Ризобек Воскресенье, 2024-05-19, 11.05.30
Приветствую Вас Гость | RSS
Главная | | Регистрация | Вход
Меню сайта
    Статистика

    Онлайн всего: 1
    Гостей: 1
    Пользователей: 0
    Форма входа

    Главная » 2008 » Февраль » 29 » Яқин тарих
    00.33.16
    Яқин тарих
    13.Аҳмаджон Одилов ҳақида билганларим

    Нима бўлганда ҳам Аҳмаджон Одилов неча йилларки адолат қарор топмаётган Ўзбекистондаги режимнинг мухолифи бўлгани учун ҳам Каримовга ёқмаган бўлиши мумкин.

    Дарвоқе у ҳақда ёза бошлаганимдан сўнг ўқувчилар телефон қилиб, хатлар ёзиб:" тезроқ давомини ёзинг, кейин нима бўлганди" ёки бўлмаса "мабодо Одилов қамалмай Президент бўлган тақдирда нима бўларди" каби саволлар беришди ва яна сўрашмоқда.

    Ўқувчиларнинг биринчи сўровига кўрган- билганларимни тезроқ етказишга ҳаракат қиляпман.Ёзаётганларим воқеалар ва одамларнинг исми шарифлари ён дафтарчамда ёзиқлик эмас , хотиримдагиларни эслаб қаламдан ўтказдим.Айрим исми шарифларни ёзаётганда қайси бири аниқлигига шубҳа қилсам ўз ўрнида изоҳ бердим.

    Иккинчи тоифа саволларга жавоб бериш учун эса анча ўйладим.Ўзимча Аҳмаджон Одилов ҳукумат раҳбари бўлиши мумкинмиди, деган саволга унинг одамларни ўзига эргаштира олиш қобилиятидан келиб чиқиб , "ҳа у агар ҳибсга олинмаганда ўзбек жамиятида қандайдир инқилобий ўзгаришлар ясаши ва юрт етакчиси бўлиши мумкин эди, шунинг учун ҳам Каримов унда ўзига нисбатан кучлироқ шахсни кўриб мавҳ этди.Демак Каримов Аҳмаджон Одилов шахсидан қўрқди" деган жавобни топдим.Мабодо у юртга бош бўлиб қолганда нима бўларди, деган саволга эса:"Агар Аҳмаджон Одилов Президент бўлиб қолганда диктатор раҳбар бўлиши мумкин эди.Лекин Каримовчалик халқ душмани бўлиб эмас.Бугунги Ўзбекистондаги одамлар ҳаёти ва мамлакат иқтисоди қўшни Қозоғистондандагидан  ҳам юқорироқ даражада бўлиши мумкин эди" деган фикрга келдим.

    Ёзаётганимда четдаги бирор бир манбадан фойдаланмадим.Фақат ўзим билганларимни баҳолиқудрат оққа кўчирдим.Лекин унда-бунда у ё бу гуруҳлар:"биз Одиловни қутқаргандик" деган иддаоларга кўзим тушиб қолди-да, Одиловга адвокат бўлган киши билан суҳбатим ёдга келди.

    У Москвадаги Бутирка қамоғидан озод бўлганда ҳимоягўйлар "биз эдик" деганлари кўп бўлганди.Одиловнинг ўзининг ўшанда айтишича унинг жиноий иши дастлабки терговларда 300 том бўлиб , кейинчалик 153 томга қисқарган.Олий Суд унинг ишини кўришни бошлаган пайтда 83 адвокат ҳимоячи этиб белгиланган.Ўшалардан бири Наманган вилоят Поп туман Санг қишлоғидан вилоят адвокатлар ушмаси аъзоси Рустам Ёдгоров эди.У бевосита Москвадаги суд жараёнида иштирок этган.

    Ўшанда одамлар орасида "Одиловни адвокат Рустам Ёдгоров қутқариб чиқибди" деган гап-сўзлар тарқаганди.Бу билан унинг ҳимоячилик мавқеи кўтарилиб, ҳамма судга иши тушганлар Ёдгоров ҳимоячи бўлишини сўрай бошлаганди.

    Рустам Ёдгоровнинг ўнг қўли тирсагидан юқориси синган ногирон киши эди.У билан учрашганимда бироз куюнганнамо қуйидагиларни айтганди.

    -Одамларга ҳам ҳайронсан.Мен Аҳмаджон Одиловни қутқариб чиқдим деганлар кўпайиб кетди.Аслида унинг ишида адвокат этиб тайинланган эсамда менга ҳам, мендан ташқари яна 82 адвокатнинг бирортасига ҳам ҳимоя сўзи тегмаган.Одамлар Одиловни қутқарибди деб "бизга ҳам ёрдам беринг" деб на уйда, на ишхонада ҳаловат беришмаяпти.Мен ишхонада ярим ставкага ишлайдиган ногирон киши бўлсам.Яна қандайдир партияларнинг "биз қутқардик" деган даъволари ҳам арзонгина сиёсий шуҳрат учун холос.

    -Рустам ака , майли у сиёсатчиларни нари қўя турайлик, мана сиз ҳуқуқшунос-ҳимоячисиз, ҳамма қатори сизда ҳам қонундан ташқари бирор бир ҳаракат қилиш ваколати йўқ.Лекин уни билган бир киши сифатида айтингчи, Одилов чиндан ҳам қандайдир жиноят содир этган, деб ҳисоблайсизми? - дея сўрагандим ундан.Ёдгоров эса:

    -Биласизми, агар ҳар қандай сутдан оқман деган кишини ҳам яхшилаб шахси-ю, ҳатти-ҳаракатларини кузатиб, ўргансангиз қайсидир бир ўринларда қонунлардан четга чиққанини кўриш мумкин.Қонунлар нега чиқарилади?Демак одамларга хос бўлган хулқу атвори-ю ҳатти-ҳаракатларида қонунга зид ҳолатлар бўлади.Айбсиз парвардигорнинг ўзи.Лекин сўраганингиз учун очиқ бир гапни айтиб қўяй:"Одиловни қамоқда сақлаш, унинг ишини тергов қилганларга маошлар бериш, мен каби адвокатларнинг 83 нафарини ва яна аллақанча сохта гувоҳлару жабрланувчиларни Москва шаҳри марказида жойлашган энг қимматбаҳо меҳмонхоналарга жойлаштириш ва уларга хизмат сафарлари учун самолёт билетлари ва маошлар тўлаш учун кетган миллионлар олдида Одиловнинг ҳатти-ҳаракатларидаги зиён урвоқ ҳам бўлмаса керак.

    Ризо Обид

    ( Давом этади ).
    Жойлади: Маъмур
    Всего комментариев: 0
    Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
    [ Регистрация | Вход ]
    Copyright MyCorp © 2024
    Сайт управляется системой uCoz