Жаҳонгир Муҳаммад
БУ ДУНЁ ТУЗАЛСА…
Алдов алла бўлиб тебратар бешик,
Волида овози бўғзида қотган.
Ҳийла камол сифат очади эшик,
Падар ғаму ғусса лойига ботган.
Алдов қўшиқ экан-ҳийлакор санъат,
Бу дунё тузалса менга денг лаънат.
Нокасу номарднинг ошиғи наргиз,
Фозил машоғини терар саргардон.
Ноҳақ ҳақ устида музаффар ҳаргиз,
Ҳақиқат саробдир, ҳақиқат армон.
Одил ғариб экан, ғофили санъат,
Бу дунё тузалса менга денг лаънат.
Зулм манзилида парвона қуёш,
Ҳуррият йўлида шамчироқ йўқдир.
Мардум қозонгани нон ила бардош,
Дил сўзи ўзига отилган ўқдир.
Улуси қул экан, зулуми санъат,
Бу дунё тузалса менга денг лаънат.
Номусу адолат ол-берчи бозор,
Шоҳи жони чиқмай номи бақода.
Бу дунё боғида битгани озор,
Адашиб юрган биз дорулфанода.
Банда худоликни қилибди санъат,
Бу дунё тузалса менга денг лаънат.
Тошкент, 1992 йил.
|