Ризобек Воскресенье, 2024-05-19, 09.29.01
Приветствую Вас Гость | RSS
Главная | | Регистрация | Вход
Меню сайта
    Статистика

    Онлайн всего: 1
    Гостей: 1
    Пользователей: 0
    Форма входа

    Главная » 2008 » Февраль » 22 » Яқин тарих
    01.42.11
    Яқин тарих
    7.Аҳмаджон Одилов ҳақида билганларим

    Аҳмаджон Одиловнинг Каримов билан чиқиша олмаслик сабаблари битта эмас ва бирданига бошлангани йўқ менимча.

    У билан бошқа ишлар билан бўлиб анча вақт кўришмай кетдим.Шундай кунларнинг бирида уларнинг оиласидан тўйга таклифнома олдим.Аҳмаджон Одилов Тошкентдаги набирасининг никоҳ тўйи бўлаётган экан.Шу муносабат билан таклиф этишибди.

    Одамнинг қандайлигини билмоқчи бўлсангиз тўйу-маъракаларда ва йўлда ҳамроҳ бўлиб кўриш керак, дейилади.Шундан келиб чиқиб Тошкентда бўладиган тўйга боришга отландим.

    Тўй бўлаётган хонадон Аҳмаджон Одиловнинг қудаси Марказий Комитетда ишлаган Тўлқин Умаровнинг ҳовлисимиди ё унинг ўғли Бахтиёрникимиди аниқ билмадим.Лекин у Космонавтлар проспекти деб аталувчи шохкўчанинг марказга нисбатан ўнг юзида ва Туркман бозори ён-атрофида эди.У вақтлар ўша ҳудуддаги ҳовли-жойлар деярли ҳаммаси бузилиб кўпқаватли уйлар қурилган эди.Лекин ўша кўпқаватли уйлар қуршовида икки ё учта ҳовли бузилмай қолганди.Ўша бузилмай қолганларидан бири Тўлқин Умаровнинг ҳовлиси эди.Тўйгача Тўлқин Умаров деган кишини танимасдим.

    Бизни тўйхона ташқарисида Аҳмаджон Одиловнинг укаси Муҳсин Одилов ва бошқа мен танимаган кишилар кутиб олиб ичкарига таклиф этишди.Тўй бўлгандан кейин йўқловчилар кўп эди.Лекин уларнинг ҳаддан кўплиги боис кўчада ва ҳовли саҳнида турганлар ҳам кўп эди.Аҳмаджон Одилов беш-тўрт киши даврасида нималардир ҳақида қизғин суҳбатлашиб ўтирарди.Укаси бориб менинг келганимни айтгач суҳбатдан узилдида менга кўзи тушгач ўрнидан туриб келиб қучоқ очиб кутиб олди.Очиғини айтганда Шароф Рашидовдай юрт каттаси ҳурмат қилган Одиловнинг мен каби оддий қаламкашга бу каби эътибор ва илтифотларидан ич-ичимдан қандайдир бир ғурурланиш ҳиссини ҳам туярдим.

    У нафақат эътибор ва илтифот кўрсатарди, балки  бирор-бир ишда  "сиз нима" дейсиз деб фикримни ҳам билишга қизиқарди.Мен шунчаки ўзим қандай ўйласам шундай фикр айтардим.Ва менинг фикрим тўғри чиқарди.Гоҳида у бирор киши билан зиддиятга келиб қолган вазиятларда ҳеч кимга қулоқ осмай ўша келишолмаган кишисига ташланиб қоларди.Шундай кезларда менинг "Аҳмаджон ака" дея енгидан тортишим билан оловга сув сепгандай пасайиб қоларди.Нега шундай бўлган ҳозир ҳам ўйлаб нимагалигини билмайман.

    Хуллас тўйда йўқловчилар кўп.У билан бир даврада ўтирганлар билан мени таништирди.Эслаб қолганларимдан бири Ўзбекистон Олий Совети қошида дейишганмиди Авф этиш комиссияси раиси бўлиб ишлаган Мирзажонов ( фамилия бошқача бўлиши мумкин ) деган киши эди.Аҳмаджон Одилов унга " қанча одамларнинг ҳаётини сақлаб қолдик-а" деганди.У эса :"ҳа, дея баъзи олий жазодан омон қолганларнинг номларини айтиш билан "ёдингиздами" дея айримларининг қандай қутқарилгани ҳақида батафсил сўзларди.

    Шу пайт даврага ўрта бўйли бир киши келиб қўшилди.Одилов мени у билан ҳам таништирди.Бу ўша унинг қудаси Тўлқин Умаров экан.У билан танишгач Одилов қўлтиғимдан олдида, "юринг яна бир киши билан таништираман" дея сал нарида бир ўзи хаёлчан ўтирган ёшроқ йигит томон бошлади.Йигит Одиловнинг ўзи томонга келаётганини кўриб ўрнидан турди.Одилов ўрнидан турган йигитга менинг исми-шарифимни айтиб таништиргач хаёлчан йигит кулимсираб чеҳраси ёришиб кетди.

    -Бу менинг энг катта ўғлим Анвар, сизлар бироз суҳбатлашиб туринглар мен ҳозир - дедида нари кетди.

    -Мен сизни "Муштум"да дадам ҳақида ёзганингизни ўқиб турмада таниганман.Сиздан оиламиздагиларнинг ҳаммаси, айниқса дадам жудаям миннатдорлар - деди Анвар.

    -Сиз ҳам қамалганмисиз? - сўрадим ундан.

    -Ҳа, мени ҳаммаларидан аввал қамаб, ҳаммаларидан кейин қўйиб юборишди.

    -Нега ундай?

    -Чунки мен Москвада СССР КГБсида ишлардим.

    Гарчанд у мен билан суҳбатлашиб ўтирган пайтда қамоқдан чиққан оддий киши бўлсада ҳаётимда ўшандай маҳкамада ишлаган кишининг ҳалиги айтилгандай "тиригини" биринчи бор кўриб туришим эди.Шўро даврида КГБ ғоят сирли ташкилот эди.

    Ҳозир кўча юзида писта-қурт сотиб ўтирган кампирни "кўчанинг бу юзида эмас, у юзида ўтир" дея хархаша қилаётган девдай йигитга:"қўйинг шу кампирни, тирикчилигини қилсин" десангиз осмондан келади.Отаси тенги одамга ҳам:

    -Ҳўв сен, менинг кимлигимни биласанми?Нима Каримовга қаршимисан?Мен СНБман!!Ё, сениям анави ёққа киритиб юборайми!! - дея дағдағалар қилади.

    Ҳозир ҳукумат амалдорларидан энг таниқлиси СНБда ишлайдиганлар.

    Анвар ўзининг қаерда ишлаганини айтгач унинг бояги хаёлчан қиёфаси менга кўчганди.

    Одилов "қани бу ёққа" дея чақириб қолмаганда билмадим бу ўнғайсиз ҳолат яна қанча давом этарди.Дастурхон тўкин тузатилган хонага кирдик.

    Тўй таасуротлари ҳақида батафсил ҳикоя қилаётганимнинг боиси бор.Чунки Аҳмаджон Одилов ва Каримов келишмовчиликлари шу тўй сабаб бошланган бўлса керак деб ўйлайман...

    Ризо Обид

    ( Давом этади ).
    Жойлади: Маъмур
    Всего комментариев: 0
    Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
    [ Регистрация | Вход ]
    Copyright MyCorp © 2024
    Сайт управляется системой uCoz