Ризобек Воскресенье, 2024-05-19, 04.27.08
Приветствую Вас Гость | RSS
Главная | | Регистрация | Вход
Меню сайта
    Статистика

    Онлайн всего: 1
    Гостей: 1
    Пользователей: 0
    Форма входа

    Главная » 2008 » Февраль » 17 » Очиқ мактубга жавоб
    12.04.20
    Очиқ мактубга жавоб
    Жаҳонгир МАМАТОВ: Биз ёшларнинг ёнидамиз!
    Дилсора Фозиловага жавоб

    Синглим Дилсорахон!
    Очиқ мактубингиз, мухолифларни сиёсий кучга айлантириш ниятидаги шижоат ва уринишларингиз учун сизга раҳмат.

    Бугун ёшларнинг кураш майдонига чиқиши ҳаётнинг давоми борлигини кўрсатади.

    Албатта, кимдир айтиши мумкин: ҳаёт бугунга қадар ҳам давом этган ва бундан кейин ҳам давом этаверади, деб. Лекин Турон халқлари ўз тарихлари давомида доим яккаҳокимлик, золимлик, диктатура шароитида яшаб келдилар ва бугун Ўзбекистон деган мамлакат пайдо бўлганда ҳам айни ҳол давом этмоқда. Бу халқ ҳеч қачон рўшнолик кўрмади.

    Курашлари бесамар кетган салафларимиз каби бизнинг авлод олдида ҳам ана шу халқимизнинг оғир елкасидан зулм харсангини улоқтириш имкони пайдо бўлди. Аммо тажрибасизлик, зулм зеҳниятини билмаслик, унинг ўйинлари қаршисида енгилиш, йўл қўйилган жиддий хатолар боис бу имконият бой берилди. Хатолар тан олинмади, бунинг устига мағлуб бўлганимиз ҳам тан олинмади. Шунинг учун ҳам мухолифат жабҳаси девонахона ҳолига тушиб қолди.

    Энди бугун мухолифлар бор аммо сиёсий куч сифатидаги демократик мухолифат йўқ. Кимлардир “Бор!” дея ўзини ва ҳар нарсага ишонадиганларни алдаши мумкин, аммо бу ҳам вақтинча, чунки ҳаммани ҳамма вақт алдаш мумкин эмас.

    Бу аҳволдан чиқиш учун бир неча марта жиддий уринишлар бўлди, бироқ натижа чиқмади. Зулмнинг тахтда қолаётгани ҳам бунинг далилидир.

    Тажрибасизлик қилган, хатоларга йўл қўйган бизнинг авлод отдан тушса ҳам, эгардан тушмаса, ўзига, қолаверса миллатига ёмонликни раво кўрган бўлади.

    Ҳеч ким онасидан лидер, олим, президент бўлиб туғилмайди. Кимнингдир ва кимларнингдир ҳамда муҳитнинг таъсири туфайли ёшлар тетапоя бўлиб улғаядилар. Буни тушунмаслик ўзни тушунмасликдир! Биз Бобур Маликов билан биргаликда “Лидерликка даъвогар эмасмиз!” деган баёнот билан чиққанимизда ҳам худи шу нарсани назарда тутган эдик.

    Табиийки, ҳаётимизда биз ибрат олган, биз ҳавас қилган, биз ёрдамларидан баҳраманд бўлган устозларимиз бўлганлар. Аммо улар ҳам авлодлари каби ўз хатоларини тан олишмаган, таҳлил этишмаган ва хатони англаб, ундан сабоқ олишни бизга ўргатмаганлар шекилли, биз ҳам шу борада оқсаб қолмоқдамиз.

    Мана қаерда хато қилганимиз, қаерда манманлик ва ўзбошимчалик устун келганини англаб етадиган ёшга келиб қолдик. Шундай пайтда булардан сабоқ чиқариб, ёшларга йўл кўрсатиш, имконларимиз даражасида уларга ёрдам бериш бизнинг бурчимиздир.

    Шунинг учун ҳам Демократик Ўзбекистон Конгрессининг фаолиятини Ватан ичкарисига кўчириб, ўша ерда ёшларни демократияга ўргатиш, уларни сиёсий жиҳатдан ташкиллантириш учун ҳаракат қилмоқдамиз.

    2007 йилнинг 27 июл куни бир саволга жавобда қуйидагиларни ёзгандим:

    “Ташқаридаги ҳаракатлардан фойда келмаслигига тўла ишонч ҳосил қилиб бўлдик.
Ташқарида бугун мажлис ўтказсангиз ёки митингга чиқсангиз ўнлаб одамлар пайдо бўладилар, биргаликда суратларга тушадилар, миллат ва мамлакат ҳақида ёниб гапирадилар… Кейинги сафар яна бошқалари пайдо бўладилар. Бир икки кўринишдан кейин мен ҳам мухолифатчи деб бошпана олиш учун тавсиянома сўрашади.
Айниқса, бу 2005 йилдан кейин одат тусига кирди. Митинг ва намойишларда олинган суратларни солиштирсангиз бунга ишонч ҳосил қиласиз.

    Демак, аста-секин маълум бўлдики, баъзиларининг мақсади Ўзбекистон эмас, балки чет элда қолиш учун ўзларини мухолифатчи қилиб кўрсатиш ва сиёсий бошпана олишдир. Биз ундайлардан узоқ туришни истаймиз.
Шунинг учун ҳам, ўтган йил(2006)нинг 25 декабрдаги мажлисида ДЎК қарор олиб, мажлисбозликни тўхтатганди ва қўлимиздан неки ёрдам келса, мамлакат ичига қаратишни режалагандик.
Шундан бери бир неча вилоятда бўлимларни туздик. Яқинда яна икки вилоятда таъсис мажлиси ўтади”.

    Ўтган йил такрорлаганим - муҳим бир гапни ҳам илова қилмоқчиман:

    ДЎК сиёсий партия эмас. ДЎК рўйхатдан ўтган, барча расмий қоидаларга риоя этувчи ноҳукумат-халқаро ташкилотдир ва вазифалари ҳам ана шундан келиб чиқади.
ДЎК расмий ташкилот сифатида хорижда ”ўзбек мухолифати” номи билан амалга ошириладиган ҳаракатларга қўшилмайди.

    Мамлакат ичида бизнинг фаолларимиз асосан ёшлардир. Бошқаларни ҳам мамлакат ичидаги ёшларни қўллашга чақирган бўлардим. Чунки бизнинг олдимизда пайдо бўлгани каби уларнинг ўнгига ҳам катта имкониятлар чиқадиган пайт узоқ эмас. Уларнинг бу имкониятни бой бермасликлари жуда ва жуда муҳимдир!

    Лекин ёшлар ўзлари сиёсий майдонга чиқишлари ва ўзлари демократия учун курашишлари керак деб тураверсак, асрлар давомидаги зулм бошимизда тураверади.

    Ҳар қандай ота ва она энг аввало фарзандлари - ёшларнинг келажаги учун масъул.
    Ҳар қандай авлод ўзидан кейингилар оёққа туриши учун ёрдам бериши шарт.
    Бу табиат ва жамиятнинг қонуни, биз бундан устун бўла олмаймиз!
    Шундай экан биз доим ёшларнинг ёнидамиз!

    Ҳурмат билан Жаҳонгир Маматов.
    17 феврал, 2008 йил.


    Жойлади: Маъмур
    Всего комментариев: 0
    Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
    [ Регистрация | Вход ]
    Copyright MyCorp © 2024
    Сайт управляется системой uCoz