Ризобек Воскресенье, 2024-05-19, 04.53.17
Приветствую Вас Гость | RSS
Главная | | Регистрация | Вход
Меню сайта
    Статистика

    Онлайн всего: 1
    Гостей: 1
    Пользователей: 0
    Форма входа

    Главная » 2008 » Февраль » 18 » Яқин тарих
    00.45.04
    Яқин тарих
    3.Аҳмаджон Одилов ҳақида билганларим

    Аҳмаджон Одилов ҳақида ёзаётганларим бадиий тўқима эмас.Лекин у айтиб берган аввал бўлиб ўтган воқеа-ҳодисалар қанчалик ҳақиқатга яқин кафолат беролмайман.Аммо ўзим кўрганларим ва ундан эшитганларим эса  айни ҳақиқатдир.
    Хуллас бу одамнинг аслида қандай шахс бўлганлигини ўрганишда давом этдим.

    Галдаги кўришишимизда у яна ўша аввал Ленин номи билан , кейинчалик қишлоқ номи билан  аталган "Ғурумсарой" жамоа хўжалиги дала ва қурилишларини кўрсатишда давом этди.Яйлов жойга бориб тўхтадик.

    -Мана бу ерга Швейцария модулидаги иккита кўчма отхона ўрнатиб ва ўша ёқдан келтирилган зотдор отлар парваришлагандик.Кўчма отхоналар  жуда қиммат баҳога сотиб олинганди.Уни қаёққа олиб кетишган ўғрилар яқинда аниқладим.Буни бир пайтлар ўзимнинг шогирдим бўлган, вилоят агросаноат бирлашмаси раислигидан яқинда Поп туман кенгаш ( ўшанда район партия қўмиталари кенгаш деб юритила бошлаганди, кейинчалик Рапиғалиев Одиловга қарши бўлгани учун ҳам вилоят ҳокими этиб тайинланган дейишади - изоҳ муалифники ) раиси Бургутали Рапиғалиев Косонсойдаги "СССР 60 йиллиги" номидаги фабрика ёрдамчи хўжалигига  аллақанча пулга сотиб юборибди.Уни ёнимга чақирганман.Бугун кечга томон менга учраши ва  модулларни-ю, отларни қаёққа гумдон қилганини айтиш керак.Нима бўлганда ҳам халқ мулкини талон-тарож қилиши мумкин эмас.Уларни жойига қайтариб қўймагунча уни тинч қўймайман.

    Одилов бу гапларни ғоят ҳаяжон ва куюниш билан сўзларди.

    Шундан сўнг Қамчиқ довонига элтувчи йўлдан Попнинг Хонобод қишлоғи орқали  юриб кетдик.Мен ундан:

    -Қамчиқ довонидаги тоғлар орасида  Одилов қурган  ғор ичида ҳашаматли қаср бор деб эшитганман.Ёзувчи Саид Аҳмаднинг "Жимжитлик" китоби қаҳрамони Мирвали  сизнинг образингиз  ва Жайроналар ҳақида ҳам одамлар кўп гапиришади.Ҳақиқатан ҳам шундайми?

    -Эҳтимол  мендирман.Лекин  у китоб бир  бадиий асар, кўп нарсалар бўёқларда берилган.Довонда эса ҳақиқатан ҳам бир эмас бир неча дам олиш масканлари қурганмиз.Лекин ғор ичида эмас.Тоғ бағридаги очиқ сайҳонликларда.Ўзи водийнинг энг хушманзара, дам олиш масканлари Қамчиқ довонида-да.Ҳавоси ҳам минг дардга даво.У масканларнинг ўз мутасаддилари бор.У ёқларга борган бўлсам бир раҳбар сифатида , баъзан ҳамма қатори ҳордиқ чиқариш учун борганман.Лекин одамлар менга "хўжайин" деб мурожаат қилишарди.Авваллари бу менинг ғашимга тегарди.Шундай деганларнинг қанчасига танбеҳ ҳам берганман.Лекин кейинчалик уларнинг "хўжайин" дея мурожаат қилишларига кўникиб кетдим.Кўряпсизку ҳозир ҳам кўришган кишиларимиз  "хўжайин" деб мурожаат қилишади.Мен қанақа хўжайинман, кеча яқинда қамоқдан чиққан бир одам бўлсам.

    У шундай дея истеҳзоли кулиб қўйдида гапида давом этди.

    -Ўша айтаётганимиз масканлардан менга  ёқадигани эса энг баландда жойлашгани.Уни Тошкент вилояти чегараси тугаб Наманган вилояти ҳудудлари бошланадиган 33-километрдан синчиклаб қарасангиз кўрасиз.Унинг битта белгиси бор.Лениннинг жуда катта темирдан ясалган макети бор.Жайронага келсак, бу дам олиш масканларига Жайроналардан нечтаси  келиб-кетди экан билмадим.Мен у ёққа чиқишга деярли вақтим бўлмаган.Иш, иш, иш деб чопиб юраверганман.Мен ҳозир сизни довонга бошлаб кетаётганимнинг сабаби ўша дам олиш масканини кўрсатиш учун эмас, дея анча вақт сукут сақлаб қолди.

    Шу жимлик асносида менинг кўнглимдан ҳам бир ўй кечди.Ундан кўп нарсаларни сўрадим ва билиб олдим, эҳтимол сирларимни фош этмасин деб одамлар айтгандай мени ҳам даф этмоқчимикан?Лекин менда ундан умуман чўчиш ё ҳайиқиш йўқ эди.У бир инсон бўлса мен ҳам у каби бир инсонман.Унинг менинг  бир ўзимга қурол ишлатмаслигига ишончим комил эди.Лекин у доим этик кийиб, қўнжида  Чуст пичоғи бўларди.Ҳозир ҳам унинг оёғидаги этикка ва қўнжида сопи ярақлаб турган пичоққа кўз ташлаб қўйдим.У нима ўй-ўйлаб борарди билмадим.Лекин унинг узоққа тикилиб боришидан мақсад ва орзулари кўплигини англатиб турарди.Жимликни у бузди.

    -Мана етиб келдик - дея шамолу бўронларда ҳар томон ташланавериб  танаси тушунуксиз бир туп арча тагига бориб ўтирди .Мен ҳам унинг ортидан бориб унинг бу ёққа келишимиздан мақсади  нималигини билиш учун унга қарадим.У менинг савол назари билан қараганимни сезди.У жуда сезгир одам эди.

    - Ҳозир пича табиатни томоша қилайлик, нимага келганимизни ҳаммасини айтаман.Эҳ, биласизми Московдаги турмада ўтирганимда бир орзум бор эди.Ўлигим шу ўрисларнинг қўлида қолиб кетмасин, ватаннинг мусаффо ҳавосидан бир бор нафас олиб кейин ўлсам ҳам розиман дердим.Куну тун ўйим шу эди.Худога шукур озодлик насиб этди - дея чуқур тин олди.
     
    Унинг табиатга бу қадар меҳрини кўриб сал аввалроқ хаёлимдан ўтган ўйдан ичимдан ўзим ҳижолат чекдим.Чунки бу одамнинг қўлидан бошқанинг жонига қасд қилиш келмайди, деган тўла ишонч ҳосил қилдим.Лекин барибир кўнглимдан кечган саволни унга ташладим.

    -Шу довонда ҳам одам ўлдирган Одилов дейишади-а?

    -Ҳа, шундай дейишади.Ҳақиқатан ҳам довонда гоҳ-гоҳ у ё бу кишининг ўлиги чиқиб туради.Улар  нимага ўлдирилган ё ўлган фақат яратгангагина аён.Мен 40 йил бир хўжаликка раҳбарлик қилдим.Қирқ йил давомида эҳтимол кимнидир билиб-билмай ноҳақ жазолагандирман, лавозимидан бўшатгандирман.Йилига биттадан бўлса қирқта душманим йўқ  дейсизми?Ўшандайлар нималарни тўқиб-бичишмайди дейсиз.Очиғини айтганда менинг атрофимда менга хайриҳоҳ бўлгандай кишилар жуда кўп эди.Уларнинг ҳаммаси ҳам пок одамлар эмаслигини ўшанда ҳам, ҳозир ҳам ҳаммасини билмайман.Эҳтимол улар орасида менинг номимдан иш юритиб одам ўлдирганлари ҳам бўлгандир.Ножўя иш қилганларини билиб қолганларимни ўзим жазосини берганман, билмай қолганларим қанча экан.Ахир мен билан ишлаганларнинг ҳар бирининг қадамини кузатиб юролмайманку.

    У  бироз тин олдида яна сўзида давом этди.

    -Мана шу довонга минг бош қўтос олиб келиб боқдик.Чунки табиатни сақлаш учун бу жониворларнинг фойдаси катта деб олимлардан эшитгандим.Мен қамоқдан чиқиб ўша қўтослар юрибдими дея суриштирдим.Атигигагина битта қўтос қолган ҳам бўлса майлига эди.Йўқ.Битта ҳам қолмабди.Қўтосларни ким йўқ қилди?Одамзот шунақанги шафқатсиз  бўладими-а?

    У мен томонга савол назари билан қарар экан."Сен ҳам шу одамзотнинг бирисанда, табиатга нима беряпсан, фақат фойдаланишни-ю қуруқ гап сотишни биласан", дея таъна билан қарагандай бўлди.Ўзимни бироз ноқулай ҳис қилдим.

    Лекин у мен ўйлаган ўйда эмасди.У атроф-муҳитга шафқатсизликдан, умумнинг ҳақига хиёнатдан куюнаётганди.

    Ризо Обид

    ( Давом этади ).

    Жойлади: Маъмур
    Всего комментариев: 0
    Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
    [ Регистрация | Вход ]
    Copyright MyCorp © 2024
    Сайт управляется системой uCoz