Ризобек Воскресенье, 2024-05-19, 08.46.17
Приветствую Вас Гость | RSS
Главная | | Регистрация | Вход
Меню сайта
    Статистика

    Онлайн всего: 1
    Гостей: 1
    Пользователей: 0
    Форма входа

    Главная » 2008 » Февраль » 29 » Бугун ҳам долзарб мавзу
    00.36.33
    Бугун ҳам долзарб мавзу
    Жаҳонгир МАМАТОВ: Ўзгармаган дунё ( 2 )

    САВОЛ: Сиз нима учун мақолаларингиз ва бошқа ёзган асарларингизда Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов, Озод Шарафиддинов каби Ўзбекистон қаҳрамонларига ҳужум қиласиз? Бу улар қаҳрамонликни олиб, сиз ололмаганингиз учун эмасми? (Камолиддин, 20 Май, 2004).

    ЖАВОБ: Мен ҳам истаганимда бундай қаҳрамонлик унвонларни қачонлардир олган бўлардим. Фақат бунинг учун гадонинг, қулнинг кунига тушмоғим керак эди.
    Биз журналист Дадахон Ёқубов билан бирга 1990 йилда Наврўз марафонини ўтказганимизда халқни ишонтира олиш ва эргаштира олиш кучимизни кўрган Каримов ишни бизни “сотиб олишдан” бошлаганди. У ўшанда менга “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист” унвонини берган эди. Тарихни варақласангиз бу унинг президент сифатида имзолаган биринчи фармони эканини кўрасиз. Лекин мен унга “содиқ” бўла олмадим.
    Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов ва Озод Шарафиддиновларни шахсан танийман. Эркин ака билан икки йил Ўзбекистон Олий Кенгашининг Ошкоралик қўмитасида ишлаганмиз. Бу ҳақда “ИАК” ҳужжатли романимда батафсил маълумот топишингиз мумкин.
    Ижодкор миллатнинг виждони дейишади. Лекин бу виждон фақат ўзининг ҳаловатини ўйласа, қотилликлар, жиноятлар, ўғирлик, талон-тарожликка шерик бўлса у виждон эмас, жиғилдон, ҳаром жиғилдондир.
    Мен бу ижодкорларнинг икки юзламачиликларига чидай олмадим. Шунинг учун ҳам улар ҳақидаги фикрларимни очиқ ёздим. Мен четда юрганимда ҳам ана шундай ижодкорлар орага тушиб, “Қўйинг ҳаммасини, келинг оқсоқолни бир-икки мақтаб ёзинг, иш ҳам берадилар, унвон ҳам” деганларида нафратим туғёнга келган.
    Озод ака халқ дардини энг кўп билган одам. Шу одам ҳам халқдан юз ўгириб унвонга сотилгани бизнинг фожеамиз нақадар буюклигини кўрсатади.
    Бугунги унвонлар ўткинчидир. Бугун Каримовнинг қўлидан унвон олиш унинг жиноятларига шерик бўлишдир. Виждонга содиқ қолишдан буюк унвон йўқ. Халқнинг фарзанди бўлишдан олий унвон йўқ. Америкада ва бошқа жойларда ижодкорлар унвон олмайдилар. Уларнинг қадр - қимматлари унвонлар билан эмас, асарларининг аҳамияти билан ўлчанади.
    “Агар ватан Каримов бўлса, мен бу ватандан кечдим, агар унвон Каримов бўлса мен бундай унвону вазифалардан кечдим” дея “Озодлик” радиосидан 1993 йилда айтганман.

    САВОЛ:Бугун Ўзбекистон ҳукумати ташқи кучлар манфаатларини тўла англаб етаяптими?(Зокиржон, 2 Июн, 2004).

    ЖАВОБ: Менинг назаримда Ўзбекистон ҳукумати ташқи кучлар манфаатларини тўла англаб етаётгани йўқ. Ўзбекистон ҳукумати кичик манфаатлар учун катта нарсаларни қурбон қилиш билан овора. Масалан, демократияга таянган давлатларда кимнинг президент ёки бош вазир бўлишидан қатъий назар мамлакатнинг устивор манфаатлари об-ҳавога ўхшаб ўзгаравермайди.
    Тўғри президентларга қараб ички ва ташқи сиёсатда ўзгаришлар кузатилиши мумкин ва бу аксар ҳолларда қонун яратувчилар билан келишилган ҳолда амалга оширилади.
    Аммо Ўзбекистонда бугун Ислом Каримовнинг манфаати мамлакат ва миллат манфаатидан устун қўйилган. Масалан: Ўзбек халқига ҳатто бир миллиард долларлик ёрдам қиламан ёки бир миллион кишига иш жойи очаман деган хорижлик ҳам агар Каримовни танқид қилиб қўйса, бир дақиқада кавуши тескари қилиб қўйилади.
    Ўзгаларнинг манфаатларини англамоқ учун энг аввало ўз мамлакати ва миллатининг манфаатини англамоқ керак бўлади.

    САВОЛ:Ўрта Осиёдаги давлатлараро “совуқлик” қандай ҳал қилиниши(юмшатиш) мумкин? Ёки унда ҳам “ғарб демократлари кўмаги” керакми?(Зокиржон, 5 Июн,2004).

    ЖАВОБ: Мен бу мавзуда илгари кўп ёзганман. СССР парчаланган кунларда бундай совуқлик йўқ эди ва бугунга қадар бу вужудга келтирилди. Шу сабабдан уни вужудга келтирганлар бошқарувда экан, бу ҳақда орзу қилиш ҳам бефойда. Чунки улар жуда майда, шахсий манфаатлари учун асли бир оиланинг фарзандлари бўлган туркистонликларни бугун бир-бирига ёв қилиб қўйдилар. Энди улар ҳатто бир-бирларининг оёқларидан отмоқдалар ҳам.
    Бугунги раҳбарлар халқнинг умумий бирлигини парчалаб, ўзбекчилик, қозоқчилик, қирғизчилик, туркманчилик, тожикчилик каби тор кўчаларга бошладилар. Бугун Ғарб тугул бутун дунё бирлашиб келса ҳам мавжуд совуқликни тугата олмайди.
    Бу келажакнинг иши ва бугунги мансабпараст тўраларнинг оёғи бу заминдан узилгандан кейингина совуқлик аста-секин барҳам топиши мумкин. Илиқ муносабатни бузиш учун унчалик маҳорат ҳам, интилиш ҳам, қобилият ҳам талаб этилмайди. Бир ахмоқнинг қўлидан келадиган иш бу. Аммо совуқ муносабат ўрнида илиқ, самимий, дўстона муносабатни тиклаш жуда қийин, мураккаб жараёндир ва жуда кўп ақлли одам ҳам бу жабҳада кучсиз қолиши мумкин.

    (”Оқсарой сирлари” китобидан).

    Суратда׃  Журналистлар Жаҳонгир Маматов ва Дадахон Ёқубов (ўнгда).


    Жойлади: Маъмур
    Всего комментариев: 0
    Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
    [ Регистрация | Вход ]
    Copyright MyCorp © 2024
    Сайт управляется системой uCoz