Ризобек Суббота, 2024-05-18, 23.03.29
Приветствую Вас Гость | RSS
Главная | | Регистрация | Вход
Меню сайта
    Статистика

    Онлайн всего: 1
    Гостей: 1
    Пользователей: 0
    Форма входа

    Главная » 2008 » Март » 10 » Кундаликдаги чизгилар
    00.34.59
    Кундаликдаги чизгилар

    6.Йилларим ва йўлларим

    Ватанни кимлар ташлаб кетади?Нимага ташлаб кетади?
     
    Бу саволларни ташлаш осон.Жавоб топиш қийин.Чунки ватанни турлича сабабга кўра тарк этади киши.
    Шунинг учун ҳам бошқалардан нима учун деб сўрагандан кўра ўз мисолимда жавоб айтиш дуруст бўлса керак.Чунки ҳар ким ичидан ўтганини ўзи билади-да.Шундай эмасми?
     
    Ўзбекистонда неча йилларки ҳукм сураётган зулм кўпчиликни турли мақомда Ватанни тарк этишга мажбур этмоқда.Зулмдан жабр тортганлар турли йўлларда сарсон-саргардон.Бири ўзга юртда қулу, бошқа бири чўри.Яна бошқа бири ножинс, нодиннинг ҳарамида фаҳшга булғаниб ётибди.
     
    Тарк этмаётганларчи?Айрим аёллар ўзларини ўзлари ёқиб юборишаётган бўлсалар айрим эркаклар ўз жонига қасд қилишнинг ғоят аянчли йўлларини танлашмоқда.Кўплари эса зулм зиндонларида нола чекиб ётишибди.Бугун менимча Ўзбекистонда бирор бир айб ёрлиғи ёпиштирилмай судланмаган  киши қолмади шекилли.
     
    Албатта зулмга бардош беришга сабр косаси тўлганларнинг  ҳар бири ҳар турли йўл тутишга мажбур бўлмоқда.

    Оддий қаламкашда зулм истибдодига исён қандай кечади?Бу ўзимнинг бошимдан кечгани боис фикр айтиш бирмунча осон.

    Қаламкашни нондан маҳрум қилинг нолимайди, зебу зийнатлардан маҳрум қилинг нолимайди ва ҳакозо унвону имтиёзлардан маҳрум этилса ҳам нолимайди ( баъзи дунёпараст ялоқхўрлар бундан мустасно албатта ).

    Аммо уни ноҳақлик ҳақида сўз айта олиш эркидан маҳрум этсангиз у мусичадай беозорлигу хонанишин ҳолдан ғазабнок ҳолга кўчади.У энди бу ҳолга чидамайди.У ён қўшниси оч турса, ялонғоч турса ош еб, кимхоб кийиб юролмайди.Мана бунга  ўзбекнинг буюк шоири Юсуф Жума мисол.Унинг ўзи учун моддий шароити етарли эди.Лекин у кўпчиликнинг, аниқроғи халқнинг тўкин ҳаёт тугул нонга тўймаётгани учун ҳам зиндонда ётсада исён қилмоқда.Унинг овозини энди ҳеч қандай куч тўсиб ёда тўхтатиб қололмайди.

    Яқинда бир ўзбекистонлик муҳожирнинг чет эл ОАВсига берган суҳбатини ўқиб қолдим.Нима эмиш, неча йилки муҳожиротда яшар экан, оиласи, бола-чақаси юртда қолибди-ю, Ўзбекистон мустақил бўлгач кўрган кунлари кечирган ҳаёти бошқача эмас айни ҳолда яна қайтарилишини истармиш.Демак, кўргуликлар унинг учун бахт эканда?Демак у Каримов истибдодидан мамнун-ми?Уни мен бошқача тушунолмадим.Муҳтарам ўқувчи ҳам четда юриб мўмай даромадидан кўнгли тўқ бир зиёли ҳақида гап бошлаганимни англаган бўлсалар ажаб эмас.

    Ҳа, қаламкашни, зиёлиман деганни эркин фикр айтишдан маҳрум этиш фожеа, деяётгандим.Лекин анави салкам ўзини буюк олим ҳисоблагувчи рози эмиш ҳаёти яна шу кўйи такрорланса ҳам?!

    У ҳолда менинг фикрим нотўғри бўлиб чиқяптику.Майли ўша олимман деганку бирор бир эҳтирос билан шу гапларни куйиб кетганидан фавқулодда айтиб юборгандир.Уни тўғри тушунилса ҳам бўлар.Аммо Ўзбекистондаги диктатуранинг манзаралари ва асоратларини ёритиши бош вазифаси бўлган ОАВ мухбири-чи?У ҳалиги балки эҳтиросга берилган кимсанинг фикрини оммага етказиш билан режим тегирмонига сув қуймаяптими?

    Зиёлики шундай деб тургач далада кетмон кўтариб юрган деҳқон нима қилсин.Ўша четда юриб моддиётнинг қулига айланган зиёлига қараб:"...ҳамма даврда ҳам, ҳамма жойда ҳам биз каби қора чўпон кийганлар яғири чиқиб юраверарканда" демайдими?Дейди.

    Билмадим.Айтмайин дейсану, яна юрак қўймайди-да.Ҳа, ватанни ташлаб чиқиб кетдик.Очиғи гоҳ-гоҳда:"бор-э отса отиб юборсин, уйга қайтаман" деган ўй ўтиб қолади кўнгилдан.Лекин, "ҳўп мен ўзимни қурбон қилсам нима ўзгаради ёки бошқаларга бир нафи тегадими" дея тўхталиб қоласан киши.

    Шунақа баъзида кўнгил ёзиб одамлар билан дардлашгинг келади-да.Балки сизда ҳам шундайдир.

    Ҳа, айтганча шундоққина МХХ қўйган тузоққа илиниш арафасида Қозоғистонга чиқиб кетганимдан афсусланмайман.Чунки қамоқда ўтиргандан кўра ҳар ҳолда сўзларимни айтиш имконияти бўлдику. Ватанда бир умр қалам қитирлатиб айтолмаган гапларимни Олма Отада айтиб олдим.Айниқса уларда чиндан мавжуд ҳукуматга мухолифлар қандай бўлиш керак , ижодий ҳамкорлик, одамларнинг якдиллиги каби бизда умуман йўқ анъаналар гувоҳи бўлдим.Шу аснода кўп нарсаларни ўзим учун ўргандим.Мана ғарбга келиб ҳам камчиликларимиз нималарда бўлган, хатоларимиз нима ўрганишда давом этяпман.

    Лекин бу ёқда юрибману очиғи еган-ичганим ичимга тушмайди.Нега десангиз Ўзбекистондаги одамлар ҳолини яхши ҳис қиламан.Ватандагилар билан деярли ҳар куни камида бир бора гаплашаман.Гап айланиб охирида суҳбатдошим албатта "ҳазилу, аммо бола чақам бор, янгиликлардан айтиб турсаму жа бўлмаса эллик доллар жўнатиб турсангиз" дейди.

    Мен бунинг ҳазил эмаслигини биламан,суҳбатдошимнинг оиласида беш жону ўзи ҳеч қаерда ишламаётганини ҳам биламан.Лекин бирига ёрдам берарсиз, иккисига , лекин бу йўл билан Ўзбекистондагиларнинг ҳаммасига ёрдам беролмайсизку.Ана шу ёрдам беролмаслик, чорасизлик юки эзаверади, эзаверади...

    Ризо Обид

    (Давом этади).

    Жойлади: Маъмур
    Всего комментариев: 0
    Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
    [ Регистрация | Вход ]
    Copyright MyCorp © 2024
    Сайт управляется системой uCoz