайди, дея озод қилдиргандим.Ўша йигит ҳалигача мендан миннатдор.Агар шу жиноят бўлса майли қамашсин эди шу айб билан.

    Ризо Обид

    ( Давом этади ).
    Жойлади: Маъмур
    Всего комментариев: 0
    Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
    [ Регистрация | Вход ]
    Copyright MyCorp © 2024
    Сайт управляется системой uCoz